САЛИМ АШУР

2021-06-17T16:30:18+05:0017 Iyun, 2021|Журналист ижодидан, Шеърлар|

Салим Ашур – 1964 йилда туғилган. 1989 йилда Тошкент давлат университети журналистика факультетини тугатган. “Саодат” журналида бўлим мудири, “Ўзбекистон овози” газетасида бош муҳаррирнинг биринчи ўринбосари вазифаларида хизмат қилган. 2004 йилдан “Turkiston” ва “Молодежь Узбекистана” газеталари бош муҳаррири бўлган.
2012 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвонига сазовор бўлган. “Яшил гиёҳ”, “Атиргул”, “Сиз эртага келасиз”, “Кечиккан тонг”, “Аталган кунлар”, “Сенсиз”, “Дарз”, “Келажакка қадам”, “Она тилим”, “Машиналар карвони”, “Муҳаббат китоби”, “Титроқ” номли китоблари нашр этилган.

 Ҳозирда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири.

ВАТАН

Онам каби суйкалсам сизга,
Ўғлим каби эркаласайдим.

Қизим каби суйсайдим сизни,
Отам каби суянсам сизга.

Жимжилоғим ёки қулоғим,
Гоҳ сирдошим, гоҳо ўртоғим.

Гулдан япроқ тўкилар, сиздан
Тўкилади хушбўй-хушбўй гул.

Жамолини битта кўрай деб
Юрагимни тешади булбул.

СИЗ ЭРТАГА КЕЛАСИЗ

Сиз эртага келасиз,
Ҳозир
Хабарини етказди симлар.
Бу хатарнок йўлда карвонни
ютган вабо —
оҳангдор қумлар. Сиз эртага келасиз —
Салимга ҳам гулоблар қуйди.
Кўзингиздан ўпдим.
Лабларим
Юлдузларга теккандай куйди.
Лабингизда — бешикда жаҳон,
Жаҳонларни суйдим мастона.
Сиз эртага келасиз,
Бугун
Янги ранглар кияр остона.
Сиз эртага келасиз «1»дай,
Одамларга номаълум сирдай.
Кўрасиз —
Севгимни илиб қўйибман –
Якшанбада ювиб
ёйилган кирдай.
Сиз эртага келасиз,
Ҳозир
Юрагимни қўйдим ўртага.
Агар тузлар ютиб олсалар,
Тополмайсиз мени эртага.
Сиз эртага келасиз, қочиб
Таъқиб этган фаранги куйдан.
Сиз келасиз шошиб, аммо мен
Чиқиб кетган бўламан уйдан.
Сиз эртага келасиз…
Боққа
Либосларни хазондай ташлаб.
Бугун менинг чўллик қишлоққа
Кетгам келар
кўзимни ёшлаб.
Сиз эртага келасиз,
Бироқ
Бугун тушуб қолдим мен асир.
Бу дунёда нима бўлсаям,
Менга ҳозир керакдир,
ҳозир.
Сиз эртага келасиз,
Бугун
Ой нурига лим-лим тўламан.
Сиз эртага келасиз,
Аммо
Эртага мен ўлган бўламан…

***

Мана гугурт, мана тош, мана
Битта зарб. Ва тугайди умр.
Фақат чақмоқ — чўғ ошиқона –
Фақат чақмоқ оловни эмар.

Фақат чақмоқ гапиради рост,
Фақат чақмоқ кесади тўгри.
Дил, ўзингни ўз дорингга ос,
Дил, хайр де тўлғониб, оғриб.

Дил, ўприлган қирғоқларингга
Изларини отди нилуфар.
Дил, чайқалган чарчоқларингдан
Бахтсизликнинг иси уфурар.

Дилдарахтнинг шохларидан
Бош кўтарар ҳуркович фироқ.
Дилни чақмоқ ёқаларида
Чақмоқ, чақмоқ ва яна чақмоқ.

Дил, нилуфар кафтлари бўйлаб
Анор каби тилгил, ситилгил.
Сочларининг ҳар торин куйлаб,
Қаро, қаро тўкилгил, эй дил.

Қоши — осмон. Осмон остида
Бир жуфт қарға. Қоп-қора, чақноқ.
Қарға қарғар. Қарғиш дастидан
Кипригида тирилар титроқ.

Мен ҳам қадим осмон тагида
Минг бир тошга уриб тўзимни,
Хайр деган қир этагида
Чинор янглиғ ёқдим ўзимни.

Бу дунёга бўлолмадим эн,
Дарё каби қуриди дийдам.
Сенга бўй ҳам бўлолмадим мен,
Ўқлар тегиб йиқилдим мен ҳам.

Мен ҳам кириб чикдим оламнинг
Бор кўчаси, хилватларига.
Юрагимни кесиб бердим мен
Юрагимнинг улфатларига.

Чақмоқ фақат гапиради рост,
Дил, данакдай чақилгил, чақна.
Дил, ўзингни ўз дорингга ос,
Мана гугурт, мана тош, мана…

Етишмайди баъзан олов,
Баъзан гугурт, баъзан ўтин.
Сув излайди баъзан биров,
Улов излар кимдир, лекин…

Баъзан йўллар ўйдим-чуқур,
Ўзгаради турмуш секин.
Ҳали кимдир қилмас ҳузур,
Кимдир камроқ кулар, лекин…

Тушунмайди баъзан ҳаво,
Баъзан тушунмайди экин.
Баъзан сувга оқар даво,
Кечикади дармон, лекин…

Лекин ҳали уфқларда
Жаннат каби кунлар кутар.
Гуллар кулар совуқларда,
Қушлар ҳали тилла ютар.

Фарзандларим бол ейдилар,
Гулда сузар қора ерлар.
Буни азиз юрт дейдилар,
Буни азиз Ватан дерлар.

***

Оқ кунлар имиллаб чўзилар,
Капалак соясин қувади.
Далада туғилган қўзилар
Ҳидини ёмғирлар ювади.

Шалоббо бўлади уст-бошим,
Атирдан гуркирар ҳамма жой.
Мен билан тортишиб, талашиб,
Уйгача киради сақич лой.

Бу ёмғир, бу лойлар меники,
Меники атирли қиёқлар.
Ястанган бу жойлар меники,
Меники кўкарган байроқлар!..