ЎТКИР РАҲМАТ

2021-06-18T16:18:26+05:0018 Iyun, 2021|Журналист ижодидан, Шеърлар|

Ўткир Раҳмат 1948 йил 15 мартда Самарқанд вилояти Тойлоқ туманининг Узун қишлоғида туғилган. Самарқанд Давлат университети ва Тошкент Давлат юридик институтини тамомлаган. У ўз меҳнат фаолиятини матбуотда нашрларида бошлаб, сўнг кўп йиллар нуфузли идораларда хизмат қилди. 1998 йилда “Шуҳрат” медалига ва 2005 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазавор бўлган. Халқаро Чўлпон мукофотининг соҳиби. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Ижодкорнинг “Ирмоқ” (1988), “Соғинч” (1991), “Райҳон ҳиди” (1993), “Шукрона” (1995), “Ой ёғдуси” (1996), “Кўзим қорачуғи” (1998), “Хаёл ифори” (2008), “Юракдаги қуш” (2009), “Хоксор майса” (2010), “Дилчироқ” (сайланма китобининг биринчи жилди) каби ўндан зиёд шеърий тўпламлари нашр этилган.

 Шеърлар

 Халққа хизмат қилмоқ — энг олий шараф,

Элдан дуо олмоқ — улкан мукофот.

Бугун ғайрат қилган келажак тараф

Садоқат кўрсатган мард-у майдон зот.

 

Улуг йўл бошида барчамиз бирга

Ҳаракат айласак, ёғар барокот.

Шунда жаҳон аро чиқамиз тўрга,

Янада фаровон бўлади ҳаёт.

 

Бизким тоза дил-у қадоқ қоллар-ла

Рўёбга чиқариб ҳар аҳдимизни,

Дарғ“амиз бош бўлган буюк йилларда

Бунёд этажакмиз ўз бахтимизни.

 

Сенга кўз тегмасин, жонажон Ватан,

Шод-у хуррамликда юрсин одамлар.

Сенга хизмат қилиб жўшиб юракдан,

Етказсин манзилга эзгу қадамлар.

***

Ясаниб олибсан, яноқларинг ол,

Сен ҳам ахит мендек шу юрт боласи.

Еллар билан, майли, тиллаш бемалол,

 

Булутга юз тутган тоғнинг лоласи.

Қоялар ҳайратда,

Кўк кўзи ёнар,

 

Моможон қалдироқ ошно қадимдан.

Ёнбошлаб олганча шомдан то саҳар

Тикилиб чарчамас тошлар ҳам зимдан.

 

Кенгликлар ястаниб чорлайди ахир,

Нигоҳлар етолмас уфққача ҳеч.

Кафтида тутгандек авайлар тақдир,

Шундай кечиб борар умр эрта-кеч.

 

Омад-у бахтдир шу,

Тупроқ сийлаган,

Ризқ-у бараканг кўп, осмонинг сахий:

Юрагим чирмашиб севиб куйлаган

Шу замин, азизим, Ватан — абадий.

***

Сачраса ёндирар, оҳларим узун,

Паналаб йўрғалар ўзича некбахт.

Оламнинг кўзлари маъюс ва маҳзун,

Айлаган мени ҳам девонасифат.

 

Кузак шамолидан хаёл фаромуш,

Офтобда солланар боғлар давлати.

Заррин либосига боқаман хомуш,

Ситилиб кетгудек унинг савлати.

 

Ўткинчи ойларнинг тинмас чорлови,

Тафтига талпиниб умид чўзар бўй.

Ўчмаган ҳали ҳам севгим олови,

Виждоним чекинмас, ҳали ҳам ҳақгўй.

 

Пойимдан бошгача қарайди тупроқ,

Дунёда топганим бебаҳо нишон.

Севгилим, абадий бу ўчмас чироқ,

Бошига кўтарар шу Ватан, ишон!

***

Тунни йўлатмай уйга,

Эшик орқа ўгирди.

Юлдузлар ботиб ўйга

То тонггача ўтирди.

 

Кўнгли ярим ой қайда?

Кўк кўксига ботгандир.

Шубҳани, балки ҳайдаб,

Қуёш томон кетгандир..