“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ИЛҒОР ВА

ТАШАББУСКОР ЁШЛАРИ

юрт иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшмоқда

Мамлакат келажагини тезкор фикрлайдиган, замонавий билим ва тафаккурга эга, илғор ғояларни ҳаётга татбиқ эта оладиган, ҳар томонлама етук ёшлар яратади.  Бугун янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларда фаоллик кўрсатаётган ташаббускор ёшлар, турли соҳаларда фаолият юритиб, замонавий лойиҳалари билан юзлаб тенгдошларини эзгу мақсади ортидан эргаштираётган йигит-қизлар замонамизнинг чинакам қаҳрамонларидир.

Давлатимиз раҳбари 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан йўллаган табригида барча соҳалардаги ислоҳотларда йигит-қизларнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Жумладан, республикамизда самарали ишлаётган 227 мингга яқин ёш тадбиркор ва фермер, моҳир ҳунармандлар иқтисодиётимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётганини билдирди.

Чиндан ҳам кўплаб йирик лойиҳалар, дастурлар доирасида истиқболли бизнес режага эга ­йигит-қизларга ҳар томонлама кўмак берилиб, ишини бошлаб олиши учун зарур маслаҳатлар, моддий ёрдам кўрсатиляпти.

Бу ҳақда гапирганда, айниқса, “Ёшлар — келажагимиз” давлат дастурига алоҳида тўхталишимиз жоиз. 2018 йилда ­Президентимиз фармони билан амалга оширила бошлаган мазкур давлат дастури ўтган қисқа вақт ичида кўплаб ёшларнинг тадбиркорлик ғояларига кўмак берди.

Бугунги кунга қадар ёш авлод вакилларининг 7 690 та бизнес лойиҳасига жами 1 триллион 614 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит ажратилиб, 40 мингга яқин янги иш ўрни яратилишига эришилди. Хусусан, ишлаб чиқариш соҳасида жами 742,9 миллиард сўмлик 3 536 та, хизмат кўрсатиш соҳасида жами 581,1 миллиард сўмлик 2 770 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида жами 290,5 миллиард сўмлик 1 384 та лойиҳа молиялаштирилди.

— Ўтган давр мобайнида жамғарма томонидан нафақат “Ёшлар — келажагимиз” давлат дастури, балки “Ҳар бир оила — тадбиркор”, ҳунармандчиликни ривожлантириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш каби дастурлар орқали ҳам ёшларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш бўйича 1 134 нафар йигит-қизнинг 54,7 миллиард сўмлик лойиҳаларини молиялаштиришга кўмаклашилди, — дейди “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси масъул ходими Санжар Ҳожиматов. — Шунингдек, дастур доирасида ёшларнинг умумий қиймати 30,4 миллиард сўмлик лойиҳаларига жамғарма кафиллиги тақдим этилди. Бу уларнинг тадбиркорлик фаолиятларини бошлашларида катта ёрдам бўлди.

Бирни минг қилаётган ёшлар

Албатта, кўрсатилаётган ёрдамлар беиз кетмаяпти. Ўз бизнесини йўлга қўйиб олган ёшлар ўзи ва атрофидагиларни иш билан таъминлаш баробарида мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга сезиларли ҳисса қўшмоқда. Хусусан, ўтган қисқа вақт давомида давлат дастури доирасида кредит олиб, ўз ишини бошлаган ёш тадбиркорлар томонидан 1,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар хорижга экспорт қилинди.

Бу борада наманганлик Садоқат ­Аббосхонованинг ҳам алоҳида ҳиссаси бор. 2018 йилда жамғарма кўмагида 600 миллион сўм кредит маблағи олиб, трикотаж кийимлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Saddam Sado Media” МЧЖ корхонасига асос солган ёш тадбиркор айни пайтда “Садош” бренди остида тикилаётган болалар ва катталар кийимларини Россия, Беларусга экспорт қилишни йўлга қўйган. Корхонада 150 киши ишли бўлган.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг либослар дизайни факультетини тамомлаган Садоқатнинг асли касби модельер-дизайнер. Айни вақтда у ўз соҳасида олган билимларини тадбиркорлик билан уйғунлаштиришга интилмоқда. “Sadosh Textile” корхонасида ишлаб чиқариладиган 50-60 турдаги трикотаж кийимлари унинг дизайнерлик ғоялари асосида тикилади. 25 ёшли қаҳрамонимиз бу ерда ҳатто конструкторлик вазифасини ҳам бажаради.

Корхона фаолиятининг асосий йўналиши катталар ҳамда болалар учун ёзги ва кузги спорт кийимлари ишлаб чиқаришдан иборат. Уларнинг барчаси маҳаллий тола ва матолардан тикилади. Бичиш-тикиш замонавий тикув машиналари ёрдамида амалга оширилади.

— Тадбиркорликни бошлашимдан тортиб бугунги кундаги фаолиятимгача отам билан маслаҳатлашиб, доим унинг тавсия ва ёрдамларига таянаман, — дейди Садоқат. — Ҳозир олинган даромад ҳисобидан корхонани кенгайтириш, замонавий ускуналар олиб келиб, янги иш ўринлари яратиш ҳаракатидамиз. Келгусида “Садош” бренди остидаги кийимлар турини кўпайтириб, экспорт ҳажмини ошириш, ўзбек маҳсулотларини дунё бозорларида янада оммалаштиришни мақсад қилганман.

Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги “Муҳаммадқобил Янги авлод” фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммадқобил Машрапов ҳам деҳқончиликни тадбиркорлик билан уйғунлаштириб, яхшигина даромад олаётган ёшлардан бири. У ­Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи кўмагида 500 миллион сўм кредит олиб, замонавий иссиқхонани ишга туширган. Айни кез 2 гектар ҳосилдор ер майдонида ташкил этилган иссиқхонанинг 1 гектарида бодринг, 70 сотих майдонида помидор, қолганида лимон етиштирилмоқда. Унинг айтишича, томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган мазкур иссиқхонада ҳосилдорлик юқори бўлиб, помидорнинг бир тупидан 5 килограмм, бодрингдан эса 6-7 килограмгача ҳосил олинади. Иссиқхонада етиштирилган сабзавотларнинг асосий қисми ички бозорларга етказилади. Маҳсулотларни Россия, Қозоғистон, Қирғизистонга экспорт қилиш йўлга қўйилган.

Аслида Муҳаммадқобил фаолиятини дастлаб фақат пахта-ғалла йўналишида бошлаган. У 17 ёшидаёқ ер олиб, фермер бўлишга аҳд қилди. 2017 йилда тендерда қатнашиб, кучли рақобатга қарамай, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тавсияси ҳамда тўпланган юқори балл билан ғолиб чиқиб, 50 йил муддатга 36 гектар ерни ютиб олди. Шу тариқа 18 ёшида “Муҳаммадқобил Янги авлод” фермер хўжалигини ташкил этди.

Бу йил 21 ёшни қарши олаётган ­Муҳаммадқобил Машрапов ҳозир ­

41 гектар майдонга эга фермер хўжалигини бошқаришига кўпчилик ишонмайди. Аммо катта ишни масъулият билан уддалаётган қаҳрамонимиз тадбиркорликда анчагина тажриба орттириб, бу борада тенгдошларига намуна бўлмоқда.

У раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигининг 36 гектар ер майдонига пахта ва ғалла экилади. 11 та доимий иш ўрни яратилган бўлиб, дала ишларига мавсумий ишчилар ҳам жалб қилинади. Ҳар йили пахта ва ғалла режаси ортиғи билан бажарилади. Даромад ҳам шунга яраша бўлади, албатта. Ўтган йилги буғдой ҳосилидан 150 миллион, пахтадан 160 миллион сўм даромад олди. Бу йилги режалари ҳам ундан кам эмас. У давлатга 62 тонна ғалла топшириб, режани 102 фоиз бажарди.

Экинни ерга қадаган билан ўз-ўзидан униб чиқиб, ҳосилга кирмайди. Яхши ҳосил олиш учун экинларга парвариш, ўзига яраша билим ва тажриба зарур. Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалида агрономлик йўналиши бўйича 2-босқични тамомлаган Муҳаммадқобил Машрапов бу борада етарли кўникмаларни эгаллаган.

— Пахта ва ғалладан мўл ҳосил олиш учун кўпроқ янги препаратлар, замонавий техникаларни қўллашга ҳаракат қиламан, — дейди у суҳбат давомида. — Фермер хўжалигимизга бошланғич тўлови 210 миллион сўм бўлган техникалар лизинг асосида 10 йил муддатга берилган. Улар орасида Нидерландиядан олиб келинган 2 та ҳайдов трактори ҳамда Ўзбекистон — Корея қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган ғўзага ишлов берувчи культиватор бор. Мазкур техникалар иш жараёнида самарадорликни бир неча баробар ошириб, ишчи меҳнатини енгиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Айни вақтда ҳудудда худди иссиқхоналардаги каби пахта далаларида ҳам томчилатиб суғориш технологиясини қўллаш оммалашиб бормоқда. Муҳаммадқобил 2021 йилда 20 гектар пахта даласида томчилатиб суғоришни жорий этишни режалаштирган.

Шу кунларда ёш фермер яна бир янги ишни бошлаш арафасида. Бу йилги ғалла ва пахта ҳосилидан олган даромади эвазига 40 сотих майдонда интенсив усулда балиқ етиштиришни режалаштирган. Айни пайтда сунъий сув ҳавзасини қуриш бошланган. Йил охирига қадар хориждан ҳудуднинг сув ҳарорати ва иқлим шароитига мос балиқ чавоғи олиб келинади.

Янги имконият эшиклари очилмоқда

Бугунги кунда ёшларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, ўз бизнесларини бошлаб олишлари учун қулай муҳит ва шароит яратишда республикамиздаги 27 та “Ёш тадбиркорлар” коворкинг маркази ҳамда 157 та “Ёшлар меҳнат гузари” ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Айни вақтда ушбу масканларда 2 минг 200 нафардан ортиқ йигит-қизнинг ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига эришилди.

Мазкур комплексларда 70 та савдо дўкони, 65 та тикув цехи, 58 та сартарошхона, 39 та автосервис, 35 та новвойхона ва қандолат цехи, 22 та умумий овқатланиш шохобчаси, 19 та ҳунармандчилик устахонаси, 14 та ўқув маркази, 8 тадан “Book cafe”, китоб дўкони, телефон тузатиш устахонаси, компьютер хизмати, фотостудия, дорихона ва бошқалар ташкил этилди. Бир жойда жамланган кенг кўламдаги хизмат турларидан фуқаролар ҳам мамнун бўлмоқда.

Лойиҳа мақсадига кўра, гузарда ёш тадбиркорларга бинолар, офис техникаси ва жиҳозлари имтиёзли шартларда ижарага берилиб, интернет тармоғи ва бошқа зарур техник воситалар билан таъминланади. Уларга бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоя ва лойиҳаларини амалга оширишда зарур ёрдамлар кўрсатилади.

Навоий вилоятининг Нурота ва Томди туманларида иш бошлаган “Ёшлар меҳнат гузарлари”да ҳам ўнлаб йигит-қизлар учун янги иш ўринлари яратилди. Бу ердан жой олиш учун талабгорлар “Ёшлар — келажагимиз” жамғармасининг туман филиалларига мурожаат қилиши кифоя. Нурота туманидаги “Ёшлар меҳнат гузари” комплексида брокерлик хизматини йўлга қўйган ёш тадбиркор Азиз Аҳмедов берилган имкониятлардан фойдаланиб, ўз ишини очишга муваффақ бўлди.

— Тумандаги энг замонавий ва инновацион бинода тадбиркорлик фаолиятимни бошлаш имкониятига эга бўлганимдан жуда хурсандман, — деди у. —  “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси томонидан менга нафақат бинодан жой, балки 25 млн. сўм имтиёзли кредит ҳам ажратилди. Ҳозир туманимизда эндигина ривожланаётган ушбу соҳада ўзимдан ташқари яна 2 нафар тенгқурим иш билан бандмиз. Биз, ёшлар бор кучимизни ишга солиб,  иқтисодиётни инновацион ривожлантириш, рақамли технологиялар кўламини кенгайтириш, тенгдошларимизни иш билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз.

Freelancer — келажак соҳаси

Меҳнат гузарларида фаолият бошлаган ёшлар орасида замонавий соҳа эгалари — дастурчилар ҳам топилади. Сўнгги вақтларда мамлакатимизда IT соҳаси ва, умуман, барча хизмат турларини электронлаштириш йўналишида катта ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Айниқса, пандемия шароитида масофадан туриб, хизмат кўрсатиш ва даромад топишга талаб ортди. Натижада биз учун янги йўналишлардан ҳисобланган фрилансерлик фаолияти ёшлар орасида мўмай даромад топишнинг яна бир тури сифатида оммалаша бошлади.

Юртимизда ушбу соҳага эътибор ортиши натижасида йўналиш вакиллари, яъни интернет тармоқлари орқали хизмат кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган кишилар давлат томонидан қўллаб-қувватланиб, уларнинг фаолиятига бир қатор имтиёз ва имкониятлар берилмоқда. Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 22 апрель куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам фрилансерлик фаолиятига алоҳида тўхталиб, мутасаддилар олдига бундай фаолият турлари учун имтиёз ва преференциялар тақдим этиш, ёшларни интернетдан фойдаланиб, ақлий меҳнат орқали даромад топишга ўргатиш, соҳани ривожлантириш учун хорижда оммабоп бўлган тўлов тизимларини йўлга қўйиш бўйича вазифалар қўйган эди. Кейинроқ Президентимизнинг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан фрилансерларга контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги ­оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактуралари

(инвойс)ни, жумладан, электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилди.

— Жаҳон тажрибасига назар ­ташласак, кўплаб мамлакатларда IT хизматлари экспорти катта ҳажмни ташкил этади, — дейди “Hirelancer.uz” фрилансерлик биржаси асосчиси Жамшид Собиров. — Бу йўналишдаги тизим дун­ёда йил сайин такомиллашиб бормоқда. Бизда ҳам фрилансерлик соҳасини ривожлантириш бўйича фаол ишлар бошланди. Хусусан, Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳри кенгашида Фрилансер марказининг очилиши, соҳа вакиллари фаолият юритиши учун яратилаётган веб-платформалар, Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилган “Hirelancer.uz” фриланс биржаси дастурчи йигит-қизлар учун кенг имкониятлар эшикларини очмоқда.

Ана шундай фаолият турига қизиқувчи йигит-қизларнинг малакасини ошириш, уларга зарур ёрдам кўрсатиш ва ишлаши учун қулай муҳит яратиш мақсадида шу йилнинг 13 июнь куни Тошкент шаҳри Ёшлар марказида иш бошлаган “Freenlance Centre”да фрилансерлик фаолиятини бошлаган, аммо уйида ишлашга шароити бўлмаган ёки бу йўналишга қизиқаётган ва уни ўрганиш истагидаги ўғил-қизлар учун барча шароитлар яратилган. Марказда пандемия пайтида 15 нафар, карантиндан кейин 28 нафар фрилансернинг ишлаши учун жой ҳозирланган бўлиб, хона интернет тармоғига уланган энг замонавий компьютерлар билан жиҳозланган.

Бу ерда Hirelancer.uz сайти асосчиси Жамшид Собиров ва унинг бир қанча йўналиш бўйича иш олиб борадиган профессионал координаторлардан иборат жамоаси ҳам фаолият юритмоқда. Улар ёш фрилансерларга веб-дизайн, сайт иши, видеодастурлар ишлаб чиқиш бўйича назарий ва амалий ёрдам бериш билан бирга, бу йўналишга энди қадам қўяётган йигит-қизларнинг ўз ишини топиб кетишида йўл-йўриқлар кўрсатишга доим тайёр.

— Мен ҳам ишимни дастурчи сифатида бошлаганман. Ҳозир малакали дастурчи ва дизайнерлардан иборат ўз жамоам бор, — деди у. — Бу тизим бизнинг 2 йиллик таҳлилларимиз асосида яратилган ва ҳозир кўплаб ёшларнинг ўз иш фаолиятларини юритишига кўмак бермоқда. Мен ўз жамоам билан фахрланаман. Уларнинг орасида 16 ёшли 2 нафар йигит бор. Улар ҳали ёш бўлишига қарамай, буюртмаларни бажариш ва тизимни юритишда юқори натижаларни кўрсатмоқда.

Ахборот технологиялари тобора ривожланиб бораётган бугунги даврда фрилансерлик чиндан истиқболли ва даромад келтирувчи соҳалардан ҳисобланади. Юртимизда бу йўналишга қизиқувчилар сони тобора ортиб бораётгани қувонарли ҳол. Яқин йилларда фрилансерлик соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланиши ва аҳоли турмуш даражасининг ошишида муҳим тармоқлардан бирига айланиши шубҳасиз.

Миллий анъаналарнинг замонавий намойиши

Фарғоналик ёш тадбиркор Шоҳиджон Қодиров миллий ҳунармандчилик маҳсулотларига бўлган меҳри сабаб уларни дунё мамлакатларида кўз-кўз қилиш мақсадида. Бу борадаги ҳаракатлари натижасида қаҳрамонимиз шу йилнинг 15 июль куни Ўзбекистон “Ҳунарманд” уюшмаси ва Савдо-саноат палатаси ташаббуси ҳамда мамлакатимизнинг Бош консуллиги кўмагида Афинанинг Каллифея туманида “Ўзбекистон ҳунармандлари савдо уйи”ни очишга муваффақ бўлди.

Айтиш жоизки, диёримизда асрлар давомида ривожланган миллий ҳунармандчилик анъаналари бугунги кунга келиб, замонавий тадбиркорликнинг яна бир йўналишига айланиб бормоқда. Ҳудудларда ишбилармонлик муҳитига кенг йўл очилиши туфайли ҳунарманд усталаримиз ўзлари яратган маҳсулотларини жаҳон бозорларига олиб чиқиб, қўл ишлари билан хорижлик харидорларни ҳайратга соляпти.

Риштон шаҳридаги “Моҳи Диёр ­Рошидон” МЧЖнинг грециялик ҳамкорлар билан биргаликда ўтган йили тузилган “Craftence” компанияси негизида ташкил этилган “Ўзбекистон ҳунармандлари савдо уйи”га айни вақтда оилавий корхона томонидан қарийб 7 минг дона сопол лаган, кўза, ваза, сувенир ва қўл меҳнати билан ясалган бошқа ҳунармандлик буюмлари етказиб берилди.

— Риштонда қадимдан сопол буюмлар ишлаб чиқаришнинг ноёб технологияси яратилган бўлиб, ҳозир ҳам ҳудуддаги кулолчилик мактаби ўзига хос бадиий жиҳатлари билан алоҳида ажралиб туради, — дейди “Craftence” қўшма компанияси раҳбари Шоҳиджон Қодиров. — Ана шу санъат турини дунёга намоён этиш, ўзбек ҳунармандчилиги буюмларига хорижликларнинг эътиборини жалб қилиш мақсадида ўтган йили Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси таклифи билан Грецияда миллий маҳсулотларимизни сотишга мўлжалланган ҳунармандлар савдо уйини ташкил этишга қарор қилдик. Ўзбекистоннинг Грециядаги бош консули Олимжон Қосимов кўмагида грек ҳамкорлар билан танишиб, биргаликда иш бошладик. Ўтган ойда ишга тушган савдо уйидан жой олган ўзбек миллий ҳунармандчилиги намуналари — сўзана, атлас-адрас матоларидан тикилган либослар, дўппилар ҳамда сопол буюмлар грециялик харидорларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

“Моҳи Диёр Рошидон” МЧЖда чинни буюмлар ишлаб чиқариш корхонаси ҳам ташкил этилган бўлиб, бу ерда 48 нафар киши иш билан банд. Ишлаб чиқариш жараёнининг асосий қисми хориждан олиб келинган 24 та замонавий аппарат ёрдамида бажарилади. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1 миллион дона буюм, экспорт ҳажми эса 250 минг АҚШ долларига тенг. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар, асосан, Россия, Тожикистон, ­Грецияга экспорт қилинади.

Юртимизнинг қадимий ва бой тарихи, бетакрор жозибасини акс эттирувчи миллий ҳунармандчилик намуналарини дунёга намоён этишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фарғоналик тадбиркор келгусида иш фаолиятини янада кенгайтириб, бошқа давлатларда ҳам ҳунармандлик савдо уйларини очишни мақсад қилган. Айни пайтда харидорларга янада қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистоннинг Афинадаги дипломатик ваколатхонаси кўмагида www.craftence.com онлайн савдо дўкони ишга туширилди. У орқали дунёнинг исталган бурчагидаги инсонлар ўзбек ҳунармандчилик маҳсулотларига буюртма бериши мумкин.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

(“Янги Ўзбекистон” газетаси. 19.08.2020, 156-сон)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!