“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

 “ҚОНИҚАРСИЗ” ҲУДУДЛАР ЭНДИ “САРИҚ” ТОИФАДА

Янги тажриба кутилган самарани

бермоқда

         Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётнинг ўсиш нуқталаридан бири, аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим манбаига айланди. Мамлакатимизда бу соҳани ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўлами ортса-ортяптики, пастлаётгани йўқ. Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорларга “камарбаста” бўладиган кўплаб фармон ва қарорлари қабул қилинмоқда. Ҳудудларда бу борадаги кўрсаткичларни ошириш учун барча имконият ва шароитлар яратиб бериляпти. Энди, ҳамма гап ҳокимлар ва секторлар раҳбарларининг белгилаб олинган вазифаларни нечоғлик ҳаётга татбиқ этаётганида қолмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 1 майдаги “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори билан юртимизда илк бор янгича тизим — жойлардаги тадбиркорлик муҳитини баҳолаш жорий этилган эди. Жараёнда биринчи мартта туман ва шаҳарлардаги иқтисодий кўрсаткичлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш муҳити, инфратузилма ва мавжуд ресурслардан фойдаланиш даражаси ўрганилди. Таҳлиллар асосида улардаги тадбиркорлик ривожи ҳолати “яхши”, “ўрта” ва “қониқарсиз” ҳудудларга ажратилди. Улар “қизил”, “сариқ” ва “яшил” ҳудудлар, деб белгиланди. Шу асосида 48 та туман ва шаҳардаги ҳолат “яхши”, 119 тасида “ўрта” ҳамда 33 тасида “қониқарсиз” деб топилган.

2020 йилнинг 24 сентябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Нукус, Балиқчи, Бекобод, Ховос, Бахмал, Мирзачўл, Янгиқўрғон, Шовот, Касби, Қумқўрғон, Учтепа каби туманлардаги аҳвол қониқарсиз экани, аслида уларда ҳам етарлича салоҳият ва инфратузилма борлиги таъкидланди. Таҳлиллар асосида жойлардаги муаммоларни ҳал этиш, кўрсаткичлари нисбатан паст бўлган ҳудудларга кўмаклашиш чоралари бўйича берилган топшириқлар асосида зарур ишлар бошлаб юборилди.

Барчага баробар имкониятлар

2019 йил якуний рейтинг натижаларига кўра, Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон ва Музработ туманлари ҳам қизил ҳудудлар тоифасига киритилди. Таҳлиллар натижалари асосида Қумқўрғон тумани тадбиркорлик кўрсаткичлари бўйича Сурхондарё вилоятида энг охирги ўринлардан бирида экани, ҳудудда 124 минг гектар яйлов ва 48 минг гектар оборотдан чиққан ер бўлишига қарамай, улардан самарали фойдаланиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмагани аниқланди.

Ушбу ҳолатдан мулзам бўлган Қумқўрғон тумани сектор раҳбарлари Халқ депутатлари туман кенгашида халқдан узр сўраб, қисқа вақтда ҳудуддаги тадбиркорлик кўрсаткичларини оширишга ваъда берди. Туманни ривожлантириш бўйича аниқ таклифларга асосланган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, Халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланди. “Яхши” деб баҳоланган ҳудудлар тажрибаси ўрганилиб, шу асосда амалий ҳаракатларга киришилди.

Дастлабки босқичдаги саъй-ҳаракатлар, аввало, тумандаги кичик ва ўрта бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш, жойларга чиққан ҳолда, одамларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлашига халақит бераётган муаммоларни ҳал этиш, ёшлар ва хотин-қизларнинг ташаббусларини рўёбга чиқаришга кўмаклашишдан бошланди.

— Мутасадди ташкилотлар масъуллари билан биргаликда олиб борган ўрганишларимиз орқали тумандаги фаолиятини вақтинча тўхтатган 27 та, “нол” ҳисобот топширган 32 та тадбиркорлик субъектлари бўйича аниқ йўл хариталари ишлаб чиқилиб, уларнинг фаолияти тикланди ва қайта йўлга қўйилди, — дейди Қумқўрғон туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Мурод Қултаев. — 767 та янги тадбиркорлик субъектлари очилиб, улар томонидан 2,8 миллиард сўмлик қўшимча саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, 1200 та янги иш ўринлари яратилди. 758 та тадбиркорлик субъектларига 734,0 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилиб, иқтисодий фаоллиги оширилди. Бу орқали яратилган 25,4 миллиард сўмлик қўшимча ҳажм туманнинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатди. Бюджетга 32,1 миллион сўмлик солиқ тушумлари туширилишига эришилди.

“Радикал шарқ” МЧЖ мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, иш фаолиятини кенгайтирган корхоналардан бири. Ўтган йили хусусий корхона томонидан умумий қиймати 1,3 миллиард сўмга тенг нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда маҳалла гузари ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилди. Натижада 101 миллион сўмлик қўшимча ҳажмлар яратилиб, 10 та янги иш ўрни яратилди.

Туманда шунингдек, саноатда ишлаб чиқариш ҳажмларини камайтирган корхоналарнинг барчасини тўлиқ қувватларда ишлаши учун имкониятлар очилди. 2020 йил давомида 274 гектар ер майдонларида сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинди. Кам таъминланган, ишсиз аҳолини саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги сохаси ва иссиқхона комплексларига жалб қилиш орқали жами 2 259 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Натижада, 2020 йилнинг ўтган даврида барча соҳаларда ўсиш кузатилиб, саноат махсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 131,1 фоизга, хизматлар ҳажми 103,4 фоизга, чакана савдо ҳажми 101,5 фоизга ошди. Ушбу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бериб, Қумқўрғон тумани ўтган йил якуни билан “қизил” ҳудуддан “сариқ” ҳудуд тоифасига ўтказилди.

Аммо туман мутасаддилари бу билан чегараланиб қолмоқчи эмас. Улар ҳудудни энг яхшилар қаторига олиб чиқишни мақсад қилган. Бунинг учун режалар тузилиб, ишлар бошлаб юборилган.

— Жорий йилда туманнинг ижтимоий-иқтисодий ўсиши ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича яна бир қанча масалаларни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз, — дейди Мурод Қултаев. — Тадбиркорликни 2 баробарга ошириш, ишлаб чиқариш хажмларини камайтирган корхоналарнинг барчасини тўлиқ қувватларда ишлашини таъминлаш учун шарт-шароитларни яратиш мақсадида чора-тадбирлар белгилаб олинди. Аввало, бир қанча банклар томонидан ҳудудлар “Маҳаллабай” ўрганилиб, жараёнда 4 та маҳалла —“Хўжамулки”, “Боботоғ”, “Саховат”, “Кўганли” “қизил” ҳудудга киритилди. Ҳозирда уларнинг “драйвер”лари аниқланиб, барча ишларни амалга ошириш бўйича йўл хариталарини белгилаб олдик. Масалан, “Хўжамулки” маҳалласида деҳқончилик ривожланган бўлиб, бу ерда “Хушвақт Жумаевич” оилавий корхонаси томонидан мошни қайта ишлаш лойиҳаси йўлга қўйилмоқда. Боиси, маҳалла аҳолиси мош етиштириш тажрибасига эга бўлиб, 2 минг гектарга яқин майдонга мош маҳсулоти экади. Ушбу корхона бошланишига 214 та хонадонга уруғ етказиб беради ва тайёр маҳсулотни ўзи сотиб олиб, қайта ишлайди. Кейинчалик, бу лойиҳани бошқа маҳаллаларда ҳам жорий этиш орқали оилаларни иш билан таъминлашни мақсад қилганмиз.

“Саховат” ва “Кўганли” маҳаллалари эса тоғли ҳудудга яқин яйлов ерларда жойлашгани учун бу ерда “драйвер” сифатида чорвачилик танланган. Ҳудудда ушбу йўналишни ривожлантириб, сутни қайта ишлаш бўйича кооперация ташкил этиш кўзда тутилган.

Аслида, Қумқўрғон тумани саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича кўпроқ имкониятларга эга. Логистика жиҳатидан ҳам қулайликлар мавжуд — “Термиз-Тошкент” темир йўли Сурхондарё вилоятининг жанубий ва шимолий ҳудудларига айнан Қумқўрғон тумани марказидан ажралади. “Термиз-Душанбе” М-41 халқаро аҳамиятидаги автомагистрал йўли ҳам туман марказидан ўтган.

Бугунги кунда тумандаги 4 та сектор раҳбарлари ана шу имкониятлардан самарали фойдаланишга интилмоқда. “Жанубий сурхон” сув омбори ҳудудида “Эко туризмни” ривожлантириш ҳам эътиборларидан четда қолгани йўқ. Шунингдек, туманда тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 3,2 миллион долларлик “Пиллани қайта ишлаш”, 18,7 миллиард сўмлик замонавий типдаги лимончилик, 47,2 миллиард сўмлик евростандарт талабларига мос маҳсулот етиштиришга мўлжалланган замонавий иссиқхонани ишга тушириш каби лойиҳалар йўлга қўйилишга тахт бўлиб турибди.

Ушбу йирик лойиҳаларни амал ошириш орқали туман “Темир дафтар”идаги 100 нафар фуқаро, “Аёллар дафтари”даги 3 082 нафар хотин-қиз ҳамда “Ёшлар дафтари”даги 6 428 нафар йигит-қизларнинг аксарияти иш билан таъминланади. Бунга қўшимча тарзда, “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг талаби асосида айримларига тикув машинкалари, баъзиларига турли ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари, қолганларига эса 20 тадан товуқ катаги икки ойга етадиган озуқаси билан бирга етказиб берилмоқда. Фуқароларни иш билан таъминлашда фаолиятини қайта тиклаган ҳамда янги иш бошлаган тадбиркорларнинг ҳиссаси катта бўляпти.

Мақсад — “яшил” тоифага кириш

Ана шундай ислоҳотлар эпкини Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида ҳам шиддат билан кечмоқда. 2019 йил якуний рейтинг натижаларига кўра, “қизил” тоифага киритилган туманда дарҳол ҳудудни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, уларни амалга ошириш бошлаб юборилди. Туманнинг 2020 йил охирига бориб, “сариқ” ҳудуд тоифасига ўтказилиши бу борадаги ишларнинг фақат қоғозда эмас, балки амалда бажарилганини тасдиқлайди.

— Бундай натижага, аввало, тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш орқали эришдик, десам адашмаган бўламан, — дейди Музработ туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдуғани Очилдиев. — Жумладан, туманда 2020 йилда 376 та янги тадбиркорлик субъектлари очилиб, 25,7 миллиард сўмлик қўшимча саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Ушбу тадбиркорлик субьектлари ҳисобига 748 та янги иш ўринлари яратилди. “Нол” ҳисобот топширган 157 та тадбиркорлик субъектлари иши қайта йўлга қўйилиб, вақтинча ишламай қолган 33 та тадбиркорлик субъектлари фаолияти қайта тикланди. 177 та тадбиркорлик субъектларига 33,4 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилиб, бунинг натижасида саноатда ишлаб чиқариш ҳажмларини камайтирган корхоналарнинг барчасини тўлиқ қувватларда ишлаши учун имкониятлар яратилди. Қиймати 103.2 миллиард сўмлик 44 та лойиҳалар ишга туширилди. Натижада Музработ туманида 2019 йил якунларида жами тадбиркорлик субъектлари 902 тани ташкил этган бўлса, 2020 йилда ушбу кўрсатгич 1 257 та, жорий йил 1 апрель ҳолати билан эса 1 335 тага етди. Ўтган вақт давомида туманда жами 1 517 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Чиндам ҳам эришилган натижалар сезиларли даражада бўлди. Биргина мисол, ҳудудда ўтган йили тадбиркорлик кўрсаткичи 65,9 фоизни кўрсатган бўлса, жорий йилда бу рақамлар 95 фоизга етди. Айни пайтда ҳудудда 230 та саноат корхоналари фаолият юритяпти. Туманнинг “Шаффоф” МФЙ ҳудудида ташкил этилган кичик саноат зонасида қиймати 3 миллиард 154 миллион сўмлик 3 та лойиҳа ишга туширилган. 2021 йилда 1 миллиард 927 миллион сўмлик яна 3 та лойиҳани амалга ошриш кўзда тутилган. Бунинг натижасида қўшимча 20 дан ортиқ иш ўринлари яратилиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш хажми сезиларли даражада ошишига эришилади.

Туман географик жойлашуви жиҳатидан қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришга қулай ҳисобланади. “Музработ Эссе” МЧЖ ана шу имкониятдан фойдаланиб, катта лойиҳани ишга туширган корхоналардан бири. Бу ерда қиймати 1 миллиард сўмлик “Пишган ғишт маҳсулотлари” ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилган. Корхона йилига 4 миллион дона пишган ғишт маҳсулотларини бозорга чиқариш қувватига эга бўлиб, бу орқали 30 га яқин иш ўрни яратиб, бюджетга қўшимча 400 миллион сўм маблағ туширмоқда.

143 минг 500 нафар аҳоли истиқомат қиладиган Музработ тумани аввалги йилларга нисбатан ривожланиб бормоқда. Ҳудудда банд бўлган 54,1 минг нафар аҳолининг аксарият қисмини тадбиркорлик субъектлари ташкил этади. Сўнгги йилларда янги корхоналар ташкил этилиб, қўшимча иш ўринлари яратилиши ҳисобига жорий йил 1 май ҳолатига кўра, “Темир дафтар”га киритилган 2 474 та оилалардан 2 839 нафар аъзоларининг бандлиги таъминланди. Кам таъминланган оилаларга ёрдам сифатида парранда ҳамда асалари оилалари етказилиб, ихчам иссиқхоналар қуриб бериляпти. Ёшлар, аёллар турли йўналишлардаги меҳнат турларига жалб қилинмоқда.

2020 йилда ҳудудда саноат махсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 122,8 фоиз, ҳудудий саноат махсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 231,1 фоиз ҳамда бошқа тармоқларда ҳам кўрсаткичлар бир неча баробарга ошган бўлса, мутасаддилар бу йил унданда юқори натижаларга эришиб, “яшил” ҳудудлар тоифасига киришни мақсад қилган.

— Жорий 2021 йил учун умумий қиймати 764 миллиард 608 миллион сўмлик 17 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича дастур ишлаб чиқилган, — дейди Абдуғани Очилдиев. — Бунга ташаббускорларнинг ўз маблағларидан ташқари, тижорат банклар кредитлари, хорижий кредит ва инвестиция маблағлари жалб этилади. Лойиҳаларнинг асосий қисми саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳалари ҳиссасига тўғри келиб, уларни ишга тушириш орқали жами 1 170 дан зиёд янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Ушбу корхоналарнинг иш қуввати ҳисобига қўшимча 350 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, бюджетга 3 миллиард 251 миллион сўм маблағ тушурилишига замин яратилади.

Туманга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича 3 йиллик дастур ҳам ишлаб чиқилган. Режага кўра, жорий йилда 13,5 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилади.

Бундан буён музработлик тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш давом этиши айтилмоқда. Хусусан, “Surxon ksp-grand” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан “Майдаланган қамиш хом ашёсидан КСП (ДСП) плиталари ишлаб чиқариш”, “Сурхон Агро Мажмуаси” МЧЖ томонидан қиймати 92,1 миллиард сўмлик “Чорвачилик комплекси”ни ташкил этиш, “Алпомиш Сервис Инвест” хусусий корхонаси томонидан қиймати 31,9 миллиард сўмлик “Бир марталик шприц ва бинт ишлаб чиқариш” ва бошқа лойиҳаларни ишга тушириш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Бунинг натижасида минглаб иш ўринлари яратиш ҳамда туманда экспорт ҳажмини 14 миллион долларга ошириш кутилмоқда.

Шу каби йирик лойиҳаларни амалга оширишда Музработ туманининг “Алпомиш” маҳалласида қурилиши режалаштирилган “Ёшлар кичик саноат зонаси” ҳамда қулай инфратузилмага эга “Орият” ва “Музработ дарвоза” МФЙ ҳудудида 9,5 гектар майдонда барпо этиладиган 2 та янги кичик саноат зоналари муҳим “драйвер” вазифасини ўтайди.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

(“Янги Ўзбекистон” газетаси. 13.05.2021, 97-сон)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 1

OAV nomi va parolini kiriting!