Журналистика ҳар дақиқада янгиланадиган соҳа

Самарқанд вилояти Матбуот уйида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан фахрий журналистлар иштирокида “Самарқанд журналистикаси: маҳорат ва тажриба” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда уюшма вилоят бўлими раиси Фармон Тошев мамлакатдаги шиддатли ислоҳотлар даврида журналистлар олдида турган асосий вазифалар, хусусан соҳада кадрлар маҳоратини ошириш борасидаги вазифаларга тўхталди. Тўпланганларга  Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг конференциясида кўтарилган таклиф ва мулоҳазалар хусусида ахборот берди.

Сўзга чиққанлар Самарқанд журналистикаси тарихий ва ибратли анъаналарга эга эканлиги ҳамда бу тажрибани ёш ҳамкасблар шуурига сингдириш зарур эканини таъкидлашди.

Ҳар қандай ижод аҳлининг бугунги ахборот тезкорлигини ҳисобга олган ҳолда давр талабига мос бўлиши кераклиги айтилди. Келгусида соҳада кўп йиллик тажрибага эга устоз ижодкорлар, нафақадаги фахрий журналистлар салоҳиятидан фойдаланиш, жойларда учрашувлар, давра суҳбатларини ўтказиш анъанасини давом эттиришга келишиб олинди. Негаки, журналистика ҳар дақиқада янгиланадиган соҳа.

– Фаолиятим давомида турли соҳа вакилари билан суҳбатда бўлганман. Лекин ҳамкасблар билан ижодий мулоқот бошқача, – дейди фахрий журналист Абдурасул Ашуров. – Тадбир баҳона анчадан буён дийдорлашмаган ҳамкасбларим билан кўришиб, ўша даврларни эсга олдик. Бу албатта, ижодкорга илҳом бериб, завқлантиради. Ўзим телевидение соҳасида ишласам-да, босма нашрларда ҳам ижод намуналарим билан қатнашиб тураман. Журналист чархланиши учун бу жуда муҳим, буни шогирдларимга ҳам уқтираман.

–  Ижодий муҳит яратилиши учун ҳам мулоқот майдончаси керак, – дейди фахрий журналист Тошпўлот Раҳматуллоев. – Унда у ёки бу мавзу, услуб муҳокамаси баробарида нуқтаи назарларда ҳам ягона фикрга келинади. Бугунги давра суҳбати ҳам ана шу мулоқот майдончасини асоси бўлди.

Тадбир давомида бир гуруҳ уюшма аъзоларига янгиланган намунадаги гувоҳнома ва кўкрак нишонлари топширилди.

ЎзЖИУ Самарқанд вилоят бўлими