ФЕСТИВАЛЬ–ЁШЛАРНИ  БИР  МАҚСАД  САРИ  ЖАМЛАДИ

Шу кунларда барчанинг нигоҳи ҳамиша қадимий Шаҳрисабз шаҳрига қаратилган.  «Биз Амир Темур авлодлари, унга издош бўламиз!», «Янги  Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида 5 та муҳим ташаббус доирасида 13–15 июнь кунлари Шаҳрисабзда ўтказилаётган ёшлар   фестивали ўз атрофига 20 мингдан ортиқ ёшларни бирлаштирди.

Давлат раҳбарининг 2021 йилни «Ёшларни қўллаб–қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилгани мамлакатимиз ёшларини ҳар томонлама зукко, билимли ва салоҳиятли бўлиб камолга етиши учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда.

Фестивалда вилоятнинг  14  та  туман ва шаҳридаги ёшлар иштирок этмоқда. Халқ амалий санъати кўргазмаси ва бадиий жамоаларининг чиқишлари барчада катта таассурот қолдирмоқда. «Дорут тиловат» мажмуаси, Амфитеатр, «Коба», «Чубин» мадрасасида дуторчилар, рубобчилар ва ёш мақомчилар, болалар мусиқа ва санъат мактаблари бадиий жамоаларининг, бахшиларнинг достон ва терма  айтишувлари, мусиқий дастурлари намойиш этилаяпти. Амир  Темур ҳайкалининг чап томонида  «Китоблар савдоси», ўнг томонида эса «Кўчма кутубхоналар», шунингдек, ҳайкал ёнида ижодкорлар иштирокида мушоира кечаси, Темурбеклар мактаби, умумий ўрта таълим мактабларининг кўргазмали чиқишлари, маданият саройи майдонида  «Ош танлови», маданият марказида   интеллектуал  ўйин, тарихий майдонда миллий маданият марказларининг чиқишлари, Оқсарой обидаси ёнида миллий дорбозлик ўйинлари, Самарқанд дарвозаси ёнида замонавий рақслар, курсант ва аскарларнинг саф юришлари, Амир Темур лашкарларининг от  билан майдон айланишлари  фестиваль  дастуридан жой олди.

Ёшлар  фестивали доирасида Китоб геология миллий табиат боғига  саёҳат уюштирилди. Альпинизм  спорти бўйича вилоят ҳокими кубоги мусобақаси  ўтказилди. 14  июнь куни Яккабоғдаги Қорабайир отчилик мажмуасида от спорти бўйича вилоят ҳокими кубоги мусобоқаси ўтказилиб, ғолиблар рағбатлантирилди. Фестивалда бешта шаббусни ўз ичига олган ёш олимларнинг маданият, адабиёт ва санъат, тарих йўналишлари бўйича изланишларига доир илмий анжуман бўлиб ўтади. Бунда тарих фанлари докторлари, олимлар ва ёзувчилар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этишади.

Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Зойир Мирзаев барчани ёшлар фестивали билан табриклаб, муваффақиятлар тилади. Кечги пайт Оқсарой майдони узра янграган куй-қўшиқ ва яллаларда  ёшлар билан бирга кўпни кўрган нуроний кексаларнинг иштироки тадбирга янада файз киритди.

Ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштирган ушбу тадбир барча қатори биз кекса авлод вакиллари қалбини қувонтирмоқда,–дейди Шаҳрисабз шаҳар «Уйчилик» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдиваси Ғафуров. –Айниқса фольклор ва бахшичилик санъати йўлида ижро этилган санъат асарларини томоша қилиб, халқимизнинг асрлар оша сақланиб келинаётган санъатларидан баҳраманд бўлдик. Нишон туманидан ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси Махматмурод Ражабов ва унинг ёш шогирдлари ижросидаги термалари, Қарши туманидаги нуронийлардан ташкил топган «Момогул» фольклор–этнографик жамоаси, «Чўл чамани» ашула ва рақс халқ ансамблларининг чиқишлари бизда катта таассурот қолдирди. Бу эса ёшларни ягона мақсад сари бирлаштиришга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, фестивалда иштирок этган оловқалб ёшлар Давлатимиз раҳбарининг яратиб берган ҳар бир имкониятларидан оқилона фойдаланиб,  Ватанимиз куч-қудратини мустаҳкамлаш йўлида хизматарини аямайдилар.

 

                                                                                       Шавкат СУЛТОНОВ,

Ўзбекистон  Журналистлари  ижодий  уюшмаси  аъзоси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қашқадарё вилояти   бўлими  фахрийлар  жамоатчилик  кенгаши  раиси.