БИЗГА ҲАМРОҲ “ГАЗЕТАЛАР ШАРҲИ”ДАН МИННАТДОРМИЗ!

Эсингиздами, болалигимизда матбуот дўконлари бўларди. Бола назари билан қараганимда дўконда навбатда турувчилар зиёли, обрўли кишилардек туюларди. Ахир, газета-журнал ўқиган одамлар чинданда бошқача кишилар эди-да! Мен ҳам ўша вақтлар ҳар ҳафта “Туркистон” газетаси ва “Синфдош”журналини сотиб олардим. Газета сотиб олсам ўзимни бошқача ҳис қилардим, журналистларга ҳавасимку бир олам эди.

Йиллар ўтиб ҳавас қилган касбимга етдим. Аммо ўша матбуот дўконларини йўқотиб қўйдим. Яхши ҳамки ижтимоий тармоқда “Газеталар шарҳи” канали ташкил этилган. Ҳар куни янги газеталарнинг электрон вариантини кўриб фойдаланамиз, фикрларимизни қолдирамиз. Байрам арафасида мен мазкур канал ижодкорларига миннатдорлик билдиришни лозим топдим. Журналист бўлганим учун эмас. Бир ўқувчи, муштарий сифатида. Зеро, каналнинг турли ёш ва соҳадаги ўз мухлислари бор.

Яқинда “Nuroniy” газетасида “Меҳнат фахрийлари” кўкрак нишони совриндорларининг рўйхати эълон қилинганидан хабарингиз бор. Ўшанда таҳририятга қўнғироқ қилиб, “газетани қаердан топсак бўлади? электрон вариантини ташлаб бера оласизми?”, дея сўраганлар кўп бўлди. Шунда бизга “Газеталар шарҳи” телеграм канали ас қотди. Сўраганларга шу канал орқали газетамизнинг электрон вариантини кўришлари, қолаверса, ҳар куни республикамизда чоп этилаётган газета-журналлар билан танишиб бориш имконига эга бўлишлари мумкинлигини айтганимда кўпчилик мамнун бўлди.

Бундан ташқари, мазкур каналга ҳафтанинг ҳар чоршанба куни газетамизнинг янги сонини узатиб, ўқувчилар билан бевосита боғлангандай бўламиз. Чунки айнан шу канал орқали муштарийлар ўз изоҳ ва газета ҳақидаги фикрларини қолдиришади. Масалан, нашримизнинг 20-сони ҳақида 20 дан ортиқ мухлис ўз фикрларини билдирди. Бу албатта бизни қувонтириб янги мавзулар излашга ундади.

Сўзим сўнггида яна ёшликдаги хотираларга берилсам айбга буюрмайсиз. Зеро, инсон ўзига қадрдон ва азиз неъмат, нарса-буюмларини қумсайверар эканда. Шу дамда бир вақтлар ойнаижаҳон орқали эфирга узатилган “Газеталар шарҳи” кўрсатуви ёдимга тушиб кетди. Мен ҳали ёш бўлишимга қарамай шу кўрсатувни яхши кўриб томоша қилар, ҳатто тош ойна ёнига ўтириб олиб ўзимча уйимиздаги газеталарни шарҳлаб машқ қилардим. Истагим, мазкур канални ҳам мана шундай илиқ хотиралар билан эслагувчилар, уни севиб кузатувчилар кўпаяверсин! Тандирдан иссиққина нон узгандай янги газеталарни обуначиларга тақдим этаётганлар эса омон бўлсин! Яқинлашиб келаётган 27 июн – Матбуот ва ОАВлари ходимлари куни муборак бўлсин!

Сайёра ҚОДИРОВА,

“Nuroniy” газетаси мухбири.