“КЎЧИРНАЛИСТИКА”: ПРЕСС-РЕЛИЗ КЎЧИРИБ ОЛИНГАНДА…

Яқинда Америкада жамоатчилик билан алоқалар жамияти томонидан оммавий ахборот воситаларининг 130 нафар ходими иштирокида сўровнома ўтказилди. Мақсад журналистларнинг пресс-релиздан қай даражада фойдаланишларини ўрганиб чиқиш эди. Аниқланишича, иштирокчиларнинг йигирма фоизи пресс-релиз матнига ҳеч қандай ўзгартириш киритмай, улардан қандай бўлса, шундайлигича фойдаланишади. Атиги уч фоиз қатнашувчилар ҳеч қачон пресс-релиз матнини кўчирмаганларини айтишди. Уларнинг қолган қисми эса, пресс-релизга бироз ўзгартириш киритган ҳолда янгилик матнини тайёрлашлари маълум бўлди.

Америкадаги ушбу муаммо Ўзбекистон журналистикасини четлаб ўтган дея олмаймиз. Ўнлаб нашрларда бир хил янгилик матнини учратиш одатий ҳолга айланиб улгурган. Келинг, жуда кичик муаммодек кўринган мазкур ҳолатни келтириб чиқариши мумкин бўлган катта салбий оқибатлар хусусида тўхталиб ўтамиз.

Маълумки, оммавий ахборот воситаларининг асосий вазифаси яқин фурсатда бўлиб ўтган муҳим воқеа-ҳодисалар ҳақидаги янгиликларни омма эътиборига етказишдир. Бундай ахборотлар, шубҳасиз, холис, аниқ ва албатта, тезкор бўлиши лозим. Ахборотларнинг тезкорлигини таъминлашда эса пресс-релиз (ёки матбуот хабарномаси)нинг ўрни беқиёс.

Пресс-релиз бўлғуси тадбир ҳақида анонс – қисқача хабар бўлиб, унда тадбирнинг жамоатчилик учун муҳим жиҳатлари тўғрисида маълумот берилади (талбирнинг санаси, ўтказиладиган вақти, мақсадлари ва вазифалари). Бўлиб ўтган тадбирнинг ОАВда тезкор ёритилишида пресс-релиздан фойдаланиш энг кенг тарқалган усуллардан биридир.

Шу ўринда савол туғилади. Ҳозирги кунда оммавий ахборот воситаларида тез-тез кузатилаётган ҳол: пресс-релизни тайёр информация шаклида қабул қилиш тўғрими? Ҳақиқатдан ҳам, пресс-релизни тайёрлаш ва тарқатишдан кўзланган мақсад жамоатчиликнинг ташкилот фаолияти билан танишиб чиқиши учун ахборотларни тайёр шаклга келтириш ва шу орқали қулай ахборот муҳитини яратишдир. Бироқ бу матбуот хабарномасининг матни қандай бўлса, шундайлигича ўзгартириб олиш мумкин дегани эмас. Бунга сабаб бўладиган баъзи жиҳатларни кўриб чиқсак.

Биринчидан, турли информацион теледастурлар орқали узатилаётган бир хил янгилик матни берилаётган ахборотнинг манбасига нисбатан телетомошабиннинг қизиқишини сўндиради. Бу эса телеканаллар ўртасидаги рақобатнинг сусайишига ва охир-оқибат телевизион ахборот жанрларининг қолоқлашувига олиб келиши мумкин.

Иккинчидан, пресс-релиз матни ҳамма оммавий ахборот воситалари учун ҳам бирдек тўғри келмаслиги аниқ. Негаки, ОАВ (газета, радио, телевидение, электрон нашр) типологияси, формати ва аудиторияси турига кўра, уни қайта ишлайди. Пресс-релизда келтирилиши жоиз бўлган, аммо томошабинда бир эшитганда тушуниб бўлмайдиган мураккаб жумлалардан ёки эслаб қолиш қийин бўлган статистик рақамлардан телевизион ахборот жанрларда фойдаланиш ўринли эмас. Бу маълумотлар босма нашрларда берилиши тавсия этилади. Телевидениеда мураккаб жумлалар соддалаштирилиб, кўп хонали сонлар яхлитланиБ тақдим этилиши мақсадга мувофиқ.

Учинчидан, матбуот хабарномасининг тайёр матнидан доимий равишда фойдаланган журналист ўз устида ишламай қўйиши, кейинчалик мустақил ижод қила олмайдиган бўлиб қолиши мумкин.

Шунингдек, биламизки, юртимиздаги барча телеканаллар маълум бир соҳага ихтисослашган. Масалан, “Ўзбекистон” телерадиоканали асосан, давлат ҳокимияти органларининг Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсати соҳасидаги энг муҳим қарорлари, мамлакатни демократлаштириш, янгилаш ва модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлардан ва шу каби янгиликлардан аҳолини бохабар қилиб бориши кўзда тутилган бўлса, “Ёшлар” телерадиоканали орқали ана шу ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида ёшларнинг иштироки кенг ёритилади. Пресс-релиздан эса турли соҳаларга доир маълумотлар ўрин олади. Шу сабабли ҳар бир телеканалда бериб бориладиган янгиликлар пресс-релиздаги фақат мазкур канал ёки нашр йўналишига тегишли бўлган маълумотларнигина ўз ичига олгани маъқул.

Балки сизда “Янги ахборот матни ёзиш вақт талаб қилади. Бу эса янгиликнинг эскириб қолишига олиб келмайдими?” деган ёки шунга ўхшаш саволлар туғилгандир. Ундай бўлса, баъзи хориж давлатларида фаолият юритаётган кўплаб журналистлар қандай қилиб тўғридан-тўғри эфирда ҳам сифатли янгилик матнларини тузишади? Демак, бу борада биздан янада кўпроқ изланиш талаб этилади.

Қисқа қилиб айтганда, пресс-релиз бу тайёр таом эмас, балки таом тайёрлаш учун керак бўладиган масаллиқдир. Унутманг, фақат бир хил маҳсулот истеъмол қилиш меъдага тегиши мумкин.

Дилшодабону ЎРОЛОВА