Таниқли шоир Уюшма кутубхонасига ўз китобларини туҳфа этди

2021-06-09T14:48:53+05:009 Iyun, 2021|Умумий янгиликлар|

Бугун Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Икром Отамурод меҳмон бўлди.

Устоз Уюшманинг мўжаз кутубхонаси билан танишар экан, китоб, газета ва журналларнинг инсон камолотида ўрни ва аҳамияти ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Шоир қарйиб 50 йилдан буён отахон журналлардан бири “Шарқ юлдузи” журналида фаолият юритиб келади.

Икром Отамурод Маҳмуд Дарвиш, Муин Бсису, Уолд Уитмен, Пабло Неруда, Ўлжас Сулаймон, Евгений Евтушенко каби шоирларнинг шеър ва достонларини ўзбек тилига таржима қилган. Унинг асарлари турк, араб, булғор, рус, молдован, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, тожик, грузин тилларига таржима қилинган.

Устоз Уюшма кутубхонаси фонди учун ўзининг “Сукут садоси”, “Ҳувийят”, “Харитага тушмаган жой” номли китобларини совға қилди.

Уюшма ахборот хизмати