ЖУРНАЛИСТНИНГ ЯНГИ КИТОБИ ТАҚДИМОТИ

Таниқли журналист Қамбарали Иброҳимов ўрта мактабни тамомлагач, Янгиқўрғон туманидан Наманган шаҳрига келиб Шойи ишлаб чиқариш комбинатида иш фаолиятини бошлаган.

1980 йилларда Комбинатнинг  алоҳида “Ишчи шарафи” газетаси чоп этиларди. Олий ўқув юртига киролмаган Қамбарали  айни шу  газетага ўзининг хабар ва лавҳалари билан қатнаша бошлади.

Кейинчалик Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетида ўқиб юрганида ҳам  таҳририятлардан қадамини узмади.

Фаолиятини расман ўрта мактабда ўқитувчиликдан бошлаган бўлса ҳам журналистикага бўлган меҳр уни сира тарк этмади.

Янгиқўрғон туманининг “Меҳнат байроғи” газетасига ишга таклиф қилишди. Наманган вилоят телерадиокомпаниясида ҳам ўз истеъдодини намоён этиб, қаламини чархлаб борди.

Журналистик жанрларнинг деярли барча турларида  баракали ижод қилди. Мустақиллик йилларида “Янгиқўрғон ҳаёти” газетасига муҳаррирлик қилди.

Пенсияга чиққач, бироз тин олгандек бўлди. Аммо ислоҳий ўзгаришлар жараёнлари Қамбарали Иброҳимовни яна қизғин ижодга чорлади. Туман вилоят, республика нашрларида фаол қатнашди. Танқидий, таҳлилий мақолалари билан умумтараққиётга ҳисса қўшиб келмоқда.

Янгиқўрғонлик журналист ижодкорлар, шоир-ёзувчилар ҳақида маълумотлар жамлаб, ижод намуналаридан киритган ҳолда “Азим дарё ирмоқлари” китобини чоп эттирди. Атоқли журналист, адиб Аҳмаджон Мелибоев билан устоз шогирдлик муносабатлари уни янада жўшқин ижодий интилишларга чорлади.

Яқинда Янгиқўрғон тумани Маданият марказида бўлиб ўтган маънавий маърифий тадбир Қамбаралди Иброҳимовнинг яна бир янги “Мени кечир, қизим” китобининг тақдимотига бағишланди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолари, шоир-ёзувчилар иштирокидаги тадбирда таниқли публицистлар Абдулла Жалил, Зиёвиддин Мансуров, Боқимирза Умрзоқов, Лобар Рустамова, Дилбар Асқарова, туман ҳокимининг ўринбосари Баҳодир Кўпайсиновлар иштирок этиб, Қамбарали Иброҳимовнинг ижодий фаолияти, танқидий мақолалари ва улар таъсирида амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталдилар.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Наманган вилоят бўлими раҳбари Носиржон Деҳқонов китоб тақдимоти маросимида Қамбарали Иброҳимовга  уюшма вилоят бўлимининг “Ташаккурнома” си ҳамда эсдалик совғаларини топширди.

ЎзЖИУ Наманган вилоят бўлими