Пресс-релиз

2021-06-12T17:14:16+05:0012 Iyun, 2021|Пресс-релизлар|

Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан Тожикистонда бўлиб турибди.

Ташриф доирасидаги музокараларда Ўзбекистон ва Тожикистон етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли биродар мамлакатларнинг муносабатлари тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги даражасига кўтарилгани қайд этилди.

Душанбедаги “Кўҳи Борбад” санъат саройида бўлиб ўтган тадбирда Тожикистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Тожикистоннинг юксак мукофоти – I даражали «Зарринтож» ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармони ўқиб эшиттирилди. Орденни давлатимиз раҳбарига Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон тантанали равишда топширди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз, айни кунда мамлакатимиздаги уч юзга яқин умумтаълим мактабида тожик тилида ҳам дарс берилади. Бир қатор ўрта ва олий таълим муассасаларида, жумладан, Самарқанд ва Термиз давлат университетларида тожик филологияси бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.  Тошкент шаҳри ва вилоятларда тожик маданият марказлари самарали фаолият юритмоқда.

Ўнга яқин туман ва шаҳар газеталарида тожик тили саҳифалари  бор. Марказий ва ҳудудий телерадиоканалларда тожик тилида кўрсатув ва радио эшиттиришлар тайёрланиб эфирга узатилмоқда. Ўтган йили Самарқанд шаҳрида нашр этиладиган вилоят ҳокимлигининг “Овози Самарқанд” газетасининг 30 йиллиги кенг нишонланди. Ушбу таҳририят жамоаси Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўтказиб келинаётган  “Олтин қалам” танловининг матбуот йўналиши бўйича ғолиби ҳисобланади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан юртимизда турли тилларда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари, уларда меҳнат қилаётган ходимларни қўллаб-қувватлашга алоҳида  эътибор қаратиб келинмоқда.  Тожик, қозоқ ва бошқа тилларида фаолият олиб борадиган оммавий ахборот воситаларида самарали меҳнат қилиб келаётган истеъдодли, қалами ўткир журналистлар уюшма томонидан моддий ва маънавий рағбатлантириб келинаётгани фикримизни тасдиқлайди.

Уюшма томонидан амалга оширилаётган ана шундай тадбирлардан бири бугун “Овози тожик” ва “Нурли жол” газеталари таҳририятларида бўлиб ўтди.  Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров кўп миллатли мамлакатимизда  матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ортга қайтмас тус олгани, уюшма томонидан ОАВлари вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳамкасб турли миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилишини алоҳида таъкидлади.

Тадир доирасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  томонидан “Овози тожик” ва “Нурли жол” газеталари таҳририятларига замонавий компьютер тўпламлари совға қилинди. Шунингдек, Уюшма аъзолигига қабул қилинган “Овози тожик” газетаси бош муҳаррири Шерпўлат Вакилов, таҳририят масъул котиби Аълим Нарзиев  ҳамда “Нурли жол” газетаси бош муҳаррири, Уюшма аъзоси Ғуломзокир Юсупов  ва газета бўлим муҳаррири Жаннат Молдашеваларга аъзолик гувоҳнома ҳамда аъзолик кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ахборот хизмати