МЕДИАТАЪЛИМ – РЕКЛАМАЛАР САЛБИЙ ТАЪСИРИДАН ҲИМОЯЛАНИШ ЙЎЛИ

Рекламалар телевидение орқали такрор-такрор намойиш этилади. Биринчи марта кўрганда улар одамнинг ғашини келтириши, икки-уч марта намойиш этилгач эса томошабин фикрини ўзгартириши мумкин. Ундаги ҳар қандай ғайриодатий кўриниш ёки ҳаракатга томошабин кўникиб боради. Аудитория эса ўзи сезмаган ҳолда рекламада яширинган ғоя ортидан эргашади.

Бу борада журналист О.Тошбоевнинг: “...ярим-яланғоч баданига кўпик сураётган ойимчанинг нозли сурати акс этган ироқи совуннинг ўзиёқ миллий ахлоққа «ўлат» тушириш қудратига эга экани англанмайди ҳам. Бу ҳол эса аста-секин миллий маданиятга ёт қадриятга кўникма ҳосил қилдириши, бегона маданият билан “эмланаётган одамнинг этини ўлдириши билан хатарлидир. Бу эмлашдан сўнг “оммавий маданият”нинг оғир формалари»дан ҳам сесканмаслик, бегонасирамаслик кайфияти ҳукмронлик қила бошлайди” деган фикрини келтириш ўринлидир.

Таассуфки, юртдошларимизни ҳам четлаб ўтмаган бу “юқумли касаллик”нинг асоратлари бугунга келиб сезилмоқда. Шунга қарамай, бундай ахборотлар оқимини бутунлай тўхтатиб қўйишнинг имкони йўқ, агар тўхтатилса ҳам, кутилган натижани бермайди.

Зеро, Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек, “Жаҳон ахборот майдони тобора кенгайиб бораётган шундай бир шароитда болаларимизнинг онгини фақат ўраб-чирмаб, уни ўқима, буни кўрма, деб бир томонлама тарбия бериш, уларнинг атрофини темир девор билан ўраб олиш, ҳеч шубҳасиз, замоннинг талабига ҳам, бизнинг эзгу мақсад-муддаоларимизга ҳам тўғри келмайди”. Шундай экан, бу масаланинг ҳозирча ечими битта: ёш авлод оқни қорадан ажрата оладиган, мустақил фикрлаб, воқеа-ҳодисаларни тўғри баҳолай оладиган қилиб тарбияланиши лозим. Бунга медиатаълимни ривожлантириш орқали эришиш мумкин.

Медиатаълим ҳозирги вақтда юртимизда ўрганилиб, қатор изланишлар олиб борилаётган, кейинчалик ўқув дастурларига киритилиши режалаштирилган йўналишлардан биридир. Мазкур дастурдан ёт ғоялар сингдирилган рекламаларга қарши “иммунитет” ҳосил қилиш йўлларининг ҳам ўрин эгаллаши мақсадга мувофиқ. Бунда қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш самара беради, деб ҳисоблаймиз:

  1. Ёшларни машҳур шахслар (санъаткорлар, спортчилар, сиёсатшунослар) га кўр-кўрона эргашмасликка ўргатиш. Айрим кишилар машҳур шахслар тавсия қилган барча маҳсулотлар сифатли эканига сўзсиз ишонади. Улар хорижлик “юлдуз”лар кийган либосларни афзал кўради, тақлид қилишни истайди. Оқибатда бундан нафақат бир инсон, бора-бора бутун жамията маънавий зиён етиши мумкин (тиззаси, кeти йиртиқ жинси шимлар бунга мисол). Аксинча, таниқли, маданиятли кишилар ижтимоий рекламаларга кўпроқ жалб этилса, яхшироқ натижаларга эришилади.

Ўқувчиларда бу борада тасаввур уйғотиш мақсадида уларга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилинади: “Нега рекламада машҳур шахс хизматидан фойдаланилган?”, “Реклама кимга, қандай фойда келтиради?”, “Рекламада суратга тушган таниқли шахс, аслида, тавсия этаётган маҳсулотидан ўзи фойдаланадими?”.

  1. Ҳар бир ўқувчи медиасаводхонлик хусусиятини ўзида шакллантиргунга қадар ота-она ва ўқитувчи назоратида бўлиши лозим. Маълумотларга кўра, 12 ёшгача бўлган болалар бир ҳафтада ўртача 27 соат телевизор кўради. 18 ёшга етган ўсмирлар ҳаётининг икки ярим йили, яъни 22 минг соати ойнаи жаҳон олдида ўтган бўлади. Табиийки, бу муддат ҳар қандай ўғил-қизнинг онгини бутунлай ўзгартириб юбориш учун етарли. Шу боис ҳам ўқувчилар бу борада катталарнинг кўмагига муҳтождирлар.
  2. Медиатаълимга оид дарсларда бирор реклама намойиш этилиб, унинг таҳлилини ўқувчининг ўзига қолдириш ҳам яхши самара беради. Бу орқали ўқувчида танқидий баҳо бериш кўникмаси шакллантирилади. “Бу рекламани ким тайёрлаган?”, “Нима учун тайёрлаган?”, “Реклама орқали у нима демоқчи?”, “Рекламада қандай воситалардан фойдаланилган?” сингари саволлар билан ўқувчига мурожаат қилиш мумкин.
  3. “Оммавий маданият” тарғиботчиларининг асосий қуроли” реклама экан, унга “қалқон” сифатида ҳам рекламалардан фойдаланиш, яъни маънавиятни шакллантиришга хизмат қилувчи, таъсирчан ва сифатли ижтимоий рекламаларни аудитория эътиборига кўпроқ ҳавола қилиш керак.
  4. Ёшлар ва болаларга мўлжалланган медиасаводхонликни ривожлантирувчи компьютер ёки мобил қурилмалар учун ўйинлар яратиш лозим. Медиасаводхон бўлиш учун, авваламбор, медиа воситаларининг фаолият юритиш тартиби билан яқиндан танишиш талаб этилади. Болалар ва ёшларга назарий билимларни амалий тарзда, ўйинлар орқали ўргатиш яхши самара беради.
  5. Миллийликка, маънавиятни юксалтиришга қаратилган сайтлар билан таништириш. Ёшларда бу турдаги сайтларга қизиқиш уйғотилса, бўш вақтларида мазкур сайтлар билан яқиндан танишади. Бу эса, табиийки, улар маънавиятини ривожлантиришда муҳим воситалардан бири бўлиб хизмат қилади. Бунда сайтларнинг қизиқарлилиги, кичик ёшдагиларга тушунарли бўлишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим.
  6. Медиатаълим йўналиши орқали ёвузликни тарғиб этувчи сайтларнинг хусусиятлари билан таништириш. Бироқ уларга мисоллар келтирмаслик. Бундай сайтларнинг электрон манзилини ўқувчиларга тақдим этмаслик. Бунинг бир неча сабаблари мавжуд. Биринчидан, ҳар қандай танқидда тарғибот бўлишини унутмаслик керак. Бу ўқувчига акс таъсир кўрсатиб, унда манбага нисбатан қизиқиш уйғотиши мумкин. Иккинчидан, ўқувчида интернетга нисбатан қўрқув пайдо бўлиши, фойдали сайтлар хизматидан ҳам фойдаланмай қўйиши мумкин.

Бир сўз билан айтганда, ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ вужудга келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантиришимиз зарур. Юртимиз келажаги ёшлар қўлида экан, уларнинг маънавий-маданий, ахлоқий тарбиясига ҳар биримиз масъулмиз.

Дилшодабону ЎРОЛОВА