“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЭШОНОБОД: “ОБОД ҚИШЛОҚ”НИНГ ҲАЁТИЙ МЎЪЖИЗАСИ

         Юртнинг ободлиги, халқнинг фаровонлиги маҳаллалардан, кўчаю, қишлоқлардан бошланиши бор гап. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” дастури бугун чекка-чекка ҳудудлардаги аҳоли пунктларида барпо этилаётган замонавий уй-жойлар, таълим муассасалари, дам олиш масканларию, қатор хизмат кўрсатиш ташкилотларининг янгича кўринишида ўзининг акс-садосини бермоқда.

Одамларнинг ҳаётдан мамнунлиги, аввалгидек катта шаҳарларни орзу қилмасдан, ўзи ҳам замонавий шаҳарчаларда яшаётганидан шодонлик ҳисси замирида бир ҳақиқат — қишлоқларни обод қилиш йўлидаги ислоҳотлар ётибди, десак муболағага йўйманг. Ана шундай ҳудудлардан бири — Тошкент вилояти Чиноз туманининг кўп миллатли “Эшонобод” қишлоғида ҳам “Обод қишлоқ” дастури доирасида катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бугун янгича қиёфа касб этаётган бу жойлар кишида гўё эндигина пайдо бўлгандек тасаввур уйғотади. Аммо бу ўша — эшонободликларнинг қадрдон қишлоғи. Фақат энди у замонавий кўринишда, барча қулайлик, шарт-шароитларга эга масканга айланган.

Қишлоққа таклиф этилган бир гуруҳ меҳмонлар, хусусан, вилоят ҳокимликлари, қатор ташкилотлар мутасаддилари ҳамда Россия Федерацияси, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон Республикаларининг фавқулодда ва мухтор элчилари ана шу ўзгаришларга бевосита гувоҳ бўлди. Байрам тадбирига узоқ-яқиндан келган меҳмонларни очиқ юз билан қарши олган қишлоқнинг турли миллат вакилларидан иборат аҳолиси юзидаги табассум, юқори кайфият бир онда тадбир иштирокчилари юзига ҳам кўчди. Йўлаклар бўйлаб безатилган декорациялар эса қишнинг совуқ кунларида қалбларга илиқлик, чинакам баҳорий кайфият бахш этиб турди. Қишлоққа кираверишданоқ баралла янграган ўша машҳур “Бир келиб кетинг қишлоғимизга” қўшиғи олис-олисларгача акс-садо берди.

— Миқёс ва мазмун жиҳатидан ниҳоятда кенг кўламга эга бўлган “Обод қишлоқ” дастури туфайли Эшонобод қишлоғида истиқомат қилаётган қарийб 3,2 минг аҳоли ҳаётида мўъжизага тенг ўзгаришлар юз берди, — деди Чиноз тумани ҳокими  Акмалхон Мадиев. — Пандемия туфайли дунё давлатлари каби мамлакатимиз олдида пайдо бўлган мураккаб муаммо ва қийинчиликлар, дуч келинган турли синовларга қарамасдан, катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди ва “Эшонобод” бамисоли мўъжаз шаҳарчага айланди. Тошкент вилояти маркази Нурафшон шаҳридан 80 километр, Чиноз тумани марказидан 20 километр олисда, қўшни Қозоғистон Республикаси билан чегара ҳудудда жойлашган Эшонобод МФЙнинг аввалги аҳволи ниҳоятда ачинарли ҳолатда бўлган. Логистика,  инфраструктура ва бошқа жиҳатлардан фуқароларга шароит яратиб беришда анчагина камчиликларимиз бор эди. Шу боис, мазкур қишлоқ 2019 йилда “Обод қишлоқ” дастурига киритилгач, юртдошларимиз талабидан келиб чиққан ҳолда,  биринчи навбатда, мактаб, мактабгача таълим муассасаларини таъмирлашга киришилди. Қишлоқнинг кўп миллатли аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида маҳалла маркази қурилди. Унда рақамли технологиялар асосида 140 дан ортиқ хизматларни кўрсатишга мўлжалланган Давлат хизматлари агентлигининг филиали очилди. Ёшлар учун дам олиш масканлари бунёд этилди. Бугун ана шу ишлардан қишлоқ аҳли мумнун. Шу масканни ўзига ватан ичра кичик ватан деб билган, бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқликда яшаб, Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик ва бошқа миллатларга мансуб юртдошларимиз юз-кўзидаги қувончнинг, юракларни лиммо-лим тўлдириб, жўшқин дарёдек тошиб чиқаётган зўр кўтаринкилик ва шукроналик кайфиятининг чек-чегараси йўқ.

Бунёдкорлик ишлари таълим даргоҳларидан бошланди

Юртнинг келажаги бўлган ёшларни тарбиялашни аввало, боғча, мактаблардан бошлашимиз кераклиги айни ҳақиқат. Президентимиз илгари сурган “Келажак боғчадан бошланади” ғояси замирида ҳам ана шу ҳақиқат ётибди. Шу жиҳатдан, Эшонобод қишлоғидаги 17-сонли мактабгача таълим муассасасининг дастур доирасида тўлиқ таъмирдан чиқарилиши аҳолининг айни кўнглидаги иш бўлди.

Асли 1990 йилда ташкил этилган бу боғчада 2017 йилгача 30 нафардан ортиқ болани қабул қилишнинг имкони бўлмаган. Йиллар давомида анча эскириб қолган таълим даргоҳини таъмирлаш учун 1 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилди. Натижада қамрови 150 нафарга етказилган боғча ақлни пешлайдиган, билимни чархлайдиган, зийраклик, чаққонлик ва ҳозиржавобликни тарбиялайдиган замонавий таълим-тарбия воситалари билан жиҳозланди. Инновацион тажриба сифатида катта мониторда проектор орқали дарслар ўтиш йўлга қўйилди. Бугун ушбу масканда ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик тилларида таълим-тарбия олаётган турли миллат болалари аҳил-иноқликда мактаб таълимига тайёргарлик кўрмоқда. Боғча ҳовлисида ўрнатилган қардош миллатларнинг анъаналарига хос декорациялар ҳам миллатлараро тотувликнинг ифодаси сифатида акс этиб турибди.

Қишлоқдаги 350 ўринга мўлжалланган 20-умумий ўрта таълим мактабида ҳам дарслар ўзбек, қозоқ ва қирғиз тилларида олиб борилади. Дастур доирасида тўлиқ таъмирдан чиқарилган мазкур таълим даргоҳи 1972 йилда ташкил этилган эди. Таъмирлаш жараёнларида қўшимча равишда 180 ўринли бино қурилиб, замонавий асосда жиҳозланди. Ҳозир бу ерда  13 та қозоқ, 15 та ўзбек синфи мавжуд.

Қишлоқда таълим билан спортни уйғунликда олиб боришга ҳам катта эътибор қаратилган. Мактаблардан узоқ бўлмаган жойда янгидан қурилган болалар ва ўсмирлар спорт мажмуаси ҳам доим ўғил-қизлар билан гавжум. Эндиликда, қишлоқ ёшлари мажмуада футбол, волейбол, теннис, қўл тўпи, бокс ва бошқа спорт турлари билан шуғулланиб, вақтларини мазмунли ўтказишлари мумкин бўлади. Муҳими, келгусида жаҳон ареналарида ватанимиз байроғини баланд кўтаридиган бўлажак чемпионлар мана шу мўжаз майдондан етишиб чиқиши учун замин ҳозирланди.

Дўстлик оҳангларига жўр бўлиб…

Ўзбекистонда ҳукм сураётган ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, тотувлик, бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган янги объектларни фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирлар том маънодаги тантаналарга, таъбир жоиз бўлса, дўстлик байрамига айланиб кетди. Қишлоқда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, барпо этилган кўплаб ижтимоий соҳа объектлари, замонавий уй-жойлар она заминимизда яшаётган барча миллат ва элат вакилларига кўрсатилаётган бирдек эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

“Аҳиллик” кўчасида қад ростлаган бешта — қозоқ, қирғиз, тожик, рус ва татар миллати анъаналари акс этган беш ўтовнинг ичи-ю ташида шу куни қишлоқдаги кўп миллатли аҳолининг аҳил-иноқ, тотув-ҳамжиҳат ҳаётидан ҳикоя қилувчи ўзига хос дўстлик муҳити ҳукм сурди. Ҳар бир ўтов олдида ўз куй-қўшиқ, миллий рақсларини намойиш этган миллатлар вакиллари меҳмонларга кўтаринки кайфият улашди. Тадбир иштирокчилари ўтовлар ичига кириб, қардош миллатларнинг урф-одатлари, миллий таомлари, ҳунармандлик ва амалий санъат намуналари билан танишди. Йиғилганлар тилида бир ҳақиқат — Ватанимиздаги мана шундай миллатлараро дўстлик муҳити билан бирга, аҳил қўшничилик сиёсати халқимизни янги Ўзбекистонни барпо қилишдек буюк ғоя атрофида бир мушт бўлиб бирлашишига хизмат қилаётгани бот-бот такрорланди.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган ислоҳотларда тўлиқ ўз аксини топган “Обод қишлоқ” дастури доирасида бу ерда олиб борилган бунёдкорликлар ҳар қандай кишини ҳаяжонга солади, — деди Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий. — “Эшонобод”да ўзбек, рус, тожик, қозоқ, қирғиз миллатларининг ўзаро ҳамжиҳат, бир оила аъзоларидек яшаётгани бизни жуда хурсанд қилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ишга туширилган корхоналар албатта яқин келажакда бу қишлоқ иқтисодиётини янада юксалтиради. Таълим, маданият ва спортни ривожлантириш учун қурилган иншоотлар ёш авлодни баркамол тарбиялашга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев эса чекка бир қишлоқда бундай ободончиликлар амалга оширилганидан ҳайратда экани, замонавий мактаб биносининг янги ўқув қўлланмлари ва дарсликлар билан таъминлангани, ўқувчилардаги билим олишга бўлган интилишлар, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш асосида иш олиб бораётган турли соғломлаштириш тўгараклари киши ҳавасини келтиришини таъкидлади. Дарс жадвалларида ҳафтасига 2 соат рус тили дарси ўтилаётган бўлса-да, болаларнинг рус адабиётини мунтазам ўқиб-ўрганиши, шу тилда мустақил ўзаро мулоқот қилиши натижасида анча бийрон сўзлашаётганини эътироф этди.

Ўтовлар атрофидаги куй-қўшиқларнинг оҳанги қулоқлардан узоқлашиб улгурмасдан, қишлоқ хиёбонида ташкил этилган катта амфитеатрда бахши-жировларнинг айтишувлари авж олди. Оҳангларга солинган тўйғулар сўзга инди, қалб тебранишлари куйга дўнди. Янгиланаётган қишлоқлар манзараси куй бўлди, қўшиқ бўлди.

Дўстлик ва китобларга эҳтиром

Қишлоқ аҳлининг пойтахтдан кам бўлмаган шароитларда дам олишлари, маданий хордиқ чиқаришлари учун ҳам қулайликлар яратилди. Эски яйловда бунёд этилган истироҳат боғи “Дўстлик боғи”га айланди. Боғнинг ҳар бурчагида турли давлатларнинг архитектура намуналари қурилди. Бу хиёбон — мамлакатимиз ва жаҳондаги энг нодир меъморий обидаларнинг ихчам макетларини ўзида мужассам этган. Хиёбонга кириб келар экансиз, аввало, Ватанимиз Бош майдонининг рамзий дарвозаси — Эзгулик аркасининг макетига кўзингиз тушади. Парвозга шайланаётган турналар халқимиз қалбидаги беғубор орзулар, фаровонлик ва барака тимсоллари бўлса, баланд ва мустаҳкам устунлар мамлакатимизнинг бақувват таянчларини ифодалайди.

Шу ернинг ўзида Китоблар монументининг қурилиши эса қишлоқ ҳаётида катта воқелик бўлди. Монумент Алишер Навоий, Мусо Хоразмий, Абдулла Қодирий, Абай Қўнонбоев, Чингиз Айтматов, Садриддин Айний, Александр Сергеевич Пушкин каби буюк аллома, маърифатпарвар ижодкорларнинг турли тиллардаги асарларини битта ўқ илдизда бирлаштириб турибди. Китоблар монументида номи зикр қилинган ижодкорларнинг асарларини махсус штрих кодлар орқали мобил қурилмаларга осон юклаб олиш имкони ҳам яратилган.

“Касбим журналист бўлганлиги сабабли Тяньшанда тез-тез бўлиб тураман. Тяньшан йўллари, унинг қиру адирлари, виқорли тоғ чўққилари, ўзининг шаррос ёмғиру дўллари, қишли қор-бўронларидан туядек қутурган дарёю довонлардаги об-ҳавоси ўлим ваҳимасини солиб турсада, лекин Иссиқкўлнинг гўзал, кўркам манзарасини бошқа ердан топа олиш мумкинми? Қаранг, Иссиқкўлимиз қандай ажойиб. Айниқса, оққушлар. Оққушлар Иссиқкўлга кузда учиб келишади. Баҳорда эса жуда камдан-кам келишади. Уларни баҳорда келишлари яхшиликдан, бахтдан дарак берар эмиш.” Чингиз Айтматов номидан айтилган бу сўзлар Муқимий театри актёри Иқбол Ошиқов томонидан моҳирона ижро этилар экан, йиғилганлар ўзларини худди буюк адиб қаршисида тургандек, у билан нигоҳлари беихтиёр тўқнашиб, қалбан мулоқот қилаётгандек ҳис этди. Бошқа ёзувчи, шоирларнинг ҳам бадиий қиёфалари бир қатор актёрларимиз яратган образларда гавдаланиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

Бу боғда ана шундай бадиий чиқишлар, ёшлар ижросидаги турли санъат намуналари бундан кейин давом этаверади. Адабий тадбирлар, мушоиралар бир-бирига уланиб, боғ китобхон ўғил-қизларнинг энг севимли масканига айланиши шубҳасиз.

Қишлоқда янги барпо этилган маданият саройида бундай машғулотларни бошлаб юборган эшонободлик санъатсевар ёшлар меҳмонларни ўзларининг ижод намуналари билан кутиб олди. 200 ўринга мўлжалланган маданият ва санъат ўчоғи кўп миллатли қишлоқ ёшларининг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъат, компьютер технологиялари билан машғул бўлиши учун ажойиб имконият яратади. Ўғил-қизларнинг санъат кошонаси саҳнасида намойиш этиладиган илк кичик чиқишлар келгусида катта санъаткорларнинг етишиб чиқишига туртки берса, ажаб эмас.

Меҳмонлар бу ерда беш эзгу ташаббус, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида амалга оширилган шароитлар, турли тўгараклар, қишлоқ аҳли ва ёшлар учун яратилган бошқа имкониятлар билан танишди.

Қишлоқ аёллари ишли бўлди

Бугун мамлакатимизда “Обод ва хавфсиз маҳалла” ҳамда “Маҳалла раиси — ислоҳотчи” тамойиллари асосида фуқаролар билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизим яратилди. Эшонобод қишлоғининг исми-жисмига мос Файзобод кўчасида қад ростлаган замонавий маҳалла маркази ҳам бу борадаги ислоҳотларнинг амалий ифодасидир. Барча шароитларга эга замонавий маҳалла фуқаролар йиғини биносида мўъжаз кутубхона ва мутолаа зали, тумандаги Халқ қабулхонаси, давлат хизматлари марказининг шохобчалари, 3-сектор штаби, тиббиёт пункти, банк филиали каби одамларга максимал даражада қулайлик яратишга хизмат қиладиган объектлар ташкил этилган. Меҳмонлар бинодаги шароитлар билан танишар экан, мамлакатимизда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, икки институтни уйғун ривожлантириш борасидаги ислоҳотларнинг чекка бир қишлоқдаги натижасига юқори баҳо берди.

Файзобод кўчасида илк марта “темир дафтар”га киритилган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ёшлар ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун намунавий лойиҳалар асосида уч хонали 38 та арзон уй-жой қурилганини ҳам кўпчилик эътироф этди. Туман ҳокимининг таъкидлашича, уйлар 20 йиллик имтиёзли кредит эвазига берилиб, ипотека кредитининг бошланғич бадали давлатимиз ажратган субсидия ҳисобидан қопланган. Айтиш жоизки, бу уй-жойсиз, эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган янгича тизимнинг яққол намунасидир.

Яна бир муҳим жиҳати, “Обод қишлоқ”ни барпо этишда аҳоли, айниқса, хотин-қизларни иш билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Тадбиркорлар томонидан ҳудудда 500 ўринли тикувчилик цехи очилиб, ишчилар учун барча шароитлар яратилди. Корхона икки қисмдан иборат бўлиб, хотин-қизлар аввал 120 ўринли цехда ўқитилиб, сўнг асосий цехга ўтказилади. Қишлоқда яшовчи чеварлар ҳамда янги иш ўрганиб, қўли келишган тикувчилар мана шундай замонавий тикув корхоналарида меҳнат қилиб, рўзғорига барака киритмоқда.

— Ўзим Эшонобод қишлоғида яшайман, — деди Обида Тоҳирова. — Уч фарзандим бор. Оддий уй бекаси эдим. Қишлоғимизда катта тикув цехи очилгач, ишга келдим. Уйимизга яқин жойда бўлгани учун қатнашда қийинчиликлар бўлмаяпти. Ҳозир тикишни ўрганаяпман, сўнг асосий тикув цехига ўтаман. Бу ерда шароитлар яхши, ойлик маоши ўз вақтида берилади. Шундай яхши шароитда ишлаб, оиламиз даромадига ўз ҳиссамни қўшаётганимдан хурсандман.

Тикув корхонасида турли хилдаги кийим-кечаклар, хусусан, курткалар, костюм-шим, спорт кийимлари ҳамда махсус ишчи кийимлар тикилади. Маҳсулотнинг асосий қисми қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда. Даромад ҳам ёмон эмас. Жорий йилда 350 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Аҳамиятлиси, шу ерда хотин-қизларга тикиш-бичиш сир-асрорини ўргатувчи 200 ўринли замонавий ўқув маркази ҳам иш бошлади.

Шунингдек, дастур доирасида қишлоқ оилавий поликлиникаси биноси қайта таъмирланди. Замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, тез тиббий ёрдам автомашинаси билан таъминланди. Ҳудудда меҳмонхона, минимаркет, дорихона, гўзаллик салони ҳам иш бошлади. Қишлоқ аҳолисининг энг катта муаммоларидан бўлган ичимлик сув, йўл, электр энергияси билан боғлиқ бирламчи ҳаётий масалалари ҳал қилиб берилди.

Аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, “Обод қишлоқ” дастури доирасида  бешта нуқтада 400 метр ер қаъридан чучук сув чиқарилиб, 14 километр сув тармоғи тортилди, 2 та ичимлик сув объекти қурилди. Натижада “Эшонобод” ва унга қўшни бўлган “Бирлик”, “Сутбулоқ”, “Узумзор”, “Ғайрат”, “Тонг юлдузи” ва “Ўзбекистон” маҳаллаларидаги 13 мингдан ортиқ аҳоли оби ҳаёт билан таъминланди.

Қишлоққа янги трансформатор ўрнатилиб, мавжудлари таъмирланиши, электр тармоғи янгиланиши билан ҳудуддаги электр энергияси муаммоси ҳам ҳал этилди. Катта кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди.

Кўчаларга ўрнатилган чироқлар туфайли бугун “Эшонобод”нинг оқшомлари ҳам гўзал ва тароватлидир. Замонавий объектлар, мўъжаз хиёбон ранго-ранг чироқлар ёғдусида бамисоли юлдуздек порлаб турар экан, инсон не-не синовларни мардона енгиб келаётган халқимизни бирлаштириб турган буюк куч — эзгулик, бунёдкорлик ва маърифат қудратини яна бир карра чуқур ҳис қилади.

Ана шундай ҳаёллар оғушида юрганимизда тадбирида пайдо бўлган мард йигитларимиз қаноти — қорабайир отлардаги ҳарбийларнинг чиқишлари байрамга ўзгача ҳарорат, шукуҳ олиб кирди. Айниқса, бўлажак ватан ҳимоячиларини ўзига қаратган бу мард, жасур ўғлонлар Эшонобод қишлоғидан етишиб чиққан  кўплаб Ватан ҳимоячилари, ўз мактабини яратган ҳарбийлар тимсолида гавдаланди гўё. Уларга ҳавас билан боққан қишлоқ ёшлари келажакда ана шу акалари каби ҳақиқий ватанпарвар бўлишни мақсад қилди.

Шу тариқа, ўзаро аҳил-иноқликда яшаб келаётган кўп миллатли Эшонобод қишлоғи аҳолиси янгидан бунёд этилган обод қишлоқда яна бир шодиёнани кўтаринки руҳда нишонлади. Маҳалладошлар, қишлоқдошлар бир ерга жам бўлиб, дўстлик алоқалари, ҳамжиҳатлик туйғуларидан яна бир карра диллар яйради. Янгитдан чирой очган замонавий масканларни кўриб, кўзлар қувонди, диллар шодликка тўлди. Бундай шодиёна онлар юртимизнинг барча бурчакларида кезиб, “Обод қишлоқ”лар сони кун сайин кўпайиб бораётгани эса қалбимизда шукроналик туйғуларини мавжлантиради.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

(“Янги Ўзбекистон” газетаси. 16.12.2020, 244-сон)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 1

OAV nomi va parolini kiriting!