Туркиялик журналистга “Олтин қалам” миллий мукофоти топширилди

2021-06-06T22:08:17+05:006 Iyun, 2021|Умумий янгиликлар, Янгиликлар|

Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонасида “Олтин қалам” XV халқаро Миллий мукофоти “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” йўналишида ғолибликни қўлга киритган туркиялик журналист Рузубай Акўренга 1-ўрин мукофотини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Рузубай Акўрен “Олтин қалам” халқаро Миллий мукофотини қабул қилиб олар экан, ушбу мукофотга лойиқ, деб кўрган Ўзбекистон давлатига, ўзбек халқига, Туркиядаги Ўзбекистон элчихонаси вакиллари ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига ўз миннатдорлигини билдирди.

Тадбирда Рузубай Акўрен Ўзбекистон унинг ота юрти экани ва аждодлари Бухорои Шарифда яшагани, таълим олгани, шунингдек, атрофидагиларга ҳам илм бергани тўғрисида маълум қилди.

– Ота юртим Ўзбекистон томонидан тақдим этилган ушбу мукофотнинг аҳамияти мен учун жуда қадрли, — дейди Рузубай Акўрен ўз сўзида.

У келгуси фаолиятида ҳам туркий дунёнинг маданият ва маърифат бешиги бўлган Ўзбекистонни ўзининг журналистик фаолиятида кенг тарғиб қилишни ва мамлакатимизга бўлган меҳр-муҳаббатини намоён қилишда давом этишини алоҳида қайд этиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси туркиялик ҳамкасбимизнинг келгусидаги ишларига омад ва муваффақиятлар тилаб қолади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ахборот хизмати