“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

2020 йил – Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили

 

ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИНГ ЯНГИ ШАКЛИ

“Хiva Cluster”да қандай намоён бўлмоқда?

Илгари туманимиздаги “пахта тайёрлаш заводи” ёки “пункти” деб ўрганиб қолган “ном”лар эндиликда ўтмишга айлангани рост. Мана иккинчи мавсумдирки, Шомохулумдаги ҳамма ҳудуд фермерларига яқин ва қулай янги “Хiva Cluster” МЧЖ самарали фаолият кўрсатмоқда.

Ушбу йирик кластернинг иш жараёнлари ҳамда тажрибалари билан танишар эканмиз, янги замон технологиялари, хусусан, кластернинг афзалликлари, истиқболдаги режалари нималардан иборат эканлиги ҳақида “Хiva Cluster” МЧЖ бош ҳисобчиси Отабек Сапаевга мурожжат қилдик:

– Жамиятимиз 2018 йилнинг декабрь ойида ташкил этилди. Албатта, янги технологиялар асосида иш юритишнинг ўзи бўлмайди. Бошда бироз қийинчиликларга, тўсиқларга дуч келдик. Шукрки, эндиликда ҳаммаси ортда қолди. Қолаверса, пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ҳам кластернинг имкониятлари ва афзалликларини тушуниб етишди.

Фермерларга уруғлик, минерал ўғит, биомаҳсулотлар ўз вақтида етказиб берилгани учун таъминотда деярли узилишларга йўл қўйилмади. Бу энг асосий натижа. Улардан шартномадаги 18509 тонна юқори сифатли саноат хом ашёсини қабул қилиб олганимиздан сўнг уни ўзимизда тола ажратиш – яьни тайёр маҳсулотга айлантирдик.

– Қанча иш ўринлари яратилди? Уларга яратилган шарт-шароитлар, ойлик маошлари ҳақида ҳам тўхталсангиз?

– Албатта, шароит бор жойда барака, унум бўлади. Жамоамизда етарли меҳнат ва дам олиш имкониятлари яратилган. Хусусан, узоқдан қатнаб ишлайдиганлар учун ётоқ, иссиқ овқат ташкил этилган. Доимий ва мавсумий ишлайдиган 250 нафар ишчиларимизни ўртача ойлик маоши 1 млн. 250 минг сўмдан кам эмас. Пахта йиғим-терими даврида бу миқдор янада оширилиши ҳам ҳисобга олинган.

– Жамиятнинг келгуси истиқболдаги режалари ва ишлаб чиқаришга яна қандай ўзгаришлар жорий қилинади?

– Ҳаёт бир жойда тўхтаб қолмайди. Шу маънода корхонамизда келгусида ип-калава, сочиқ, ўсимлик мойи ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, чорвачилик комплекси бунёд этишни ҳам режалаштириб қўйганмиз.

– Бунинг учун янги асбоб-ускуналар сотиб олиш, энг муҳими илғор илм-фан технологиялари ва ўзаро тажриба алмашишлар қўл келади, деб ҳисоблайсизми?

– Албатта! Буларсиз бир қадам ҳам олдинга силжиб бўлмайди. Айниқса турдош корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиб туриш керак. Қолаверса, янги пахта йиғим-терими мавсум яқин. Демак, тайёргарлигимизни бекаму кўст қилишимиз керак. Ўйлаймизки, шартномавий мажбурият ва унга мос равишда ҳақ тўлаш ҳар икки томоннинг манфаатдорлигини оширади.

Суҳбатдош Ш.МАШАРИПОВ.

 

ТАҲРИРИЯТДАН: Янги тизимда фаолият юритиш ўзини оқлаши турган гап. Буни қуйидаги мисолда билса бўлади: ҳозир бир килограмм калава ип дунё бозорида 2-2,3 долларга сотилади. Агар шу ип ўзимизда қайта ишланса, 2 та эркаклар шими тикилади. Унинг бир донаси камида 15 доллардан экспорт қилинса, 30 долларга айланади.

Бу бир сўз билан айтганда Давлатимиз раҳбарининг кластер ғоясидан кутилаётган пировард натижасидир.

(«Хива тонги» газетасининг 15.08.2020й. №17 сони).

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!