Журналистлар уюшмаси муносабати

2021-06-02T18:44:57+05:002 Iyun, 2021|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси «Al Jazeera» телеканали мухбири, польшалик А.Пикулицка-Вильчевска томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари қайд этилганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги унинг аккредитациясини узайтирмаслик тўғрисида қарор қабул қилганини қўллаб-қувватлайди.

Бир қанча вақт олдин журналист Агнешка Пикулицка АҚШнинг Вебстер университети Тошкент филиалида талабаларга  “Гейларнинг тарихи ва келиб чиқиши” тўғрисида дарс ўтгани ҳақида хабар тарқалган ва ушбу хабар ўз тасдиғини топган эди. Маълум бўлганидек, у ўз маърузасида тўғридан-тўғри Ўзбекистон ҳукуматини иккиюзламачиликда айблайди. Ўзича гейлар ҳақ-ҳуқуқларининг поймол этилаётгани, бачавозлик Ўзбекистонда ўтган асрларда ҳам одатий ҳол бўлгани ҳақида сафсата тўқийди. У бу билан чекланиб қолмасдан, гапларини давом эттириб, улуғ боболаримизга ҳам тухмат тошларини отади. Бир сўз билан айтганда, Агнешка Пикулицка томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари қайд этилади.

Биз қонун устувор бўлган мамлакатда яшаяпмиз. Қонуний ҳақ-ҳуқуқларимиз билан бирга бурчларимизни ҳам эътироф этамиз. Агар, қонун бузилишига йўл қўйса, ким бўлишидан қатъий назар, у хорижлик бўладими, юртдошимиз бўладими, журналистми, блогерми ёки бошқа касб эгасими, албатта, қонунда белгиланган тартибда жавоб  бериши шарт. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ушбу ҳолат бўйича ҳам  шундай фикрда.