“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Бувим билан ўтган Наврўзлар

15:53 / 2020-03-13

…Баҳор ойлари эди. Ҳовлимиздаги мевали дарахтлар бир туп ўрикдан ташқари барчаси қийғос гуллади. Мана шу ўрик анча йиллардан буён яхши мева бермай қўйган эди. Дадам мева бермаётгани ва экинларга соя солаётгани боис, кесиб ташламоқчи бўлди.

…Баҳор ойлари эди. Ҳовлимиздаги мевали дарахтлар бир туп ўрикдан ташқари барчаси қийғос гуллади. Мана шу ўрик анча йиллардан буён яхши мева бермай қўйган эди. Дадам мева бермаётгани ва экинларга соя солаётгани боис, кесиб ташламоқчи бўлди.

Дадамнинг ўрикни кесмоқчи бўлганини кўрган бувим ҳарсиллаб ёнига югуриб борди:

– Болам бу ўрикни кесмайсан! Даданг раҳматли “невараларим мевасидан есин” деб экканлар. Мана ўн саккиз йилдан буён бизга мева беради. Шоҳларига беланчак солиб набираларимни катта қилдим. Соясида фарзандларим, набираларим билан ширин суҳбатлар қурганмиз. Ўрик соясида ўтириб, ҳар кўкламда сумалак тайёрлаганмиз. Бу дарахт ҳаётимнинг бир бўлагига айланган. Уни кессанг мени ҳам кес!

Бувимнинг сўзларидан дадам чуқур хаёлга толди…

Ўйлаб кўрсам, болаликдаги энг ширин хотиралар мана шу ўрик билан боғлиқ экан. Хотиралар худди кино лентаси каби бирма-бир кўз ўнгимдан ўтаяти.

…Ана баҳор ойларининг бирида бувим, биз набираларига мана шу улкан ўрик дарахти шохларига ҳалинчаклар солиб беряпти. Бир-биримиз билан талашиб, тортишиб ҳалинчак учяпмиз.

…Дарахт соясида бувим ўзбек халқ эртакларини ўқиб беряпти. Биздан ҳам мақоллар сўрайди. Бувим бир-биридан қизиқ халқ мақолларини айтиб беряпти:

Арғумоқда ёл йўқ деб,

Йўлга ташлаб кетманглар.

Эр йигитда мол йўқ деб,

Ёвга ташлаб кетманглар.

***

От қадрини билмаса,

Яёв кўрар жазосин.

Эл қадрини билмаса,

Ёвлар берар жазосин.

***

Тўғри тилим тиёлмадим,

Туққаним билан туролмадим.

***

Вақиллаган вақтини ўтказар,

Қўлидаги нақдини кетказар.

Айниқса, бувимнинг шеърий топишмоқларига жавоб тополмай қийналганмиз:

У нимадир, ҳаводаги дўланган?

У нимадир, ер юзини сув олган?

У нимадир, орқасида оғзи бор?

У нимадир, ўртасида мағзи бор?

У нимадир, сув ичида жони бор?

Ўзларининг шеърий жавоблари ҳам тайёр бўларди:

Булут бўлар ҳаводаги дўланган,

Ёмғир бўлар ер юзини сув олган,

Тегирмондир, орқасида оғзи бор.

Буғдой бўлар ўртасида мағзи бор.

Балиқ бўлар сув ичида жони бор.

Маҳалла-кўй, қариндошлар тўйлари бувимнинг лапару яллаларисиз, келин саломларию фотиҳаларисиз жило топмасди:

Эшик олди мажнун тол,

Мажнун толга қўлинг сол,

Мен берайин фотиҳа

Катта-кичик қулоқ сол.

Атта бўлсин, фатта бўлсин,

Зуваласи катта бўлсин.

Қил чивиғи қилдан бўлсин,

Чилобчини пулдан бўлсин.

Эшик олди кўл бўлсин,

Уйи бозор йўл бўлсин.

Қаторда нори бўлсин,

Ёнида ёри бўлсин,

Уйи меҳмонга тўлсин.

Ўчоғи тўла кул бўлсин,

Тевараги ул бўлсин.

Куёв бошқа харжи бермас,

Тўхтатай пича гапни.

Айтган билан адо бўлмас.

Қанча айтсам фотиҳани.

Тўйларда айтилган бувимнинг “ёр-ёр”лари юраклар тўрига етиб борарди:

Осмондаги тўрғайни

Отган отам, ёр-ёр.

Ўз қизини танимай

Сотган отам, ёр-ёр.

Ўз қизининг ўрнига

Бодом эксин, ёр-ёр.

Бодом шохи қайрилса,

Болам десин, ёр-ёр.

Айниқса, бувимнинг “кўкка етказганига шукр“, дея узундан узоқ дуога қўл очган, юз-кўзларида шукроналик акс этган чоғлар… Ҳар баҳор маҳалладошларимиз иштирокида уюштирилган “Сумалак базм”ларида қишлоқ аёллари ўланлар, лапарлар, ривоятлар айтишар эди. “Сумалак базми”дан сўнг сумалак улашиш иштиёқи “сумалак сайли”га уланарди. Сайл кайвони онахонларнинг ҳазил мутойибаларию шаддод қизларнинг ўйин-кулгулари билан файзли ўтарди.

Маҳалламизда Наврўз байрамига бағишланган оммавий сайиллар кўп бўларди. Унда ёши улуғ кайвони бобо ва момолар кураш, от ўйини, кўпкари, пойга, узоққа тош ирғитиш, чиллак, бекинмачок, қулоқ чўзма, варрак, қўчқор уриштириш, хўроз уриштириш, тухум уриштириш, келин-куёв, арқон тортиш, оқ теракми-кўк терак, тўптош, ким олади шугинаниё, эшак минди каби халқ ўйинларини ташкиллаштириш билан ёшлар қалбига миллий маросимларни олиб кирарди.

Мазкур халқ ўйинларида 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган маҳалладошларимиз фаол иштирок этарди. Кайвони момолар ҳудудимизнинг ўзига хос анъаналари, урф-одатларини ўзида мужассам этган ўлан, лапар айтишувлар ва уларга уйғун халқчил рақс ҳамда ўйинларни эшитиб катта бўлганмиз.

Сўнгги пайтларда борган сари лапар ва ўлан ижрочилари камайиб бормоқда.

Жорий йилнинг 3 март куни Президентимизнинг “Наврўзинг – янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга доир қарори қабул қилингани миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизни кенг тарғиб қилиш, миллатимизга хос бўлган меҳр-мурувват, аҳиллик ва бағрикенглик, табиат, унинг неъматларини асраб-авайлаш, бугунги тинч ҳаётимизни қадрлаб, унга шукроналик келтириб яшашга даъват этади.

Кўпни кўрган нуронийларимиз Наврўзда инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат мустаҳкамланади, дейишади. Байрам кунлари эзгу ният ва тилаклар ҳар бир юртдошимиз қалбини тўлдиради.

Наврўзи олам шукуҳи юртимиз эшигини қоқмоқда. Бу йил маҳалламизда Наврўз бувимсиз қандай нишонланар экан?

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!