“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЁШЛАР ДАФТАРИ — ОРЗУ-НИЯТЛАР ИЖОБАТИ

         Ўтган йили мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Наманган давлат университетига ўқишга ҳужжатларини топширган Хумора Иномовага талаба бўлиши учун бир неча бал етмади. Тенгдошлари каби олий ўқув юртига кириб, бошланғич синф ўқитувчиси бўлишни қаттиқ орзу қилганиданми, қиз бироз тушкунликка тушди. Бир томондан, оиласидаги шароитни ўйлаб, иш топиш ҳақида бош қотира бошлади. Аммо қўлида бирор ҳунари йўқлигини ўйлаб, ҳаёли янада паришон тортди.

Шундай кунларнинг бирида у яшайдиган Ўзак қишлоғининг аҳоли билан тизимли ишлашга масъул бир неча кишилари келиб, қизни “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритиб кетди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, яна ўша инсонлар эшик қоқди. Президент топшириғи асосида ёшлар бандлигини самарали ташкил этиш мақсадида Хуморага Янгиқўрғон туманидаги “Хадикент келажак тонги” агрофирмаси ҳудудидан 20 сотих ер ажратиб, 1 йил давомида бепул, ҳеч қандай солиқ тўловларисиз фойдаланишга беришларини айтишди. Аввалига, бунга у қадар ишонмаган Хумора кейин кутилмаган янгиликдан қувониб кетди. У айниқса, энди ўзи меҳнат қилиб, рўзғор тебратишда ота-онасига кўмаклашишидан хурсанд эди.

Қиз ёғингарчиликлар боис, экин экиш ишларини ҳали бошламаган бўлсада, аллақачон, у ерда картошка етиштиришни режалаштирган. Ёш бўлсада, деҳқончиликдан хабари бор. Ҳовлисидаги 8 сотихли томорқасида оилавий картошка етиштиришади. Ота-онаси анчадан буён ишсиз бўлгани боис, онаси “Аёллар дафтари” рўйхатида туради. Шу боис, оиланинг асосий тирикчилиги, даромад манбаи шу томорқадан.

— Маҳалладан бизнинг оилавий шароитимизни тушуниб, ёш бўлишимга қарамасдан, ўзлари келиб, ишлашим учун ер ажратишганидан жуда қувондим, — деди наманганлик қаҳрамонимиз. — Онам билан келишган ҳолда бу ерда картошка экишни ўйлаяпмиз. Бундан ташқари, уйимизда чорвачиликни йўлга қўйиш мақсадимиз ҳам бор. Кредит олиш учун мурожаат қилганимда, аввал, бепул ўқув курсини тамомлаб, сертификат олишимни айтишди. Янгиқўрғон туманидаги 1-сонли ўқув марказида 9 кун ўқиб, бу борада бошланғич билим ва зарур тавсияларни олдим. Ҳозирда 33 миллион сўм пул кредити олиш учун банкка ҳужжатларимни топширганман.

Шу йилнинг 18 февраль куни Президентимизнинг Янгикўрғон тумани Исковот қишлоғига ташрифи чоғида Хумора давлатимиз раҳбари билан кўришганида ўз орзулари, олий ўқув юртига кира олмаган бўлсада, бу борадаги мақсади қатъий эканини билдирди. Шунда Президентимиз Хумора келаси йили албатта, олий таълим муассасасида таҳсил олишини айтиб, “ўзингизни ўқишга кирдим, деб ҳисоблайверинг” деганларида қизнинг қувончдан боши осмонга етди. У бугун ўзига билдирилган улкан ишончни оқлаш мақсадида тинимсиз интилиб, ўқиб-изланмоқда.

Университетга ўқишга киргунга қадар даладаги ишларни йўлга қўйиб, оилага қўшимча даромад олиб киришни мақсад қилган Хумора келгусида бошланғич синф ўқитувчиси бўлмоқчи. Деҳқончиликда кўзлаган марралари ҳам бу орзусидан кам эмас.

Ерлар тайёр, экин экилса бўлгани!

Ана шундай тиришқоқ ёшлар келажагимиз экани ҳақида аввал ҳам кўп гапирардик. Турли соҳаларда муваффақиятга эришган йигит-қизларни эътироф этардик. Аҳён-аҳёнда ютуқлар ортидаги машаққатларни ёдга олардик. Аммо шу вақтга қадар ёшларнинг ичига кириб, уларнинг муаммолари маҳаллабай тарзда, уйма-уй юрган ҳолда ўрганилмаган. Нафақат иқтидорли, балки имконияти чекланган, камбағал оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш, иш билан банд қилиш, тадбиркорликка йўналтириш, бунинг учун кредит, субсидиялар ажратиш бўйича бугунгидек изчил тизим йўлга қўйилмаганди. Натижада юзлаб, минглаб йигит-қизларимиз иш излаб чет давлатларга кетди, ўз аравасини ўзи тортишга мажбур бўлди.

Бугун хорижда оғир шароитларда ишлаётган ёшлар ҳам юртимизга қайтяпти. Касб-ҳунарга ўқитилиб, соҳаларга йўналтириляпти. Ўз қишлоғимда яшаб, деҳқончилик қиламан, деган йигит-қизларга ҳудудлар имкониятидан келиб чиққан ҳолда 1 гектаргача ер майдонлари ажратиляпти. Авваллари бировнинг ерида ишлаб, ойлик маошига кун кўрган бу ёшлар бугун ўз ерида янада кўпроқ ғайрат, шижоат билан меҳнат қилишга тайёр. Оладиган даромади ҳисобидан фаолиятини янада кенгайтириш, бошқа тенгдошлари, маҳалладаги кам таъминланган инсонларни ҳам иш билан таъминлашни мақсад қиляпти.

2021 йил 27 январь куни Президентимиз раислигида “Ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари” муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар асосида Наманган вилоятида жорий йилда ёшларга 16 678 гектар ер майдонларини ажратиш белгиланган бўлиб, 5 февралдан бу ишларни амалга ошириш бошланди. Шу кунга қадар 20 453 нафар ёшларга 4 109 гектар ер майдони берилиб, 40 907 та иш ўринлари яратилди.

Ер бериш рўйхатидан асосан туманлар ҳокимликларининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан шакллантирилган “Ёшлар дафтари”га киритилган, деҳқончилик қилиш истагини билдирган, ерга эхтиёжи бор йигит-қизлар ўрин олган. Уларга сув таъминоти яхши, унумдорлиги юқори ва талабгорнинг яшаш хонадонига яқин бўлган суғориладиган ерлардан ажратилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Деҳқончилик билан шуғулланиш бир қарагандагина осон туюлади. Жараёнга кириб борган инсон унинг меҳнатидан ташқари, агротадбирларни тўғри олиб бориш, экин экиш йўл-йўриғини билиш билан боғлиқ мураккабликларга бевосита гувоҳ бўлади. Бу ишнинг ҳар қанча ҳадисини олган киши ҳам қийинчиликларга дуч келиши табиий.

Бу борада ҳам ёшларга тиргак бўлиш кўзда тутилган. Барча туманларда алоҳида ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, деҳқончиликни олиб бориш, даромадларини оширишда қандай омилларга эътибор қаратиш лозимлиги юзасидан доимий маслахатлар бериб бориляпти. Бундан ташқари, барча ҳудудларда экинларни экишга ер тайёрлаш, экиш ва агротехник тадбирларни ташкил этиш бўйича кўргазмали семинарлар ташкил этилмоқда.

Ерлардан унумли фойдаланиш, йилда икки марта ҳосил олиш мақсадида эртаки сабзавот, картошка ва дуккакли экспортбоп экинларни экиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилгани ҳам ёшларга дастлабки ишни бошлаб олишларида кўмак бўляпти. Кичик кооперацияларга бириктириладиган ёшларни эса талаб этиладиган уруғлик, ёқилғи, техникалар билан таъминлаш, экинлар зараркунандаларига қарши марказлашган холда курашишни ташкил этиш, етиштирилган махсулотларини сотиб олиш ишларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Ана шундай имкониятлар натижасида вилоятда ер олиш истагидаги ёшлар орасида қизлар сони ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Айни пайтда вилоят туманларидан ер олган 20 мингдан ортиқ ёшларнинг 6 810 нафарини хотин-қизлар ташкил этаётгани сўзимизнинг исботидир.

Тадбиркорлар ёшларга тиргак бўлмоқда

Ёшларга ер бериш ишлари Қашқадарё вилоятида ҳам фаоллик билан амалга оширилмоқда. 2018 йилдан буён “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар юртбошимизнинг жорий йилдаги топшириқлари асосида янада жадаллашди. Йил бошидан буён ёшларнинг талаби ва ҳудуд жойлашувидан келиб чиқиб ишсиз йигит-қизларга 30 сотихдан 1 гегтаргача лалми ва суғориладиган ерлар ажратиляпти. Бугунги кунга қадар вилоятда ер олган ёшлар 7 459 нафарни ташкил этиб, шундан 5 498 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар ҳисобланади. Уларга жами 3 046 гектар ер майдонлари ажратилди.

— Сир эмаски, мамлакатимизда сўнгги йилларда ёшлар муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этиш борасида “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар дастури” жорий этилиб, улар билан ишлашнинг мутлақо янгича тизими йўлга қўйилди, — деди Ёшлар ишлари агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдушукур Янгиев. — Аввал ёш йигит-қизларга бу қадар улкан имкониятлар берилмаган. Бугун эса барчамизнинг кўз ўнгимизда уларга катта-катта ер майдонлари ишониб топшириляпти. Ерлар йигит-қизларнинг истаги асосида кооперация усулида ҳам, шарнома қилиш усулида ҳам ажратиляпти. Баҳор мавсумида бу ерларга тўқсонбости ва полиз экинлари экилса, такорий экин сифатида асосан дуккакли экинларни етиштириш тавсия қилинган. Ёшлар астойидил меҳнат қилиб, берилган тавсияларни тўғри олиб борса, албатта, яхшигина даромадга эга бўлади. Биз жараёнларни ташкил этишда уларга кўмаклашишга, зарур маслаҳатларни беришга доим тайёрмиз.

Қувонарлиси, вилоят ва туман ҳокимликлари ҳамда сектор раҳбарлари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож ва “Ёшлар дафтари” рўйихатига олинган йигит-қизларга уруғлар ва агротехника хизматларини кўрсатишда беминнат амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Хусусан, Пахтакор МФЙ ҳудудидан сектор раҳбари Олим Тожиев томонидан ёшлари учун 10 гектар ер майдони ажратилиб, “Дурдона” навли мош экиб берилди. Ернинг агротехник тадбирлари ҳам амалга оширилиб, йигит-қизларга экин экишга тайёр ҳолда топширилди. Ана шу ер майдонида иш бошлаганлар орасида ҳудуддаги 13-мактаб битирувчиси Дурдонахон ҳам бор. Болалигидан деҳқончиликка қизиққан бу қиз истагини рўёбга чиқариб, унга имконият берганлари учун масъуллардан жуда миннатдор. Қувонганиданми, иш жараёнларига қизғин киришиб кетди. Ҳатто, трактор ҳайдашни ҳам қойиллатяпти.

“Ёшлар дафтари” рўйхатига кирганлар орасида Миришкор туманида яшовчи 28 ёшли Мираббос Иброҳимов ҳам бор. У четда ишлаш фикридан қайтиб, ёшларга яратилаётган имкониятлардан фойдаланишга қарор қилди. Ўзига ажратиб берилган 25 сотих ер майдонида 500 туп қовоқ кўчатларини ўтказди. Ҳосил етилгач, 15 миллион сўм даромад олишни кўзлаган Мираббос такрорий экин сифатида помидор етиштирмоқчи. Ана шу тумандаги 23 ёшли Ҳасан Шодмонов эса 50 сотих ерда ўтказаётган помидор кўчатларидан 2 ой ичида 30 миллион сўм соф даромад олишни кўзлаган.

3 миллион 334 минг аҳолига эга Қашқадарё вилоятининг 590 838 нафар 18-30 ёшгача бўлган ёшларининг аксарияти ана шундай куч-ғайратга тўлган. Аммо тақдир тақазоси билан ишсиз бўлган 59 593 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилган эди. Аста-секин уларнинг бандлиги таъминланмоқда. Хусусан, жорий йилнинг шу даврига қадар иш билан банд қилинган 26 289 нафар ёшларнинг 12 755 нафари “Ёшлар дафтари”даги фуқаролардир.

Бугун юртимизда жорий этилган “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” каби рўйхатлар борлигининг ўзиёқ одамларга умид, яхши турмуш тарзига ишонч уйғотмоқда. Хитой тажрибаси асосида қўлланилаётган янгича тизим мамлакатимизда ҳеч бир инсон эътибордан четда эмаслиги, барча фуқароларнинг яхши яшаши, иш билан таъминланиши учун шароитлар яратилаётганидан далолатдир. Зеро, бугунги ислоҳотлар туфайли энг чекка қишлоқларда ҳам раҳбарлар ҳар бир хонадонга кириб, одамларнинг, айниқса, ёшларнинг аҳволини сўрайдиган, муаммоларига ечим топадиган кунларга етиб келдик.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

(“Янги Ўзбекистон” газетаси. 03.04.2021, 67-сон)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!