МИЛЛАТНИ ЖАРЛИККА ЕТАКЛОВЧИ ИЛЛАТ ЁХУД TIK TOKНИ ЖАЗОЛАШ ВАҚТИ КЕЛМАДИМИ?

Аслида, интернет, айниқса, ижтимоий тармоқларни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад илм олиш имкониятларини осонлаштириш, одамларнинг узоғини яқин қилиш, ўзаро муносабатларда қулайлик яратиш эди. Бироқ бугунги кунга келиб, уларнинг вазифалари тобора кенгайиб, мақсадлари ҳам турланиб бормоқда.

Қайд этиш жоизки, ҳозирда ижтимоий тармоқлар илм-маърифат ва зиё тарқатишнинг муҳим воситаларидан бирига айланди. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги масжид, мадраса, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда имом-хатибларимиз веб-саҳифалари орқали халқимизга ва бутун дунёдаги ўзбекзабон мусулмонларга диний-маърифий маълумотларни етказиш имконига эга бўлишмоқда. Бироқ ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда. Жумладан, айрим ёшларнинг интернетдан ноўрин фойдаланаётгани, аянчли иллатларни тарғиб этаётганини кузатишимиз мумкин.

Ижтимоий тармоқ орқали фикр билдириш ва бунинг ортидан мақтов — “лайк”ларни қўлга киритишга уриниш бугунги ёшларини тобора ўз домига тортмоқда. Бунинг салбий томони шундаки, фойдаланувчи бундай “лайк”ларни яна ва яна олишни истайди ва роҳатланади. Албатта, ижтимоий тармоқни буткул ёмонга чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Ижтимоий тармоқ ҳам телевидение, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатса – яхши.

Куни кеча Tik Tok ижтимоий тармоғи орқали айрим зиёли, халқ орасида обрў-эътибор қозонган аҳли илм, имом, уламоларни масхаралаб, обрўсизлантиришга қаратилган лавҳа ҳар бир мусулмон кишини қалбини ларзага келтирди. Айтиш жоизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, билимсизларга таълим берадиган, адашганларни йўлга соладиган ва халқ орасида бидъатлар тарқалишининг олдини оладиган зотлар уламолардир. Омма олдида имомни беҳурмат қилиш, обрўсини тўкиш ҳаром амал ҳисобланади.

Аҳли сунна эътиқодига кўра, мусулмон катта гуноҳни қилиш билан диндан чиқмайди, лекин динни, уламоларни беобрў қилиш ва масхаралаш билан диндан чиқиш хавфи бор. Чунки уламолар дин номидан гапирувчи шахслардир. Уларга отилган тош динга, пайғамбарга отилган ҳисобланади. Уламоларимизни ҳурматлашни, уларга манфаат етказиш қўлимиздан келмаса, зарар беришдан сақланишни ёшларимизга ўргатайлик. Айнан, ҳозирги глобаллашув даврида миллий ва умуминсоний қадриятларни ўсиб келаётган ёш авлоднинг онгига сингдириш, “оммавий маданият “га қарши иммунитетни шакллантириш долзарб масаладир. Кўпгина мусулмон давлатлари ва ҳаттоки айрим Ғарб давлатларида ҳам Tik Tok блокланган.

Тўғри, айримлар бу шунчаки кўнгилочар тармоқ дейди ва бундан ҳеч қандай хавотир йўқ дейишади. Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор, биз ёшларимизни, фарзандларимизни йўқотиб қўймоқдамиз. Улар ҳам онгли, ҳам жисмонан ривожланиш ўрнига борган сари таназзулга учрашмоқда ва бу ДАҲШАТ. Алҳамдулиллаҳ биз мусулмонмиз, лекин мусулмонликни даъво қилиб туриб мана бу видеоларга индамай кўз юмамиз афсус. Бундай видеолар Tik Tok тармоғида кўпайиб бормоқда ва ҳозирги кўраётган видеоларимизнинг юздан бири, деса ҳам бўлади. Tik Tokни жазолаш вақти келмадимикан, дўстлар ???

Бобур МАМИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси.

Манбаа: «Жамият» газетаси 25-сон