ХАЛҚНИ РОЗИ ҚИЛАЁТГАН АМАЛЛАР

Бугун ҳар бир ҳудудда рўй бераётган кенг кўламли янгиланишлар мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигини муносиб кутиб олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар билан чамбарчас боғланиб, янада қизғин тус олган. Ислоҳотлар самараси барча масканда бўлганидек, Ургут туманида ҳам яққол кўзга ташланиб бормоқда. Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан бир гуруҳ ижодкорлар — олиму мураббийлар, шоиру ёзувчилар, санъаткорлар ҳамда журналистлар икки кун мобайнида Ургут туманида бўлдик. Одамларнинг кайфиятини билиш, ободонлик ишлари билан яқиндан танишиш, эришилаётган ютуқлар, истиқболдаги режалар хусусида суҳбатлашиш мақсад қилинган сафар давомида дилларни чароғон этаётган кўпдан-кўп эзгуликларни кўрдик.

Ургут — Самарқанд вилоятининг жанубишарқий томонидаги тоғлар этагида, денгиз сатҳидан тахминан 1000 метр баландликда жойлашган. Бир томондан Қашқадарё вилояти, бошқа тарафдан қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош. Айни пайтда 512 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган туман узоқ тарихга эга гўша эканига бу ерда жойлашган қадимий манзилгоҳлар ва муқаддас қадамжолар яққол далилдир. Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимий чолғу асбоби — найнинг Ургутдаги Мўминобод қишлоғидан топилгани, олимлар унинг нақ уч минг йилга бориб тақалишини чамалашгани ҳам бу манзилнинг қадимийлигидан дарак беради.

Бугун Президентимиз бошчилигида кўз ўнгимизда рўй бераётган улуғвор ишлар туфайли минг-минглаб диллар шод бўлмоқда, нуронийлар дуо қилмоқда, йиллар давомида тушкунликка тушиб, ҳамма нарсадан умидини узганлар қалбида ишонч уйғонмоқда. Буларнинг бари инсон манфаати, Ватанимизда умргузаронлик қилаётган барча фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланганига айни далилдир. Зотан, давлатимиз раҳбари айтганидек: “Биз ўз фаолиятимиз билан, энг аввало, халқимизни рози қилишимиз керак. Агар бизнинг фаолиятимиздан халқимиз рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади”.

Ургутни қўлигул ҳунармандлар, элакда ҳам сув ташишга қодир тадбиркорлар юрти, дейишади. Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги фармонига асосан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиши туманнинг тадбиркору ишбилармонларига янада кенг имкониятлар эшигини очди. Республикамизда биринчилардан бўлиб ташкил этилган ушбу иқтисодий зонанинг жами ер майдони 1262 гектардан иборат. Иқтисодий зона мавжуд хомашё ва инфратузилмадан самарали фойдаланиб, қишлоқ жойларда саноатни ривожлантириш, иш ўринлари очишда муҳим ўрин тутмоқда.

Яқин-яқингача ўнқир-чўнқир бўлиб, қаровсиз ётган ҳудудда “Ургут” эркин иқтисодий зонаси иш бош лашини, “Ургут сити” барпо этилиб, кўп қаватли хонадонлар қад ростлашини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган эди. Атиги ўн беш-йигирма йил олдин қишлоқдан туман марказига бориш қанчалик машаққат бўлгани эсимиздан чиққани йўқ. Бугун эса деярли ҳар бир хонадонда енгил автомобиль бор. Туман ёки вилоят марказига бориш, сайру саёҳат қилишда улов муаммоси йўқ. Тор ва абгор кўчалар кенгайтирилмоқда, асфальт ётқизилиб, равон йўллар қилинмоқда. Йўлларда машина шунчалик кўпки, бу манзарани кечаги кун билан асло солиштириб ҳам, таққослаб ҳам бўлмайди. Биргина иқтисодий зонани оладиган бўлсак, иш бошлаганига ҳали кўп ўтмай, бу ерда қиймати 402 миллион долларликдан зиёд 84 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. 313 миллион долларлик 55 та лойиҳа бўйича ишлаб чиқариш бошланган, уларда 4 минг 328 киши меҳнат қилмоқда. Ушбу корхоналарда газ плиталари, енгил саноат ва чарм-пойабзал товарлари, гиламлар, гигиена воситалари, электр техникаси каби 220 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилаётир. 2020 йилда 1,2 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 30 миллион долларлик экспорт қилинган.

Бугун тилимизда “Янги Ўзбекистон”, “Учинчи Ренессанс” сўзлари кўп такрорланмоқда. “Ренессанс” сўзи “уйғониш, тараққиёт, ривожланиш” каби маъноларни ифодалайди. Айни пайтда юртимизда барча соҳаларда — у иқтисод бўладими, сиёсат ёки маънавиятми, қишлоқ хўжалиги ёки таълим, тиббиёт, туризм ва яна бошқа йўналишлардаги ислоҳотлар, оламшумул, тарихий ўзгариш ва янгиланишлар Учинчи Ренессанс даври пойдевори сифатида баҳоланмоқда. Бу ишни Президентимиз бошчилигида сизу биз, шу муқаддас ва азиз Ватанимизнинг жонкуяр, меҳнаткаш, бунёдкор халқи амалга оширади. Айниқса, зукко ва юксак интеллектуал салоҳиятли ёшлардан умид катта. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари йигит-қизларимизнинг яхши таълим-тарбия олиши, замонавий фанларни, чет тилларни пухта ўрганиши, тадбиркор, ишбилармон бўлишини истаяпти, бунга имконият яратиб бермоқда. Ёшлар бу имкониятни англаб, вақтнинг қадрига етиб, ҳар бир кундан, ҳар бир лаҳзадан унумли фойдаланиши керак.

Янги Ўзбекистонда ҳар бир соҳага қаратилаётган янгича муносабат ўз мевасини кўрсатмоқда. Масалан, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидаги “Kamalak tekstil” корхонасида гилам ва тафтинг маҳсулотлари, синтетик ип ва сунъий чим ишлаб чиқарилмоқда. Корхонага Бельгия, Швейцария, Австрия, Франция ва Германиянинг замонавий, энергия тежовчи ускуна ва жиҳозлари ўрнатилган. 328 та иш ўрни яратилган. Ўтган йили бу ерда тайёрланган 170 миллиард сўмлик маҳсулотнинг 59 фоизи ички бозорга, 41 фоизи хорижга сотилган. Жорий йилда 7,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган.

“Самэлектросервис” масъулияти чекланган жамияти “Идеал” бренди остида йилига 260 минг дона электр духовка, 150 минг дона газ плитаси ва улар учун қўшимча буюмлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Унга Германия, Туркия ва Хитойдан замонавий, энергия тежовчи ускуна ва жиҳозлар келтириб ўрнатилган.

2020 йилда умумий қиймати 58 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, унинг 32 фоизи хорижга экспорт қилинган. Жорий йилда 2 миллион долларлик экспорт кўзда тутилган.

“Ургут” эркин иқтисодий зонасида айни пайтда қиймати 90 миллион долларлик 29 та лойиҳа бў йича қурилиш-монтаж ишлари бажарилмоқда. Мазкур лойиҳалар ишга туширилиши натижасида яна 2 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.

Бундан ташқари, қиймати 144 миллион долларлик 21 та қўшимча лойиҳа шакллантирилган, қиймати 206 миллион долларлик 33 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда.

— Президентимизнинг “Ургут” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишиб, тадбиркорлар ва фаоллар билан суҳбатлашгани, Ургутни янада ривожлантириш бўйича вазифаларни белгилаб бергани олдимизга янги марралар қўйиб, меҳнат қилишга ундади, — дейди ижодкорлар билан суҳбатда туман ҳокими Б.Жабборов. — Аввало, бутун туманимиздан иқтисодий зона сифатида фойдаланиш имконияти яратилаётгани ва холдинг компания ташкил этилаётгани, Ургут инновацион ҳудудга айланаётгани, туманнинг янги марказини бунёд этиш ҳаракати бошлангани, Самарқанд давлат университети филиали очилаётгани ва бошқа янгилик, ўзгаришлар, албатта, аҳоли кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиб, барчамизга жўшқинлик бағишлади. Нафақат маҳалла ва қишлоқларимиз миқёсида, балки хонадонлар, оилаларда ҳам янгича яшашга, янгича меҳнат қилишга иштиёқ уйғонди. Қисқа вақт ичида юздан зиёд тадбиркорлик субъекти иш бошлади, бир нечта янги корхона ишга тушди, Ўроқбойжар, Ваткан-Қўзибек қишлоқларида “Обод қишлоқ” дастурлари асосида, Манғитобод, Сой, Ғўс маҳаллалари ва туман марказида ўз ички имкониятимиз, ҳомийлар ёрдами билан ободонлаштириш-бунёдкорлик ишлари бош ланди. Бу каби ишларга жойлардаги учрашувлар давомида ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз.

Сафаримиз Ургутнинг жанубий сарҳадига яқин ҳудуд — Кенагасдан бошланди. Бу қишлоқда халқимизнинг таниқли зиёлиларидан бири Барот Бойқобилов таваллуд топган. Барот ака ўзбек адабиётида ўзига хос из қолдирди. Унинг шеърлари, сонетлари, “Янги Хамса”, “Ўзбекнома” сингари асарлари адабиётимизда муҳим ўрин эгаллаган. Б.Бойқобилов Тошкентда умрининг сўнгги йилларига қадар ишлаган бўлса-да, ҳар доим Ургутга, Кенагасга интилиб яшади.

Яхшидан боғ қолади, деб бежиз айтишмаган. Барот ака сўзнинг асл маъносида ҳам, кўчма маънода ҳам ўзидан боғ қолдириб кетди. Она қишлоғида ўз қўли билан яратган боғи — “Хамса боғи” деб аталади. Боғ ҳудудидаги мўъжазгина уй-музейда шоирнинг китоблари, қўлёзмалари, шахсий буюмлари турибди.

Ургут Ғўс қишлоғида жойлашган Ғавсул Аъзам зиёратгоҳи билан ҳам донг таратган.

Маълумотларга кўра, қишлоқ номи ҳам аслида “ғавс” сўзининг ўзгарган шакли бўлиши мумкин. Қишлоқнинг энг юқори қисмида жойлашган бу зиё ратгоҳ XI-XII асрларда яшаб ўтган буюк аллома, қодирия тариқати асосчиси Ғавсул Аъзам Абу Муҳаммад Муҳйиддин Саййид Абдулқодир Ғилонийнинг муборак номлари билан боғлиқ.

Ғавсул Аъзам ҳазратлари 1166 йилда Бағдодда вафот этган. Ул кишининг ҳақиқий мақбаралари ҳам айни пайтда ушбу шаҳарда жойлашган. Ғўсдаги қадамжо ул зотнинг рамзий мақбараси, холос.

Шундай қутлуғ қадамжо илгари номигагина бор эди. Унга элтадиган йўл ўта хароб ва тор бўлгани боис, зиёратчилар учун катта қийинчиликлар туғдирганини қишлоқ кексалари ҳам айтиб берди. Мазкур манзилга файзу кўрк бахшида этиб, элу юртнинг дуосини олиш бахти Президентимиз Шавкат Мирзиёевга насиб этган. У киши Самарқанд вилоятида ҳоким бўлган пайтларида нафақат ушбу қадамжони, шунингдек, Чор чинор мавзесини ва тумандаги мана шу каби яна жуда кўп зиёратгоҳларни обод гўшага айлантиришга бош-қош бўлганини туман аҳли алоҳида меҳр ва мамнуният билан тилга олади.

Зиёратгоҳдан руҳиятимиз тетиклашиб, қишлоғу маҳаллаларни айландик. Ўзимиз ёзда чангитиб, қишда лой кечиб катта бўлган қишлоқларимизга бу гал устозлару шогирдлар, дўстлар ҳамроҳлигида борар эканмиз, худди биринчи марта келаётгандек ҳаяжонландик. Болалик йилларидан қадрдон, тамасиз, манфаатсиз ҳурмат қиладиган қишлоқдош ларнинг самимиятга тўла, меҳр балққан нигоҳларига боқиб, улар учун, Ватан учун жуда кўп ишларни амалга оширишинг, хизмат қилишинг кераклигини англаб етасан. Худди шундай меҳр тафтини “Қоратепа” маҳалласида ҳам яққол ҳис этдик.

Қоратепа! Бу қишлоқ табиатнинг бетакрор ёдгорлиги Тешиктош билан ҳам машҳур. Узоқдан қараганда бошмалдоқ ва кўрсаткич бармоқнинг бирикувидан “ясалган” халқани эслатувчи бу сирли табиий обидани сиз бутун дунёга машҳур актёр Гойко Митич иштирокида 1974 йилда суратга олинган “Апачи” фильмида ҳам кўргансиз. Ургутнинг “денгизи” — Қоратепа сув омбори ҳам, Самарқанду Кешни боғлаб турган Тахтақорача довони ҳам шу ерда. Айниқса, бу жойдан қуёш чиқишини кузатишнинг гашти бошқача.

“Қоратепа” маҳалласидаги 41-мактаб ҳовлисидан бошланган дийдорлашув мавзуси ўз-ўзидан адабиётга бориб тақалди. Бу ҳам бежиз эмас. Чунки мазкур мактабда таниқли ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Асад Дилмурод таҳсил олган. Ўзининг “Шердор”, “Афросиёб сукунати”, “Маҳмуд Торобий”, “Паҳлавон Муҳаммад”, “Фано даштидаги қуш” сингари қатор қисса ва романлари билан ном қозонган ижодкор бугун ҳаёт бўлганида 74 ёшни қарши оларди. Унинг хотирасига атаб мактабда музей ташкил этилгани эса чинакам эҳтиром рамзи бўлибди. Мўъжазгина музей Асад Дилмуроднинг ўқувчилик, талабалик йилларидан, кўп йиллар фидойиларча меҳнат қилган иш жойларидан сўзлайди.

Мактаб фаоллар залида бўлиб ўтган тадбирда ёзувчининг ҳаёти ва ижоди тилга олиниб, унинг адабиётга меҳри, айниқса, сўзга, сўз танлашга бўлган масъулияти бугун етишиб чиқаётган ёш қалам аҳли учун ибрат вазифасини ўташи таъкидланди.

“Деҳқонобод” маҳалласида аҳоли ва ёшлар вакиллари билан учрашувда ҳам 37-умумтаълим мактаби ўқувчилари фаол бўлди. Шу маҳаллада яқинда очилган “Shirin’s day care” мактабгача таълим ташкилотида болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар бизни лол қолдирди, десак муболаға бўлмас. Рост, бунақа қулайлик, шарт-шароитлар унча-мунча шаҳарлардаги боғчаларда ҳам йўқ. Девордаги суратлардан тортиб, турфа ўйинчоқларгача, бежирим каравотчалар, стол-стуллардан то ердаги тўшамалар, ташқаридаги спорт майдончаларигача — ҳамма-ҳаммасига болалар руҳияти, уларнинг беғубор дунёсидан келиб чиқиб ёндашилган.

Бугун туманда таълим-тарбия ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 143 та мактаб мавжуд бўлса, 2021 йилда 15, 28 ва 84-мактабларда инвес тиция дастури асосида реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

6-мактабнинг 784 ўринли биноси 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига мукаммал таъмирланаётир. Давлат иштироки ва ҳомийлар кўмагида хусусий боғчалар қурилиб, жажжи фарзандларимизнинг муносиб улғайиши учун улкан замин ҳозирланмоқда

Ободонлик юмушлари “Манғитобод” маҳалласида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди. Бу ишлар шунчалик тез ва сифатли бажарилдики, ҳалиям дув-дув гапнинг тафти ва ҳаяжони босилгани йўқ. — Бу хайрли ва кенг кўламли ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, — дейди “Манғитобод” маҳалласида яшовчи нуроний Худойназар ота Салимов. — Президентимизнинг қишлоқ ҳаётини яхши билиши, муаммоларни дилдан ҳис этиши, асосийси, шу халқни жону дилидан яхши кўриб, уни рози қилишга интилиши туфайли мана шундай натижаларга эришяпмиз. Қисқа фурсатда маҳалламизда иккита болалар боғчаси фойдаланишга топширилди. Иккита мактаб ишлаб турибди. Кўчаларимизга асфальт ётқизилмоқда.

Туманда турли иншоотлар, ишлаб чиқариш корхоналари, турар жой бинолари тобора кўпа йиб бормоқда. Жумладан, яқинда туман марказида янги Ургут жомеъ масжиди фойдаланишга топширилди.

Миллий ва замонавий меъморлик анъаналарига мувофиқ тарзда бунёд этилган ушбу маскан 10 мингдан ортиқроқ кишини ўз бағрига сиғдира олади ва шу кўрсаткичга кўра, ҳозирча Самарқанд вилоятидаги энг катта масжид ҳисобланади. Ҳомийлар кўмаги ва халқ ҳашари йўли билан тикланган бу масжид чиндан ҳам Ургутнинг кўркига баайни узукка кўз қўйгандек мос тушибди. Масжид ичидаги нақши нигорлар темурийлар даврига хос меъморий безакларни ёдга солади. Масжид равоқу деворларида Қуръони карим оятлари, илм ва эзгуликка даъват этувчи ҳадиси шарифлар, Аллоҳ таолонинг 99 исми дарж этилган.

Масжид имом-хатиби Шоди ҳожи Ҳақбердиев билан ушбу поклик масканининг қурилиш тарихи, Ургутда яшаб ўтган азиз-авлиёлар, юртимизда дину диёнатни сақлаш бобида амалга оширилаётган буюк ишлар ҳақида суҳбатлашдик.

Шоди ҳожини Ургут аҳли яхши билади, ихлосу эҳтиром ила тилга олади. Чунки у киши диний қадриятлар оёқости қилинган пайтларда ҳам, турли ақидапараст оқимлар жамоат орасига қутқу солишга уринган дамларда ҳам халқнинг ёнида бўлган, оқни қорадан, ҳақни ботилдан ажратишга кўмаклашган. — Қутлуғ даргоҳдан, Аллоҳнинг уйидан қуруқ кетманглар! — дея Шоди ҳожи ҳар биримизга биттадан Мусҳафи шариф ҳадя қилди.

Мамлакатимиздаги улкан бунёдкорликлар, кундан-кун чирой очиб бораётган шаҳару қишлоқларимиз, энг муҳими, одамлар онгу тафаккуридаги ўзгаришлар орзуларимиз ушалаётганидан даракдир. Шу маънода Алишер Навоийнинг мана бу мисралари ҳам айни дилимиздагини ифодалагани билан алоҳида қадрлидир:

Ким қилса иморатки, қадр топгай,

Чун исми тарихларда боқий қолгай,

Не чоққача ул биноки маъмур бўлиб,

Ани исми эл тилига машҳур бўлгай.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

 журналист