«ПРЕЗИДЕНТ КУТУБХОНАСИ» КИТОБГА МУНОСАБАТИМИЗНИ ЎЗГАРТИРАДИ

Бугунги кунда моддий нуқтаи назардан энг қадрсиз маҳсулот  китоблар, десак янглишмаган бўламиз. Биз яшаётган замонда бу маҳсулотнинг харидорлари жуда кам. Жамиятимизда маънавий муаммоларнинг кўпайиб кетаётгани сабаби ҳам шундан.

Ҳа, одамларимиз китоб мутолаасидан узоқлашганига анча бўлган. Бу ҳодиса эса айни кунларда энг юқори нуқтасига чиққани шубҳасиз. Шундай вазиятда Тошкент шаҳридаги Миллий боғ ҳудудида уч қаватли «Президент кутубхонаси» қурилиши режалаштирилгани улкан воқеа бўлди. Бу янгиликнинг аҳамиятини тушуниш учун яқин тарихни эслаш керак бўлади.

Шундай вақтлар бўлдики, кутубхоналарга душман сифатида қараш айрим раҳбарлар тушунчасида ҳоким бўлди. Гўёки у ерда жуда қўрқинчли нарса яширинган, яъни эски тузум мафкурасини тарғиб этувчи адабиётлар жой олган. Натижада мамлакат бўйлаб ўша пайтдаги жамоа хўжаликларида фаолият кўрсатувчи оддий қишлоқ одамлари фойдаланадиган барча кутубхоналар тугатилди.

Ҳолбуки, ушбу зиё масканларида жаҳон ва миллий адабиётимиз дурдоналари, қанчадан-қанча маънавиятимиз учун фойдали бўлган асарлар жамланган эди. Бор нарсани ўз қўлимиз билан йўқотдик, одамларни китобсиз қолдирдик. Шугина эмас. Туман кутубхоналари ҳам қаровсиз қолдирилди, китоб дўконлари маиший маҳсулотлар сотиладиган савдо объектларига айлантирилди. Қилгуликни қилиб бўлгач, халқимиз китоб ўқимаяпти, деб айбни элдошларимиздан қидирдик. Кейинчалик эса «кутубхона» деган сўзни ҳам йўқ қилиб, «ахборот ресурси маркази» атамасини кашф этдик.

Ўн йилча муқаддам пойтахтимизда Миллий кутубхонанинг янги биноси қад ростлаганди. Ўша пайтлари муҳташам бино ёнидан таксида ўтиб кетаётганимизда, ҳайдовчининг айтган бир гапи ёдимда қолган. У бизга «Бу қандай бино?» деб савол берган ва жавобимизни эшитиб: «Унга сарфланган маблағ ҳеч қачон қайтмайди ва бундай масканларни қуриш иқтисодий жиҳатдан хатолик», дея билағонлик қилганди. Бу воқеа, таъбир жоиз бўлса, жамиятнинг китобга, маънавиятга муносабатини ифодалаганди, десам хато бўлмайди.

Мақсадимиз кечаги кунимизнинг хатоларини санаш эмас, балки улардан тўғри хулоса чиқариш, бу камчиликларни тўғрилаш ва қайта такрорламасликка чорлашдир.

Хўш, Миллий кутубхонамиз бўлгани ҳолда, «Президент кутубхонаси»га қандай эҳтиёж бор эди, дейишингиз мумкин. Бу саволга «зиё масканлари қанча кўп бўлса, шунча яхши-да», десак юзаки жавоб берган бўламиз. Зотан, бу жавоб ҳам хато эмас.

Гап унга «Президент кутубхонаси» дея урғу берилишида. Зора, бундан жойлардаги маҳаллий раҳбарлар ҳам ўрнак олиб, ўз ҳудудларида замонавий талабларга жавоб берадиган, бой китоб фондига эга кутубхоналар ташкил этишга бош-қош бўлишса.

Яна бир гап. «Президент мактаби» дея аталадиган таълим масканларининг салоҳиятидан хабаримиз бор. Шу маънода «Президент кутубхонаси» деган ном ҳам кутубхоналарга ёндашувни ўзгартирса ажабмас.

Тўлқин ШЕРНАЕВ

«Mahalla» газетаси 24-сон

ШЕРНАЕВ ТЎЛҚИН ЭШТЎХТАРОВИЧ

1975 йил 30 декабрда Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида туғилган.  1999 йил Тошкент давлат университети (ЎзМУ)ни тамомлаган. 2000-2019 йилларда «Ishonch» газетасида мусаҳҳих, катта мусаҳҳиҳ, мухбир, бўлим муҳаррири, 2019 йилдан ҳозиргача «Mahalla» nashriyot-matbaa uyi масъулияти чекланган жамиятида махсус мухбир лавозимида фаолият юритади.