ФАРҒОНАДА ИЛК БОР ЛАВАНДА ФЕСТИВАЛИ ЎТКАЗИЛМОҚДА

Ҳароратли ёз оқшомларида она табиатнинг фусункор қиёфаси янада ёрқин тус олади. Бундай пайтларда тоғ ва адирлар маликаси – лаванда қийғос гуллаб, бинафшаранг тўлқинлар мавжланаётгандек тасаввур уйғотади. Яшил далалар ниҳоясида уфққа ботиб бораётган алвонранг қуёш тасвири эса янада гўзал.

Айни кунларда Фарғона вилояти Учкўприк туманида илк бор ўтказилаётган Лаванда фестивали юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳлар нигоҳида экосаёҳат ва тиббиёт туризмининг муштарак байрами, инсон руҳиятига бетакрор кайфият олиб кирувчи тантана сифатида таассурот қолдирмоқда.

“Меҳригиё” хусусий корхонасига қарашли “Доктор Али” саломатлик боғи жорий йилнинг 6 июнидан 16 июнига қадар давом этадиган Лаванда фестивалига мезбонлик қилмоқда.

Экотиббиётнинг бетакрор намунасига айланган гўшада афсонавий лаванда гулини мадҳ этувчи қадрдон қўшиқ садолари янграб туриб, мусиқага ҳамоҳанг сўзлар эса бинафшаранг товланаётган лавандазорлар ичра сайр қилаётганлар ҳаяжонини янада оширади.

Фестиваль доирасида лаванда гули ва ифоридан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси, папайя, банан, годжи, киви, зайтунзорлардан иборат саломатлик боғи бўйлаб экосаёҳат, мутахассисларнинг бепул тиббий кўриги, кўнгилочар концерт ва шоу дастурлари бу ерга ташриф буюрувчиларга унутилмас лаҳзаларни туҳфа этаётир.

  • Энди ҳар йили ёзнинг илк кунларида Ўзбекистонга, Фарғонага саёҳат қилишга тайёрман, – дейди россиялик Павел Симонов. – Қрим ўлкаларида бўлиб ўтадиган лаванда байрамларида қатнашганман, бироқ бу ердаги табиат мўъжизаларининг уйғунлиги, қулай об-ҳаво, ҳатто одамлардаги кайфият ҳам мени мафтун этди.
  • Лаванда плантацияларининг бетакрор гўзаллигидан баҳраманд бўлиш, айниқса, махсус рецепт асосида тайёрланган лавандали таомлар, музқаймоқ ва салқин ичимликлардан татиб кўриш, ҳаммаси ёқимли ва роҳатбахш, – дейди қирғизистонлик Сардар Ҳакимов. – Лавандазордаги унутилмас фотосессиялар бу ёрқин лаҳзаларимизни йил давомида эслатиб туради.

Фестивалга Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Малайзия каби ўнлаб давлатлар, республикамизнинг Самарқанд, Тошкент, Жиззах, Наманган ва Андижон вилоятларидан сайёҳлар, инфлюенсерлар, фотосессия ихлосмандлари, моделлар, санъаткорлар, журналистлар ва блогерлар ташрифи давом этмоқда.

  • Юздан ортиқ турдаги экологик тоза маҳсулотлар, масалан, шифобахш лаванда ёстиқлари, лавандали музқаймоқ, лаванда шарбати, лавандали таомлар – барчаси фестиваль иштирокчилари ихтиёрида. Бу гўзал ва фойдали манзаралар тароватини ҳар ким ўзича кашф этмоқда, – дейди “Меҳригиё” хусусий корхонаси ижрочи директори Хондамир Нуриддинов. – Бу йил илк маротаба ўтказилаётган фестивални бутун республикамиз бўйлаб ёйиш, уни юртдошларимиз ҳаётидаги завқли экобайрамга айлантириш ниятидамиз.

Фестиваль нафақат гулларни севувчилар, бу ноёб ўсимлик билан таниш бўлмаган ҳар қандай ёшдагилар учун ҳам қизиқарли. Мақсад эса одамларнинг экосаёҳатга бўлган меҳрини ошириш, лаванданинг турли соҳалардаги аҳамияти, хусусиятларини кўрсатиш, бу бетакрор гул ошиқлари сонини кўпайтиришдир.

                                                                                                                Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА