“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЎЗБЕК ИПАГИ ЖАҲОН БОЗОРИДА

 ЯНГИ “БРЕНД”ГА АЙЛАНМОҚДА

 

         Ер юзининг ҳар қандай бурчагида қиёси топилмайдиган атлас, адрас матолари ранго-ранг жилоси билан кишини мафтун этади. Чунки, халқимизнинг нафақат замонавий тараққиёти, балки қадим ўтмишидан сўзлагувчи бежирим бу каби матоларимизга сўнгги йилларда хорижликларда ҳам қизиқиш ортиб, дунёнинг машҳур дизайнерлари томонидан яратилаётган либослар коллекцияларидан муносиб жой эгалламоқда.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳамкорлигидаги “Ўзбекистонда барқарор пиллачиликни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида ўтказилган “Халқаро инвестиция форуми” ва “Silk and Fashion” ўзбек ипак матоларидан тикилган либослар намойиши ҳам чет элликларнинг ҳам диққат-эътиборида бўлди.

Намойишда ўзбек дизайнерлари томонидан бир-бирини такрорламайдиган 10 дан ортиқ либослар коллекцияси тақдим этилди. Замонавий декорация ва ёрқин чироқлар билан безатилган намойиш йўлаги ёш дизайнерлар учун ўзига хос ижод майдонига айланди. Йўлак бўйлаб кетма-кет ўтаётган ҳарир либослар жилоси ва залдаги иштирокчиларнинг таассуротлари халқаро форумнинг 100 га яқин хорижлик меҳмонларига онлайн транслация тарзида етказилиб, ўзбек ипак матоларининг жозибасини жонли кўришларпи учун имконият яратилди.

Либослар намойишида иштирок этган Малика Сайфуллаева, Асал Қосимбекова, Мадина Мавлонова, Гулруҳ Бозорова, Нилуфар Камолова, Динара Ашурова, Мафтуна Акбарова каби ёш ва иқтидорли дизайнерлар яратган либослар коллекцияси йиғилганлар эътирофига сазовор бўлди. Улар орқали нафақат миллий ипак матоларимиз, балки халқимизнинг бой маданий мероси, ипакчилик йўналишидаги қадимий ва замонавий услублари жаҳон аҳлига яна бир карра намойиш этилди.

“Ўзбекистонда барқарор пиллачиликни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини ўтказишда юртимизда ипакчилик саноатини ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари суриш, ипак маҳсулотларини лойиҳалашдан тортиб, маркетинггача бўлган жараёндаги асосий тўсиқларни аниқлаш ва бартараф этишни мақсад қилинган эди.  Уни амалга ошириш жараёнида Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятларида ипак етиштириш, дизайн, маҳсулотларни диверсификация қилиш бўйича ўқув дастури ҳам ташкил этилди. Бунда қишлоқ аҳолисининг ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлари, хусусан, ишсиз ёшлар ва аёллар, имконияти чекланган шахслар ҳамда кексаларга алоҳида эътибор қаратилди.

— Ўзбекистонда ипак ишлаб чиқаришнинг қадимий тарихи ва бой анъаналари, иқлим, аҳолининг зичлиги, шунингдек, қишлоқ жойларда меҳнат ресурсларининг юқори даражаси ипакчиликни инвестиция учун истиқболли тармоққа айлантиради, — деди ФАОнинг юртимиздаги ваколатхонаси лойиҳа координатори Шерзод Умаров. — “Ўзбекистонда барқарор пиллачиликни қўллаб-қувватлаш» лойиҳасининг амалга оширилиши мазкур тизим ва, умуман, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга хизмат қилди.

 

ЯНГИДАН КАШФ ЭТИЛГАН 4 МИНГ ЙИЛЛИК АНЪАНАЛАР

Мамлакатимизда ипакчилик тармоғининг ривожаланиш босқичлари қадим тарихга бориб тақалади. Ипак қурти етиштириш ва ипакни йигириш амалияёти бундан 4000 йил олдин Ўзбекистоннинг жанубида, шунингдек, Зарафшон дарёси бўйларида ривож топганлигига доир маълумотлар мавжуд. Бугунги кунда юртимиз пилла етиштириш ва ипак толаси ишлаб чиқариш бўйича дунёда Хитой ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринда туради.

Аждодларимиз томонидан бир неча минг йил илгари тамал тоши қўйилган пилла етиштириш анъаналарининг бардавомлиги бежиз эмас. Боиси, ушбу тармоқ узоқ йиллар давомида халқимизнинг асосий меҳнат машғулотиларидан, даромад манбаларидан бири бўлиб келган.

Бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш, Ўзбекистонда ипакчилик ва пиллачилик тармоғини ривожлантиришга охирги йилларда эътибор ортди. Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан янги тузилманинг иш бошлаши соҳа ривожи йўлида ташланган муҳим қадам бўлди. Ҳужжатнинг асосий мақсади тармоқни илғор технологиялар асосида тубдан ислоҳ қилиш орқали нафақат “ўзбек ипаги”нинг дунё бозоридаги янгича талқинини шакллантиришни, балки кўплаб одамларни иш билан таъминлаш имкониятини кенгайтиришга ҳам қаратилган.

— Тузилманинг ташкил этилиши ипакчилик ва пиллачилик тизимида янгича ёндашувлар, жаҳон талабларига мос ислоҳотларни амалга оширишга замин ҳозирлади, — дейди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бошқарув раиси Баҳром Шарипов. — Бу борада охирги тўрт йилда Президентимизнинг ўндан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди. Бугун мазкур ислоҳотлар ўзбек миллий ипак маҳсулотларининг жаҳон бозорларига чиқиши ва соҳада ишлаб чиқариш ҳажмининг бир неча баробарга ортишига хизмат қилмоқда.

Аввало, тармоқда озуқа базасининг мустаҳкамлангани ҳисобига пилла етиштириш ҳажми жорий йилда 2017 йилга нисбатан 180 фоизга ўсганини қайд этиш жоиз. Мисол учун бундан уч йил олдин республикамизда 2 894 туп тут кўчати экилиб, 184 гектар янги тутзор барпо қилинган бўлса, 2020 йил баҳор мавсумида 48 736 туп тут кўчати ҳамда 3 658 гектар янги тутзорлар ташкил этилди. Бугунги кунда мамлакатимиз бўйича 49 124 гектар майдонда тутзор, 69 763,9 миллион туп якка қатор тут дарахтлари мавжуд. Тутзорлар сонининг кескин оширилиши натижасида тизимдаги пиллани қайта ишлаш корхоналарининг йил давомида тўлиқ қувват билан фаолият юритишига эришилмоқда.

ИПАК ҚУРТИ БИРГИНА ПИЛЛА МАНБАИ ЭМАС

Мамлакатимизда пиллачиликни ривожлантиришга қаратилган эътибор, яратилган қатор имтиёз ва имкониятлар ўз-ўзидан мазкур йўналишда фаолиятини олиб бориш истагидаги корхоналар сонининг ортишига замин яратди. 2017 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида йигирманчи давлат сифатида Халқаро ипакчилик Кенгашига (ISC) аъзо бўлгач, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси қошида 13 та ҳудудий, 144 та туман “Агропилла” МЧЖлар фаолияти йўлга қўйилди. Айни пайтда тизимда 11 та ипак қурти уруғи тайёрловчи, 71 та кластер усулида пиллани етиштириш ва қайта ишлаш асносида ипак маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд. Жами 761 минг нафар, шундан, 24 минг 440 нафари доимий ва 736 минг 567 нафари мавсумий иш ўринлари яратилган.

Охирги икки йилда янги лойиҳаларнинг амалга оширилиши, соҳада илмий-тадқиқот ишларининг ривожлантирилиши натижасида 10 та ипак мато, ипак гилам ва тайёр ипакли маҳсулотлар, 3 та ипак ва жун аралашмаларидан қўлда гилам тўқувчи йирик корхона ҳамда 1 та ипак қурти ғумбагидан оқсил ишлаб чиқарувчи қувват ишга туширилди. Ипак қурти ғумбагидан ёғ ишлаб чиқариш, унинг асосида эса қимматбаҳо доривор ва фармакологик воситалар, косметология йўналишидаги маҳсулотлар, пилла совуни, шунингдек, тут баргидан чой ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

“Inter Silk Pro” МЧЖда эса ҳозирги кунда ипак қурти ғумбагидан хитин ва хитозан оқсиллари ҳам тайёрланяпти. Бу Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Полимерлар кимёси ва физикаси институти билан биргаликда  йўлга қўйилган мазкур лойиҳа ўзини оқлаётганини кўрсатади. 2020 йил I-II мавсумларда 20 610,9 тонна (101,47 фоиз), такрорий III-IV масумларда 872,8 тонна (100,55 фоиз) пилла хомашёси етиштирилишида мазкур корхонанинг ҳиссаси катта.

Шунингдек, жорий йилда ипак қуртининг маҳаллий зот ва дурагайларини кўпайтириш мақсадида Самарқанд ва Фарғона вилоятларида суперэлита ва элита уруғларини тайёрлайдиган 2 та наслчилик корхонаси ишга тушди. Улар томонидан шу йилнинг ўзида 2 447 та дастлабки тухум қуймалари, 721 қути суперэлита ва 1 800 қути элита уруғлари тайёрланди.

Уюшма таркибидаги қайта ишлаш корхоналарини пилла хомашёси билан мунтазам таъминлаш натижасида уларнинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 2017 йилдаги 54 фоизлик даража бугунга келиб 94 фоизга етди. Соҳанинг экспорт ҳажми эса 2020 йил якунида 2017 йилга нисбатан қарийиб 4 баробарга ошиши кутилмоқда. Келгусида пиллани қайта ишлаш корхоналари негизида чуқур қайта ишлаш ва бошқа йўналишлар бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

 

ИПАКЧИЛИК — ЗАМОНАВИЙ ҲАМКОРЛИК ТАРМОҒИ

Соҳани ривожлантиришда шубҳасиз, халқаро шерикчилик алоқаларни мустаҳкамлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган давр мобайнида пиллачилик тармоғига жами 175,4 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши натижасида 40 та пиллани қайта ишлаш корхонаси модернизация қилиниб, 2019-2020 йилларда 14 та янги пилла қайта ишлаш, 4 та ипак қурти уруғи, 1 та тут баргидан чой ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилди.

2020 йилда соҳага жами 15,6 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 6,34 миллион доллари корхоналарнинг ўз маблағи, 6,04 миллион доллари тижорат банк кредитлари ҳамда 3,23 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ташкил этади.

Бундан ташқари, ипакчиликни ривожлантириш бўйича бир қанча халқаро ҳамкорлик келишуларига ҳам эришилган. 2018 йилнинг 4—13 июль кунлари “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси делегацияси Германия, Япония, Хитой, Венгрия, Австрия, Италия, Бельгия ва Туркия давлатларида бўлиб, халқаро ташкилотлар, ипакчилик соҳасида фаолият юритаётган ҳамда технологик асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялар вакиллари билан ташкил этилган учрашувлар давомида қатор ҳамкорлик ҳужжатларини имзолашга муваффақ бўлди.

Хусусан, делегатлар ЮНИДО (БМТнинг саноатни ривожлантириш ташкилоти)нинг бош директори жаноб Ли Йонг билан учрашиб, Ўзбекистонда пиллачилик тармоғини ривожлантириш бўйича ОФИД (Нефтни экспорт қилувчи давлатлар — ОПЕКнинг саноатни ривожлантириш фонди) ва ФАО (БМТнинг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат ташкилоти) билан биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича музокаралар олиб борди.

Тўқимачилик соҳасида асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг етакчи технологик компаниялари — “Picanol” ва “Vandewiele” билан тузилган стратегик шериклик шартномаларига кўра, юртимизда замонавий технологиялар билан жиҳозланган, ипакчилик соҳаси ходимлари малакасини оширишга йўналтирилган сервис ва ўқув марказини ташкил этиш режалаштирилган.

Соҳада амалга оширилиши кўзланган бундай халқаро ҳамкорликлар ҳали талайгина. Уларнинг бари ягона мақсад — Ўзбекистонда пиллачилик ва ипакчилик тармоғини ривожлантириш, жаҳон бозорида ипак маҳсулотларимизга бўлган талабни ошириш ҳамда миллий матоларимизнинг дунё миқёсидаги ўрни ва нуфузини янада юксалтиришга қаратилган.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

(“Янги Ўзбекистон” газетаси. 14.12.2020, 242-сон)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!