ФИДОЙИ ВА ШИЖОАТЛИ ЁШЛАР – КАТТА КУЧ

Юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урилмасин, аввало, ёшларга, уларнинг куч-ғайрати, азму шижоатига суянилиши Давлатимиз раҳбари томонидан кўп бора эътироф этилган. Чиндан ҳам, мамлакат ўз олдига улкан марралар қўяр экан, бу йўлда бирлашиб катта кучга айланган, фидойи ва ватанпарвар ёшлар энг биринчи ишонч тимсоли сифатида тан олинмоқда.

Юртимизда 30 июнь – Ёшлар кунини кўтаринки кайфиятда ўтказиш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида июнь ойи давомида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида “Ёшлар ойлиги” ўтказилмоқда. Юксак ишончга муносиб йигит-қизларни кашф этиш, тараққиёт модели, Ўзбекистоннинг бебаҳо хазинаси бўлган ёш авлод иқтидори ва изланишларини рўёбга чиқариш мақсадига қаратилган. 30 дан ортиқ креатив лойиҳаларни ўз ичига олган ойлик Фарғонада ҳам қизиқарли ва ёдда қоларли лаҳзаларга бой ўтмоқда.

Ойлик доирасида бўлиб ўтган ўндан ортиқ тадбирлар, илмий-ижодий баҳс, кўрик-танлов ва мусобақалар минглаб вилоят ёшларини бирлаштирди.

Ёшларнинг турли йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларини синовдан ўтказувчи “Street work out”, йигит-қизларда ижтимоий фаоллик ва жамиятга дахлдорлик ҳисси, волонтёрлик қобилиятини оширишга қаратилган “Волонтёр – мен, волонтёр – сен!” лойиҳаси, интеллектуал ўйин ишқибозлари орасида “Тасдиқ ва инкор жанги” номини олган “Мунозара” баҳси кўтаринки руҳда ўтди.

Шунингдек, “Тез ўқиш” мусобақасида фаол иштирок этган 100 дан ортиқ иқтидорли ва зеҳни ўткир ўқувчилар катталарни ҳам ҳайратга солди. Матнни тез ва равон ўқишда Дилорам Aсқарова, Зулайҳо Эргашалиева, Зулхумор Тожалиевага тенг келадиган топилмади.

 “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлар учун “Sotsial IT academy” томонидан бепул “Компютер саводхонлиги” курси ташкил этилди.

“Uzbekistan fashion week” лойиҳаси республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқи учун Фарғона, Aндижон, Наманган ва Қўқон шаҳарлари ёш дизайнерларининг саралаш босқичига ҳам старт берилди.

Интеллектуал салоҳиятли ёшларни жам қилган “Брайн ринг” лойиҳасида 70 нафардан зиёд иштирокчилар қатнашди. Бунда 3 раунд давомида бештадан саволга тез ва тўғри жавоб бера олган “Ре-юнион”, “Водий” ва “Лирика” жамоалари ғолибликни қўлга киритишди.

Баскетбол мусобақасининг вилоят босқичи спортчи қизларни кашф этди.  Финал босқичида Қува, Данғара туманлари ва марғилонлик тенгдошларидан устун келган Қўштепа тумани қизлар жамоаси ғалаба қозониб, республика босқичида иштирок этадиган бўлди.

“Омма олдида нутқ сўзлаш маҳорати” мавзусидаги “Ёшлар ёшлар учун” ижтимоий лойиҳаси, “Нотиқлик санъати” тўғрисидаги мастер-класс ҳам 200 нафардан ортиқ бўлажак нотиқ ва журналистлар учун маҳорат дарси бўлди.

Ойлик доирасида Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Бағдод тумани ўқув спорт техника клубида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилиб, “Ёшлар дафтари”даги 50 нафар ёш мазкур клубда электр пайвандчилик ва ҳайдовчилик йўналишларида имтиёзли таълим олиши учун махсус сертификатлар топширилди.

Вилоятимизнинг Фарғона, Марғилон шаҳарлари, Қўштепа, Учкўприк, Бувайда ва Олтиариқ туманларида бўлиб ўтган “Ҳокимнинг ёшларга мурожаати” очиқ мулоқотида ҳудуд ёшларининг муаммо, таклиф ва ташаббуслари тингланди.

                                                Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА,