“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

“МАҲАЛЛАБАЙ” ИШЛАШ ТИЗИМИ

оилаларни тадбиркорликка жалб этиб, камбағалликдан чиқаришга имкон  яратяпти

Ёшлигимизда “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган гапни кўп эшитардик. Ўйлаб қарасак, ўша вақтларда чиндан ҳам маҳаллаларда яшовчи инсонлар, айниқса, оқсоқоллар ҳар бир хонадондаги шароитни билиб, ундаги болаларнинг одоб-ахлоқи, юриш-туришидан бохабар бўлар, ножўя қадам ташласа, бепарво бўлмасдан, дарров ота-онасини огоҳлантирарди.

Йиллар давомида бу анъана, қадриятлар бироз унутилгандек, бир муддат фуқаролар ҳаётида маҳалланинг ўрни, аҳамияти сустлашиб боргандек бўлди. Шу боис, бир неча йил олдин юртимизда бошланган улкан ислоҳотлар аввалида маҳаллаларнинг ўрнини қайта тиклаш вазифаси долзарб масалага айланди. Бугунги кунда маҳалла тизимини тубдан ислоҳ қилиш, юклатиладиган вазифалар кўламини кенгайтириш, бундай масканларда амалга ошириладиган ишларни, аввало, фуқаролар турмуш тарзини яхшилаш, айниқса, камбағалликни қисқартириш билан уйғун тарзда олиб боришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу одамлар ҳаётида ҳам сезила бошлади. Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир ҳудудда халқ билан мулоқотнинг янгича, энг самарали ва анъанавий механизми — “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди.

Шу йилнинг 26 январь куни давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда “маҳаллабай” ишлаш бўйича янги тизимни ташкил этиш ва камбағалликни қисқартиришга доир аниқ вазифалар белгиланди. Эътиборлиси, бу жараёнларда барча даражадаги раҳбарлар “пастга тушиб”, одамларнинг дардига қулоқ тутиши, уларнинг муаммоларига ечим топишига катта урғу берил­япти.

Маҳалла раисининг ўзи хонадонларга кириб боради

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Эски қалъа маҳалласига йўлимиз тушиб, шу баҳона МФЙ раиси Наргиза Аҳмедова билан хонадонларга кириш, оилаларнинг аҳволи билан танишишга чоғландик. Аввалига маҳалла биносида бошланган суҳбатимиз узоқ давом этди. Сўзга чечан, дилкаш ва самимий бу аёл маҳалласидаги ўзгаришлар, ишсиз оилалар, ёшларга берилаётган имтиёзлар, тадбиркорлик учун яратилаётган шароитлар ҳақида тўлқинланиб гапирди.

— 2017 йилда мана шу Эски қалъа маҳалласи раиси сифатида фаолият бошлаган кезларим маҳалла тизимининг аввалги мавқеи тикланиб, одамларнинг унга бўлган ишончи қайта орта бошлаган пайтлар эди, — деди Наргиза опа суҳбат бошида. — Жараёнларга мос тарзда биз ҳам янгича ишлашга киришдик. 2020 йилнинг март ойида юртимизда жорий этилган карантин аҳоли билан ишлашнинг янада фаол тизимини йўлга қўйишни тақозо этди. Президентимиз топшириқлари асосида маҳалла фаоллари мутасадди ташкилотлар вакиллари билан биргаликда уйма-уй юриб, ҳар бир хонадонга кирган ҳолда, фуқароларнинг муаммоларини ўргана бошладик. Бир қанча мезонлар асосида савол-жавоблар ўтказиб, аҳолининг муҳтож қатламини ажратиш асносида, уларга моддий кўмак бериш, иш билан таъминлаш каби тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Эски қалъа маҳалласи аввалдан шароити оғирроқ, ривожланишдан анча ортда қолган ҳудудлардан бўлган. Аҳолиси, асосан, томорқачиликдан кун кўрган. Бу ерда тадбиркорлик, ишлаб чиқариш деярли бўлмаган. Шу боис, ҳудуддаги ижтимоий аҳволни изга тушириш осон бўлмади. Маҳалла раиси ва унинг ёрдамчилари, мутасадди ташкилотлар вакиллари саъй-ҳаракати билан эҳтиёжманд, ишсиз оилалар аниқланиб, уларга зарур ёрдамлар кўрсатиляпти. Аниқланиб, деяётганимиз бежиз эмас. Боиси, ҳақиқатан ҳам муҳтож оилалар уйма-уй юриш асносида аниқланяпти.

— Ўтган йили карантин давридаги ўрганишлар, аҳоли билан суҳбатлар жараёнида Мардона 2-тор кўчасида истиқомат қиладиган Наргиза Отаматова хонадонида бўлиб, муаммолари, даромад манбаи ҳақида сўраганимизда, аёл ҳамма нарсадан розилигини айтди, — деди маҳалла раиси. — Эшикдан чиқиб кетаётганимизда эса мени четга тортди. Аёл бўлганим учунми, ўзида жиддий касаллиги борлиги, бу ҳақида одамларга гапиришга уялишини айтиб, йиғлаб юборди. 5 йил давомида кимётерапия ­муолажаларини олгани, маълум вақтдан кейин даволанишни яна давом эттириши кераклигини эшитиб, шунча йилдан буён маҳалла раиси бўла туриб, шу аёлнинг касаллиги ҳақида билмаганимдан уялиб кетдим. Яхшиямки, “маҳаллабай” ишлаш тизими жорий этилди. Одамларнинг ичига кириб, уйма-уй юриш орқали, ҳақиқатан, аҳоли орасидаги биз билмаган, балки чуқурроқ сўрашга ҳафсала қилмаган муаммоларни яққол юзага чиқаряпти.

Наргизани тиббий ёрдамга муҳтожлар қаторида “Темир дафтар” рўйхатига киритдик. Бир неча бор ёрдам пуллари ажратилди.

Бир куни Наргиза Отаматова менга қўнғироқ қилиб, суҳбатлашиш истагида эканини айтди. Шунда аёл “Бу касаллик — бир дард. Борган сари уни енгиб ўтяпман. Нима учундир сўнгги вақтларда ҳаётга, яшашга бўлган иштиёқим ортиб боряпти. Шунинг учун мени “Темир дафтар”дан чиқариб, тадбиркорликка йўналтирадиган “Аёллар дафтари”га олсангиз”, деганида, унинг илтимосини бажонидил қўллаб-қувватладик. У банкдан ажратилган 33 миллион сўм кредит ҳисобига 4 та тикув машинаси, зарур хомашёни олдию, ўзида бор 3 та тикув машинасини ҳам ишлатиб, тадбиркорликни бошлаб юборди. Ҳозир ёнига бошқа қизларни ҳам олиб, 8 та иш ўрни яратган.

Шундай матонатли аёл ҳақида эшитиб, улар билан танишиш истагида маҳалла раисидан Наргиза опанинг уйларига олиб боришларини сўрадик. Опа жон деб рози бўлди. Йўл унча узоқ эмасди. Аммо ана шу қисқа вақтда раиса опамиз тадбиркорлигини йўлга қўйган кўплаб фуқаролар ҳақида сўзлай кетди. Кимдир кредит олиб паррандачиликни, кимдир томорқачиликни, бошқа биров сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бўлса, айримлар ўз маблағи ҳисобидан хусусий тадбиркорлик ишини бошлаган.

Раиса опамизнинг айтишича, ўтган йили маҳалла “Темир дафтар”ига кирган 35 нафар фуқаронинг бари иш билан таъминланиб, рўйхатдан чиқарилган. Ҳозирда “Аёллар дафтари”да 5 та, “Ёшлар дафтари”да 4 та фуқаро қолган. Уларни 1 июнгача рўйхатдан чиқариш кўзда тутилган.

МФЙ мутасаддилари томонидан бугунги кунда маҳалланинг 5 та асосий “драйвер”и аниқлаб олинган. Биринчиси, меҳмон уйларини ташкил этиш. “Зангиота” зиёратгоҳи доим ташриф буюрувчилар билан гавжум бўлиб,  иссиқ пайтлари ҳафта давомида ўртача 5-6 мингта зиёратчи келади. Узоқдан келган меҳмонлар одатда хонадонлардаги “меҳмон уйлари”да тунаб қолади. Ҳозир маҳаллада 13 та ана шундай меҳмон уйлари бўлиб, йил охиригача уларнинг сонини 50 тага етказиш кўзда тутилмоқда.

Кейиги йўналишлар ҳунармандчилик, томорқачилик, тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш бўлиб, аҳолини шу йўналишларга кенг жалб қилиш орқали, даромадларини ошириш белгиланган. Бу борадаги ишлар жадаллик билан амалга ошириляпти ҳам. Айни пайтда маҳалладаги 520 та хонадондан 300 тага яқинида тикув машинаси бор. Бу дегани, аёллар бола парвариши билан бирга, оиласига даромад олиб киряпти. Ёшларга эса хоҳишига кўра, 1 гектаргача ерлар ажратиляпти.

Меҳнат қилган барака топади

Ҳаво илиқ, майин шабада эсяпти. Машина деразасидан кираётган баҳор нафаси дилларни яйратади. Иссиқ тафтини сочаётган қуёш нурлари у ер, бу ерда бўй кўрсатаётган гулларга куч бераётгандек.

Эски қальа маҳалласи шундоққина “Зангиота” зиёратгоҳининг биқинида жойлашган. Кўчалари обод, одамларининг юз-кўзидан нур таралиб туради. Кўча бўйлаб секин юриб борар эканмиз, ёнимиздан ўтаётганлар салом беради. Маҳалла раиси бўлса, ҳар бирининг исмини айтиб, ҳол-аҳвол сўрайди. Қандай ишлар билан шуғулланаётгани, режалари борлиги билан қизиқади.

Ниҳоят, кўзлаган манзилимизга етиб келдик. Уйнинг кичкинагина хонасида иш қизғин. Шогирд қизларнинг бири бичиш, бири тикиш, бири дазмоллаш билан банд. Бу ерда, асосан, болалар кийимлари тикилади. Бир кунда 500-600 та тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади. Кийимлар ички бозорга сотилади. Наргиза Отаматованинг айтишича, даромад ёмон эмас. Топаётган пули оила эҳтиёжларига ҳам, дори-дармонига ҳам етяпти. Қўл остида ишлаётган аёлларга ҳам ишига қараб ойига ўртача 1миллион 500 — 1миллион 800 минг сўм маош тўлайди.

— Узоқ йиллар ҳамшира бўлиб ишлаганман. Аммо тикувчиликдан ҳам хабарим бўлган, — дейди Наргиза. — Ҳозирча ишларни уйимиздаги кичик хонада йўлга қўйганмиз. Банкдан кредит олиб, тикув цехи очиш ниятидаман.

Икки нафар қизини турмушга бериб, ҳозирда учинчи қизи ва турмуш ўртоғи билан яшаётан бу аёл тимсолида чинакам матонат намунасини кўрдим. У нафақат касаллик, балки турмуш қийинчиликлари олдида енгилмади, оёғида маҳкам туриб, фақат олдинга интилмоқда.

Хонадондан чиқиб, яна йўлда давом этдик. Маҳалла раиси тикув машинаси олиб, иш бошлаган бошқа кўплаб аёллар ҳақида ҳам гапирди. Яна бир Наргиза исмли аёлнинг тадбиркорлиги анча ривожланиб бораётганини таъкидлади. Шунда “бу маҳалладаги барча аёлларнинг исми Наргизами?”, дея бироз кулишиб олдик.

Кейинги манзилимиз икки йилдан буён деҳқончилик билан шуғулланаётган Ҳафиза Саъдуллаеванинг уйи бўлди. “Зангиота” зиёратгоҳидан сал нарида жойлашган хонадонда нақ 16 жон истиқомат қилишини эшитиб, ўша машҳур “Келинлар қўзғалони” фильми ёдимизга тушди. 4 та хўжалик аҳил-иноқ яшаб келаётган бу хонадоннинг рўзғори ҳам ўзига яраша каттагина. Маҳалла раисининг айтишича, оиланинг яшаш шароити ўртача. Асосан, мавсумий ишлар, деҳқончилик қилишдан кун кўради.

Ҳафиза бу хонадонга келин бўлиб тушганига кўп бўлмади. Ёш оиланинг 2 нафар фарзанди боғча ёшига етган. Болалари ҳали кичик бўлишига қарамай, аёл жуда тиришқоқ. Турмуш ўртоғи деҳқончилик қилгани боис, ўтган йили баҳор ойида биргаликда ижарага ер олишга ҳаракатни бош­лашди. Аммо оиланинг шароитини яхши билган маҳалла раиси Наргиза опа Зангиота туман ҳокимлиги билан биргаликда ёш оилага ҳеч қандай тўлов мажбуриятларисиз 10 сотих ер майдонини ажратишга кўмаклашди.

Эр-хотин далада астойдил меҳнат қила бошлади. Аввалига помидордан, кейин эса картошкадан мўл ҳосил ва яхшигина даромад олинди. Оиланинг тиришқоқлиги, меҳнатсеварлигини кўрган маҳалла раиси бу йил уларга яна 25 сотих ер майдони ажратилишига ёрдамлашди. Ҳафиза бу ерга турмуш ўртоғи билан биргаликда помидор экиб, кузда иккинчи экин сифатида картошка уруғларини қадамоқчи. Ҳозир улар 10 минг дона помидор кўчатига буюртма берган.

—  Очиғи, шунча йиллар давомида маҳаллаларда одамларга бу қадар ғамхўрлик кўрсатилганига гувоҳ бўлмагандим, — дейди Ҳафиза. —   Ана шундай имкониятлар, шароитлар даврида янада кўпроқ меҳнат қилгинг, яхши даромад топиб, оилангга олиб киргинг келаверар экан.

Қаҳрамонимиз деҳқончилик ортидан рўзғор теб­ратиш билан бирга, оиладаги уй-жой масаласини ҳам тезроқ ҳал этиш истагида тинимсиз меҳнат қил­япти. Шу боис, оила ўзларига ажратилган ерлардан ташқари, қўшимча яна 25 сотих майдонга уй шароитида етиштирилган қулупнай кўчатларини эккан. Ҳозир улар тобига етиб пишган меваларни бозорга олиб чиқяпти.

Бу хонадондан ҳам бир олам таассуротлар билан чиқдик. Маҳалланинг камтарин, аммо ниҳоятда меҳнаткаш фуқароларининг ҳаётини кўриб, ишлаган одамнинг, албатта, яхши топиб-тутишига, яшашига яна бир карра амин бўламиз.

Юртимизда ана шундай обод маҳаллалар сони ортиб, одамлар меҳнатидан барака топаётгани ҳақида ўйлаб кайтарканман, бола кўтариб олган бир аёлнинг маҳалла раисига қарата, “Наргиза опа, менга ҳам тикув машинаси олишга ёрдамлашинг, уйимда иш бошламоқчиман”, деган сўзлари хаёлимни бўлди…

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

(“Янги Ўзбекистон” газетаси. 13.04.2021, 73-сон)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!