Андижонда МИБ вилоят бошқармаси матбуот анжумани ўтказди

Андижонда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси жорий йил ўтган давридаги фаолияти ҳамда йилнинг иккинчи ярми учун белгиланган режалари юзасидан матбуот анжумани ўтказди.

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси масъуллари, вилоятдаги босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида бошқарманинг ана шу даврдаги фаолияти, келгуси режалари бўйича маълумотлар тақдим этилди.

Анжуманда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бошқарма, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан 948 миллиард сўмлик ижро ҳужжатлари ижроси якунига етказилиб, шундан 39 мингта ижро ҳужжати бўйича 538 миллиард сўм маблағ ундирилганлиги таъкидланди.

Шунингдек, суд қарорлари асосида қонунга хилоф равишда ишдан  бўшатилган 28 нафар шахс ишга тикланди ва уларга тўланмай қолган 225 миллион сўм миқдордаги иш ҳақлари ундириб берилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 октябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ 6 та йўналишдаги ижро ҳужжатлари бўйича ундирилган маблағларнинг 50 фоизи, яъни 11 миллиард сўм маблағ “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилганлиги қайд этилди.

Ҳозирда вилоятда давлат ижрочиларининг иш юритувидаги 83 мингдан ортиқ ижро ҳужжатининг 31 мингтасини алимент масаласига оид ишлар ташкил этади. Таҳлилларга кўра, вилоятда сўнгги ўн йил мобайнида алимент ундируви билан боғлиқ ишлар сони 182 фоизга ортган.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари МИБ фаолияти билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан батафсил жавоблар олди.

                                                                                            ЎзЖИУ Андижон вилоят бўлими