АНДИЖОНДА АОКА РАҲБАРИ ОАВ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗДИ

Андижонда Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директор Асаджон Ходжаев оммавий ахборот воситалари, нашриётлар ҳамда матбаа корхоналари вакиллари билан учрашув ўтказди.

Учрашувда айни кунда оммавий ахборот воситаларини қандай муаммолар қийнамоқда? Нима учун қатор босма нашрлар ўз фаолиятини тўхтатди, аксарият нашрлар эса ҳафта ёки ойда бир мартагина нашр этилмоқда? Нашрларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш, журналист даҳлсизлиги, обуна, солиқлар, соҳани ёш, малакали кадрлар билан таъминлаш масалалари, шунингдек, таҳририятларнинг почта, матбуот уюшмаси билан муносабатлари борасидаги муаммолар хусусида  атрофлича сўз юритилди.

Президентимиз турли чиқишларида ёш авлод тарбияси, мамлакат тараққиётига эришишда энг аввало, илм ва билимга суяниш ҳақида жуда кўп бор таъкидлаган, – дейди “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг Андижон вилояти мухбири Қобилжон Асқаров. – Минг афсуски, юртдошларимизга илм, билим улашадиган, маънавиятимизни юксалтиришга кўмак берадиган босма нашрларнинг бугунги қийин ҳолатига нашрлар муассиси бўлган туман, шаҳар, вилоят ҳокимликлари, ОАВларини қўллаб-қувватлашга масъул мутасадди ташкилотлар етарли эътибор қаратмаяпти. Ана шундан келиб чиқиб, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги иқтисодий жиҳатдан қийин шароитда қолган босма нашрларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ ва тизимли ишларга бош-қош бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Хўжаобод тумани “Ҳақиқат”, Балиқчи тумани “Ғалаба” газеталари муҳаррирлари Толибжон Шерматов, Шаҳзодахон Каримова таҳририятларнинг мулкчилик шакли ўзгариши, солиқ тўловлари бўйича юзага келган муаммолар, таҳририятларни маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватлаш юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари, хусусан, босма нашрлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳа ишини янада юқори босқичга кўтариш, муаммоларни бартараф этиш юзасидан ҳукумат, мутасадди идораларга тегишли таклифлар киритилиши айтиб ўтилди.

Очиқ-ошкора, мулоқот тарзида ўтган учрашувда Асаджон Ходжаев оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг Андижон вилоятига сафари доирасида вилоятда фаолият юритаётган блогерлар, сиёсий партиялар вилоят кенгашлари раислари, ахборот хизмати раҳбарлари, ҳокимлик ва давлат ташкилотлари ахборот хизмати масъуллари билан ҳам учрашувлар ўтказди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Андижон вилоятида 30 га яқин оммавий ахборот воситалари  фаолият юритади. Шундан 24 таси босма нашрлар бўлиб, 18 тасини давлат, 6 тасини тармоқ ва хусусий нашрлар ташкил қилади. Шунингдек, 1 та вилоят телерадиокомпанияси, 1 та нодавлат радиоканали ҳамда 38 та матбаа корхонаси ҳам мавжуд.

ЎзЖИУ Андижон вилоят бўлими