“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Ибратли умр соҳиблари

ЎЗ ЎРНИДАГИ ОДАМ

Ичон-қаълада туғилиб, вояга етган Аминбой Бойжонов ва унинг аҳил оиласи ҳақида гап кетганда уни таниган, билган дўсту қадрдонлари юзига табассум югуради.

– Тиниб-тинчимас, пирибадавлат оила соҳиби. Катта билан катта, кичик билан кичик, – дейишади.

Ҳақиқатан ҳам шундай. Гарчи пенсияда бўлса-да, эл-улус ишига камарбаста, ҳамиша одамларнинг дарду ташвишларини имкон қадар енгиллаштиришга ошиқади.

Агар унинг ҳаёт йўлларига разм солсак, Аминбой ишчи оиласида туғилгани, ўқиб-ўргангани, автотранспорт соҳасида самарали фаолият кўрсатганлигидан воқиф бўламиз.

– Аслида Бухоро кооператив техникумини битказганман, – дейди у, – кунлардан бир кун болаликдаги дўстим, 79-автобаза корхонаси раҳбари Оллаёр Раҳимов (Оллоҳ у кишини ўз марҳаматига олган бўлсин) корхонамизга сендай серғайрат, ташаббускор ёшлар керак. Бирга ишласак, – деб таклиф қилиб қолди.

– Ахир мен бошқа соҳа…

– У ёғини менга қўйиб бер. Ахир сен пашшанинг оёғига ҳам тақа қоқасан-ку!

Хуллас, баҳона сабаб автокорхона диспетчерига айландим. Маркс ака Мадримовга шогирд тушиб, режа-топшириқларни бажаришга ҳисса қўша бошладим.

– Энди менга ўринбосарликка ўтасин, – деди бироз фурсат ўтгач, Оллаёр.

– Барибир мени тасдиқлашмайди.

– Мана кўрасан, қандай тайинлашларини…

Туманимизнинг ўша пайтдаги биринчи раҳбари, раҳматли Мадаминжон ака Маткаримов ҳузурига кирдик.

– Ўринбосарликка тавсия қилинаётган йигит шу бўлади, – деб таништирди Оллаёр.

Мадаминжон ака менга бошдан-оёқ разм солди. Уруғ-аймоғимни суриштирди. Кейин розилик берди.

– Ёшулли, фақат бу масалани бир нозик томони бор. Номзод кооператив техникумини битказган. Автотрест бошқарувчиси руҳсат бермайди.

– Мени айтиб борасиз…

Бошқарувчи ҳақиқатан ҳам ҳужжатларимни кўриб, олдимга отиб юборди.

– “Пиражка”сини пиширсин, бунинг, -деди жаҳл билан.

– Сизга режа керакми, “пиражка?” Мадаминжон ака руҳсат берганлар.

Райқўмнинг отини эшитиб, бошқарувчи талмовсираб қолди..

– Ундай бўлса, боравер, – деди юмшаб, – корхонани тенг ярмини тортасан.

Шу-шу автокорхона раҳбари ўринбосари бўлиб, 40 йил ишлаб, пенсияга чиқдим.

Аминбой бир жойда ишлаб кам бўлмади. Муаллима Ойбиби Мадраҳимова билан турмуш қуриб, 4 ўғил ва 1 қизни вояга етказишди. Невараларининг сон-саноғи йўқ. Каттаси Зубайда Тошкент тиббиёт академияси Урганч филлиали талабаси. Бобосига бағишлаб, қуйидаги тўртликни идрок этди:

Бобо бугун улуғ ёшга тўлдингиз,

Қутлар сизни барча ўғил-қизингиз,

Умрингизнинг етмиш баҳорин ҳаржлаб,

Яхшилик-ла, халққа ўрнак бўлдингиз.

– Етмиш ёшлик фаслингиз муборак! Ўтган йиллар ҳаётингизда қандай из қолдирди?

– Ҳаётдан олган сабоқларим, умр йўлларимни ёритди. Устозларим Рустам Хўжаев, Аминбой Абдуллаев, марҳум Пиржон Шеровлардан кўп нарсаларни ўргандим. Яхшилик ва эзгулик доимий шиорим бўлди.

Бундан ортиқ гап бўлмайди. Ибратли умр соҳиби ва соҳибасига айланган Аминбой ака ва Ойбиби опа хонадонига фақат эзгуликлар ҳамиша ёр бўлсин!

Ш.МАШАРИПОВ.

(«Хива тонги» газетасининг 03.11.2020й. №22 сони).

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!