“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЭКСПОРТ  —   ТАРАҚҚИЁТ  ТАЯНЧИ

Бугун жаҳон тажрибаси мамлакатлар иқтисодий барқарорлигини таъминлашнинг асосий омилларидан бири қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш эканини яққол кўрсатмоқда.

Бугун экспорт қилинган мева-сабзавотларимиз дунёнинг турли бурчакларигача етиб боряпти. Охирги йилларда маҳсулотларни МДҲ мамлакатларидан ташқари йирик ташқи бозорлар — Хитой, Германия, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Болтиқбўйи давлатларига экспорт қилиш йўлга қўйилди. Мамлакатимизда мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлашда сифатнинг яхшиланиши, қадоқлаш жараёнларида замонавий технологияларнинг қўлланилиши ҳисобига дунёда ўзбек маҳсулотлари, айниқса, гилос, анор, қовун, қуритилган мевалар, ёнғоқ ва узумга талаб ортиб бормоқда.

Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида умумий қиймати 416,6 миллион долларга тенг 720,4 минг тоннадан зиёд мева-сабзавот экспорт қилинди. Мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари Қозоғистон (31,3 фоиз), Россия Федерацияси (25,6 фоиз), Қирғизистон (17,1 фоиз), Афғонис­тон (5,8 фоиз), Хитой (3,2 фоиз), Покистон (3,1 фоиз) ва Украина (2,0 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.

— Аввалгига нисбатан бугунги натижаларимиз ёмон эмас, аммо юртимизнинг бу борадаги имкониятларини ҳисобга олсак, ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар жуда кўп, — дейди Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси раиси Мухтор Умаров. — Йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида тўпланиб қолган муаммолар, ўтган давр мобайнида соҳада деярли туб ислоҳотлар ўтказилмагани, ерга янгича, замонавий ҳамда илмий ёндашув билан қаралмагани, ерлар асл эгаларига берилмагани боис қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишда барини бошидан бошлашга тўғри келди. Ачинарлиси, ҳозир ҳам одамларимизда ерга кўр-кўрона ёндашув, экинни тезроқ ерга қадаб, тезроқ ҳосил олиш ва сотишга интилиш бор. Бироқ биз жаҳон бозорига чиқаётган эканмиз, аввало, сифатли ва халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар етиштиришга эътибор қаратишимиз лозим. Бу борада қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, кластер, кооперация ва плантациялар ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, улар тизимни тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади.

Диверсификация — қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашув

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ҳақида гапирилган илк кунларданоқ бу борада эски тизимдан воз кечиб, соҳага янгича ёндашувни олиб кириш, ҳудудларни бир хил маҳсулот етиштиришга ихтисослаштириш, аҳолига экин экишдан тортиб, маҳсулотларини сотишга кўмаклашадиган “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолиятини йўлга қўйиш бў­йича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Айниқса, жойларда жаҳон тажрибасида кенг оммалашган кластерлар, кооперацияларнинг ташкил этилиши сифатли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни жадаллаштирди. Ўтган қисқа вақт давомида республикамизнинг барча ҳудудларидаги туманларда маҳаллий ҳокимлик­лар ва мутасадди ташкилотлар билан биргаликда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган кўплаб ана шундай қишлоқ хўжалиги кооперативлари, кластерлари ташкил этилиб, улар орқали минглаб кам таъминланган, ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланмоқда.

Бугунги кунда соҳани ривожлантириш, экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган қишлоқ хўжалигини диверсификациялашга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Жаҳон амалиётида кенг қўлланилаётган ушбу атама лотинча “диверсификацион” сўзидан олинган бўлиб, ўзгартириш, хилма-хил тараққиёт маъноларини англатади. Унинг луғавий маъноси ислоҳий маъносидан айро бўлмаган ҳолда, ишлаб чиқарилган маҳсулот ассортименти, яъни турини кўпайтириш, янги истеъмол бозорларини излаб топиш, ишлаб чиқаришнинг янги кўринишларини ўзлаштириш каби тушунчаларни беради.

— Қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш бевосита фермер хўжаликларини диверсификациялашга боғлиқ бўлиб қолмоқда — деди Мухтор Умаров. — Соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, моддий-техника базасини мус­таҳкамлаш, энг муҳими, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётини янада юксалтириш, қишлоқ жойларда аҳоли турмуш даражасини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ўз навбатида, фермер хўжаликлари фаолиятини диверсификациялашни тақозо этмоқда. Боиси, диверсификациянинг асосий мақсади фермерларнинг бозор конъюнктураси ўзгаришини ўз вақтида илғай олиш ва хўжаликнинг иқтисодий фаолиятини барқарорлаштиришдан иборат.

Дунё тажрибасида аллақачон плантациялар, кооперациялар ташкил этиб, уларнинг атрофида деҳқон, фермерларни бирлаштирадиган, тизимни бошқарадиган лидерлар билан ишлаш йўлга қўйилган. Масалан, Туркия ёки Нидерландияда кластерлар, деҳқон хўжаликлари ёки деҳқон бирлашмалари ташкил қилиниб, уларга бириккан ҳар бир оила, ҳар бир фермерга 1,5-2 гектардан ер берилади. Уларни битта етакчи бошқаради, яъни у кластер ёки плантацияга тегишли барча молиявий, ҳуқуқий ва бошқа муаммоларни ҳал этишни ўз зиммасига олади. Харидор ёки банк ходимлари ҳамма масалаларни кластер раҳбари билан келишади. Табиийки, кластер ёки кооперацияда ҳаракатланаётган лидер бу борада тажрибага эга, ташқи ёки ички бозордаги харидорлар билан алоқа ўрнатган бўлиши талаб этилади. Жараёнда лидер олдиндан буюртма шартномасини имзолайди ва шу асосда кластер ёки кооперациядаги деҳқон ва фермерларга буюртма беради. Мазкур тизим техникалар етишмовчилигига ҳам барҳам беради. Чунки битта кластерга битта техника, битта омборхона етарли бўлади. Улар техникадан келишган ҳолда, галма-гал фойдаланишни йўлга қўйиш орқали ортиқча сарф-харажатни тежаб ­қолади.

Давлатимиз раҳбари 23 июль куни қишлоқ ва сув хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ва бозор муносабатларини янада ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видео­селектор йиғилишида 2021 йил якунигача 3 минг гектарда плантация шаклида интенсив боғлар барпо этиб, янги тартиб асосида аҳолига 1-1,5 гектардан ер тарқатган ҳолда 2-2,5 минг оиланинг бандлигини таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар берди. Мева-сабзавотчилик кооператив ва клас­терлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 212 миллион доллар ажратилиши белгиланди.

Ташкил этиладиган плантациялар таркибидаги оилалар сони қанча кўп бўлса, етакчиларда хориж­га кўпроқ маҳсулот етказиб бериш бўйича йирик шартномалар тузиш имконияти шунча катта бўлади. Кластер, кооперация ёки плантация раҳбари қўл остидаги деҳқон ва фермерлар, оилаларга кўчат, уруғлик етказиб беришдан тортиб, етиштирилган маҳсулотни яхши нархда экспорт қилиб беришгача бўлган жараённи ўз зиммасига олиши аҳоли учун қулайлик яратади.

Шунингдек, Президентимиз томонидан ушбу жараёнлар самарадорлигини оширишда кластер, плантациялар таркибида илмий марказлар ташкил этиш, уларда деҳқон ва фермерларга зарур билим ва кўникмаларни бериш ташаббуси илгари сурилди. Биз илм-фан тараққий этган даврда яшаяпмиз. Демак, ҳар бир соҳа, ҳатто деҳқончиликка ҳам илмий ёндашиш талаб этилади. Кластер ёки кооперация раҳбари янги бозорларга чиқиш, кўпроқ фойда келтирадиган маҳсулотларни топиб, уларни кўпайтириш технологиясини амалиётда қўллаш бўйича зарур билимларга эга бўлса, ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам йилдан йилга ортиб боради.

Имтиёзлар экспорт салоҳиятини оширмоқда

Бугун мева-сабзавот ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган тадбиркорларга қатор имтиёзлар, зарур шароитлар яратилиб, айрим маҳсулот турлари божхона тўловларидан озод қилинаётгани, замонавий иссиқхоналар қуриш учун имтиёзли кредитлар ажратилаётгани юртимиз экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.

“Қашқадарё парник тараққиёт инвест” МЧЖ корхонаси раҳбари Асомиддин Раҳмонов ҳам ана шундай имкониятлардан фойдаланиб, замонавий иссиқхона қуришга қарор қилганида Қарши шаҳри ҳокимлиги унинг ташаббусини қўллаб-қувватлаб, 32 гектар ер майдони ажратиб берди. Ишни бошлаш учун банк томонидан тадбиркорга 7 йилга 6 фоизли ставка асосида хорижий линиянинг валюта кредити ҳисобидан 5 миллион АҚШ доллари берилди. Тадбиркор 14 гектар ерда гидропоника усулидаги инновацион иссиқхонани ишга тушириб, 240 нафар ёшни иш билан таъминлади. Бозор талабларидан келиб чиқиб, ҳозир иссиқхонанинг 10 гектарида помидорнинг пуштиранг нави, 4 гектарида эса бодринг етиштирилмоқда.

— Президентимиз 2016 йилдаёқ гидропоника усулидаги иссиқхоналар қуриш, қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида инновацион технологияларни қўллаган ҳолда жаҳон талабларига жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳақида гапирганида кўпчилик учун бу тасаввур этиш қийин бўлган жараён, амалиётда деярли қўлланилмаган янгилик эди, — дейди “Қашқадарё парник тараққиёт инвест” МЧЖ корхонаси раҳбари Асомиддин Раҳмонов. — Лекин давлатимиз раҳбарининг қатъий саъй-ҳаракатлари, ишбилармонликни қўллаб-қувватлаш, барча соҳаларга илғор технологияларни олиб киришга қаратилган тезкор чора-тадбирлари билан халқ чин маънода тадбиркорликка ўрганди. Амалиётга фаол татбиқ этилаётган фармон ва қарорлар билан ўз ишини очиш истагидаги ёшлар олдида тўсиқ бўладиган барча ғовлар олиб ташланди. Бугун ҳақиқатан ишлаган одам яхши яшайдиган замон келди. Фақат машаққатлардан қўрқмасдан, ўз олдига қўйган мақсади сари дадил ҳаракат қилиш керак, холос.

Асомиддин ака йил сўнгига қадар маҳсулотларни қайта ишлашга мўлжалланган 2 та мини цехни ишга тушириш лойиҳаси устида ишлаяпти. Унга кўра, иссиқхонада пишиб етилган қишки маҳсулотларни дунё бозорларига экспорт қилиш, ёзгиларини эса цехларда қайта ишлаб, томат, консерва каби тайёр маҳсулотларга айлантириш кўзланган.

Юртимизда мева-сабзавот экспорти бўйича нафақат маҳаллий, балки халқаро лойиҳаларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Улардан бири USAIDнинг қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш (АVC) лойиҳаси бўлиб, шу кунга қадар лойиҳа доирасида юртимиздаги 600 дан ортиқ агробизнес вакили фаолиятига кўмак берилди. Мутахассислар 2018-2019 йилларда ҳамкор фермерлар ҳосили 79 фоиз, йиллик даромадлари 38 фоиз ўсишига ҳисса қўшди.

Айни пайтда лойиҳа аъзолари 280 дан ортиқ мева-сабзавот ишлаб чиқарувчи корхона билан ҳамкорлик қилмоқда. Лойиҳа доирасида юртимиздаги мева-сабзавот экспорт қилувчи 70 дан ортиқ компанияга амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

20 йилдан буён мева экспорти билан шуғулланиб келаётган RedPack МЧЖ раҳбари Раҳмонберди Саламатов ҳам лойиҳа кўмагида ўз бизнесини кенгайтиришга эришди.

– Бизнесимни бошлаганимда бор-йўғи 3 та ходимим бор эди, – дейди Раҳмонберди Саламатов. – Ҳозир эса 30 кишини иш билан таъминлаганман. 1994 йилда Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида қовун экинига ихтисослашган бизнесни бошлаганимда мева ва сабзавот экспорт қилувчилар учун кўплаб сунъий тўсиқлар бор эди. 2017 йилдан бошлаб бу тизимни тартибга солиш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар экспорт ҳажмининг ўсиши ва ушбу соҳага киришни истаган янги тадбиркорлар сони ортишига туртки берди.

2017 йилда Раҳмонберди аканинг USAIDнинг қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш лойиҳаси мутахассисларига мурожаати асосида улар компанияни латвиялик мева импортёри билан боғлади ва икки томонлама ҳамкорлик алоқалари ўрнатилишига эришилди. Ҳозирга қадар RedPack компанияси Латвияга 187 та машинада қовун жўнатишга муваффақ бўлди. Ҳар йили бу кўрсаткич 20 фоиз ошмоқда. 2020 йилги мавсумда Раҳмонберди ака Беларусь, Латвия, Германия ва Украинага қўшимча юкларни етказиб бериш бўйича 3 миллион долларлик 6 та янги шартнома имзолаган.

Мамлакатимизда мева-сабзавотни қайта ишлаш соҳаси ҳам кун сайин ривожланиб бормоқда. Ушбу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, йирик корхоналар эгаларига имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳисобига сўнгги йилларда тизимда сезиларли ютуқлар кўзга ташланяпти. Бу борадаги муваффақиятларни кўплаб кластерлар, хусусан, Тошлоқ туманидаги “Ўз-Сеганг” корейс-ўзбек қўшма корхонаси фаолияти мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ҳозир барча турдаги мева-сабзавотларни қайта ишлаш йўлга қў­йилган мазкур корхона йилига 16 минг тонна маҳсулот экспорт қилиш имкониятига эга. Қувонарлиси, бундай йирик корхонлар сони юртимизнинг барча ҳудудларида кун сайин ортиб бормоқда.

Халқаро стандартлар — экспорт кафолати

Озиқ-овқат экспорти ҳақида гап борганида, эътибор қаратилиши зарур бўлган яна бир муҳим жиҳат маҳсулотнинг жаҳон стандартлари талабига жавоб бериши ҳисобланади.

Охирги йилларда бу йўналишда ҳам сезиларли ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Кўплаб деҳқонлар, фермер хўжаликлари ва мева-сабзавот экспорти билан шуғулланувчи тадбиркорларга Global G.A.P, Organic, НАССР каби халқаро сертификатларнинг берилиши ноанъанавий бозорлар, жумладан, Европа давлатларига йўл очмоқда.

— Халқаро сертификатларни қўлга киритиш кўпчилик ўйлаганидек тез ва осон кечадиган жараён эмас, — деди Мухтор Умаров. — Бунинг учун йиллаб вақт керак бўлади. Масалан, деҳқон ерига гилос экаётган бўлса, ери, сувининг таркиби ва сифатидан тортиб дарахтларнинг нави, ҳосилдорлик даражасигача текширувдан ўтказилиши керак бўлади. Барча жараёнлар таҳлилдан муваффақиятли ўтиб, талабга жавоб беради, деб топилганидан ке­йингина халқаро сертификат берилади.

Бундан ташқари, маҳсулот жаҳон бозорида ўз ўрнини топиши учун экспортёр тинимсиз ўз устида ишлаб, мева-сабзавот сифати, узоқ йўлга чидамлилиги, энг муҳими, харидор топишда билим ва тажрибага эга бўлиши лозим. Бугунги кунда кўплаб тадбиркорлар, деҳқон ва фермер хўжаликлари ана шу жиҳтларни ўрганиб, кўникмалар ҳосил қилиши, уларга берилаётган қатор имтиёзлардан тўғри фойдаланиши натижасида экспорт борасида сезиларли ютуқларга эришаётганини ҳам таъкидлашимиз жоиз. Айниқса, водий аҳли бу борада етакчилик қилмоқда.

Айтиш керакки, бугун барча ҳудудларда мева-сабзавотчиликни ривож­лантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш, одамларни иш билан таъминлаш, ишлаб чиқариш ва экспортни ривожлантириш давлат иқтисодиётининг муҳим қисмига айланди. Жорий йилда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш орқали ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида респуб­ликанинг 55 та тумани мева-сабзавотчиликка тўлиқ ихтисослаштирилди. Юртимидаги 4 та вилоят — Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Навоийда жами 18,5 минг гектар, хусусан, Бўстонлиқ ва Паркент туманларида ғалла майдонлари тўлиқ қисқартирилиб, ўрнига мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш йўлга қўйилди. Олтиариқда 1 350 гектарда войиш усулида янги токзорлар, Қувада 950 гектарда анорзор ва Қувасой шаҳрида 700 гектар майдонда гилос плантациялари барпо этилмоқда.

Бу борада амалга оширилиши режалаштирилган келажак лойиҳалар ҳам бисёр. Президентимизнинг 2020 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида озиқ-овқат саноати йўналишида 568,8 миллион долларлик 49 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Жумладан, мева-сабзавот тармоғи ва қайта ишлашда қиймати 332,9 миллион доллар бўлган 24 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади.

Бундан ташқари, 2020-2022 йилларда давлат инвестиция дастурига қўшимча равишда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш йўналишида умумий қиймати 5,83 триллион сўм бўлган 529 та янги лойиҳа устида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Президентимиз раислигида 23 июль куни ўтказилган йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилиш бўйича 500 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш юзасидан Жаҳон банки билан келишувга эришилгани алоҳида таъкидланди. Айтиш жоизки, Ўзбекистон тарихида биринчи марта илм ва инновацияни ривожлантириб, тармоқда бошқарувни халқаро стандартлар асосида ташкил этишга маблағ йўналтирилмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида шу йўналишдаги 8 та илмий-тадқиқот институти, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибидаги бир қатор ташкилотлар фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, замонавий лабораториялар ва ускуналар билан жиҳозланади. Бунинг учун Жаҳон банкининг 124 миллион доллар инвестицияси ва Европа Иттифоқининг 2 миллион доллар грант маб­лағлари йўналтирилади. Йиғилишда соҳани ривожлантиришга ажратилаётган маблағларни тўғри йўналтириб, бир сўмни икки сўм қиладиган ло­йиҳаларни ишлаб чиқиш, бунинг учун маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ва экспортга тайёрлаш қувватларини оширишга алоҳида аҳамият қаратиш бўйича топшириқлар берилди.

Ушбу келажак лойиҳалар, аниқ чора-тадбирларнинг бари қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва, албатта, Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотлари дунёнинг барча бурчакларига етиб боришини таъминлашга хизмат қилади.

“Бизга буюртма портфели зарур”

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари таъмининг ширинлиги, кўпроқ органик йўналишда етиштирилиши ва бошқа қатор афзалликлари билан хорижлик харидорлар эътиборини тортади. Аммо жаҳон бозорида рақобат ниҳоятда кучли ва унда муносиб ўрин эгаллаш учун маҳсулот таъми ёки сифатининг ўзи камлик қилади.

Озиқ-овқат етиштириш ва йирик шартномалар имзолашда биздан ўзадиган давлатлар кўп.

— Сўзсиз, мева етиштириш ва экспорт қилиш бўйича Ўзбекистон сўнгги йилларда етакчи давлатлар қаторига қўшилди. Айниқса, ўрик, гилос, анор меваларига хорижда талаб ортиб бормоқда. Бироқ мавжуд талабни сифатли қондириш, экспорт салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш учун бизга буюртма портфели зарур, — деди Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси раиси Мухтор Умаров. — Буюртмаларни мувофиқлаштирувчи органлар билан кластерлар, кооперациялар, плантацияларни ривожлантиришимиз зарур. Ҳозирча бизда катта-катта плантациялар йўқ. Барча экин майдонлари кичкина томорқаларга бўлинган. Улардан маҳсулотларни йиғиб, бир жойга жамлаб, экспорт қилиш билан шуғулланадиган брокерлар синфи, “Томорқа хизмати” МЧЖлар шаклланган. Тўғри, бу тадбиркорлар ўз фаолияти ва ваколати доирасида аҳолига маҳсулотларини сотишда яқиндан ёрдам беряпти. Аммо мамлакатлар ўртасида йирик шартномалар имзолаш учун мувофиқлаштирувчи органлар фаолиятини йўлга қўйиш талаб этилади.

Юртимизда бу бўйича зарур ишлар бошланган. Вазирлар Маҳкамасининг июнь ойида муҳокамага қўйилган “Халқаро бозорларда тан олинган сифат ва мувофиқлик стандартларини (Global G.A.P, Organic, НАССР ва бошқалар) жорий этишга кўмаклашувчи механизмларни ишлаб чиқиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида айни шу масалага эътибор қаратилиб, тегишли ташкилотларга қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти бўйича буюртма портфелини шакллантириш вазифасини юклатиш кўзда тутилган. Ишонамизки, яқин йилларда бу иш амалга оширилади. Айни кезда Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси ҳам буюртмаларни мувофиқлаштирувчи органлар қаторида бўлишга интилмоқда.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

(“Янги Ўзбекистон” газетаси. 5.08.2020, 145-сон)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 2

OAV nomi va parolini kiriting!