“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЗАМОНАВИЙ ИССИҚХОНАЛИ УЙЛАР

Аҳоли уларда яшаб, шу ернинг ўзида ишлаши ва мулк эгаси

бўлиши мумкин

Дунёда озиқ –овқат хавфсизлиги долзарб масалага айланиб бораётган бугунги кунда ташқи бозор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мавсумий эмас, доимий етказиб беришни талаб қилади. Йил давомида сифатли маҳсулот таклиф қила олган корхона бозорда муносиб ўрин эгаллайди. Аммо оддий дала ёки иссиқхоналарда бунга эришиш анчайин мушкул. “Бешинчи авлод иссиқхоналари”да эса йил 12 ой маҳсулот олиш мумкин.

Номидан ўта замонавий қурилмага ишора қилаётган “бешинчи авлод” иссиқхоналари энг илғор “Ultra Clima” nou-xau технологияси  асосида ишлаб чиқарилади. Оддий иссиқхоналардан фарқли, унда барча жараёнлар автоматлаштирилган бўлиб, бу иншоот ичидаги ҳароратни керакли даражада сақлаб туриш, кўчатларни гидропоника усулида озиқлантириш ҳисобига юқори ҳосилдорликни таъминлашга хизмат қилади. Масалан, плёнкали иссиқхонларда помидор кўчати 6 ой ҳосил берса, мазкур инновацион иссиқхонада бир йил мобайнида узлуксиз маҳсулот олиш мумкин.

Илғор технологиялар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда юқори натижадорликка эришишнинг асосий омили эканини тушуниб етаётган кўплаб давлатлар аста-секин ана шундай замонавий иссиқхоналарни қуришга ўтмоқда. Юртимизда ҳам “бешинчи авлод” технологиясига эга иссиқхоналардан фойдаланиш сўнгги йилларда жадаллашиб боряпти. Бу борада ташланган илк қадамлар аллақачон ўз самарасини бера бошлади.

Шундай инновацион иссиқхоналардан бири 2019 йилнинг февраль ойида Хоразм вилояти Хонқа туманида “Red Star Oxus” МЧЖ томонидан 205 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига ташкил эилган эди. Иссиқхонада Нидерландиянинг “Кубо” компаниясида ишлаб чиқарилган “Ultra Clima” nou-xau технологияси ўрнатилиб, барча жараёнлар автоматлаштирилди. Унинг энг муҳим афзаллиги — иссиқлик вентилятор ёрдамида ультра иқлим зонасига тортилади ва пластик қувурлар орқали керакли жойга эҳтиёж даражасида юборилади. Яъни, ҳарорат бутун иссиқхонага эмас, балки етиштирилаётган сабзавотнинг илдизига йўналтирилади. Иссиқхона тепасига ўрнатиладиган қуёш нурига ўхшаш махсус чироқлар эса фотосинтез жараёнига сезиларли таъсир ўтказади. Бу энергия ва сувни тежаб, ҳосилдорликни оширишга ёрдам беради.

Ҳозирда 7 гектар майдондаги иссиқхонада гидропоника усулида помидор, бодринг, бақлажон, булғор қалампири, кўкатлар етиштирилиб, яхши ҳосил олинмоқда. Давлатимиз раҳбари 2020 йилнинг 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида мазкур инновацион иссиқхонада бўлиб, “Бу корхона — драйвер. Бундай иссиқхоналар кўпайиши учун бошқа тадбиркорларни ҳам ўргатиб, ҳар томонлама ёрдам бериш керак. Хоразм қишлоқ хўжалигининг келажаги шу”, дея бу йўналишдаги ишларни янада кенгайтириш лозимлигини таъкидлади.

Ўзбекистонда қора помидор етиштириляпти

Янги тажриба Бухоро вилоятида ҳам яхши самара беряпти. Бундан 2 йил муқаддам Туркиянинг “Varnet Cam Sera sıstemları Inş. Ihr. ıth. san ve tıc. LTD. Ştı.” компанияси инвестиция маблағлари асосида иш бошлаган “Buxara Varnet” хориж корхонаси 30 гектар ерда суперзамонавий ойнаванд иссиқхоналар қуриб, турли навдаги помидор махсулотлари етиштирмоқда. Айни пайтда корхонада 300 нафарга яқин ишчиларнинг бандлиги таъминланган.

Бухоро вилоятининг кўп ерлари шўрхок ва қумлоқ, сув эса танқис бўлгани боис, бундай жойларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун гидропоника усули жуда қулай ҳисобланади. Ҳудудда кластер тизимида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш учун кенг шароит яратиш мақсадида Президентнинг 2018 йил 10 июлдаги “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Бухоро-агро” дирекцияси фаолияти йўлга қўйилди.  Мазкур зона учун Жондор, Когон, Пешку, Ромитан ва Бухоро туманларидан умумий 3 минг гектар ер ажратилиб, тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилди. “Buxara Varnet” хориж корхонаси иқтисодий зонада бўй кўрсатаётган умидбахш лойиҳалардан бири бўлиб, умумий қиймати 120 миллион АҚШ доллардан зиёдни ташкил этади.

Иссиқхонада етиштириладиган помидорнинг черри (қора, сариқ ва қизил навлари), ўзга, эрген, блек пантер каби юрак учун табиий дармондори бўлган 9 турдаги навининг бари катта ва чиройли кўриниши билан киши эътиборини тортади. Айримлар уларга қараб туриб, ҳатто, сунъий бўлса керак, деган ҳаёлга ҳам боради. Ахир, бундай юқори сифатли маҳсулотларни оддий шароитда етиштиришнинг имкони йўқ-да. Бироқ янги услуб, янги технология асосида иш бошлаган корхона шунинг ўзи билан кифояланмади. Катта жамоанинг саъй-ҳаракати билан юртимизда бугунги кунда жаҳон бозорида олий нав саналган қора помидор ҳам етиштириляпти.

— Замонавий иссиқхона қуриб, сифатли ҳосил етиштириш учун жуда катта меҳнат сарфланди ва эришилган натижалар ҳам шунга яраша бўляпти, — деди “Buxara Varnet” МЧЖ хориж корхонаси директори Бешим Ҳамроев. — Ушбу янги тажрибани вилоятда қўллашимизга, аввало, давлатимизда қабул қилинган қонун, қарорлар, тадбиркор ва инвесторларга берилаётган имтиёзлар йўл очиб берди. Жами 115 гектарга тенг корхонада инновацион иссиқхоналар қуриш билан бирга, иссиқхоналар учун конструкциялар ишлаб чиқарувчи заводни ишга тушириш режалаштирилган. Унда йилига 200 гектаргача ҳажмдаги иссиқхоналар конструкциялари ишлаб чиқарилиб, маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади.

Ҳар гектардан 300 тонна ҳосил нақт

Аслида, “иссиқхона” сўзи нам ва буғланиш билан бирга ажралиб чиқадиган иссиқликни англатади. Бироқ биз сўз юритаётган замонавий ойнаванд иссиқхоналарда бундай ҳолат кузатилмайди. Улар одатий плёнкали иссиқхоналардан фарқли равишда, қуёш нурларини юқори даражада ўтказиш ва бутун иншоот бўйлаб тенг тақсимлаш хусусиятига эга. Яъни, ойна қуёш нурини 97 фоизгача ўтказади. Иссиқхонанинг энергия сарфи жихатидан тежамкор тизими маҳсулотларнинг қуёш нурларида табиий, мазали ва сифатли пишиб етилишига хизмат қилади.

Иссиқхона хароратини мўтадиллаштиришда офтоб нурларидан фойдаланилгани ҳисобига атмосферага тарқаладиган зарарли чиқиндилар миқдори кўрсаткичи ҳам анча пасаяди. Корхона томонидан қурилаётган ойнаванд иссиқхоналарда турли зарарли бактерия, ҳашарот ва микроорганизмларнинг кўпайиш хавфи деярли йўқ. Одатий иссиқхонларда эса қуёш нурларининг етишмаслиги туфайли бактерия ва микроорганизмлар кўпайиб, ўсимликларнинг нимжон ўсишига сабаб бўлади. Шу боис, хорижий банклар кўпроқ ойнаванд иссиқхоналар қурилишини молиялаштиришни афзал билади.

Шунингдек, бундай иссиқхоналар юқори технологик, энергиятежамкор, ниҳоятда мустаҳкам, ҳар қандай об-ҳаво шароитига бардошли ҳисобланади. Автоматик бошқариладиган энг замонавий технология, техникалар билан жиҳозлангани боис, ичида бир грамм ҳам чанг тополмайсиз. Бунга махсус ўрнатилган совутиш, ҳаво алмаштириш тизимлари йўл қўймайди.

— Шукурки, ишларимиз жуда яхши кетяпти. Помидорларнинг илк ҳосилини 54 кунда тера бошладик, — деди  туркиялик агроном Sinan Işchan (Синан Ишчан). — Бу ердаги навларнинг қисқа фурсатда ҳосил бераётгани бир томондан  техник ишланмаларимиз самараси бўлса, яна бир сири мамлакатингизнинг қуёшли ўлкалиги, деб биламан. Бизга яратилаётган шароитлар билан яқин 5 йил ичида корхонамиз жуда яхши кўрсаткичларга эришишига ишонаман.

Ҳаракат қилганга барака ҳам ёғилиб келаверади. Тинимсиз меҳнат ва хориж технологияси ҳар бир кўчатдан олинадиган 14 килограмм ҳосил, ҳар гектардан 300 тонна маҳсулотни нақт қилди. 2020 йилда Россия Федерацияси, Қозоғистонга катта миқдорда маҳсулот экспорт қилинди. Корхона ҳозирда Европа бозорига йўл очадиган “Global G.A.P” сертификатини олиш ҳаракатида.

Аввалига кохонада фақат иссиқхона ишга туширилган эди. Эндиликда, унинг ёнида ўқув маркази ва лаборатория ҳам ташкил этилди. Бугунги кунда ўқув марказини кенгайтириш ишлари олиб бориляпти. Қисқа вақтда ўқувчилар оқими ўртача 300 кишига етказилиб, улар йўналишига кўра 3 ойдан 6 ойгача ўқитилади.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 21-22 январь кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида замонавий агросаноат мажмуасига айланиб бораётган “Buxara Varnet” хориж корхонасининг янги имкониятлари билан танишди. Бу ерда ташкил этилган ўқув марказини кўриб, “Бу тизим нима учун муҳим? Биринчидан, ёшларимизга ривожланган мамлакатлар мутахассислари онлайн режимда дарс беради. Иккинчидан, иссиқхоналар учун зарур материаллар маҳаллийлаштирилади. Энг муҳими, бозор талабига мос маҳсулот ишлаб чиқарилади”, дея таъкидлади. Шунингдек, Президент “Иссиқхоналар билан шунча йилдан бери шуғулланяпмиз, лекин профессионаллар йўқ эди. Энди бу йўналиш янги сифат босқичига чиқяпти”, дея соҳа истиқболига ишонч билдирди.

Юртимизда бу йўналишдаги ишларни такомиллаштиришда “Buxara Varnet” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонасининг ҳам ҳиссаси бўлади. Корхона тўлиқ ишга тушгач, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 33,8 минг тоннага етиб, жами 2 мингга яқин иш ўрни яратилади. Шунингдек, республикадаги тадбиркорларга ҳам инновацион иссиқхоналар қуриш бўйича ҳамкорлик асосида кўмаклашиш кўзда тутилган.

Иссиқхоналар йўналишида янгича ташаббус

Компания аҳолини иш билан таъминлаш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида яна бир янги “Иссиқхонали уйлар” қуриш лойиҳаси устида ишламоқда. Унга кўра, 20 сотих майдоннинг 11 сотихида инновацион иссиқхона, 9 сотихида тураржой қурилиб, корхонада фаолият юритаётган хамда ушбу сохада тажрибага эга бўлган ёш оилаларга бериш, кейинчалик бу амалиётни Бухоро вилоятининг туманларида хам амалга ошириб, муҳтож оилаларни иш билан таъминлаш режалаштирилган. Ягона шарти, оила шу ерда яшаб, иссиқхонада меҳнат қилиб, талаб этилган маҳсулотарни компанияга етиштириб беради. Корхона керакли кўчат, минерал озуқаларнинг барини ўзи етказиб беради, тайёр маҳсулотни ҳам ўзи олади. Оила фақат ишчи сифатида меҳнат қилади. Бунинг учун уларга доимий ойлик маоши тўланади. 10 йилдан сўнг оиланинг узоқ йиллик меҳнати эвазига уй ҳам, иссиқхона ҳам уларга шахсий мулк сифатида расмийлаштириб берилиши кўзда тутилмоқда.

— Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад корхонанинг доимий ишчиларига эга бўлиши орқали, жаҳон стандартларига мос сифатли ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, компания фаолиятини кенгайтириш баробарида ёш оилалар ва кам таъминланган оилаларга муносиб иш шароити яратиб, доимий даромад манбаи билан таъминлашдан иборат, — деди Бешим Ҳамроев. — Бунда одамларнинг иш жараёнини билмаслиги муаммо бўлмайди. Улар учун Голландиядан таклиф этилган тажрибали агрономлар томонидан махсус ўқув курслари ўтилади. Кейинчалик ҳам улар оилага йўл-йўриқ кўрсатиб, иссикхона ишларини ташкил этишда кўмаклашиб боради.

Ҳозирча Ўзбекистонда, балки Ўрта Осиёда ҳам ягона бўлган бундай лойиҳанинг илк намунаси устида ишлар олиб бориляпти. Вилоятда ана шундай уйнинг биринчиси қуриб битказилган. Унда мустақил ишлай оладиган оила тайёрланиб, кейин уларга топширилади.

Яқин йилларда Бухоро вилоятида босқичма-босқич 400 та ана шундай “иссиқхонали уйлар”ни қуриб, одамларга бериш режалаштирилган. Ушбу хайрли ташаббус ҳудудда аҳолини иш билан таъминлаш, турли хилдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, иссиқхоналар соҳасида мутахассислар тайёрлашда янгича ёндашув, илғор тажриба бўлиши шубҳасиз.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

(“Янги Ўзбекистон” газетаси. 2.02.2021, 23-сон)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4 / 5. Baholaganlar soni: 6

OAV nomi va parolini kiriting!