“ОЧИҚ БЮДЖЕТ” ТИЗИМИ

2021-06-08T10:31:08+05:007 Iyun, 2021|Умумий янгиликлар|

Халқ билан мулоқотнинг мутлақо янги ва самарали усули

Ислоҳотларнинг локомотиви

Бугун очиқлик, шаффофлик деган сўзлар тез-тез тилга олинмоқда. Бу тушунчалар мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, демократик янгиланиш­лар, бунёдкорликларни янги босқичга кўтариш, халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш орқали кечишини анг­латади. Албатта, одамларнинг фикри инобатга олиниб, уларнинг дардини эшитиш ва ҳақиқий ҳаётга мос бўлган халқчил стратегия асосидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Бу ҳақда жуда кўп мисолларни айтиш мумкин. Ҳаммамиз кўриб-билиб турган янгиланиш ва ўзгаришларни бирма-бир санаб ўтиш фикридан йироқмиз. Ҳамма гап ислоҳотларнинг локомотиви бўлган очиқлик, шаффофлик тизими барча соҳаларни қамраб олаётгани ва бу одамларнинг юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини ошираётганида.

Тўғри, бугун жамият ҳаётида фаоллик анча юқори, бунда ахборот асрининг талаби ҳам бор. Лекин, замонавий бошқарувнинг мазмун-моҳиятидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Шу маънода, Президентимиз давлат ва жамоат идораларининг раҳбари ўз лавозимига лойиқ ёки лойиқ эмаслиги унинг халқ дарду ташвишларига қай даражада эътибор қаратилаётганлигига қараб баҳолаётганлигининг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Энг муҳими, жойлардаги муаммоларнинг ечимида жамоатчилик назоратини самарали йўлга қўйиш мақсадида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланилаётгани одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда. Соҳа ва тармоқлар фаолиятидан элнинг хабардорлиги, турган гапки, ноқонуний ҳаракатларни жиловлаб, адолатни таъминлайди.

Шу ҳақда гап кетганда, Президентимиз томонидан жорий йилнинг 13 апрель куни имзоланган “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорини алоҳида тилга олгинг келади. Мазкур қарор Президентимизнинг шу йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекис­тон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, давлат бюджетининг шаклланиши ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига аҳолини фаол жалб этиш ҳамда жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш мақсадида қабул қилинганлиги аҳамиятлидир.

Мазкур қарорнинг муҳим жиҳати шундаки, унга кўра жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириладиган маблағлар туман (шаҳар) ҳокимликларида бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари шаклида очиладиган “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади ва ушбу маблағларнинг бошқа мақсадларга ишлатилиши қатъиян тақиқланади. Тартиб ва талабни бундай белгиланишидан одамлар қаерга қанча маблағ сарфланишини аниқ маълумотлар асосида билиб боради.

Жараён қандай бўлади?

Бюджет жараёнларида фуқароларни фаол бўлишга даъват этаётган бу қарор мазмун-моҳияти билан чуқурроқ танишиб олганимиз фойдадан ҳоли бўлмайди. Аввало, шуни таъкидлаш керакки, мазкур қарор билан жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдори 10 фоиздан 30 фоизга оширилади. Маблағлар эса туман (шаҳар) ҳокимликларида бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари шаклида очиладиган “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га ўтказилади. Тўпланган маблағлар эса жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш, баҳолаш, танлаб олиш бўйича ишчи комиссия томонидан назорат қилиб борилади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, ишчи комиссия таркиби Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши раиси раҳбарлигида маҳаллий кенгаш вакиллари, туман (шаҳар) ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари, туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи, туман (шаҳар) ҳокимлиги молия бўлими мудири (вакили), туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакили, нодав­лат нотижорат ташкилотларнинг вакилларидан иборат бўлади. Заруратга кўра, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ишчи комиссия таркибига бошқа мутахассислар ҳам жалб этилиши мумкин. Комиссия аъзолари сони (камида 7 киши) тоқ бўлган таркибда тузилади.

Айни масалада тузилган ишчи комиссия “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га махсус ғазна ҳисобварағига йўналтириладиган маблағлар миқдорини белгилаш бўйича таклифни тасдиқлаш учун Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига киритади. Шунга асосан маҳаллий бюджетнинг 2020 йил якуни 2021 йил бошига шаклланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан 10 фоиз қисмига тенг миқдоридаги маблағлар “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га ўтказилади.

Ўз ўрнида, сессияда депутатлар жамғармага йўналтириладиган маблағлар миқдорини кўриб чиқиб, атрофлича муҳокама қилиб, маъқул топишсагина тасдиқлашади. Навбатдаги жараёнда, аниқ айтганда 30 кун давомида ташаббускор фуқаролар томонидан тасдиқланган мезонларга асосан ўзларининг маҳалласидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштирилади. Таклифлар тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи вояга етган фуқаролар томонидан берилиши мумкин. Таклиф бериш истагини билдирувчи шахслар белгиланган тартибда “Очиқ бюджет” ахборот порталида рўйхатдан ўтади.

Бордию, айрим инсонлар “Очиқ бюджет” ахборот порталидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаса, ташвишланишга ҳожат йўқ. Бунинг чораси бор, албатта. Бундай вазиятда фуқаро ўз таклифини туман (шаҳар) ҳокимлиги молия бўлимида ёзма равишда қолдириши мумкин.

Овоз бериш жараёни

Ёзма равишда тақдим этилган таклифлар туман (шаҳар) ҳокимлиги молия бўлимининг масъул ходими томонидан мустақил равишда “Очиқ бюджет” ахборот порталига киритилади. Ишчи гуруҳ ташаббускор фуқаролар томонидан келиб тушган, мезонларга мувофиқлиги ҳамда тадбирлар амалга оширилиши имкониятларини ўрганган ҳолда таклифларни танлаб олади. Ишчи комиссия томонидан рад этилган таклифлар бўйича таклиф берган шахснинг шахсий кабинетига рад этишнинг асосланган сабаблари тўғрисида хабарнома юборилади. Танлаб олинган таклифлар танлаб олинган санадан эътиборан уч иш куни ичида ишчи орган томонидан онлайн овоз беришни ташкил этиш учун “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштирилади. Овоз бериш таклифлар жойлаштирилган санадан эътиборан ўн иш куни давомида ўтказилади. “Очиқ бюджет” ахборот порталида рўйхатдан ўтган ҳар бир шахс “Очиқ бюджет” ахборот порталида жойлаштирилган фақат бир таклифга овоз бериши мумкин. Ғолибларни аниқлаш эса овоз бериш жараёни якунларига кўра ҳал этилади. Бунда ҳар бир ҳудудда энг кўп овоз тўплаган таклифлар ғолиб, деб топилади. Таклифларга берилган овозлар сонидан келиб чиқиб, юқоридан пастга қараб саралаб олинади. Мисол учун, дейлик, қайсидир маҳаллага сув, йўл ёки газ таъминоти сифатини ошириш юзасидан овозлар ғолиб, деб топилди. Мазкур ишларни бажариш учун кетадиган жамғармадаги маблағ ортиб қолган тақдирда, кейинги бажариладиган тадбирлар ғолиб овозлардан кейинги ўриндаги овозлар сонига йўналтирилади.

Ғолиб, деб топилган таклифларни амалга оширишнинг жами қиймати тегиш­ли жамғармада мавжуд маблағлар миқдоридан ошиб кетиши мумкин эмас. Овоз бериш жараёни якунларига кўра, ғолиб таклифларни молиялаштириш юзасидан овоз бериш жараёни якунланган санадан эътиборан бир ҳафта муддатда Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига кўриб чиқиш учун киритилади.

Овоз бериш жараёни якунларига кўра ғолиб, деб топилган таклифлар (лойиҳалар)ни амалга ошириш учун маблағ ажратиш юзасидан Халқ депутатлари туман Кенгаши тегишли қарор қабул қилади. Бундан ташқари, амалга оширилган ишларнинг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши ҳар йили 1 февралга қадар туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан киритилган жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг сарфланиши тўғрисидаги ҳисоботни эшитади ва лозим топса, тасдиқлайди.

Жараён узлуксиз давом этиши учун ишчи комиссия ҳар йили 10 февралга қадар ўтган йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш мақсадида ажратилган маблағларнинг сарфланиши юзасидан тасдиқланган ҳисоботни “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштиради.

Хабардорлик – фаолликка сабаб

Жойларда амалга ошириладиган бунёд­корликлардаги фаол иштироки, таъбир жоиз бўлса, халқ билан маслаҳат қилинган ҳолда ҳудудлар қиёфасини ўзгартиришга қаратилган бу тизимнинг ишлаш тартибидан атрофлича воқиф бўлиш қонунийлик ва адолат устуворлигининг янги босқичидир.

Шу ўринда айрим кишиларда таклифлар ва тадбирларни танлаб олиш мезонлари борми, деган савол туғилиши мумкин. Албатта бор! Амалга ошириладиган тадбирлар туман (шаҳар)нинг ижтимоий-иқтисодий хусусиятларидан келиб чиқиб, шунингдек, аҳолидан тушаётган мурожаатлардаги муаммоларни қамраб олади. Бунда жамоавий муаммоларни ҳал этишга қаратилганлиги, жумладан, хиёбонлар, болалар майдончаси барпо этиш, ички йўлларни ва ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш, экологияни яхшилаш, ичимлик ва оқова суви билан таъминлаш, кўча чироқларини ўрнатиш ёки таъмирлаш каби муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратилади.

Энг асосийси, жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар идоравий ёки шахсий хусусиятга эга бўлмаслиги шарт. Дейлик, улар шахсий автомашина ёки тураржой харид қилиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, маъмурий биноларни таъмирлаш каби таклифлардан иборат бўлмаслиги керак. Чунки ишга туширилган тизимда бундай таклифлар инобатга олинмайди. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, берилган таклифларни амалга оширишнинг умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 минг баробаридан ошмаслиги лозим.

Президентимизнинг “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида яна бир муҳим янгилик бор. Унга кўра, 2021 йил май ойидан бошлаб иловага мувофиқ, туман (шаҳар)ларда, 2022 йил 1 январдан эътиборан республиканинг барча туман (шаҳар)ларида тегишли бюджетларнинг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш бўйича янги тартиб босқичма-босқич жорий этиладиган бўлди. Молия вазирлиги томонидан мазкур қарор иловасига мувофиқ танлаб олинган туман (шаҳар)лар бюджетларига қўшимча равишда республика бюджети маблағлари ҳисобидан 92,7 миллиард сўм маблағ ажратилиши эса жойларда олиб бориладиган бунёдкорликлар, ўзгариш ва янгиланишларда аҳолининг кенг иштирокини таъминлаш кўламини янада ошириши билан аҳамиятлидир.

Хулоса қилиб айтганда, ташаббусли бюджетлаштиришни амалга ошириш механизми, унинг моҳияти кенг ёритиб борилаётганлиги одамлардаги фаолликни, шу юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини янада кучайтирмоқда. Энг муҳими, мана шундай очиқлик тизими ишлаётганлиги жойларда бунёдкорлик, янгиланиш ва ўзгаришларни тўлақонли амалга ошириб, ҳудудларга файзу барака олиб кириши шубҳасиз.

Абдусалим МАҲМУДОВ

Манбаа: «Тошкент ҳақиқати» газетаси