“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Фарзанд тарбияси: нима эксанг, шуни ўрасан

16:27 / 2021-05-28

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Ярим тун. Қўшни қаватдан эр-хотиннинг баланд овоздаги тортишуви эшитилди. Борган сайин овозлар баландлашиб, тортишув жанжалга айланиб кетди.

Аёлига бор қаҳрини сочиб, луғатда йўқ ҳақоратли сўзларни айтиб бўлгач, эшикни қарсиллатиб ёпган эр кўчага отилди. Ҳеч нарсани тушунмаган уч ёшли Хадича илтижоли нигоҳларини онасига қадаб: “Сизга нима бўлди, онажон? Нега йиғлаяпсиз?” дея тинмай инграр эди. Эри билан бўлган жанжал таъсирида турган Дилдора ўзидаги алам ва ғазаб таъсирида болани ирғитиб юборди. Қизалоқ баттар йиғлади. Дилдора болани овутиш ўрнига уни баттар урар, бола эса овози борича бақирарди. Халқимиз қўшнинг тинч, сен тинч, деб бежизга айтмаган экан. Бўлиб ўтган нотинчлик дилни хира қилди.

Сўнгги вақтларда Дилдора эрининг аламини шу боласидан оладиган бўлди. Эндигина 3 ёшни қаршилаган қизалоғини уради, азоблайди. Бу иши билан худди кўнглидаги нафрат, аламзадалик олови сўнадигандек.

Фарзандимни боғчага олиб бораётганимда Дилдорани учратиб қолдим. Фарзандларимиз битта боғчага боргани учун йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетдик. У оиласида тинмай жанжал бўлаётгани, бунинг таъсирида фарзандига эътибор бера олмаётгани ва бор аламини ундан олаётганидан пушаймонлигини айтди.

– Болангизни урманг! Унда нима гуноҳ? дея Дилдорага танбеҳ бердим.

Шу вақт югуриб кетаётган болалар йиқилиб тушди. Қизининг уст-боши чанг бўлганини кўрган Дилдора боласини ура кетди.

Буни кўриб юрагим ич-ичидан оғриди. Қизалоқни онасининг қўлидан тортиб олдим. Дилдора бироз ўзига келди. Қизини қучоқлаб, йиғлаб ундан кечирим сўради…

Йўл бўйи ўзим билан ўзим суҳбатлаш бордим. Ўзбек халқи болажон, деймиз. Шунча хатти-ҳаракат фарзандли бўлиш, уларни вояга етказиш, улар учун яшашда экан, нима учун оналар болага қўл кўтаради? Нима учун аламини боладан олади? Нима учун фарзандлар ота-онасига гўёки муаммодек туюлади?

Афсуски, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда, ён- атрофимизда ўз фарзандларини уриб жазолаётган, қийнаётган, ҳатто ўлдириб, кўчага ташлаб кетган ота-оналар ҳақидаги воқеаларни кузатяпмиз. Тушунмайман, она қандай қилиб ўз зурриёдини, жонидан жон бериб дунёга келтирган фарзандини азоблайди. Бунга нима сабаб бўлмоқда? Муаммонинг илдизи қаерда, бу қачон тўхтайди?

Бугунги кунда болаларда ҳам онкологик касалликлар кўпайган. Илгари умуман кузатилмаган касалликлар учраяпти. Бунинг сабаблари ўрганилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бола кўп сиқилса, кўп тушкунликка тушса, шунинг натижасида турли хил касалликлар келиб чиқиш эҳтимоли бор экан. Минг афсуски, кўпчилик оналар боласи оғир касал бўлганда ёки уни йўқотиб қўйганида ҳаётда ўзи ҳал қила олмаган нарсаларда бола айбдор эмаслигини,у ҳамма нарсадан қадрли эканлигини тушуняпти.

– Она бўлиш бу – фақат физиологик жараён эмас, она дегани бутунлай бошқа дунё, – дейди беш фарзанднинг онаси Қизларгул Эрназарова. – Она бўлиш учун жуда катта илм, масъулият талаб этилади. Она фарзанд учун ҳақиқий инсон тимсоли, шунингдек, чин ҳаёт мактаби бўлиши керак аслида. Ўзимизни тутишимиз, муомала маданиятимиз, кийинишимиз билан фарзандларимизга намуна бўлишимиз керак. Қачонки, фарзандларимиз бизнинг, яъни эр-хотиннинг бир-биримизга бўлган самимий муносабатларимиз, меҳр-муҳаббатга тўла соф туйғуларимизни кўриб улғайсагина, ота-онасига ҳурмати, меҳри ошади. Шундагина болаларнинг ота-она ва фарзанд ўртасидаги ришталар қандай боғланиши ҳақидаги тасаввурлари уйғонади. Мана шундай муҳитда 5 фарзандни тарбияладим. Бугунги кунда фарзандларимнинг барчаси олий маълумотли, оиласи билан тинч-тотув яшамоқда. Уруш-жанжал кўп бўладиган оилаларда тарбия топаётган фарзандлар ота-онасига бемеҳр бўлиб улғаяди. Ана ўшанда онанинг калтаклари, ўтказган зуғми, ўйламай гапирган ҳар битта гапи жавобини фарзандидан олади.

–Кўпчилик ёш келинлар умуман оила қуришга тайёр эмас, – дейди Ўзбекистон Миллий университети психология кафедраси ўқитувчиси, психолог Нозима Валиева. – Психологияда инфонтализим деган тушунча бор. Яъни, инсоннинг ёши паспорти бўйича катта бўлиб кетавериши мумкин. Айтайлик, танасининг ёши 30-35 га кирган бўлиши, лекин ички ёши, шахс сифатида ривожланиши анча орқада – 6-7 ёки 11-12 ёшда қолиб кетган бўлиши мумкин. Шундай бола бир оиладан бошқа оилага кўчиб ўтди, дейлик. Лекин фарқи шундаки, бу ерда энди унинг ўзининг ҳам боласи пайдо бўлади. Она бўлиш бу– фақат физиологик жараён эмас. Яъни, бўлажак оналар бунга ичидан тайёр бўлиши керак. Акс ҳолда ҳайвонлардан нима фарқимиз бор. Болани дунёга келтиргандан кейин унга яхши тарбия бериш ҳам лозим. Бунга катта илм зарур. Кўпчилик ота-оналар қизлари оилага тайёр бўлмай туриб турмушга беришади. Ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган ёш келин фарзандли бўлади. У фарзандига тўғри тарбия бера олмайди. Натижада кўпчилик ота-оналар фарзанди ўсмирлик вақтида қайсар, жаҳлдор, гапга кирмаслигидан, онани беҳурмат қилишидан шикоят қилиб психологга югуради. Ўшанда сизга Аллоҳ пок, топ-тоза фариштани берган. Уни 12-13 йил давомида қаҳр билан тарбияладингизми, демак, сизга ўзингиз берган қаҳр қайтади. Нима энди, ўзингизнинг маҳсулотингиз ўзингизга ёқмаяптими?

Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган бухоролик йигит ўз отасини болта билан чопиб ўлдиргани, қашқадарёлик йигитнинг ўз ота-онасини совуқ қурол билан уриб ўлдиргани ҳақидаги хабар қалбларимизини ларзага келтирди. Ўшанда телеэкранда йигит суд қаршисида қилган ишидан пушаймонлигини айтяпти-ю, эътибор берган бўлсангиз, унинг кўзларида ачиниш, қилган ишидан пушаймонлик ҳисси йўқлигини яққол сезиш мумкин. Ҳалигача тасаввуримга сиғдира олмайман. Одам қандай қилиб ўзини дунёга келтирган, улғайтирган, уйқусиз тунлар уни аллалаган, беморлигида гирдикапалак бўлган беназир инсонлар ҳаётига зомин бўлиши мумкин?!

Ўз ота-онаси жонига қасд қилиш учун бутунлай инсонийликдан чиқиш керак. Демак, ўз жигаргўшасининг қўлида бўғизланган ота-она фарзандига инсоний туйғуларни етарлича сингдиролмаган. Хўш, ўз пуштипаноҳининг қотилига айланган шахсдан жамиятга қандай фойда бўлиши мумкин? Уни қайта тарбиялаб, инсон ҳолатига келтириб бўлармикан? Бизнингча, бу жуда оғир муаммо.

Бунинг моҳиятини чуқурроқ ўйлаб кўрсак, юқоридаги фожиага айрим ота-оналарнинг ўзлари замин яратиб, бевосита сабабчи бўлмоқда. Ота-она фарзандини дунёга келтиргандан сўнг жуда катта масъулият – ота-оналик ҳиссини чуқур англаб етса ва бутун ҳаёти давомида ўзини шу масъулиятга муносиб тутсагина, фарзандларининг, элу юртнинг меҳр-муҳаббатини қозониши мумкин. Улар дунёдан ўтсалар-да, зурриётлари қалбида абадий яшайдилар. Берган тарбиялари боис жамият олдида юзлари ёруғ бўлади.

Айтмоқчимизки, фарзанднинг қобил ёки ноқобил бўлиб вояга етиши, уни дунёга келтирганларга раҳмат келтириши ота-онанинг ўз вақтида берган тарбияси, меҳру садоқатига, чеккан захматларига боғлиқдир.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 2

OAV nomi va parolini kiriting!