БУХОРО ВИЛОЯТ АДЛИЯ БОШҚАРМАСИДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ

Бухоро вилоят Адлия бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятига бағишлаб матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вилоят ва Республика оммавий ахборот воситалари вакиллари, тармоқ мутахассислари иштирок этдилар. Тадбирда мазкур Фармондан келиб чиқадиган вазифалар бўйича Адлия идоралари зиммасида турган чора-тадбирлар хусусида сўз борди.

Вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Анвар Рўзиев Фармон мазмун-моҳияти ва халқ хўжалигидаги ўрни тўғрисида батафсил тўхталди. Таъкидланганидек, юртимизда ер ва бошқа мол-мулк, улар эгалиги, ижараси билан боғлиқ муносабатлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ тартибга солинади. Ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муомаласининг объекти сифатида эркин муомалага киритиш Фармоннинг  асосий мақсади эканлиги айтиб ўтди.

Матбуот анжуманида Республика Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Фермерга мадад” ҳуқуқий акциясини ўтказишдан мақсад ва уни амалга ошириш тартиби ҳақида ҳам тўлиқ маълумот берилди. Шу йилнинг июнь-декабрь ойларида  Адлия вазирлиги ташаббуси билан вилоятда ташкил этилаётган мазкур акцияда адлия масъулларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан фермерларга  ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши, мурожаатлар кўриб чиқилиши, муаммолар жойида ўрганилиши, бузилган ҳуқуқлар тикланиши, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Бинобарин, сўнгги пайтларда Республика бўйича фермерлар томонидан адлия органларига мурожаатлар кўпайиб, айрим мансабдор шахслар томонидан уларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани таъкитланди.

Бухоро туманидаги «Шаҳриёр Фозил» фермер хўжалиги раҳбари “Лоша агрокимёҳимоя” туманлараро филиалида 12,7 миллион сўм миқдорида олдиндан тўлови мавжуд бўлсада, филиал томонидан хўжаликка азот минерал ўғити етказиб берилмаганидан норози бўлиб, Республика Адлия вазирлигининг pm.gov.uz электрон почтаси орқали мурожаат йўллаган. Бу иш вилоят адлия ходимлари томонидан ўрганилганида, фермернинг ҳақлиги тўла-тўкис исботини топди. “Лоша агрокимёҳимоя” туманлараро филиали томонидан фермер хўжалигига 4 минг 500 килограм ўғит азоти етказиб берилиши таъминлангани айтиб  ўтилди.

Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

ЎзЖИУ Бухоро вилоят бўлими