ШАҲРИСАБЗДА ЁШЛАР ФЕСТИВАЛИ ЯКУНЛАНДИ, АММО ТААССУРОТЛАРИ ҚАЛБЛАРДА МУҲРЛАНИБ ҚОЛДИ

Фикрлар, ғоялар ва лойиҳалар бирлашган жойда мақсад пайдо бўлади. Эзгу ва хайрли мақсад эса юрт тараққиёти ва равнақига хизмат қилиши шубҳасиз. Шаҳрисабзда ўтказилган “Биз Амир Темур авлодлари, унга издош бўламиз!” шиори остидаги “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” ёшлар фестивалида иштирок этган ўғил-қизларни ҳам бир мақсад ва маслак бирлаштирди. Бу мақсад – миллий тикланишдан миллий юксалиш сари қадам ташлаётган Янги Ўзбекистон ёшларининг юрт равнақи йўлидаги ғояларини бирлаштириш, биргаликда буюк куч ва қудратга айланишини амалда намоён этишга қаратилган эди.

Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ёшларга оид мақсадлар ҳам мазкур фестивалда ўз ифодасини топди. Фестивалда миллий ва бадиий кўргазмалар намойиши кўзларни қувнатган, дилларни яйратган бўлса, ёш спортчиларнинг кураш, бокс, камондан ўқ отиш, бадиий гимнастика, стол тенниси, шахмат, армрестлинг, тош кўтариш, бадминтон, куч синаш спорт мусобақалари ҳақиқий маънода баҳодирлар жангига айланиб кетди. Вилоят ҳокими соврини учун ўтказилган киберспорт ўйинлари ва Яккабоғда бўлиб ўтган от спорти мусобақалари ҳам ёшларимизни нафақат спортга бўлган иштиёқини оширди, балки улар руҳиятида мардлик ва жасорат каби туйғуларни уйғотди. Мусобақаларни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев тaбрик сўзи билан очиб, полвонларга омадлар тилади.

Амир Темур тарихий майдонида ёшлар фестивали дастуридан ўрин олган миллий таомимиз ҳисобланган палов тайёрлаш мусобақасида 5 та дошқозонда 20 килодан ош дамланди. Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё, Бухоро ва Жиззах вилоятлари услубларида тайёрланган ошни ҳакамлар ҳайъати юқори баҳоладилар.

Фестивалда “Раҳбарлар ва ёшлар” мулоқоти жуда қизғин савол-жавоб ва фикр-мулоҳазалар руҳида ўтди ҳамда унда кўплаб йигит-қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар. Ушбу мулоқотни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ва Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Aлишер Саъдуллаевлар олиб боришди.

Ёшлар анжумани доирасида туман ва шаҳарлар ёшларидан иборат жамоалар “Заковат” интеллектуал беллашувида иштирок этишди. Ҳайратланарлиси шунда бўлдики, ҳар бир жамоага туман ва шаҳарлар ҳокимлари сардорлик қилишди. Шаҳрисабз шаҳар ҳокими бошчилигидаги жамоа “Заковат” интеллектуал беллашуви ғолиби бўлди.

Фестивалининг якунида вилоятдаги ўз йўналишида энг фаол ва бир қатор ютуқларни қўлга киритган ўғил-қизлар пул мукофотлари билан тақдирланишди. Хусусан, “Қўрқма” романи муаллифи, қашқадарёлик Жавлон Жовлиев 30 млн сўм пул мукофоти билан тақдирланган бўлса, 16 та нуфузли хорижий ОТМга ўқишга кирган Шуҳрат Йўлдошевга Қорабайир зотли от совға қилинди. Ёшлар фестивалини ёритган бир гуруҳ журналист ва блогерлар турли номинациялар бўйича тақдирланди. Ғолибларнинг ҳар бирига вилоят ҳокимлиги томонидан 5 млн. сўмдан пул мукофоти берилди.

Ёшлар фестивали якунида Амир Темур тарихий майдонида катта гала-концерт уюштирилди. Пойтахтдан келган санъаткорлар, вилоят бадиий ва фольклор жамоалари иштирокидаги дилрабо куй-қўшиқлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Дастур ниҳоясида Шаҳрисабз осмони мушакларнинг сержило ва ёрқин нурлари билан нурафшон бўлди ва бу нурафшонлик қалблардан-қалбларга кўчди.

ЎзЖИУ Қашқадарё вилояти бўлими