“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЗАМИН БИЛАН ТИЛЛАШАЁТГАН ЁШЛАР

Оилаларига даромад, орзуларига пойдевор яратмоқда

         Бош кентимиз ҳудуди Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент, Қибрай, Юқоричирчиқ, Ўртачирчиқ, Қуйичирчиқ, Янгийўл туманлари билан туташиб кетган. Бу туманларнинг ҳар бирида саноат, хизмат кўрсатиш соҳалари қатори қишлоқ хўжалиги ҳам яхши ривожланган. Катта кенгликлар бўйлаб ёйилган лалми, суғориладиган ерларда пишиб етиладиган мева-сабзавотларга ички ва ташқи бозорларда доим талаб юқори.

Вилоят аҳли қадимдан деҳқончилик, боғдорчиликнинг ҳадисини олган. Шунданми, уларнинг аксарияти турли соҳаларда фаолият юритса-да, бўш қолди дегунча томорқасида экин-текин ишлари билан банд бўлади. Қўшимча даромад манбаи сифатида ижарага ер олиб, деҳқончилик билан шуғулланади. Нуроний отахонлар ҳам ўз томорқаларида меҳнат қилиб, эрта баҳорда набираларига ер чопиш, уруғлик экишни ўргатади. Тер тўкиб, ҳалол меҳнат қилишда уларга намуна бўлади.

Сафаримиз Янгийўл туманининг Ниёзбоши массивидан бошланди. Кўкат етиштиришда ном чиқарган бу ҳудуд 9 та маҳалладан иборат. Одамлар уйида бир қарич ери бўлса ҳам бирор экин экиб, рўзғорига ишлатади.

Бизга Ёшлар ишлари агентлиги Янгийўл тумани бўлим бошлиғи Шаҳбоз Абдуғаниев ҳамроҳлик қилди. Айни пайтда кўплаб томорқаларда кўкат, пиёз ва бошқа резаворлар бўй кўрсатиб турибди. Бу ерда кўп йиллик тажриба ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, асосан, кашнич, шивит сингари кўкатлар ҳамда пиёз етиштирилади. Йил давомида шу экин турлари алмашлаб экилади. Суҳбатдошимизнинг айтишича, Ниёзбошининг кўкат ва пиёзлари яқину йироқда, айниқса, Россияда харидоргир.

Янгийўл туманининг бошқа ҳудудларида ҳам деҳқончилик билан шуғулланувчи аҳоли кўпчиликни ташкил этади. Сўнгги йилларда улар орасида ёшлар сони ҳам ортиб боряпти. Авваллари ота-онасининг ёрдамида ёки ўзи фермердан ижарага ер олиб деҳқончилик қилган йигит-қизлар Президентимиз топшириғи асосида жорий йилдан бошлаб 1 йил муддатга беғараз ажратилаётган ер майдонларида меҳнат қилиш имкониятига эга бўлди.

Қарийб 215 минг аҳолига эга Янгийўл туманида 18 дан 30 гача бўлган ёшлар 38 минг 611 нафарни ташкил этади. 2021 йил 27 январь куни Президентимиз раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган кўрсатмага биноан, туманда жорий йилда ёшларга 1005 гектар ер ажратилиши белгиланган. Февраль ойидан бошлаб бу ишларни амалга оширишга киришилди. Шу кунга қадар 2958 нафар ёшга 752 гектар ер ажратилди. Яна 221 нафар йигит-қиз ер олиш истагини билдиряпти. Айни вақтда хатлов асосида ер ажратиб бериш давом этмоқда.

Талабгорлар рўйхатидан “Ёшлар дафтари”га киритилган, деҳқончилик қилиш истагини билдирган, ерга эҳтиёжи бор йигит-қизлар ўрин олган. Уларга сув таъминоти яхши, унумдорлиги юқори ва талабгорнинг яшаш хонадонига яқин бўлган суғориладиган ерлар ажратилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ёшларга ажратилган ерларни ўзлаштириш, агротехник тадбирларни ўтказиш ва уларни ердан даромад олишга ўргатишга ҳокимлар, сектор ва кластер раҳбарлари масъул бўлиши зарурлигини таъкидлаган эди. Туманда бу ишлар қандай ташкил этилгани билан ҳам қизиқдик.

— Ҳудуд имкониятларидан келиб чиқиб, талабгорлар кўплигини инобатга олган ҳолда ёшларга 20-25 сотихдан ер ажратиб бердик, — дейди Шаҳбоз Абдуғаниев. — Ер олган ёшларнинг аксарияти кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари бўлгани боис, майдонлар фермерлар томонидан ҳайдалиб, экин экишга тайёр ҳолда топширилди. Уларга уруғликни етказиб беришдан тортиб маҳсулотни харид қилишгача бўлган жараёнда кўмаклашадиган экспортёрлар бириктирилди. Аммо улар хизматидан фойдаланиш ихтиёрий бўлиб, имконияти етган йигит-қизлар экин экиш харажатларини ўзи кўтаряпти.

Мутахассислар ёшларга нима экиш бўйича зарур тавсияларни беряпти. Улар орасида картошка ва сабзавот экканлар ҳам бор. Лекин ёшларнинг кўпчилиги кетма-кет 2-3 марта экин экиб, ҳосил олиш мақсадида ўз ерларига кўкат ва пиёз уруғларини сепган.

“Маданият” маҳалласида яшовчи Зулфия аянинг набиралари Нигина Абдухалилова ва Сабина Очиловага 20 сотихдан ер ажратилган. Уларнинг бири шивит, бошқаси пиёз экди. Нигина эккан пиёзлар етилди. Шу кунларда бувиси бошчилигида йиғиб олинаётган ҳосилнинг харидорлари ҳам тайёр. Пиёз даланинг ўзидан олиб кетилади. Бу ортиқча йўл харажатларини тежайди.

11-синфда ўқиётган Нигина бу йил олий ўқув юртига ўқишга кириб, бошланғич синф ўқитувчиси бўлишни мақсад қилган. Дарсдан бўш пайтларида деҳқончилик билан шуғулланиб, оиласига рўзғор тебратишда кўмаклашяпти. Даладаги илк ҳосил кўнгилдагидай бўлди. Пиёзни тўлиқ йиғиштириб олгач, кетидан кашнич уруғларини сепмоқчи.

23 ёшли Жасур Нишонбоев эса ўзига ажратилган 20 сотих майдонда помидор экишни бошлаб юборган. Ишсизлиги боис “Ёшлар дафтари”да турадиган бу йигит болалигидан деҳқончиликка қизиқади. Авваллари фермерлардан 1 гектардан ер олиб, помидор етиштирган. Оиласининг асосий тирикчилиги ижарага ер олиб фойдаланиш, чорва моллари боқишдан иборат. Болалигидан меҳнатда тобланган Жасур ёшларга беғараз ер ажратилаётганидан ўта мамнунлигини яширмади. Барча ишни ўзи қилгани, помидор кўчатларини ҳам уйида етиштиргани боис, унга қўшимча маблағ керак бўлмади. Ерни олгани ҳамон ғайрат билан ишга киришиб кетди. Июнь ойи охирларида пишиб етиладиган помидор ҳосилидан яхшигина даромад олишни кўзлаяпти.

Ғайрат-шижоатга тўла ана шундай ёшларнинг яна бир неча нафари билан суҳбатлашдик. Ҳаммаси деҳқончиликка тобора қизиқиб бораётган йигит-қизлар. Ердан қўшимча даромад олишни мақсад қилган бу ёшлар бошқа соҳаларда ҳам ўқиб-изланяпти. Кўпчилиги келгусида олий ўқув юртларида таҳсил олиб, ўзлари танлаган соҳанинг яхши мутахассиси бўлишни мақсад қилган.

Янгийўл тумани ёшларга деҳқончилик учун ер ажратиш бўйича республикада намунали ҳудудлар қаторида туради. Бу тажриба ўтган йилда  бироз бошқачароқ кўринишда бошланган эди. Ўшанда 50 дан ортиқ ёшга ғалладан бўшаган 51 гектар ер майдони қисқа муддатга бириктириб берилди. Бугунга қадар ҳудудда 7 та кооперация ҳам ташкил этилиб, 394 нафар йигит-қиз унга аъзо бўлган. Кооперацияга ерлар 30 йил фойдаланиш ҳуқуқи билан берилиб, унга жалб этилган йигит-қизларни уруғликдан тортиб зарур ускуналаргача таъминлаш кооперация раҳбари зиммасига юкланган.

— Янгийўл туманида 3420 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилган, уларнинг бир қисмига ер ажратилган бўлса, бошқалари ўз қизиқишлари асосида турли йўналишларда банд қилиняпти, — деди Шаҳбоз Абдуғаниев. — Хусусан, 856 нафари ишлаб чиқариш корхоналарига ишга жойлаштирилди, 1355 нафари жамоат ишларига жалб қилинди. Масалан, айримлари маҳаллаларга инспектор ёрдамчилари сифатида ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, 117 нафар йигит-қиз 9 та йўналиш бўйича 10 кунлик курсларда ўқитилди, ҳозир яна 55 нафарига зарур билимлар бериляпти. Курсларда ўқигани ҳақида сертификат олган ёшларнинг кўпчилиги банкдан 14 фоизли имтиёзли кредит олиб, ўз ишини бошлашга муваффақ бўлди. Мисол учун, 25 ёшли Сардор Жапаров мебель ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. У яхши даромад топа бошлагач, 4 нафар ёшни ўз қаватига олди, иш билан таъминлади.

Бир сўз билан айтганда, аҳолиси меҳатсеварлиги ҳамда мутасаддиларнинг саъй-ҳаракати билан Янгийўл тумани янада обод ҳудудга айланиб бормоқда. Бу ерда ўтган йилнинг ўзида 6 та мактабгача таълим муассасаси қурилди. “Баркамол авлод” болалар марказининг янги, замонавий биноси қад ростлади. Йўллар таъмирланиб, янги мактаблар ишга тушириляпти. Самимий, дилкаш одамлари эса шукроналик, меҳнатсеварлик завқи билан яшамоқда.

НИМА УЧУН ТАЛАБ ЮҚОРИ ЭМАС?

Янгийўлдан олган бир олам таассуротлар билан йўлимизда давом этдик. Навбатдаги манзилимиз Юқоричирчиқ тумани бўлди. Қарийб 140 минг аҳоли истиқомат қиладиган бу ҳудудда ҳам деҳқончилик кўрсаткичлари ёмон эмас. Одамларининг аксарияти пойтахтга қатнаб ишлагани боис, қишлоқ хўжалиги ерларидан асосан фермер хўжаликлари ҳамда кластерлар фойдаланади.

Аҳолининг 27 минг 766 нафари 18 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар. Шулардан 1452 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган. Бу паст кўрсаткич эканидан аввалига мамнун бўлдик. Аммо ҳудудда ишсиз ёшларнинг борлиги бу борада аниқ ва манзилли тизим асосида ишлаш зарурлигини кўрсатади.

Ҳозирга қадар туманда 357 нафар йигит-қизга 25 сотихдан ер ажратилган. Бу Бойсун, Қоровулбозор, Қизириқ, Бўстонлиқ, Самарқанд, Оҳангарон, Янгиобод, Ғузор, Зангиота, Бухоро, Ангор, Бандихон, Зафаробод, Қуйичирчиқ, Муборак ва Тошкент туманларидаги каби нисбатан паст кўрсаткич ҳисобланади. Хўш, барча ҳудудларга имконият бир хил берилганига қарамай, нега бу туманлар, хусусан, Юқоричирчиқда ер ажратиш масаласида сусткашликка йўл қўйилаётганининг сабаби билан қизиқдик.

— Бу, аввало, ер ажратиш жараёнларининг нисбатан кечроқ бошлангани ҳамда ёшларнинг талаби билан боғлиқ, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги Юқоричирчиқ тумани бўлими раҳбари Нодир Ҳожиев. — Туманимизда жами 11 800 гектар экин майдони мавжуд бўлиб, шундан 4800 гектари пахта, 7 минг гектари ғалла далалари. Ёшларга пахтадан бўшаган ерлар берилгани боис майдонларни тайёрлаш ишлари бироз кечикди. Шунга қарамай, февраль ойидан хатлов асосида ерга талабгор ёшлар рўйхати шакллантирилиб, март ойидан ер ажратиш бошланган. Йигит-қизлар орасида ер олиб, меҳнат қилишдан кўра, талаб юқори касбларда таҳсил олиш, ишлаш ёки ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин экишга қизиқиш билдирганлар кўпчиликни ташкил этяпти. Ҳар бирининг истаги асосида бандлигини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Айни пайтда “Ёшлар дафтари”да 553 нафар фуқаро қолган, йил охиригача уларнинг барчасини иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Туманда 1200 та бўш иш ўрни борлигини инобатга олсак, бунга имкониятимиз етади.

Ер билан тиллашишни ҳар ким ҳам уддалайвермайди. Аммо ёшларни берилаётган имкониятлардан фойдаланиш, ер олиб, деҳқончилик қилишга қизиқтириш учун тарғибот ишлари ҳам зарур. Мутасаддилар туманда бу борада ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Жараёнга янада кўпроқ ёшларни жалб қилиш мақсадида ҳоким ташаббуси билан фермерлар кўмагида 217 нафар ёшга ер тайёр ҳолда топширилиб, ҳатто беғараз равишда агротехник тадбирлар ўтказилиб, уруғ экиб берилибди. Улар хориждан олиб келинган жўхори навлари экилган ерда иш бошлаяпти. Бу навлардан 1 гектар майдондан 15 тоннадан 18 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Даромад ҳам шунга яраша бўлиши кутилмоқда.

Ҳудуд аҳлининг аксариятида чорва моллари бўлгани боис, улар ем сифатида фойдаланиш мақсадида кўпинча жўхори экар экан.

“Чирчиқ” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган 29 ёшли Лазиз Ибрагимов ҳам ер олган ёшлардан бири. Қарамоғида пенсионер онаси бор. Оиласида уч ўғил. Акаси ва укаси ҳам ўзи каби ишсиз эди. Оиласига ҳеч ким эътибор бермаган, маҳалладан ёрдам кўрсатилмаган бу йигит бир неча йил давомида асосан мавсумий ишлаган. “Ёшлар дафтари”га киритилгач, унга бир неча йўналишларда ўқиш ёки ишлаш таклиф этилди. Аммо Лазизга ер олиб, деҳқончилик қилиш маъқул келди.

— Менга ва укамга “Мақсадбек Диазбек” фермер хўжалигидан 25 сотихдан ер ажратилди, — дейди Лазиз. — Бу ерда йил якунигача фойдаланиш имкониятимиз бор. Зарур агротехник хизматлари кўрсатилиб, хориждан олиб келинган юқори сифатли жўхори уруғи экиб берилди. Барча жараёнларнинг бошида ўзим бўлдим ва қилинган ишлар мени хурсанд этди. Аслида IT соҳага қизиқаман. Дастурчи бўлиб ишлаш истагим бор. Июнь ойида туманимизда IT парк ишга тушиши режалаштирилган бўлиб, ўша ерда ўқишни мақсад қилганман. Унга қадар деҳқончилик билан шуғулланиб, оиламизга даромад киритиш ҳаракатидаман.

Ҳудудда ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида ғалладан бўшаган майдонлардан такрорий экин учун 1 гектаргача ер ажратиш ҳам йўлга қўйилган. Ўтган йили 100 нафар ёшга маҳаллабай тарзда 100 гектар ер майдони берилган бўлса, бу йил 200 нафар ёшни жалб этиш кўзда тутилган. Улар сабзавот экиб даромад олиши режалаштирилган.

— Туманимизда яхши ташаббусга қўл урилди, — дейди Нодир Ҳожиев. — “Тўраев пахта-ғалла” фермер хўжалигига тегишли, хатловда ортиқча чиққан 10 гектар ер ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор 40 нафар ёшга 25 сотихдан шартнома асосида беғараз ажратиб берилди. Бу ерларга буғдой экилган, ниҳоллар барқ уриб ўсяпти. Ҳосил пишиб етилгач, савоб тариқасида буғдойни ўриб, то уни ёшларнинг уйига тўкиб беришгача бўлган жараённи ҳам ҳокимимиз ва  фермернинг ўзи зиммасига олган. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар бир ёшга 1,5 тоннадан буғдой тўғри келади. Ҳосилдан қандай фойдаланиш эса уларнинг ихтиёрида.

Туманда бошқа соҳаларнинг этагини маҳкам тутиб, оилавий даромадга ҳисса қўшишга интилаётган ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг айримлари хонадонида чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланаётган бўлса, баъзилари имтиёзли кредит асосида иссиқхоналар қуриб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиряпти. Бугунги кунда ҳудудда 100 га яқин ўзини-ўзи банд қилган ёшлар бор.

Айни пайтда ер олиб, дала майдонларида иш бошлаган ёшларга зарур тавсияларни бериш мақсадида агрономлар бириктирилиб, маҳорат дарслари ташкил этилмоқда. Мутасаддилар бу орқали йигит-қизларнинг вақтинча деҳқончилик билан шуғулланиши эмас, балки уларни қишлоқ хўжалигига ихтисослаштириш, соҳада етарли тажрибага эга бўлган бўлажак фермерларни тарбиялашни мақсад қилган. Амалга оширилаётган бу саъй-ҳаракатлар, яратилаётган имкониятлар ҳудуддаги бошқа ёшларда ҳам ер олиб, деҳқончилик қилишга қизиқиш уйғотса, ажаб эмас.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

(“Янги Ўзбекистон” газетаси. 29.04.2021, 85-сон)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!