ҚЎРҚИНЧЛИ СТАТИСТИКА: БОЛАЛАР ИШТИРОКИДАГИ АВАРИЯЛАРДА 64,5% БОЛА ҲАЛОК БЎЛМОҚДА

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2021 йилнинг ўтган тўрт ойи давомида болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сони 25,3 фоизга, уларда ҳалок бўлган болалар сони эса 64,5 фоизга ошган. Қўрқинчли статистика, шундай эмасми? Ҳар қанча сабаб келтирилмасин, қанча далил исбот кўрсатилмасин, ҳеч бири бу ҳолатни оқламайди.

Нима сабаб бўлмоқда? Баъзан оний лаҳза-сониялар ҳам инсон ҳаётига нуқта қўйилишига сабаб бўлиб қолади. Хаёлнинг фаромуш бўлиши, эҳтиётсизлик, йўл ҳаракати қоидаларига беписандлик билан ташланган бир қадам йўловчининг ҳам, ҳайдовчининг ҳам тақдирини буткул ўзгартириб юбориши мумкин. Хўш, йўлда юриш маданиятига қай даражада амал қиляпмиз? Гоҳида йўлни беш-ўн метрга қисқартираман, деб ўз жонимизни хатарга қўйишимизни биламизми? Буни англаб етишимиз учун бошимизга бирор кулфат тушиши шартми? Бунда энг катта масъулият ота-оналар зиммасига тушади, албатта. Кўчада кетаётганда йўл-йўлакай ҳаракат қоидаларини тушунтириб бориш, асосийси, фарзандларга намуна бўлиб, қоидаларга амал қилган ҳолда ҳаракатланиш муҳим. Афсуски, ҳамма ота-оналар ҳам қизил чироқ ишорасига парво қилавермайди. Фарзандини етаклаганча катта йўлдан бамайлихотир ўтаверади. Қуш уясида кўрганини қилади. Ана ўша болалар эртага мактабга ёлғиз кетаётганда ҳам йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмайди. Борабора қоидаларни бузиш одатга айланади.

Яна бир муҳим жиҳат — мактабларга етакловчи йўлларда пиёдалар светофорларини чақирув мосламасига ўтказиш зарур. Пиёдалар йўлакчалари ташкил этилмагани ва ёритилмагани натижасида эрта тонгда ёки тунги вақтларда вояга етмаган пиёдаларнинг ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш имконияти чекланмоқда. 2 минг 731 жойда тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойини сунъий ёритиш зарур. Бунда яна бир ҳолат мавжуд. Яъни кўп полосали йўлларда назорат қилинмайдиган (светофорсиз) пиёдалар ўтиш йўлакларини қуриш мумкин эмас. Бу оддий қоида. Буни бутун дунёда билишади. Бироқ бизда эмас. Биргина Тошкентнинг ўзида юзлаб назорат қилинмайдиган пиёдалар ўтиш йўлаклари мавжуд. Магистрал кўчаларда, автомобиль айланма йўлларида, ОТМлар, мактаблар, бозорлар, аҳоли мавзелари яқинида. Ва уларда одамларни уриб кетиш — одатий ҳол. Йўл ҳаракати қоидаларини бола, аввало, оилада, кейин боғча ва мактабда ўрганади. Афсуски, мактабларда ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш талаб даражасида йўлга қўйилмаган. Ҳали-ҳануз бу йўналишда алоҳида дарслар ташкил этилмаган. Дарслар фақат бошқа фанлар ҳисобидан, етарли малакага эга бўлмаган ўқитувчилар томонидан олиб борилади.

Нима қилмоқ керак? Аввалроқ фарзанди мактаб олдида юз берган автоҳалокатда вафот этган ота ўзи «зебра» чизиғини янгилаб, пиёдалар ўтиш жойи белгисини ўрнатгани ҳақидаги хабарни ўқиб, наҳотки болаларга ва умуман, аҳолининг шаҳар бўйлаб ҳаракатланиш хавфсизлигига бўлган эътибор ва муносабат шундай давом этса, деган оғриқли савол туғилганди. Вазият ниҳоятда оғир. Бунда, энг аввало, юқорида санаб ўтилган камчиликларни бартараф этиш, мактаблар яқинидаги йўллар ҳолатини яхшилаш, болаларга йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича сифатли таълим бериш тизими ишлаб чиқилса, ота-оналар масъулияти оширилса, кифоя. Муаммолар ўзўзидан ечим топади.

Шунингдек, халқаро тажрибалар асосида «мактаб зонаси»ни белгилаш зарур. Мисол учун, Жанубий Кореяда «мактаб зонаси»да автомобиль ва бошқа турдаги транспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги максимум 30 км/с. этиб белгиланган. Шу мақсадда йўл ҳаракати хавфсизлиги белгилари ушбу объектларнинг асосий дарвозасидан 300 м. радиусда йўлнинг маълум қисмларига ўрнатилади. Кореядаги яна бир муҳим тамойиллардан бири, бу — ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидалари «мактаб зонаси» ва болалар кўп бўлган махсус ҳудудларда бузилган тақдирда, жарималар 2 ёки 3 баробар ортиғи билан тўланишидир. Албатта, юқоридаги тажрибаларни бизда ҳам жорий этса бўлади. Бунинг учун велосипедни қайтадан кашф қилиш шарт эмас, шунчаки ўрганиш керак, таҳлил қилиш керак, ва энг муҳими, хоҳиш бўлиши керак.

Санжар ИСМАТОВ

«Mahalla» газетаси 23-сон 

Муаллиф ҳақида:

ИСМАТОВ САНЖАР ИБРОҲИМОВИЧ

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида туғилган.  2015 йил Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетини тамомлаган. 2015-2017 йилларда «Туркистон» газетаси мухбири, бўлим муҳарири, 2017-2018 йиларда «Ёшлар овози» газетаси масъул котиби, 2018-2019 йилларда «Mahalla» газетаси ва «Mahalla ko`zgusi» журнали Бирлашган таҳририяти» масъулияти чекланган жамияти махсус мухбири, Бош муҳаррир ўринбосари, 2019 йилдан  ҳозирги вақтгача «MAHALLA» NASHRIYOT-MATBAA UYI» масъулияти чекланган жамияти бош директор ўринбосари, «Mahalla» газетаси бош муҳаррири лавозимлариад фаолият юритади.