Халқаро ҳамжамият Ўзбекистоннинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади

2021-06-08T10:45:42+05:008 Iyun, 2021|Умумий янгиликлар|

18 май куни БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг ялпи мажлисида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди. Бу ташаббус Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган эди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов резолюциянинг аҳамияти ва унинг қабул қилиниши Оролбўйи минтақаси ривожига қандай таъсир кўрсатиши ҳақидаги фикрларини баён этди.

— Оролбўйи минтақасига оид ушбу резолюциянинг қабул қилинишини қандай баҳолайсиз ҳамда у Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси учун қанчалик муҳим?

— Аввало, Ўзбекистоннинг Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ривожлантиришга қаратилган ташаббусини жаҳон ҳамжамияти бир овоздан қўллаб-қувватлаганини таъкидлашни истардим. Резолюцияга 60 га яқин давлат, жумладан, Афғонистон, Озарбайжон, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Ўмон, Покистон, Россия, Сингапур, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Япония ва бошқалар ҳаммуаллифлик қилди. Оролбўйи БМТ Бош Ассамблеяси томонидан бундай мақомга эга бўлган биринчи минтақага айланганида рамзий маъно бор.

Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш ғояси илк бор Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 24 августда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитида билдирилган эди. Шунингдек, БМТ шафелигида 2019 йил 24-25 октябрь кунлари Нукус шаҳрида “Оролбўйи — экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” мавзусида бўлиб ўтган олий даражадаги халқаро анжуманда етакчи мутахассислар томонидан қўллаб-қувватланган эди.

Мазкур резолюциянинг қабул қилиниши Оролбўйи минтақасини экологик инқироз ҳудудидан инновацион ижтимоий-иқтисодий ривожланиш зонасига айлантириш бўйича минтақавий ҳамда халқаро ҳамкорлик механизмларини фаоллаштириш учун шароит яратади. Хусусан, энергия ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, “яшил” иқтисодиёт тамойилларини комплекс қўллаш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш борасида жамоавий саъй-ҳаракатларни қабул қилиш назарда тутилмоқда.

Бу эса, Орол фожиасини ҳал этиш мафкурасини тубдан ўзгартирганимиздан далолатдир — биз нафақат салбий оқибатларни камайтириш мақсадида экологик инқирозга эътибор қаратяпмиз, балки муаммоларни бартараф этиш механизмини яратяпмиз.

— Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон томонидан қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?

— Сўнгги йилларда Ўзбекистон Орол денгизи инқирози оқибатларини камайтиришга қаратилган 250 дан ортиқ лойиҳани амалга оширди. Минтақа аҳолисининг турмуш шароити ва ҳаёт сифатини оширишга қаратилган 2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури қабул қилинди. Унинг доирасида умумий қиймати қарийб 8,5 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, 2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури қабул қилинди. Ҳозирги кунда унга киритилган 1359 та лойиҳадан 750 га яқини амалга оширилиб, 4500 дан зиёд иш ўрни яратилди.

2018 йил охирида БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди ташкил этилган бўлиб, унинг мақсади Оролбўйида аҳолининг ҳаётий фаолияти, жумладан, соғлиқни сақлаш, иқтисодий ривожланиш, экология, ижтимоий ҳимоя ва бошқа жиҳатлар билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал этишда мувофиқлаштирилган ёндашувни таъминлашдан иборат.

Шунингдек, жамғарма Ўзбекистон ҳукумати, БМТ агентликлари ва донорлар ҳамжамиятининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари орқали Оролбўйи минтақасининг ривожланиш жараёнига комплекс ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади. Жамғарманинг асосий донорлари Европа Иттифоқи, Финляндия, Норвегия, Корея Республикаси ва Ўзбекистон ҳисобланади.

Траст жамғармасига тўғридан-тўғри тушум ва параллел молиялаштириш кўринишида 230 миллион доллардан зиёд маблағ жалб қилинган. Шунинг ҳисобига Оролбўйи аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш, перинатал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, қишлоқ хўжалигида ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, умумтаълим мактабларида санитария шароитларини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича 16 та лойиҳани амалга ошириш учун маблағ ажратилди.

Яна бир йирик ташаббус 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг ташкил этилишидир. Марказ томонидан ҳудудда сув ва ер ресурслари унумдорлигини тиклаш ва яхшилаш, шўрланиш шароитида инновацион технологиялар ва ёндашувлар трансфери бўйича фаол изланишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда Швейцария, Корея Республикаси, Хитой ва тунислик хорижий ҳам корлар билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёргарлик ишлари кетяпти.

Бундан ташқари, муқобил энергияни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, 2021 йил май ойи бошида Энергетика, Инвестиция ва ташқи савдо вазирликлари ҳамда ACWA Power компанияси ўртасида Қорақалпоғистонда қуввати 1500 мегаватт бўлган шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси бўйича келишув имзоланди. Бу иншоот Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик шамол электр станцияси, айни пайтда дунёдаги энг йирикларидан бири бўлади.

— Республикада амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида гапирдингиз. Юқорида айтилган чора-тадбирлар доирасида қандай натижаларга эришилди?

— Бир неча рақам ва фактларни келтириб ўтаман. Биринчидан, ўтган тўрт йил мобайнида Қорақалпоғистонда марказлашган ичимлик сув таъминоти даражаси 40 фоиздан 67,1 фоизга ошди. 2025 йилга қадар бу кўрсаткични 85 фоизгача етказиш режалаштирилган. Иккинчидан, 200 миллиард сўмлик 25 та соғлиқни сақлаш муассасаси қурилиб, яна 38 таси реконструкция қилинди. Бундан ташқари, 21 та тиббиёт бирлашмаси 66 миллиард сўмлик тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Учинчидан, шу давр мобайнида 13 та мактабгача таълим ташкилоти қурилди, яна 155 таси реконструкция қилинди ва таъмирланди. Натижада мактабгача таълим қамрови 32,2 дан 62,1 фоизга ошди. Орол денгизи қуришидан энг кўп жабр кўрган Мўйноқ туманида амалга оширилган ишларни алоҳида қайд этишни истардим. Мазкур ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш мақсадида 2019-2021 йилларда 1 триллион 485 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини кўзда тутувчи махсус давлат дастури қабул қилинди. Натижада биргина сўнгги икки йилда Мўйноқда кўп қаватли турар жойлар, саноат корхоналари, ижтимоий ва инфратузилма объектлари қурилиб, узунлиги 100 километрлик Қўнғирот-Мўйноқ сув таъминоти тармоғи ётқизилди. Бу ерда 30 йиллик танаффусдан сўнг мамлакатимиздаги энг шимолий аэропорт яна фаолиятини бошлади.

— Экотизимни қайта тиклаш нуқтаи назаридан ижобий ўзгаришларга умид қилса бўладими?

— Ҳозир Орол денгизининг қуриган қисмида Оролқум саҳроси пайдо бўлган. Бу сув ҳавзасининг қуриши билан боғлиқ муаммо бир неча ўн йиллар олдин юзага келган бўлса-да, фақат сўнгги йиллардагина унинг оқибатларини камайтиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар кўрила бошланди. Оролни аввалги ҳолатига келтириш амалда имконсиз бўлгани сабабли унинг қуриган тубида ўрмонзорлар яратишга қарор қилинди.

Ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари билан 2018 йилдан буён 1,6 миллион гектар майдонга махсус чўл ўсимликлари экилди. Улар туз ва чангни тутиб қолишга хизмат қилади. Чунки чанг ва қум зарралари ҳавога кўтарилиб, атроф-муҳитга сезиларли зарар етказади. Масалан, битта саксовул тўрт тонна қумнинг кўчишига тўсқинлик қила олади. Бу ўсимликнинг бир гектари йилига 1152,2 килограмм карбонат ангидрид газини ютади ва 835,4 килограмм кислород чиқаради.

Чўл ўсимликлари ҳайвонот дунёси ривожи учун ҳам қулай микроиқлим яратишини таъкидлаш жоиз. Орол денгизининг қуриган тубида янги ўрмонли экотизим шаклланиб, у ерда қуён, тулки, қирғовул, ёввойи чўчқа ва бошқалар пайдо бўлди.

Бундан ташқари, Оролбўйида қўриқланадиган ҳудудлар майдонини кенгайтириш йўли билан мавжуд экотизимни сақлашга қаратилган чора-тадбирлар кўрилмоқда. Масалан, сўнгги икки йилда Қорақалпоғистонда 1,4 миллион гектардан ортиқ майдонда Жанубий Устюрт миллий табиат боғи ва 280,5 минг гектар майдонда Судочье-Акпети давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилди.

Эътибор қаратиш жоиз бўлган асосий жиҳат шуки, сўнгги йилларда Ўзбекистон Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича ёндашувларини бутунлай қайта кўриб чиқди. Ушбу мақсадлар учун йирик ички ресурслар сафарбар қилинади ва ташқи молиялаштиришлар жалб этилади.

Амалга оширилаётган лойиҳалар жуда мазмунли, амалий характерга эга бўлиб, комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан Орол денгизи минтақасида янги экотизимни яратишга қадар деярли барча соҳаларни қамраб олади.

Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси аллақачон амалий натижаларни бермоқда. Шу билан бирга, ҳеч ким эришилган ютуқлар билан чекланиб қолишни истамайди. Аксинча, ушбу йўналишдаги фаолликни янада ошириш мақсад қилинган.

Абу Бакир ЎРОЗОВ суҳбатлашди

Манбаа: “Янги Ўзбекистон” газетаси. 114-сон