ЖУРНАЛИСТЛАР УЧУН “ҚИЗИЛҚУМЦЕМЕНТ” КОРХОНАСИДА ПРЕСС-ТУР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Навоий вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилоят бўлими ҳамкорлигида вилоятдаги ОАВ вакиллари ва журналистлар учун “Қизилқумцемент” АЖ томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалар билан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.

Маълумки, “Қизилқумцемент” АЖ республикада цемент ишлаб чиқаришда ўз ўрнига эга корхоналардан ҳисобланади. Завод 1977 йили ташкил этилган бўлиб, ҳозирда цемент ишлаб чиқариш йўналиши бўйича энг йириги ҳисобланади.

Корхона йилига 3,5 миллион тонна юқори маркали цемент ишлаб чиқариш имкониятига эга. Завод замонавий, энергия тежамкор технологиялар билан жиҳозланган.

Пресс тур иштирокчилари корхонада “4-сонли клинкер ишлаб чиқариш технологик тармоғини қуриш”инвестиция лойиҳаси билан танишдилар.

Корхонада цементдан ташқари 6 турдаги қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозирча корхона тўлиқ қувватда ишламоқда ва кунига ўртача 10 400 тонна цемент ишлаб чиқарилаяпти.

“Қизилқумцемент” АЖда ҳар йили инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида ишлаб чиқариш қувватлари ошиб бормоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 12-13 март кунлари Навоий вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғига асосан корхонада умумий қиймати 126 миллион доллар бўлган, қуввати 1,8 миллион тонна клинкерни ташкил этувчи қўшимча клинкер ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилаяпти.

Лойиҳани 2022 йили фойдаланишга топшириш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда ҳудудда қурилиш-монтаж ишлари қизғин давом этмоқда.

Ишлаб чиқаришга замонавий энергия тежамкор технологияларнинг жорий этилиши натижасида клинкер ишлаб чиқаришда табиий газ сарфи 120,2 метр кубдан 97,3 метр кубгача, электр энергияси сарфи эса 44 кВт.соатдан 28,8 кВт.соатгача камайишига эришилиши кўзда тутилган.

Қолаверса, мазкур тармоқнинг ишга туширилиши натижасида ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархи арзонлашиб, рақобатбардошлиги оширилади ҳамда “Қизилқумцемент” АЖнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 5,7 миллион тоннага етказилади.

Пресс-тур доирасида корхона музейида журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Таъкидландики, 3270 та ишчи-ходим фаолият кўрсатаётган корхонада 52 та цех фаолият кўрсатмоқда. Агарда 2020 йилда 3 миллион 616 минг тонна цемент, қарийиб 54 минг тонна қурилиш оҳаги ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида 1 миллион 417 минг тонна цемент, 31 минг 505 тонна қурилиш оҳаги ишлаб чиқарилди. Энг эътиборлиси ишлаб чиқарилган оҳак маҳсулотининг аксарияти қўни Қозоғистон республикасига экспортга йўналтирилди.

Ҳозирда хом-ашё, унинг аралашмасини тайёрлаш каби технологик жараёнлар автоматик бошқариш тизими орқали амалга оширилмоқда. Хом-ашё кимёвий таркибини аниқлашда замонавий спектрометр воситалари ёрдамида тезкор рентген спектрал таҳлил қилиш усулидан фойдаланилаяпти.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга соҳа вакилларидан атрофлича жавоб олишди.

Отабек АСЛОНОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Навоий вилояти бўлими раиси