Президентга мактублар: «Биз ҳаётдан розимиз!»

2021-06-05T14:19:06+05:005 Iyun, 2021|Умумий янгиликлар|

«Инсонларни китоб каби англанг. Муқовасига қараб алданманг, ичини ўқиб чиққачгина моҳиятини биларсиз…».

Бугун мамлакатда амалга оширилаётган ҳаётбахш ташаббус – «Аёллар дафтари»ни «варақлар» экансиз, Жалолиддин Румийнинг ушбу ҳикмати ёдга тушаверади.

Ҳаёт шундай… Унда турфа тақдирлар бор. Тақдирнинг зарбалари баъзан одамни эсанкиратиб қўяди, баъзан тақдир раво кўрган ҳаёт билан яшашга маҳкум бўлади инсон. Не бўлганда ҳам, ҳаёт учун курашдан чекинмаслик, матонат ва сабот билан олға интилиш керак. Аммо баъзан бунга етарли куч тополмай қоламиз. Ўзимиз билиб-билмай атрофдан бир мадад, бир меҳр кутамиз. Шундай вазиятда бир кичик туртки ҳам инсон ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона ва инсонпарварлик сиёсатининг мағзини бугун «Аёллар дафтари»ни варақласангиз, яққол кўрасиз. Давлатимиз раҳбарининг «Одамлар ҳаётдан бугун рози бўлсин», деган эзгу тамойилининг амалдаги исботига шоҳид бўласиз.

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

Амалга оширилаётган ишларни таҳлил этар экансиз, ҳазрат Навоийнинг ушбу ҳикматида қанчалик улуғ маъно мужассамлигини англайсиз. Обод бўлаётган ҳаёт, обод бўлаётган кўнгиллар манзараларини кўрасиз.

«Ishonch» газетасига «Аёллар дафтари» сабаб нурафшон бўлган кўнгилларнинг дил изҳорлари – миннатдорлик мактублари келмоқда. Улар ҳаётбахш ташаббус эгаси – Президент номига битилган.

Таҳририят ушбу дилномаларнинг баъзиларини эълон қилишга қарор қилди. Зеро, матбуот жамият кўзгуси, жамият минбари. Мактубларда эса битта муҳим маъно бўй кўрсатиб турибди: БИЗ ҲАЁТДАН РОЗИ БЎЛЯПМИЗ!

——————

ОНАМ КЎРОЛМАГАН БАХТЛИ КУНЛАРИМ…

Ассалому алайкум, муҳтарам Юртбоши!

…Мен болаликдан ногиронман. Кўришда туғма нуқсоним бор. Бироқ шундай бўлса-да, мактабни яхши баҳоларга тамомладим. Меҳнатдан қочмадим, тақдиримдан нолимадим. Қурилиш корхонасига ишга кирдим. Барча қизлар каби чимилдиққа кириш менинг ҳам орзуим эди. Бу ушалди – тенгим топилиб, яхши ниятлар билан турмушга чиқдим. Аммо соғлиғим туфайли фарзанд кўролмадим. Шу сабаб ота уйимга қайтишга мажбур бўлдим… Бу борада ҳеч кимдан гина қилмаганман, қилмайман ҳам. Тақдиримга кўнаман.

Ота уйга қайтганимдан сўнг акам боғининг тўридаги омборни бўшатиб берди. Бу жой уй деса уйга, омбор деса омборга, молхона деса молхонага ўхшамас эди. Шу жойда онам икковимиз барчасига кўниб яшай бошладик. Акаларимга, чечаларимга оғирлигимиз тушмасин дедик-да…

Онам қариб, эътиборга муҳтож бўлиб қолгач, ишдан бўшадим. Охирги кунигача ёнида бўлдим. Шўрлик ҳар доим кўзда ёш билан мени дуо қиларди, гоҳида эса овутиб ҳам қўярди: «Қизим, ҳаётда биздан ҳам оғир кун кўраётганлар бор» деб. Кўпинча эса «Мендан кейин қандай яшаркансан-а?» дея хўрсиниб овозини чиқармай йиғлаб ҳам оларди…

Онам ўтгач, ожиз кўзларимга дунё янада қоронғи бўлди. Ҳаёт мен учун тугагандай, энди ҳеч кимга керагим йўқдек туюлганди ўшанда. Ҳеч ким она ўрнини босолмас экан, касал ётса-да, ёнимдаги тоғдек гап экан, у кишига суянарканман…

…Шундай суянч тоғимдан айрилиб, ғамга ботган оғир кунларнинг бирида мени икки аёл йўқлаб келди. Бири ҳокимликда, бири касаба уюшмаларида ишларкан. Дилдан суҳбатлашишди, яшаш шароитимни ўрганишди. Орадан кўп ўтмай, туман ҳокими уйимизга келди. Билсам, Сизнинг ташаббусингиз билан мамлакатимизда «Аёллар дафтари» шакллантирилиб, унга мен каби кўмакка муҳтож аёллар киритилган, дафтарда менинг ҳам исми-шарифим бор экан.

Тез орада Маҳмуджон исмли тадбиркор йигит келди. Яшашимни кўриб, «Опа, қандай яшайсиз бу ерда, одам яшайдиган ҳоли йўқ-ку!» деди. Мен 25 йилдан буён шу ерда борига шукур қилиб яшаяпман, ўрганиб кетганман» дедим.

Барака топсин, қурувчилар енг шимариб ишга киришиб кетишди. Уйимнинг томини қайтадан ёпиб, шифер қилишди. Янги пол қоқишди. Деворларини таъмирлаб, янги ойна-эшиклар ўрнатишди. Эшигимнинг олдини кириб-чиқишимга қулай қилиб, зинапоялар ясаб беришди. Супа қуришди. Янада муҳими, нотурар бино қонуний тарзда тураржойга айлантирилди. Эндиликда менинг ўз номимда уйим бор!

Очиғи, 25 йил оғир шароитга кўникиб, бундай, одамларга ўхшаб яшаш нималигини ҳам унутиб юборган эканман. Ўтган кунларим, айниқса, онам раҳматлининг шунча пайт инсон яшашига ножоиз шароитда кун кечирганини эслаб, хўрлигим келиб кетди. Шинам хонадонда яшашнинг гашти ўзгача экан. Уйим таъмирдан чиқаётганини эшитиб, қўни-қўшнилар, дугоналарим ҳам ёрдамга ошиқишди. Ким гилам кўтариб келди, ким кўрпача, ким мебель, ким чойнак-пиёла…

Ҳозирги яшаш шароитим ҳавас қилса арзийди. Уйимни саранжом-саришта тутишга ҳаракат қиламан. Менга совға қилинган печкада нон пишираман. Музлаткичда эса керакли нарсалар муҳайё.

Шу ёшга чиқиб эътибор, эъзоз нималигини ҳис қилдим. Бундан бошим кўкка етди. Қалбимда фақат бир армон бор: шу кунларни онам кўрганида эди… Жуда хурсанд бўлган ва албатта, Сизни кўпдан-кўп дуо қилган бўлар эди. Аммо, биламанки, бугун онамнинг руҳи тинч, шод…

Ҳурматли Президент!

Бу эътибор ва эъзознинг сабабчиси Сизсиз!

Ахир мен 25 йил оғир шароитда яшадим. Сизнинг ташаббусингиз, талабингиз, хоҳишингиз туфайли биз, ожиза аёлларга эътибор қаратилди.

Ҳар саҳар Сизни дуо қиламан. Аллоҳдан Сизга куч-қувват сўрайман. Ўзбекистон халқига меҳрингизни қалб-қалбимдан ҳис қиламан. Телевизорда овозингизни эшитганимда бутун вужудим билан Сизга хайрихоҳ бўламан.

Истагим, Сиз бунёд этаётган Янги Ўзбекистонда барча инсонлар бахтли ва фаровон турмуш кечирсин!

Ўзбекистон халқининг бахтига соғ-омон бўлинг!

Гурлан томонга ўтсангиз, албатта, уйимга ҳам келинг, тортинмай меҳмон чорлайдиган шинам уйим бор. Сизга гурланча палов пишириб бермоқчиман…

Чексиз миннатдорлик билан,
Майсара ГУЛМОНОВА
Хоразм вилояти,
 Гурлан тумани,
«Янги аср» маҳалласи

***

БОЛАМНИНГ ТАБАССУМИДА МЕҲРИНГИЗНИ КЎРАМИЗ

Муҳтарам Президент!

Яширмайман, Cизга ёзишдан олдин анча иккиландим. Чунки оддий қиш­лоқ аёлининг туну кун халқ дарди билан яшаётган, вақти ғанимат бўлган давлат раҳбарига мактуб битиши менга жуда ноўриндек туюлди.

Аммо яқинда «Ishonch» газетасида сурхондарёлик Насиба Атамуродованинг миннатдорлик туйғулари ила йўғрилган мактубини ўқидим-у, мен ҳам дил изҳоримни шу йўсинда баён қилишга жазм этдим.

Зотан, Сизнинг жонкуярлигингиз ва халқпарварлигингиз билан жорий этилган «Аёллар дафтари» асосида менга берилган кўмак ўша дугонамга кўрсатилган ёрдамдан ортиқ бўлса, ортиқки, асло кам эмас.

Дафъатан дардга чалиниб, кўз ўнгида кун сайин номозшомгулдай сўлиб бораётган боласини опичлаб, бир имдодга маҳтал бўлиб, эшикма-эшик югураётган аёлдан-да ғамгинроқ ва муштипарроқ жон бўлмаса керак бу оламда.

Ишқилиб, бундай кулфат ҳеч бир онанинг бошига тушмасин, ҳеч қайси аёл «Болам!» деб йиғламасин. Мен бу кунларни кўрдим, ситамларини бошимдан ўтказдим.

Минг қатла шукрки, бугунга келиб, аввало, Яратганнинг иродаси, қолаверса, Сизнинг раҳбарлигингизда ижтимоий ҳимояга ва моддий ёрдамга муҳтожларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ночор оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадида амалга оширилаётган ишлар туфайли фарзандим – кўзимнинг оқу қораси дарддан фориғ бўлди.

Мен бекободликман. Оилада икки ўғил, тўрт қиз бўлганмиз. Отам бизни ҳеч кимдан кам қилмай ўстирди. Ўша кезлар мен ҳам барча қизлар сингари ширин орзу-ҳаваслар билан яшардим. Аммо турмушга чиққач, ҳаётнинг қаттиқ синовларига дучор бўлдим.

Аввало, эр-хотин қарийб саккиз йил ижарама-ижара яшадик. Шу асно бир амаллаб тўплаган пулимизга уй қурдик.

Иккинчидан, кенжа фарзандимиз Исломжон юрак нуқсони билан туғилди. Аслида бундай хасталиги бор болани эмлаш мумкин эмас экан, биз бехабар эмлатиб қўйибмиз. Энг катта ғам-ташвишлар ана шундан сўнг бошланди. Эндигина ­эмаклай бошлаган ўғлимиз тўсатдан ҳаракатланишдан тўхтади. Устига-устак, на гапиради ва на эшитади.

Учинчидан, биз уни ҳар олти ойда даволатишимиз керак эди. Аммо эр-хотин доимий ишга эга бўлмаганимиз туфайли қўлимиз калталик қилди. Оқибатда бора-бора боламнинг аҳволи баттар оғирлашди. Шифокорлар уни асраб қолишнинг бирдан-бир чораси мураккаб операция эканини айтишди. Бунинг учун катта маблағ керак эди. Бисотимизда борини сотсак ҳам, бунча миқдордаги пулни тўплай олмасдик. Шусиз ҳам анчадан буён далда бўлиб келаётган қариндош-­уруғларимиздан яна ёрдам сўрашга эса юзимиз чидамасди.

Хуллас, чироқ ёқса ҳам ичим ёришмайдиган кунларнинг бирида бизни мутасаддилар йўқлаб келишди. Мен азбаройи боламнинг ҳаёти ҳаққи-ҳурмати уларга бор гапни рўй-рост айтдим. Бир ҳафтадан сўнг эса, Исломжонни операция қилиш учун маблағ ажратилгани ҳақида хабар олдим. Шунда қўққисдан бўғзимга нимадир тиқилгандай бўлиб, беихтиёр кўзларимга ёш келди…

Очиғи, ўша дамлар кўнглимдан нималар кечганини ҳалигача сўз билан ифодалай олмайман. Энг асосийси, операция муваффақиятли ўтди – Исломжоним ҳаётга қайтди. Ҳозир у бемалол юради, гапиради ва эшитади. Бу мен учун энг катта бахт!

Қолаверса, эндиликда турмуш ўртоғим иккимиз ҳар тонг уйдан кўчага хотиржам чиқяпмиз. Маҳалладош фермернинг даласида ишлаб топган пулимиз эвазига рўзғоримизни тебратяпмиз.

Эҳтимол, мен ёзувчилардек фикримни равон ифода қилолмагандирман, ва эҳтимолки, баъзиларга ­гапларим баландпарвоздек туюлар, билмадим, мен оддийгина қилиб ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Бу қарзим.

Ҳурматли Президент, беғараз кўмагингиз билан юзига нур инаётган, хонадонига файз-барака кираётган бир фуқаро сифатида Сизга чин юракдан миннатдорлик билдираман, бошимизга доимо соғ-омон бўлинг!

Чексиз ҳурмат билан,
Соҳиба АБДУНАЗАРОВА
Тошкент вилояти, Бекобод тумани,
«Янгибозор» маҳалласи

***

ИЗТИРОБ ГИРДОБИДАН ОЛИБ ЧИҚҚАНЛАРГА ТАШАККУР

Ассалому алайкум, муҳтарам Президент! 

Тақдиримда бор экан, устма-уст оғир кулфатларни бошимдан ўтказдим. Ўтган йили кузда эндигина икки ярим ёшга тўлган норасидам Муҳаммадаюбни бериб қўйдик. Бу айрилиқдан яна уч ой ўтиб, 41 ёшли турмуш ўртоғим ҳам жигар хасталиги туфайли оламдан ўтди.

Йўқотишлар қаддимни букиб, бошимни хам қилди. Бу кўргуликлар камлик қилганидай, келинлик уйимдан ҳайдалдим. Ноиложликдан икки қизимни ёнимга олиб, отамнинг уйига қайтиб бордим. Рўзғорни теб­ратиш, қизларимнинг кўзи намланмаслиги учун аёл бошим билан мардикорлик қила бошладим. Сарғайиб эрта тонгдан иш қидириб кўчага чиқаман, бирор ҳимматлироқ иш берувчи учраса, ҳеч бўлмаса, рўзғоримга кунлик чойчақа ишласам, деб орзуланаман… Очиғи, энг катта ва асосий ташвиш бир кунимнинг ўтиши эди ўша пайтлар…

Ҳаёт ташвишларидан гоҳ чарчаб, гоҳ безиб, дунё кўзимга тор кўриниб юрган шундай кунларнинг бирида аёллар муаммоларини ўрганиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ вакиллари уйимизга келишди. Мен билан суҳбатлашиб, яшаш шароитимизни ўрганишди. Кўп ўтмай мени «Аёллар дафтари»га киритишди.

Яна бироз вақтдан сўнг бизга уй-жой қуриш учун қозиқ қоқилди. Очиғи, ўшанда мен иш бирдан бу даражада жадаллашиб кетишига ишонмаган эдим. Негаки, «Ким ҳам бизга иморат қуриб берарди? Нари борса, пойдеворини тиклашга ёрдамлашади-да», деган фикрда эдим.

Уч ой ўтар-ўтмас, ўша бўш жойда меҳмонхона, ётоқхона ва ошхонадан иборат уй қад ростлади. У замонавий мебеллар ва бошқа уй-рўзғор буюмлари билан жиҳозланиб, яйраб яшаш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилди.

Бундан ташқари, бизга иккита қўй ва бир нечта товуқ олиб берилди. Қўшимча равишда ҳовлимизда икки сотихли иссиқхона ҳам барпо этилди. Иссиқхонадаги бодринглар, томорқамизнинг очиқ қисмига ўтқазилган помидор кўчатлари яхши униб-ўсиб, ҳозир ҳосилга кирди. Товуқлар ҳам тухум қўйиб, оиламизга даромад келтира бошлади. Қўйларни эса ҳозирча яхшилаб боқишда давом этяпмиз.

Табиийки, бизга бу ғамхўрликлар юртимизда Сизнинг бошчилигингизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида кўрсатилди. Буни қизларим ҳам жуда яхши билишади. Шу боис, Сизни телевизорда кўриб қолишса, «Ана Президентимиз, ана бизнинг бобомиз!» дея астойдил ғурурланишади.

Энг муҳими, эндиликда биз том маънода ҳаётдан рози бўлиб яшаяпмиз. Муҳими, биз изтироб гирдобидан чиқдик. Энди ҳаётга ишончимиз бор. Бунинг учун Сизга ҳамда оғир дамларда коримизга яраган олийҳимматли ва меҳр-мурувватли кишиларга катта раҳмат айтамиз. Бу яхшиликларни ҳеч қачон унутмаймиз.

Эҳтиром ила,
Шаҳноза ҲАЙИТОВА
Фарғона вилояти,
Фарғона тумани,
Қўрғонтепа қишлоғи

***

ОРЗУНИНГ ОЙДИН ЙЎЛИДАМАН

Ассалому алайкум, меҳрибон Юртбошим!

Айни вақтда кўпдан бери кўнглимга тугиб юрганим – Сизга хат ёзиш истагини ниҳоят амалга оширишга жазм этиб, қўлимга қалам олдим. Қоғозни тайёрлаб, ёзишга киришар эканман, қалбимни ҳаяжон эгаллади. Аммо самимият барибир самимиятга чорларкан, меҳр меҳрга йўл очаркан. Ушбу ҳаяжонли сатрларни Сиз туфайли топган меҳр-эътибор ифодаси деб билишингизни истардим. Зотан, «Аёллар дафтари» шарофати ўлароқ, топган ҳаловатимиз учун Сиздан бир умр миннатдор бўлсак, таъзим қилсак арзийди.

Ўзим ва кўрган кунларим ҳақида қисқача гапирсам… Асли фарғоналикман. Ҳозир тақдир тақозоси билан Каттақўрғон шаҳрида яшаймиз. Ёшлигимда орзуларим кўп эди. Ўйлардимки, ҳаётим равон ва текис бўлади, орзуларимга эришиб, бахтли ҳаёт кечираман. Ана шундай хаёллар оғушида турмушга чиқдим. Ҳавас қилгулик оилам бўлди. Бирин-кетин фарзандлар туғилди: аввал ўғил, кейин қиз. Барчаси кўнгилдагидек кетаётган эди…

Аммо қисматнинг ўз битиклари бўлар экан. Не-не орзу-ҳаваслар ила дунёга келтирган учинчи фарзандим дардманд бўлиб туғилди. Шифокорлар унга юрак пороги ташхисини ­қўйишди. Буни эшитиб, кўнглимизга дарз кетди. Аммо бўш келмадик. Елдик, югурдик. Муолажалардан эса ҳеч натижа чиқмасди. Ноилож ҳали дунёни англамаган гўдакни жарроҳлик столига ётқизишга тўғри келди.

Шифокорма-шифокор чопишлар, чексиз ҳасратлар одамнинг хаё­лини паришон қилиб қўяр экан. Фикру ёдим кенжатойимда бўлиб, катталарига меҳр беролмадим. Бола барибир бола экан, онага талпинаркан.

Тошкентда кенжамни шифохонада олиб ётган кезларим ўғлим ва қизим бизни кўриш учун йўлга отланади. Қисматни қарангки, Ғаллаоролга етганда фарзандларим ўтирган машина ҳалокатга учрайди. Аллоҳга шукур, омон қолишди. Аммо… Энди уч фарзандим ҳам тўшакка михланган эди…

Ўзим ёндим, ўзим ўртандим. Икки йил биз учун асрлардек чўзилди. Бисотимизда борини сарфладик. Ўзим унча-мунча тикиш-бичиш билан шуғулланар эдим. Ҳатто шу тикув машинамгача сотдим. Фарзандларимиз омон қолиши учун жондан кечишга ҳам тайёр эдим.

Худога айтганимиз бор экан. Ҳар учовини ҳам ҳаётга қайтардик. Аммо уйимизда қўлга илингулик ҳеч нарса қолмади. Албатта, болаларимнинг омон қолиши мен учун чексиз бахт эди. Аммо уларни едириб-ичириш, рўзғорни тебратиш ҳам бу ёқда қараб турарди.

Шундай кунларнинг бирида эшигимиз тақиллади. Йўқлаб келганлар давлат масъуллари экан. Президентимиз ташаббуси билан «Аёллар дафтари» юритилаётгани, қийналган аёлларга ана шу тадбир орқали кўмак кўрсатилаётганини  айтишиб, «Сизга қандай ёрдам керак», дейишди.

«Менга иш беринглар, қўлимда гулдай ҳунарим бор» дедим. Бир оз фурсатдан сўнг ­уйимизга Ишчи гуруҳ вакиллари яна ташриф буюришди. Кўнглимда борини тўкиб солдим. Орадан икки кун ўтар-ўтмас, менга 30 миллион сўм миқдорида кредит ажратилишини айтишди. Учта замонавий тикув машинаси ва ишлаш учун жой ажратиб беришди.

Мен шод эдим. Ғайратим ошарди. Ёнимга маҳалламизда яшовчи икки нафар аёлни олиб, иш бошладим. Ҳозирда 15 хилда кийим-кечак тайёрлаяпмиз. Яна ҳарбийларга ҳам буюртма асосида кийим-бош тикиб ­беряпмиз.

Аслида бошимга тушган ташвишлар Яратганнинг бир синови. Қисмат ҳазилига сабр-тоқат, чидам кўрсатиб бердик.

Энг муҳими, уч нафар фарзандим ҳам соғ-саломат. Мен эса ўша ёшликдаги орзуларимга эришяпман.

Муҳтарам Президент!

Мактуб битмоқдан мақсадим шу – миннатдорлигимни изҳор этиш эди. Қилинган яхшиликнинг раҳмати бўйнимда қолмасин, дедим… Вақтингизни олганим учун узр…

Ватанимиз, халқимиз, оиламиз, фарзандларимиз бахтига соғ-омон бўлинг!

Чексиз эҳтиром билан,
Мафтуна ЭРГАШЕВА
Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳри,
«Ватанпарвар» маҳалласи

***

ФОТИМАНИНГ ШОДЛИГИ УЧУН РАҲМАТ СИЗГА!

Ҳурматли Президент!

Турмуш ўртоғим II гуруҳ ногирони. Мен каби у ҳам муқим иш жойига эга эмас. Уч қиз, бир ўғлимиз бор. Эгизак қизларимдан бири – Фотима туғма ногирон.

Кўп ҳолларда фарзандимнинг ногиронлиги, унинг азоб чекаётгани, тенгдошларига қўшилиб кета олмаётгани учун ўзимни айбдор ҳисоблардим. Қизимнинг келажаги учун ҳамма нарсага тайёр эдим, одамларнинг уйида нимаики иш бўлса, ҳаммасини қилаверардим.

Аммо мен топаётган пул унинг соғлиғини тўлиқ тиклашга етмасди. Шу боис, бошланган муолажалар ҳам кўпинча чала қолиб кетарди. Аксига олгандай, шифокорлар Фотиманинг хасталигига узоқ йиллар мобайнида аниқ ташхис қўя олишмади.

Аламимни, ичимдаги дардларимни кўзимдаги ёш билан чиқарардим. хўжайиним билиб қолганда овутган бўларди: «Йиғидан фойда йўқ, худо бир томонга бошқарар, ишларимиз ўнгланиб қолар…» дерди. Шундай кунларнинг бирида давлат биздек қийналганларга ёрдам бераётгани ҳақида эшитиб, кўнглимга умид кирди. Лекин кўнглимнинг бир учида бу ишлар ҳам таниш-билишчилик бўлса керак, менга қайси азамат қайишарди, деган ўй пайдо бўлгани ҳам бор гап. Йўқ, ундай эмас экан. Аввалига мени маҳалламизда тузилаётган «Аёллар дафтари»га киритишди. Сўнгра туман маданият бўлимига фаррошликка ишга жойлаштириб, дафтардан чиқаришди. Шу орада саломатлиги ёмонлашгани туфайли Фотимани Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказига даволатиш учун олиб бордим. У ерда қизимга умуртқа поғонасининг кўкрак қисми туғма кифосколиози касаллиги ташхисини қўйишди ва зудлик билан операция қилиш лозимлигини уқтиришди. Бунинг учун эса катта миқдорда пул керак экан. Мен бунча маблағни тополмаслигимдан ва қизимнинг дардига дармон бўлолмаслигимдан афсусланиб, қишлоғимга ­қайтдим. Неча бедор тунларни тонгларга улаб ва яккаш Фотимамга соғлиқ сўраб, Аллоҳга ёлвордим.

Фарзандимнинг тақдири учун қайғуриб, турли идоралар остонасига бош уриб юрган кунларимнинг бирида туманимизда «дафтар»даги ва ундан чиқарилган аёлларнинг ҳолидан хабар олиб уйма-уй кезиб юрган Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Равшан ­Бедилов билан учрашдим. У киши дардимни диққат билан тинглади. ­Сўнгра комиссия аъзолари ҳамроҳлигида уйимга келиб, оилавий шароитимизни ўрганди. Тумандаги 2-сектор раҳбари ва мутасаддиларга мурожаат қилиб, айрим чалкашликларга ойдинлик киритгач, қатъий хулосага келди: «Ортиқча гап-сўзга ҳожат йўқ, Фотима қизимизнинг саломатлиги учун қанча пул керак бўлса, албатта, берамиз!», деди.

Қолган воқеалар бамисоли тушдаги янглиғ кечди. Ўша куни кечқурун менга қизимнинг соғлиғини тиклаш учун туман «Саховат ва кўмак» жамғармаси томонидан Ногиронларни реаблитация қилиш ва протезлаш миллий марказига 37 миллион 600 минг сўм ўтказилгани, Фотимани эртаси куниёқ олиб бориб даволатишим мумкинлигини маълум қилишди…

Худога шукур, операция муваффақиятли ўтди. Қизим тез орада оёққа туриб, уйга соғ ҳолда қайтди. Эндиликда ўзини яхши ҳис қилмоқда. Яна денг, Зуҳра иккиси каштадўзлик билан шуғулланиб, сўзана ва зардеворлар тикишяпти.

Шундай қилиб, менинг елкамдан оғир тоғ ағдарилди. Эгилган қаддим тикланди. Бунинг учун оиламизга мададкор бўлганларга, биринчи навбатда, мана шундай хайрли ва савобли ишларнинг бошида турганингиз учун Сизга чин дилдан миннатдорлик билдираман, қадрли Шавкат Миромонович!

Айни чоғда, ҳаётимизга қувонч олиб кирган ва дунёқарашимизда кескин ўзгаришлар ясаган беғараз ғамхўрликларга жавобан барчамиз эл-юрт гуллаб-яшнаши ва Ватан равнақи йўлида ҳормай-толмай ишлашга оила аъзоларимиз номидан сўз бераман.

Миннатдорлик ила,
Умида САМАДОВА
Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани,
«Пасурхи» маҳалласи

***

БУ ЮРТДА ҲЕЧ КИМ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАС

Ассалому алайкум, Азиз Юртбошимиз!

Дилимдаги сўзларимни, бошдан кечирган қувончу ташвишларимни Сизга ёзишга қарор қилдим. Зеро, бир инсон ҳаёти баъзан бутун жамиятнинг кўзгуси бўлиши мумкин.

…Менинг турмуш ўртоғим 21 йил муқаддам қандли диабет касаллигига чалиниб, тўшакка михланиб қолган эди. Ўтган йилларда айрим тана аъзоларини кесиб ташлашга тўғри келди. Аммо дард ортга чекинмади. Аксига олгандай, мен ҳам биринчи гуруҳ ногирони бўлганим туфайли касаллик иккаламизнинг ҳам силламизни қуритди. Дори-дармонлар олишга пул тополмай қийналган пайтларимиз ҳам кўп бўлди.

Бултур карантин маҳал ташвишларим янада ошди. «Энди ҳолимиз нима кечади? Шундоқ ҳам қувватдан қолаётган эрим нима еб, нима ичади?» деган совуқ хаёллар хаёлимни чулғаб олди. Чорасиз қолган ана шундай оғир вазиятда Сизнинг ташаббусингиз билан ташкил этилган «Саховат ва кўмак» хайрия жамғармаси кўпчилик қатори бизнинг ҳам кунимизга яради. Жамғарма вакиллари уйимизга зарур озиқ-овқат маҳсулотларини келтириб беришди. Ҳокимлик, маҳалла ва касаба уюшмаси фаоллари ҳам ҳол-аҳволимиздан хабар олиб туришди. Кейинчалик эса оилавий шароитимизни атрофлича ўрганиб, мени «Аёллар дафтари»га киритишди.

Бироқ, минг афсуски, жорий йилнинг март ойида умр йўлдошим оламдан ўтди. Ўзбекчилик, таъзияли жойга одам келади. Ўша кунлари бир оғир йўқотишдан эзилган бўлсам, бир уйимнинг абгорлигидан, чорасизлигимдан эзилдим.

Шундай оғир паллада ҳаётимда гўёки мўъжиза рўй берди. Бир куни хонадонимизга Сизнинг вакилларингиз кириб келишди. Улар менга ҳамдардлик билдиргач, оилавий шароитим билан қизиқди. Ва «Опа, сиз зинҳор тушкунликка тушманг, Президентимиз сиз каби ногирон ва ночор инсонларга катта ғамхўрликлар кўрсатяпти. Демак, сизни ҳам ёлғизлатиб қўймаймиз. Мана, кўрдик, уйингиз анча абгор ҳолга келиб қолган экан. Маълум вақт бошқа жойда яшаб турсангиз, уни таъмирлатиб берамиз», дейишди.

Шундай қилдик. Уйим икки ҳафтада тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Уни кўриб, кўзларимга ишонмадим. Чунки эски эшик-деразалар батамом янгисига алмаштирилган, шифтларга қандиллар илинган, ерга қимматбаҳо гиламлар тўшалган, ошхона янги газ плитаси ва музлатгич билан жиҳозланган, ёрдамчи хоналарга замонавий ванна, сув иситгич ва бошқа жиҳозлар ўрнатилган эди.

Назаримда, ўша куни эримнинг руҳи икки карра шод бўлди. Чунки у киши кўпинча «Пулимиз рўзғордан ортмаётгани учун уйни таъмирлай олмаяпмиз-да, сиқилма, Зиёда, соғайсам ҳаммасини қилиб бераман», деб кўп ўксинган кўйи мени овутарди. Ўша кун шуларни эслаб, тўйгунимча йиғладим, ўксик қалбимга қувонч бағишлаганларни қайта-қайта дуо қилдим.

Муҳтарам Юртбошим!

Айтмоқчи бўлганим ва миннатдорлигим шуки, кексайган чоғимда қадр топдим. Илоё, халқимиз бахтига ҳамиша омон бўлинг! Яратган Эгам Сизни ўз паноҳида асрасин! Бундан кейин ҳам кўплаб савобли ишларга бош бўлиб, эл-юрт дуосини олиб юринг! Олтин бошингиз омон бўлсин!

Сизни дуо қилувчи
Зиёда РАҲИМОВА
Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳри,
«Камолот» маҳалласи

***

ҚУВОНЧ ЁШЛАРИМ САБАБЧИСИ, СИЗ!

Ассалому алайкум, ҳурматли Шавкат Миромонович!

…Тақдиримда бор экан, бундан олти йил муқаддам турмуш ўртоғим вафот этди. Шундан сўнг икки нафар фарзандим билан ота уйимга қайтдим. Тўрт сотихли каталакдай ҳовлида 16 жон бирга яшашга тўғри келди. Турмуш кечириш учун оддий ­шароитларнинг йўқлиги қийинчиликлар туғдирарди. Икки нафар фарзандим, онам, синглим ва мен битта хонада яшардик. Ака-­укаларим ҳам жўжа бирдай жон, оиласидан орттириб ҳамиша ёрдам беришга қийналарди. Уларнинг борига шукр, топганини баҳам кўрардик. Очиғи, баъзан қаттиқ нон билан ҳам кун ўтказдик.

Қисмат экан, болаларимга ҳам ота, ҳам оналик қилдим. Кун кўриш учун ишдан қочмадим. Мардикорликка чиқиб, беда ўрдим, ўт юлдим, сомон киритдим, помидор, картошка экишга, сўнг йиғишга чиқдим… Қишлоқда бошқа иш йўқ. Маҳаллага борсанг, «ёрдам»ни минг маломат билан беради.

Шунча азоб-уқубатлар етмагандай, аксига олиб кенжамнинг асаб тизимида касаллик пайдо бўлди. Шифокорлар кўригидан сўнг унга иккинчи гуруҳ ногиронлиги берилди. Олти йил давомида фарзандларимни оёққа турғазиш учун ўзимни «ўт»га ҳам, «чўғ»га ҳам урдим.

Бир куни уйимизга бир гуруҳ кишилар келишди. Кўримсизгина ҳовлимизни обдан кўриб чиқишди. Саволлар беришди, қоғоз тўлдиришди. «Тавба, булар бунча қизиқиб қолишди. Бу ҳам бир қоғозбозлик бўлса керак», дейман ичимда. Кейин билсам, улар сизнинг хотин-қизлар муаммосини ўрганиш бўйича берган топшириғингиз ижросини таъминлаш учун юришган экан. Орадан бироз вақт ўтиб, ишга қабул қилиндим. Тўғриси, шунга шукр. Биринчи маошни олганимда бирам хурсанд бўлдим. Бозорга бориб, фарзандларимга кийим-кечак, ширинликлар олдим. Ўша куни мендан бахтли одам йўқ эди.

Яқинда ўша комиссия аъзолари яна уйимизга келиб, «Сизни «Аёллар дафтари»га киритамиз, ишли, уйли бўласиз», дейишганда ишонмагандим. Бугун ўшанда хаёлимга келган гапдан ўзим уялиб кетаман. Чунки Сизнинг ғамхўрлигингиз туфайли болаларим билан ватанли бўлдик. Ота-боболаримиз «Ўз уйинг – ўлан тўшагинг» деб бекорга айтишмаган экан. Янги уйга кўчган кунимиз неча йиллардан бери ҳаётимда биринчи бор тинч ва хотиржам ухладим. Фарзандларимнинг «Энди бизнинг ҳам уйимиз бор», деб қувонганини кўриб, уларга қараб ичимдаги йиғи кўзимга кўчди…

Ҳурматли Юртбошим!

Кўнгли ўксик болаларимни суюнтирганингиз, мени эса хурсандчиликдан йиғлатганингиз учун Сизга мингдан-минг раҳмат! Менинг орзуларим ушалиб, ҳаётга бўлган қизиқишим кундан-кунга ортиб бормоқда.

Сизни ҳар куни оиламиз билан дастурхон атрофида дуога қўл очиб эслаймиз, тилга оламиз. Ҳаётнинг синов ва қийинчиликларини енгиш учун куч ва имкон берганингиз учун Сиздан беҳад миннатдорман. Дунё тургунча туринг!

Сизни дуо қилувчи
Озода РАҲМАТОВА
Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани,
«Дўстлик» маҳалласи

***

БОРИНГИЗГА ШУКР!

Ассалому алайкум, муҳтарам Шавкат Миромонович!

Ушбу мактубим орқали дилимдаги равшанликни, ҳаётга бўлган қарашларим ўзгарганини айтмоқчиман.

Тақдир тақозоси билан ўтган йил турмуш ўртоғим бахтсиз ҳодисага учраб, ногирон бўлиб қолди. Унинг саломатлигини тиклаш учун кўп ҳаракат қилдик. Шахсан мен оиланинг ёлғиз боқувчиси сифатида талай муаммоларни ҳал этишимга, умр йўлдошим ва норасида ўғлим учун нималар қилмадим, дейсиз… Аллоҳдан мушкулимни осон қилишини сўраб, мудом дуода бўлдим. Минг қатла шукур, бугунга келиб холис ниятларим ижобат бўла бошлади. Бунга эса бош сабаб Сизнинг халқингизга бўлган меҳрингиз  сабаб бўлди, деб ўйлайман.

Ўтган йили сув тошқинидан сўнг қишлоғимиз қайта қурилиб, бир қанча янги корхоналар барпо этилди. Мен уйимга яқин корхонага ишга кириб, чеварлик қила бошладим. Бичиш-тикишдан бўш вақтларимда эса дилерлик билан шуғулландим. Яъни турли ташкилот-корхона вакилларини ўзимиз тайёрлаган маҳсулотлар билан таништириб, улардан буюртмалар қабул қиладиган, эвазига ўша буюртмалар фойдасининг 10-15 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ оладиган бўлдим.

Кейинчалик «Аёллар дафтари» жорий этилиб, мен ҳам рўйхатга киритилдим. Сўнг хусусий тадбиркорлик билан шуғулланишга жазм этдим. Ўзим ишлаётган корхона биносининг юқори қаватида гўзаллик салони очдим. Ишларим юришиб кетди: нафақат еб-ичишимизга, балки оиламизнинг бошқа эҳтиёжларини қондиришга ҳам бемалол етадиган миқдорда даромад топа бошладим.

Бугун ишонч билан айта оламанки, кечаги ғам тўла ҳаловатсиз кунларим энди ўтмишда қолди. Ўша кезлар оилам тақдирини ўйлаб, тунлари мижжа қоқмаган бўлсам, ҳозир тинч-хотиржам дам оламан. Янги-янги режалар тузаман. Негаки, эндиликда мен каби кўплаб аёллар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Аксарияти муқим иш билан таъминланиб, рўзғорига барака инмоқда. Ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлганлари эса аввал аёлларбоп касбларга ўқитилмоқда, сўнгра уларга зарур миқдорда маблағ ва жой ажратилиб, юридик маслаҳатлар берилмоқда. Буларнинг барчаси хотин-қизларимиз жамиятда ўз ўринларини топиб, Ватанимиз тараққиёти йўлида хизмат қилишлари учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Мен шулар ҳақида ўйласам, Сизни  юрт фарзандлари келажаги учун чин дилдан  қайғурадиган ғамхўр отага, ҳар қандай вазиятда ҳам опа-сингилларига суянчиқ бўла оладиган мард акага ўхшатаман. Борингизга шукр, азиз юртбошим! Бахтимизга ҳамиша омон бўлинг!

Эҳтиром билан,
Дилдора МАМАДАЛИЕВА
Сирдарё вилояти,
Сардоба тумани,
Қўрғонтепа қишлоғи

***

ДАСТУРХОН БОШИДА ДУО ҚИЛАМИЗ

Ассалому алайкум, ҳурматли Шавкат Миромонович!

Бир йилча муқаддам бошимга мусибат тушди. Турмуш ўртоғим мусофирчиликда вафот этди. Жуда оғир аҳволда қолдим. Бир ёқда боқувчимиздан айрилганим, бир ёқда пандемия туфайли келган ғам-ташвишлар қаддимни анча букиб қўйди. Болаларимнинг «Дадам қачон келади?» деб сўраши юрак-бағримни эзиб юборарди. Нима қиларимни, қаёққа бош уришни билмасдим.

Ўша чоғларда маҳалламиз ҳудудидаги 5-ўрта мактабда котиба-иш юритувчи бўлиб ишлардим. Уч нафар боламни боқишга топ­ган-тутганларим учма-уч етарди. Шунча кўргулик етмагандай, уччала ўғлимнинг касалликка чалиниши дард устига чипқон бўлди. Тўғриси, ҳали қирққа ҳам кирмасимдан ҳаёт синовлари бошимга бирданига ёпирилиб келганидан гангиб қолгандим.

Аммо қалбимнинг туб-тубида умид ва илинж бор эди. Кутилмаган ташвишларни синов дея қабул қилдим. Қачондир, кимдир бизга мадад беришига, қийинчиликларимиз кўпга чўзилмаслигига ишонардим.

«Аёллар дафтари» деб аталган, юртимиздаги ночор, оғир аҳволдаги хотин-қизлар учун нажот фариштаси мисол кенг қулоч ёзган чора-тадбирлар, бу борадаги саъй-ҳаракатлар мевасидан шахсан ўзим ҳам баҳраманд бўлдим. Номим ушбу рўйхатдан жой олгач, фарзандларимнинг ўқув-қуроллари, кийим-кечаклари билан таъминланиши учун оиламизга 1,5 миллион сўм миқдорида маб­лағ ажратилди. Маҳалламиз ва «Агробанк» ҳудудий филиалининг бевосита ёрдамида 15 та парранда емишлари билан биргаликда олиб берилди. Қолаверса, бир сотих майдонни эгаллаган иссиқхона ихтиёримизга берилди. У ерда хонаки гуллар ва помидор етиштирдим. Буларнинг бари рўзғоримизни ўнглаб олишимда асқатди.

Ҳа айтганча, яқинда маҳалла раисининг хотин-қизлар бўйи­­ча маслаҳатчиси бўлиб ишга кирдим. Айни дамда ойига ўртача 2 миллион сўм атрофида даромад топяпман. Тўнғичим  4-синфда ўқийди, кенжатойим эса боғчага боради. Уларни бағримга босганимда бир йил аввалги кўргуликлар ёдимга тушади…

Мен кўп ўйлайман. Ўзимча кечаги ва бугунги кунимни қиёслаб мушоҳада қиламан: агар ўша оғир пайтларда Сизнинг ғамхўрликка, инсонийликка йўғрилган эзгу сиёсатингиз самараларидан четда қолганимда нима бўларди? Ёлғиз аёл бошим билан нима қилардим, додимни кимга айтардим?

Уччала тойчоғим билан дастурхон атрофида ўтирганимда шу кунларга етказганига шукр қилиб, биз ва биз каби минглаб хотин-қизларнинг халоскори бўлган Сизга соғлик-саломатлик тилаб, юртимиз янада гуллаб-яшнашини Худодан сўраб дуо қиламан.

Бахтимизга бор бўлинг!

Олима ШАМСИЕВА
Бухоро вилояти,
Қоровулбозор тумани,
«Жарқоқ» маҳалласи

***

ДУНЁДА ЙЎҚ БУНДАЙИН ДАФТАР

Ассалому алайкум, ҳурматли Юртбошим!

Кенг, шинам ва чиройли хонадонда беш нафар қизалоғимнинг қувнаб юришганини кўриб, Сизга миннатдорлик мактубини ёзишга қарор қилдим.

Бугун юртимизда «Аёллар дафтари»га киритилиб, муаммолари ўрганилиб, шу орқали орзу-истак­лари рўёбга чиққан аёлларнинг барчаси Сизни дуо қилишаётганини жуда яхши биламан. Чунки уларнинг бири – менман.

Нураб ётган уйимни бир чеккада қолдириб, ҳовлимнинг қоқ ўртасига уч хонали тураржой қуриб берган яхшиларнинг қўллари дард кўрмасин, илоҳим! Биламан, буларнинг барчаси мен каби ночор аҳволдаги оддий ўзбек аёлига Сизнинг эътибор ва ғамхўрлигингиз туфайли амалга ошди. Бундай эъзозлашдан бошимиз кўкларга  етди.

Эшитишимча, ҳеч қайси юртда аёлларнинг муаммолари ёзиладиган дафтар йўқ экан. Жойларда уйма-уй юриб, хотин-қизларнинг нимага зориққани, рўзғорида қандай кам-кўсти борлиги, яшаш шароити қандайлиги, иш билан таъминланганини сўраб-суриштириб, сўнгра муаммоларнинг ечимини топиш учун бош қотираётган Сиз сингари меҳрли юрак юрт отаси борлиги бизнинг бахтимиздир.

Менимча, ҳар бир ўзбек аёлининг бахти бу!

Биз аёлларнинг тилак ва ниятимиз шуки, юртимиз равнақи учун ззгу ишлар қилишдан чарчаманг, халқимиз бахтига ҳамиша соғ-саломат бўлинг!

Сизга чексиз ҳурмат билан,
Ҳаётхон АБДУЛЛАЕВА
 Наманган вилояти, Поп тумани,
«Қўштепа» маҳалласи

***

ҲАЁТИМИЗГА ФАЙЗ КИРИТГАН МАДАД

Ҳурматли Президент!

Сизга нома битишдан мақсадим – кўнг­лимдаги миннатдорлик туйғуларини изҳор этиш.

… Мен асли жиззахликман. Ёшим 43 да. Тақдир тақозоси билан турмушим бузилгач, уч нафар фарзандим билан кўчада қолдим. Қарийб ўн икки йилдан буён Юнусобод туманида ижарада яшаймиз. Шу давр оралиғида не-не синовли кунларни бошдан ўтказдик.

Бундан ўн йиллар муқаддам ёлғиз ўғлимни безори болалар катта кучланишга эга электр токига итариб юборишди. Шифокорлар бир неча маротаба мураккаб операция қилиб, ўғлимнинг ҳаётини сақлаб қолишди.

Ўшанда мен нажот истаб бормаган идора-ю ташкилот қолмади ҳисоб. Аммо ҳеч кимдан садо чиққан эмас. Кўрган-кечирган азоб-уқубатларим фақат Яратганнинг ўзига аён.

Ўз ёғимга ўзим қоврилиб юрган кунларнинг бирида маҳалладан йўқлаб келишди. Оилавий ҳолатимизни ўрганишиб, «Аёллар дафтари»га киритишди. Орадан тўрт кун ўтар-ўтмас, ўша масъуллар яна келишди ва менга пластик карта, озиқ-овқат бериб кетишди. Кейин билсам, унинг ичида бир неча ойга етадиган маблағ бор экан.

Шукур, қўлимда ҳунарим бор. Қандолатчилик билан шуғулланаман. Тўй-маросимлар учун буюртма асосида таом ва ширинликлар тайёрлайман. Айни паллада «Аёллар дафтари» доирасида менга 34 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Шу орада Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган тадбиркорлик курс­ларида ўқидим. Ўзимни ва болаларимни оёққа турғазиш йўлида бир қанча режаларим бор. Насиб этса, яқин келажакда ўз қандолатчилик цехимни ташкил қилиш ниятидаман.

Дарвоқе, бир неча ой илгари Юнусобод тумани ҳокимининг қабулида бўлдим. Ҳокимнинг айтишича, шахсан Сизнинг топшириғингиз билан менга тез орада субсидия асосида пойтахт­дан уй берилар экан. Очиғи, шу гапни эшитиб, қувончим ичимга сиғмай кетди! Наҳотки, бунинг иложи бўлса?.. Наҳотки, энди бизнинг ҳам ўз уйимиз бўлса?..

Биламан, мен каби ёрдамга муҳтож аёллар кўп. Аммо ишончим комилки, тез фурсатларда уларнинг ҳаётига ҳам ранг киради. Юз-кўзига яна табассум қайтади. Зотан, сиз туфайли аёллар муаммосини ҳал этиш сиёсат даражасига кўтарилди.

Бунинг учун сизга минг бор ташаккур!

Сизга чексиз ҳурмат билан,
Нигора УМРЗОҚОВА
Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани

***

ИШОНЧИНГИЗНИ, АЛБАТТА, ОҚЛАЙМАН!

Менинг Президентим!

Муҳтарам Шавкат Миромонович! 

ҳаётнинг турли ўнқир-чўнқирларида туртиниб, ўз йўлини тополмай қоронғи хаёлларда юрган, алалоқибат, Сизнинг ҳаётбахш ­сиёсатингиз самарасида ойдин ва истиқболли йўлга чиқиб олган, бугун бахтли аёллардан бирига айланган Ўзбекистон фуқаросига ана шундай мурожаат қилишга рухсат беринг!

Сизга бошимдан ўтганларини бироз ҳикоя қилиб берсам. пешонамга битилгани шу экан: уч фарзандли бўлгач, уларни тарбиялаб вояга етказиш масъулияти ёлғиз ўзимнинг чекимга тушди. Аввалига тамаддихонада ишлаб, ҳар хил юмушларни бажардим. Аммо топганим рўзғоримни тебратишга етмасди. Қолаверса, ишдан уйга ярим тунда қайтиш ўзимга ҳам, яқинларимга ҳам ёқмасди. Шу боис, беш йилча бурун электр моторларни таъмирлаш билан шуғуллана бошладим.

Албатта, бу касбни танлашим баъзи одамларга эриш туюлди, айрим кишиларни эса қаттиқ таажжублантирди. Орқаваротдан «Аёл зоти ўзига лойиқ иш топса-чи?..» деб пичинг қилганлари ҳам, «Ҳа, тирикчилик қурсин-а, инсонни не кўйларга солмайди-я!», деб аҳволимга ачинганлари ҳам бўлди.

Мен эса танлаган йўлимдан қайтмадим. Билъакс, Нукусда ишлаётган Акром исмли самарқандлик устага шогирд тушиб, электр асбоб-ускуналарини таъмирлашни янада пухтароқ ўргандим.

Устозим «Энди якка тартибда иш юритсанг бўлаверади!» деб фотиҳа бергач, хусусий корхона очмоқчи бўлдим. Бунинг учун эса муайян миқдорда сармоя керак эди. Кредит олиш учун банкка боргандим, у ердагилар мени қўллаб-қувватлаш ўрнига устимдан очиқ-ошкора кулишди.

Алалоқибат, айрим кишилар уйимга олиб келган эски ва ишдан чиққан асбоб-ускуналарни созлаб бериш орқали топилган пул ҳисобига оиламни боқа бошладим. Айни чоғда, бошқа иш топилиб қолармикин, деган умидда «Байтерек» маҳалла фуқаролар йиғини идорасига тез-тез бориб турдим.

Афсус, у ердагилар ҳам тайинли жавоб беришмади. Ҳар сафар «Эртага келинг, индинга келинг», «Бирор янгилик бўлса, ўзимиз хабар берамиз», дейишдан нарига ўтишмади. Ахийри, сабр косам тўлиб, «Ҳеч бўлмаса, кредит олишимга кўмаклашинглар, ахир, мен хусусий корхона очиб, моторларни таъмирлаш билан шуғулланмоқчиман», дедим. Буни қарангки, улар «Эркаклар ишига қўл уришингга бало борми? Қолаверса, тайинли иш жойинг йўқ. Бунақада кредитни қандай қилиб тўлайсан?», деб раъйимни қайтаришди.

Мана шунақа лоқайдликлару сансалорликлар туфайли беш йил мобайнида дилимда катта армон бўлиб келган орзуим яқинда ушалди. Бунга Сизнинг ташаббусингиз билан очилган «Аёллар дафтари»га менинг исм-шарифим ҳам киритилгани туртки бўлди. Аввало, ишчи гуруҳ аъзолари режам билан яқиндан танишиб, уни маъқуллашди. Сўнгра банк ходимлари хонадонимда бўлиб, ишимни кузатишди. Носоз ҳолга келиб қолган моторларни бекам-кўст тузата олишимга ишонч ҳосил қилишди. Шу асосда  «Аёллар дафтари» имтиёзлари доирасида йиллик 14 фоиз устама тўлаш шарти билан 20 миллион сўм беришди.

Бу мен учун катта мадад бўлди. Чунки мени ҳозиргача қийнаб келаётган жиддий муаммолардан бири электр ускуналар ғалтак­ларига ўраладиган мис симни харид қилиш масаласи эди. Боиси, унинг бир килоси 120 минг сўм туради. Битта ғалтакда эса 20 килограмм сим, демакки, 2,4 миллион сўм керак. Мана, икки ойдирки, маблағим борлиги сабабли бемалол иш юритяпман, кредитни ҳам ўз вақтида сўндириб боряпман.

Ҳозирча уйимнинг ҳовлига кириш қисмини мўъжазгина устахонага айлантирганман. Телевизор, музлатгич, чангютгичларни ва бошқа майда  жиҳозларни шу ерда, катта насосларни эса устозим кўз ўнгида таъмирлаяпман. Масалан, 110 киловатт токка мўлжалланган симни икки кунда 15 миллион сўмга ўраб бераман. Шундан 2-3 миллион сўми иш ҳақи сифатида ўзимга тегади.

Худога шукур, мижозларим кўпайиб, буюртмалар сони  кун сайин ортиб бормоқда. Шунинг учун қўшимча ишчи кучига зарурат сезяпман. Яна бир эзгу ниятим – келгусида сув насосларини таъмирлайдиган алоҳида цех ҳам очиб, моддий кўмакка муҳтож ҳамшаҳар аёлларни иш билан таъминлаш.

Азиз Шавкат Миромонович!

Биз аёлларга ўз салоҳиятимизни турли соҳаларда намоён этиб, эл-юртга  хизмат қилишимиз учун имкониятлар яратиб бераётганингиз ва тадбиркорлик фаолиятимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганингиз учун барчамиз Сиздан беҳад миннатдормиз.

Сизга айтмоқчи бўлган муҳим гапим шуки, Сизнинг ишончингиз бизга катта мадад бермоқда. Шундай меҳрибон Президентимиз борлигидан қалбим чексиз ғурурга тўла. «Аёллар дафтари» орқали билдирилган ишончни эса, албатта, оқлайман!

Доимо бахтимизга, Ўзбекистон аёллари бахтига соғ бўлинг!

Сизни дуо қилувчи қизингиз
Алфия АЛЛАНИЯЗОВА
Қорақалпоғистон Республикаси,
Нукус шаҳри

***

УЗОҚДА БЎЛСАК-ДА, МЕҲРИНГИЗДАН БАҲРАМАНДМИЗ

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Ушбу мактубга қалб қўримни, кўнгилдаги миннатдорлик туйғуларимни тўкиб ёзяпман…

Тақдир экан, йўқчилик, рўзғор ташвишлари туфайли турмуш ўртоғим дард орттирди. Бироқ «Олдин уйни бутлаб олай, даволаниш қочмас», деб иссиғида шифохонага бормади. Кейин эса кеч бўлди. Дўхтирлар «Соғлиғингизга жиддий путур етган. Уни тиклаш учун бир неча миллион сўм пул керак», дейишди. Бу дард устига чипқон бўлди. Биз ўша маблағни тополмадик. Оқибатда… болаларим учун оталик масъулиятини ҳам бўйнимга олдим. Ҳар лаҳза, ҳар он «Қийинчиликларни енгаман, эримнинг руҳи мени қўллайди», деб яшадим.

Икки ўғлим вояга етар-етмас, қайнонам инсультга чалинди. Роппа-роса ўн йил дард билан олишгач, омонатини топширди. Бундан уч йил муқаддам туппа-тузук юрган 68 ёшли отам ҳам шу дардга йўлиқди. Ўшандан буён тўшакдан туролмай, илтижоли нигоҳларини шифтга қадаб ётганди…

Албатта, бошимга кетма-кет тушган кўргуликлар мени адои тамом қилди. «Бу касаллик деганлари нега ҳадеб бизнинг остонамизда айланади?», деб тушкунликка берилган, нохуш хаёлларга борган пайтларим ҳам кўп бўлди.

Лекин тун ортидан тонг отгандек, ғамбода дамлардан кейин яхши кунлар ҳам келар экан. Бедаво дард одамзодни не-не кўйларга солишини ўз кўзим билан кўрганим, азобларини қалбан ҳис этганим боис болаларимдан бири шифокор бўлиб, беморлар корига ярашини орзу қилгандим. Бу ҳақдаги илтижоларим Аллоҳга етиб борди, шекилли, катта ўғлим 2018 йили Тошкентдаги тиббиёт институтига ўқишга кирди. Аммо шартнома пули катта эканини билгач, «Ўқимайман», деб туриб олди.

Кўряпсизми, у ўз келажагини эмас, онаси қийналиб қолмаслигини ўйлади. Табиийки, мен ҳам бўш келмадим. «Болам, қандай бўлмасин, ўқи! Мен пул топаман», дедим. Хуллас, ялиндим-ёлвордим, охири ўғлимни кўндирдим. Икки йил контракт пулини бир амаллаб тўладим.

Жорий йилнинг январида эса уйимизга маҳалла ва ҳокимият вакиллари келиб, мамлакатимизда Сизнинг топшириғингиз бўйича «Аёллар дафтари» юритила бошланганини, унга боқувчисини йўқотган, касалманд, турмуш шароити оғир хотин-қизлар киритилаётганини тушунтиришди. Шу асно мени ҳам шу рўйхатга олишди. Кейин Тошкентдан, Навоийдан, тумандан дам-бадам вакиллар келиб, ҳол-аҳвол сўраб туришди. Бир неча бор ун, ёғ, шакар, гўшт келтиришди ва пул беришди.

Отамга ҳам алоҳида ғамхўрлик кўрсатиб, анча пайт шифохонада даволанишига имкон яратишди. Ҳозир ўзини анча ўнглаб олган отам шифохонага қатнаб, муолажа олишни давом эттиряпти.

Март ойида оиламиз ҳаётида яна бир қувончли воқеа рўй берди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбари мутасаддилар билан бизникига келиб, уйимизни таъмирлаш учун Сизнинг номингиздан моддий ёрдам ва бир дона катта музлатгич топширди. Шунингдек, талаба ўғлимнинг контракт пулини тўлашга ҳомий топишни ваъда қилишди. Тез орада бу ваъда ҳам бажарилди. Мен бундан ниҳоятда қувондим.

Ҳолбуки, кейинги пайтларда рўзғоримиздаги етишмовчиликлар туфайли фарзандларим олдида ўзимни гуноҳкор ҳис этардим. Баъзи кишилар «Тошкентга бориб, Президентга учрашинг. У киши сизга, албатта, ёрдам беради,» дейишса, нима дейишимни билмай қолардим. Бугун эса пойтахтга бормасам ҳам Сизнинг меҳр-саховатингиздан баҳраманд бўляпман. Шу кунларга етказгани учун Худога шукроналар келтириб яшаяпман.

Муҳтарам Президент! 

Мен келаси йил катта ўғлимни уйлантирмоқчиман. Ўшанда Сизни ва кори ­аъмоли яхшиликдан иборат барча кишиларни тўйга таклиф этмоқчиман…

Ахир бу яхшиликлар учун қандайдир миннатдорлик билдиришим керак-ку!

Сизга эҳтиром билан,
Зулфия БОЗОРОВА
Навоий вилояти, Навбаҳор тумани,
Навбаҳор қишлоғи

***

ДУНЁДАГИ ЭНГ БАХТИЁР АЁЛМАН

Ассалому алайкум, ҳурматли Шавкат Миромонович!

Сизга ҳаётда англаган ҳақиқатларим ва тақдир гирдобидан Сизнинг оқилона қарорларингиз туфайли қандай чиқиб кетганимни баён этиш, шу орқали миннатдорлигимни изҳор этиш учун нома битмоқдаман.

Севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» асарида «Орзу йўқолса, умид қолади. Умид йўқолса, илинж қолади. Илинж йўқолса… ҳеч нима қолмайди», деб ёзганида ҳақ гапни айтганини мен ўз ҳаётимда кўрдим.

Мен ўн йиллар давомида тўшакка михланиб, орзулари сўнган, яшашга бўлган умиди чиппакка чиққан, бир бурда нон илинжида ҳаёт кечираётган аёл эдим. Тўғри-да, севимли касбинг, қўлингда «олий маълумотли» деган дипломинг бўла туриб, ишлолмасанг, боз устига ёлғизликда ўзгаларга муҳтож қолсанг, яшашдан маъно борми сен учун?

Катта орзу-ниятлар билан Андижон давлат университетини тамомлаганман. Рус тили ўқитувчисиман. Тақдир экан, турмуш ўртоғим билан йўлларимиз айро тушди. Ҳаётнинг менга берган синови шу билан тугаган бўлса, қанийди!

Ёлғизгина ўғлим, жигарим, суянчиғим жиддий хасталик билан туғилган эди. Йиллар давомида ҳаракат қилдик, йўқ, нуқсон билан яшаш қисматига битилган экан. Ожиз бандасининг қўлидан нима ҳам келарди? Ҳамиша «Бундан ҳам баттаридан сақласин!» деб дуо қилдим, холос. Ўғлим ҳозир Андижон туманидаги эркаклар «Мурувват уйи»да яшайди.

Бундан 13 йил аввал тақдир мени яна бир синовга дучор қилди – кутилмаганда хасталикка чалиндим-у, тўшакка михланиб қолдим. Ота уйимда ёлғиз яшайман, жигарларимнинг барчаси тақдир тақозоси билан хорижга кўчиб кетишган, тез-тез борди-келди қилишнинг имкони йўқ эди ҳисоб. Йўқса, улар ҳам мени ўз ҳолимга ташлаб қўйишармиди? Уларнинг қўлидан келадиган ёрдами шу бўлдики, рўзғоридан орттирди дегунча, номимга пул жўнатиб туришди. Яхшиям, қўни-қўшнилар, маҳалла-кўй бор экан, туриш-турмушимдан баҳоли ­қудрат хабардор бўлишди. Бир кун униси овқат олиб чиқса, эртасига бошқаси қорнимни тўйғазади, кийимларимни ювишади, уйимни тозалаб беришади. Ўзбекка хос меҳр-оқибат аталмиш юксак инсоний фазилатларни ана ўша оғир кунларда, шифтга термулганча «Бугун ким қорнимни тўйғазар экан?», деган савол хаёлимда чарх уриб айланган кезларда чуқурроқ ҳис этдим. Бугун гапиргани ҳам уяламан – ­ҳаётдан безиб, жонимга қасд қилиш фикри ҳам кўнглимда кўп бор туғён урган. Аммо юқорида айтганим – яхши инсонлар, уларнинг таскин ва далдалари, меҳр-оқибати сақлаб қолди мени деб ўйлайман.

Беш йил аввал навбатдаги тиббий кўрик ортидан даволаниш учун шифохонага жойлашдим. Ҳолимдан хабар оладиган одам йўқ. Бир дунё дори-дармон ёзиб беришган – пул керак. Паспортимни гаровга қўйиб, зарур дориларни келтирдим. Шифохонадан чиққач, қарзни узай дедим-у, анча вақтгача қўлимга пул тушмади. Орадан талайгина фурсат ўтиб кетди. Қарзга етгулик пул топилганда эса паспортим йўқолиб кетган экан.

Давлат раҳбарининг виртуал қабулхонаси очилганда кўрган-кечирганларимни қисқа ва лўнда қоғозга тушириб, кўмак сўраб, кўнгилда минг бир илинж билан мурожаат йўлладим. Натижаси кўп куттирмади – оёққа туришим учун, ҳаётим яхшиланиши учун нимаики зарур бўлса, шу кунгача муҳайё этиб келиняпти. Бу Сизнинг биз каби аччиқ-чучук синовларни кўп ва хўб бошидан ўтказган аёлларга чексиз ­эътиборингиз, ғамхўрлигингиз натижаси деб биламан. Ахир Сиз кўплаб ана шундай тақдирдош, қисматдош ҳамюртларим қатори менга ҳам эртанги кунга умид бердингиз, яна ёшлик йилларимдаги каби орзулар билан яшашни ўрганяпман.

Хонобод шаҳар ҳокимлигида Мухтасархон Қосимова деган аёл бор. У бир куни «Президентимиз ташаббуси билан «Аёллар ­дафтари» юритилади энди, сизни ҳам рўйхатга қўшдик», деб қолди. Айтгани каби ҳадемай ҳаётимда ёруғ кунлар бошланди: биринчи нав­батда бир пайтлар дори-дармон учун гаровга берилиб, йўқолиб кетган паспортим ўрнига янгисини беришди. Тезроқ соғайиб кетишим учун нимаики зарур тиббий ёрдам бўлса, бепул кўрсатила бошланди. Айтишга андиша қиламан, ота-онамдан қолган тураржой ниҳоятда хароб, устига-устак, озодликдан маҳрум қилинган укам эртами-индин қайтса, у ерга ҳам сиғмай қоламанми, деган ҳадик хаёлимдан кетмасди. Ахир ота-боболаримиз «ҳар ким ёққан чироқ энг аввало ўз оиласини ёритади» деб бежиз айтишмаган.

Масъуллар дардимни ҳис этишганига қувонаман: давлат томонидан менга кутилмаганда икки хонали, шинам, файзли квартира ҳадя этилди. Мана, янги уйда ҳаётдан завқ, яхши инсонлар меҳридан куч олиб яшаяпман.

Айтаманки, гарчи «Аёллар дафтари»да бўлсам-да, дунёдаги энг бой инсонлардан-да бахтлироқман бугун…

Шундай оқилона сиёсат юритаётганингиз, аёлларга бўлган юксак эътиборингиз ва биз каби бир мададга муҳтожларга бўлган чексиз меҳрингиз учун ташаккур!

Аллоҳ мудом йўлингизни, Сизнинг тимсолингизда Ўзбекистонимизнинг йўлини ёруғ қилсин! Биз ҳаётда рўшнолик кўраётган оналар, аёллар шундай дуодамиз…

Эҳтиром ила,
Одинахон ЖЎРАБОЕВА
Андижон вилояти,
Хонобод шаҳри,
Фитрат номли маҳалла

———————————————————–

Манба: «Ishonch» газетаси 

(2021 йил, 5 июнь. №73-74)