“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ТАДБИРКОР ИСЛОҲОТЧИ БЎЛСА, ЖАМИЯТ ЎЗГАРАДИ,

МУҲИТ ЎЗГАРАДИ

Фарғонада тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ишлари бошланди

Мамлакатимизда сўнгги йилларда катта шаҳарлардан тортиб, энг чекка туман, қишлоқларгача ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришнинг ўзига хос аниқ ва самарали тизими яратилди. Натижада ҳар бир ҳудудда ўзининг илғор ғоялари, фаол ташаббуси ҳамда замонавий ёндашуви асосида тадбиркорликка қўл ураётган инсонлар сони ортиб бормоқда.

Кичик ва ўрта бизнес соҳасида ишлаб, бирор тармоқнинг тараққий этиши, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган ишбилармонлар бугун чин маънода жамиятнинг ислоҳотчи, ташаббускор кишиларига ­айланмоқда.

Шу йилнинг 5-6 июнь ­кунлари Президентимиз Фарғонага ташрифи чоғида вилоятда “Тадбиркор — ислоҳотчи” ташаббусини амалга ошириш таклифини илгари сурди. Давлатимиз раҳбари соҳа вакилларининг фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммолар изчил ўрганилиб, йил якуни бўйича “Фарғона тадбиркорлари — ислоҳотчи” тажрибаси давомида эришилган натижаларни бошқа вилоятларда ҳам татбиқ этиш кераклигини таъкидлади.

Айни пайтда Бизнес ­омбудсман, Савдо-саноат палатаси, Бош вазир қабулхонаси ва вилоятнинг мутасадди ташки­лот-­идоралари вакилларидан ибо­рат ишчи гуруҳ Фарғона вилоятидаги шаҳар ва туманларда тадбиркорлар билан учрашувларни бошлаб юборди. Ишчи гуруҳ вакиллари уч ой давомида вилоятда бўлиб, ҳар бир тадбиркорнинг мурожаатини тинглайди, уларга қонуний кафолатларни кучайтириш бўйича тавсиялар беради.

Тадбиркорлик субъектларининг муаммо ва камчиликларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда ҳал этиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Унда вилоятдаги тадбиркорлик соҳасидаги муаммолар ва уларни бартараф этиш механизмлари акс этган.

— 3,8 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Фарғона вилоятида айни пайтда мавжуд 2,1 миллион нафар меҳнат ресурсидан 1,5 миллиони иш билан банд, — дейди Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи Бобур Ҳамроев. — Шундан 564,5 минг нафари (38,3 фоиз) расмий соҳада, 908,8 минг нафари (61,7 фоиз) эса норасмий соҳаларда фаолият юритмоқда. Вилоятда ишсизлик даражаси 9,7 фоизни ташкил этади. Ишсизлар сони бўйича энг юқори кўрсаткичлар Ёзёвон, Сўх, Учкўприк ва Ўзбекистон  туманларига тўғри келмоқда. “Тадбиркор — ислоҳотчи” ташаб­буси орқали кичик ва ўрта бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларига ечим топиш билан бирга, ишсиз аҳоли қатламини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, туманларда оилавий ишбилармонлик муҳитини яратиш кўзда тутилган.

Вилоят саноати ва йирик тадбиркорлар ташаббуси

Фарғона тадбиркорлик соҳасини ривож­лантиришда ўзига хос тажрибага эга вилоятлардан.

Айни вақтда вилоятда 7 862 та саноат корхонаси фаолияти самарали йўлга қў­йилган. Жорий йилнинг январь-март ойларида яна 342 та янги саноат корхонаси ташкил этилди. Улар вилоят иқтисодиётининг муҳим қисми бўлиб, йил бошида мавжуд корхоналар томонидан жами 4 794,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Жумладан, тоғ-кон саноати ва очиқ конларда ишлаш корхоналарининг маҳсулотлари қиймати 11,8 миллиард сўмни ёки жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 0,3 фоизини ташкил этди.

Бу ерда қишлоқ хўжалиги тармоғи ҳам сезиларли даражада ривожланиб бормоқда. Ўтган йилнинг ўзида вилоят туманларида барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 333 906 тонна мева, 166 107 тонна узум, 39 000 тонна дуккакли экинлар, 112 917 тонна полиз, 310 283 тонна картошка, 1 090 375 тонна сабзавот маҳсулотлари етиштирилди.

Фарғонадаги бир қанча йирик корхоналар раҳбарлари ўз тадбиркорлик салоҳияти, фаол ғоялари, маҳаллий ва жаҳон бозорида эришаётган ютуқлари билан нафақат вилоят, балки республикада намуна бўляпти, десак муболаға бўлмайди. Хусусан, Президентимиз вилоятга ташрифи давомида иш фаолияти билан танишган Тошлоқ туманидаги “Ўз-Сеганг” қўшма корхонасида йилига 16 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш имконияти мавжуд. Бу ерда 100 миллиард сўм эвазига замонавий логистика маркази ташкил этилиб, у илғор технологиялар билан жиҳозланди. Маҳсулотни қайта ишлаш жараёни автоматлаштирилган. Ҳозир корхонани хомашё билан таъминлаш, боғлар ва лаборатория ташкил этиш  бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Марғилон шаҳридаги “Наримтекс” ­масъулияти чекланган жамиятида ҳам хориждан келтирилган энг илғор бичиш-тўқиш, безак бериш ҳамда тикув машиналаридан фойдаланилади. Корхона фаолиятининг илк даврида хотин-қизлар кийимлари оддий тикув машиналарида тикилар эди. Корхона раҳбари Наргиза Аминова мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган кенг имтиёз ва преференциялардан самарали фойдаланиб, Хитой билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш жараёнини модернизациялаштиришга эришди. Натижада корхона пальто, куртка, костюм, пиджак каби сифатли маҳсулотлари билан истеъмол бозорида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлди, янги иш ўринлари яратилди. Ҳозир бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифати ва ўзига хос дизайни билан маҳаллий ва хорижлик харидорларга манзур бўлмоқда.

Ана шундай илғор, фаол тадбиркорларнинг саъй-ҳаракати билан вилоятда экспорт ҳажми ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда. Ташқи савдо операциялари, асосан, Осиё, Америка ва Африка давлатлари билан амалга оширилиб, ҳамкорликдаги экспорт улуши жами савдо айланмасининг 100 фоизини ташкил этмоқда.

Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Украина ва Тожикистон ҳам асосий экспорт ҳамкорлардан ҳисобланади. Бу борада Хитой, Германия, Туркия, Корея ­Республикаси, Польша ва бошқа давлатлар улуши 34,3 фоизни ташкил қилади.

— Шу йилнинг январь-март ойлари ҳолатига кўра, вилоятда 26,3 минг тоннадан зиёд — умумий қиймати 16 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди, — дейди Бобур Ҳамроев. — Таҳлилларга кўра, сабзавотлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,1 минг тонна кам, мева ва резаворлар эса 2,7 минг тонна кўпроқ экспорт қилинган. Мамлакатимизда  экспорт  салоҳиятини кенгайтириш, янги бозорларни ўзлаштириш натижасида мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни хориж бозорларига чиқариш ҳажми ортиб бормоқда. Бироқ вилоят миқёсида ҳали етарли натижаларга эришилгани йўқ. Шу боис, тадбиркорликни ривожлантиришда асосий эътибор сифатли ва жаҳон стандартларига мос товар, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг жаҳон бозорларига экспортини йўлга қўйишга қаратилмоқда.

Тадбиркорлар мурожаатлари фаол ўрганилади

Бир пайтлар тадбиркорлик билан шуғулланиш учун минг чиғириқдан ўтиш, турли тўсиқлар, ноқонуний қаршиликларга бардош беришга тўғри келарди. Фаолиятига давлат органларининг сабабсиз аралашуви, ортиқча югур-югур, сарсонгарчиликлардан безиб кетган тадбиркорнинг додини эшитадиган киши топилмасди.

Бугун эса бари ўзгарди. Мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривож­лантириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Респуб­ликанинг барча ҳудудлари, хусусан, Фарғона вилояти иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни ва мавқеи тобора ортиб бормоқда. Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар мулкдорларнинг ўрта синфини шакллантириш, ички бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш, янги иш ўринларини яратиш баробарида аҳоли даромадларини кўпайтириш ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қиляпти.

Айниқса, юртимизда тадбиркорлик фаолияти устуворлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органларининг хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини чеклашга доир изчил чоралар кўрилиб, иқтисодий ислоҳотларнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш орқали ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича имтиёз ва преференциялар тизими яратилди. Ушбу соҳа вакилларига фаолиятида юзага келаётган муаммо-камчиликларни бартараф этишга кўмаклашувчи йирик лойиҳалар, Сall-марказлар ишга туширилди.

— Фарғона вилоятидаги Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасида куну тун ишбилармонлар билан ишлаш тизими йўлга қўйилган бўлиб, улар томонидан йўлланаётган саволлар, турли масалаларни ҳал этиш бўйича қисқа фурсатларда зарур чоралар кўриляпти, — дейди Бобур Ҳамроев. — Бугунга қадар қабулхонага келиб тушган 1892 та мурожаатнинг 1852 таси кўриб чиқилиб, шундан 1 204 таси ижобий ҳал этилган, 636 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган. Мурожаатларда келтирилган асосий муаммолар кредит бериш, ер ажратиш, инфратузилма тармоқларига уланиш, рухсатнома ва лицензия олиш ҳамда солиқ масалалари билан боғлиқ. Айниқса, пандемия шароитида тадбиркорларнинг мурожаатлари сезиларли даражада ортган.

Вилоятда пандемия вақтида мавжуд 20 881 та тадбиркорлик субъектидан 5 893  таси ўз фаолиятини тўхтатган эди. Айни кунларда уларнинг 4 942 таси карантин қоидаларига амал қилган ҳолда иш фаолиятини қайта тиклади. Ҳозир фаолият юритмаётган 951 та тадбиркорлик субъектининг 526 таси умумий овқатланиш, 197 таси ташиш ва сақлаш ҳамда 206 таси бошқа соҳаларга тўғри келади.

Айтиш жоизки, “Тадбиркор — ислоҳотчи” ташаббуси доирасида нафақат тадбиркорлар муаммоларини ҳал этиш, балки ишсиз фуқароларни меҳнатга жалб этиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳам кўзда тутилган. Бунинг учун вилоятда Хитой тажрибаси асосида “темир дафтар” юритиш йўлга қўйилди. У карантин шароитида ишсиз, даромадсиз қолган эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилаларнинг маҳаллада шакллантирилган шаффоф рўйхати бўлиб, иш ёки ёрдамга муҳтож оилалар асосида тузилади. Ҳозир Фарғона вилоятидаги 43 мингдан ортиқ оила мазкур рўйхатга киритилган. “Темир дафтар”ни юритиш тажрибаси асосида одамларни иш билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, ўқитиш ва уй-жойини таъмирлаш давлат дастурини шакллантириш режалаштирилган.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

(“Янги Ўзбекистон” газетаси. 19.06.2020, 111-сон)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 1

OAV nomi va parolini kiriting!