Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолари Пушкин таваллудининг 222 йиллигига бағишланган тадбирда иштирок этди

2021-06-06T16:54:44+05:006 Iyun, 2021|Умумий янгиликлар|

Бугун, 6 июнь куни пойтахтимизда Александр Пушкин таваллудининг 222 йиллигига бағишланган маданий тадбир бўлиб ўтди.

Шоир ҳайкали пойида турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, миллий маданият марказлари, дипломатик корпус вакиллари, журналистлар, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, ўқитувчилар, талаба-ёшлар тўпланди.

— Ўзбекистонда Пушкин таваллуди куни кенг нишонланиши яхши анъанага айланган, — дейди Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Мальгинов биз билан суҳбатда. — Пушкин ҳайкалининг ушбу файзли хиёбонда қад ростлагани Ўзбекистонда миллатлараро дўстликни, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни тобора мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир. Тадбирда кўплаб таниқли журналистларнинг иштирокини кўриб, жуда қувондим.

Дарҳақиқат, улуғ рус шоири Пушкин ижодини тарғиб қилишда, ўрганишда ва халқимизга етказишида журналистларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ўрни алоҳида.

Тадбирда Пушкин шеърларидан намуналар ўқилди ҳамда Рус миллий маданият маркази қошидаги бадиий жамоа томонидан мусиқий композиция намойиш этилди.

Маросим якунида вазирликлар ва жамоат ташкилотлари номидан шоир ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ахборот хизмати