Кореялик сайёҳнинг иқрори

Сўнгги йилларда вилоятимизда туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудларнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш орқали туристлар саёҳати учун қулай шарт-шароитлар яратиш, вилоятнинг ўзига хос табиий ҳудудларида янги туризм йўналишларини ташкил этиш, туристлар оқимини янада кўпайтириш, замонавий туристик инфратузилманинг жадал ривожланишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Маълумки, Бўстонлиқ тумани жуда катта сайёҳлик салоҳия­тига эга. Туманнинг бетакрор табиати, гўзал манзаралари, шифобахш об-ҳавоси азалдан маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб қилиб келган. Бу борада Президентимизнинг 2020 йил 27 августда қабул қилинган “Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони катта ўзгаришларга йўл очиб берди. Фармонга кўра, ҳудудга янги-янги инвестициялар киритилиши ҳисобига замонавий меҳмонхоналар, маданий кўнгилочар марказлар, яшил дам олиш ҳудудлари ва яна кўплаб сайёҳлик хизматлари йўлга қўйилмоқда.

– Бўстонлиқни дунё брендлари билан беллаша оладиган дам олиш маж­муасига айлантириш учун хорижий компаниялар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб, тажрибали мутахассисларни таклиф қилганмиз, – дейди “Turon resort and spa” масъулияти чекланган жамияти бош директори Саид Юнусхўжаев. – Ҳозирда яна бир 100 ўринли “Heaven’s Garden” меҳмонхонаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йил охиригача мажмуанинг иккинчи босқичини ишга тушириш режалаштирилган.

Мазкур сайёҳлик мажмуаси Оқтош қишлоғи яқинидаги тоғлар бағрида қурилган. Бу ерда меҳмонлар ва дам олувчилар учун барча шароитлар яратилган. Хоҳловчилар ҳудуд яқинида жойлашган Угом-Чотқол табиат миллий боғида сайр қилиб, 2 минг 200 дан ортиқ наботот олами билан яқиндан танишишлари ва керакли маълумотларни олишлари мумкин.

– Бу ерга келишни анчадан бери ният қилгандим, – дейди кореялик сайёҳ Ли Чон Хен. – Сабаби, Бўстонлиқнинг довруғи Кореягача етиб борган. Очиғи, бу ердаги об-ҳаво, табиатнинг гўзаллиги, тоғларнинг ҳайбати, сувининг ширинлиги, таомларнинг мазаси мени лол қолдирди. Саёҳат баҳона жуда кўп мамлакатларда бўлганман. Аммо, бу галги таассуротларим ўзгача…

Дарҳақиқат, Бўс­тонлиқ мана шундай ўзига хос томонлари билан вилоятимиз сайёҳлик салоҳиятини яққол намоён этмоқда. Айниқса, ҳозирги ёзнинг жазирама кунларида ҳудудга сайёҳлар оқими янада кўпайган.

К. САЛОМОВА

Манбаа: «Тошкент ҳақиқати» газетаси

Ҳ. УБАЙДУЛЛАЕВ олган суратлар