БЎЗАТОВДА ЯНГРАГАН ЁШЛАР ОВОЗИ

Уч кун давомида Нукус шаҳри ва Бўзатов туманида “Республика ёшлар овози” фестивали бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2019 йил 19 мартда Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишни ошириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишининг баёни ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 октябрдаги Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бўзатов туманида “Республика ёшлар овози” фестивалини ташкил этиш белгиланган эди.

Фестивалнинг ҳудудий босқичлари кастинг тарзида 6 ёшдан 15 ёшгача ва 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида “Миллий ижрочилик”, “Опера” ва “Эстрада” йўналишлари бўйича ўтказилди. Унда иқтидорли ёшлар иштирок этиб, якуний босқичига ҳар бир йўналишдан ёш тоифаси бўйича бир нафардан ёшлар йўлланмани қўлга киритди.

Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрида эстрада йўналиши, Қорақалпоқ давлат университетининг маданият саройида миллий ижрочилик ва бахшичилик йўналиши, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида опера йўналиши бўйича якуний босқич бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган ҳудудий босқичларнинг ғолиблари бўлган ёш иқтидор эгалари ўз истеъдодларини намоён этишди.

Фестивалнинг учинчи кунида Бўзатов туманидаги Ёшлар марказида маданият ва санъат соҳасидаги ёш олимлар иштирокида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Унда Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, сенатор А. Данияров ва бошқалар сўзга чиқиб, юртимизда Президентимиз раҳбарлигида ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.

Шу куни  “Ҳунарли ёшлар” тикувчилик танлови, спортнинг баскетбол тури бўйича Бўзатов тумани солиқ инспекцияси бошлиғи кубоги ҳамда “Киберспорт” мусобақалари бўлиб ўтди.

Фестиваль доирасида Бўзатов туманида миллий ҳунармандчилик кўргазмаси ташкил этилиб, унда республикамизнинг 6 та туманидан ташриф буюрган 32 нафар ҳунармандлар ўзларининг миллий либослари, соз-асбоблари, каштачилик, гилам ва бошқа буюмлари билан қатнашди. Тадбирда ғолиблар ва фаол иштирок этганларга “Ҳунарманд” бирлашмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат  палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тумандаги Бердақ номидаги Ёшлар боғида “Қорақалпоқ миллий таомлари” фестивали ўтказилди. Тадбирни ўтказишдан мақсад, қорақалпоқ миллий таомларини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, қадимий таомларни қайта тиклаш ва шу орқали сайёҳларни жалб этишдан иборат. Республикамизнинг барча ҳудудларидан келган ошпазлар ўзлари томонидан тайёрланган миллий таомлари билан иштирок этди. Ҳайъат аъзолари томонидан ғолиблар аниқланиб, биринчи ўрин Чимбой туманидан ташриф буюрган ошпаз Алтинай Зариповага, иккинчи ўрин тўрткўллик Гулбаҳор Ҳайтбаевага ҳамда учинчи ўрин Мўйноқ туманидан Гулмира Батирбаевага насиб этди.  Шунингдек, бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Бўзатов туманидаги марказий стадионда “Республика ёшлар овози” фестивалининг якуний гала концерти ва ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ҳайъат аъзоларининг хулосасига кўра, Миллий ижрочилик ва бахшичилик йўналиши бўйича 6-15 ёшдагилар ўртасида биринчи ўринни Тошкент шаҳридан Севинч Жовлиева, иккинчи ўринни Хоразм вилоятидан Маҳлиё Нарбаева, учинчи ўринни Қорақалпоғистон Республикасидан Байрамбай Жийенбаев, 16-30 ёшдагилар ўртасида биринчи ўринни Хоразм вилоятидан Ботиржон Раҳманов, Тошкент вилоятидан Элдар Турсунов, иккинчи ўринни Сурхондарё вилоятидан Абдираҳмон Абдиназаров, Бухоро вилоятидан Гулчирой Бахшиллаева, учинчи ўринни Навоий вилоятидан Хумора Махамматқулова, Қашқадарё вилоятидан Бекжон Рахимовлар эгаллади.

Опера йўналиши бўйича 6-15 ёшдагилар ўртасида биринчи ўринни Қорақалпоғистон Республикасидан Нишонбек Мирзабеков, иккинчи ўринни Хоразм вилоятидан Умрбек Йўлдошев, учинчи ўринни Тошкент вилоятидан Кристина Петросян, 16-30 ёшдагилар орасида биринчи ўринни Хоразм вилоятидан Амирзода Жуманиязов, иккинчи ўринни Қорақалпоғистон Республикасидан Шираз Туринбеков, учинчи ўринни Тошкент шаҳридан Хадича Имомназарова қўлга киритди. Эстрада йўналиши бўйича 6-15 ёшдагилар орасида биринчи ўрин Тошкент шаҳридан Фирдавс Авезовга, иккинчи ўрин Қорақалпоғистон Республикасидан Миясар Даўлетбаевага, учинчи ўрин Наманган вилоятидан Гулвора Мажидуллаевага, 16-30 ёшдагилар ўртасида биринчи ўрин Қорақалпоғистон Республикасидан Мусағали Модабаевга, иккинчи ўрин Жиззах вилоятидан Умаршош Сайдалиевга, учинчи ўрин Тошкент шаҳридан Дилшод Джалаловга насиб этди. Барча йўналишлар бўйича биринчи ўрин соҳибларига 50 миллион сўм, иккинчиўринга 25 миллион сўм, учинчи ўринга 15 миллион сўм пул мукофотитопширилди.

–Қорақалпоғистон Республикасига илк бор ташрифим менга омад келтирди, -дейди миллий ижрочилик ва бахшичилик йўналиши бўйича 6-15 ёшдагилар ўртасида биринчи ўрин ғолиби тошкентлик Севинч Жовлиева. – Айниқса, қорақалпоқ халқи меҳмондўстлиги, самимийлиги билан алоҳида таассурот қолдирди. Энг муҳими, озгина вақт ичида қорақалпоқ тилини ўрганишга ҳаракат қилдим.

Санъат усталари, таниқли эстрада қўшиқчилари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури, солютлар шоуси иштирокчилар ва меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Фестивалнинг якуний гала концерти ва ғолибларни тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А. Давлетов,  Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев иштирок этди.

ЎзЖИУ Қорақалпоғистон Республикаси бўлими