“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Юксак маънавият – енгилмас куч!

КЕЛАЖАККА МАКТУБ

Хўжалик ишлаб чиқаришининг чинакам фидойиси, меҳнат фахрийси        Отаназар Пирназаровнинг “Ҳаёт машаққатлари ва ҳаловатлари”                    эсдаликлар китобини ўқиб

Одатда инсон ўзининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида хотираларини қоғозга тушириши ёзувчи ижодкорларга хос фазилат деб тушунардик. Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор каби забардаст алломаларимизниг ана шу йўсинда китоб нашр эттирганлари ўзбек адабиётида катта воқеа бўлган эди.

Мустақиллик нафақат эрк-саодатимизни, балки сўз эркинлигини очиқ-эркин ифода этиш ҳуқуқимизни ҳам берди. Таниқли давлат ва жамоат раҳбарларидан Нуриддин Муҳитдинов, Мадиёр Худойберганов, Маркс Жуманиязов сингари турли юқори лавозимларда ишлаган шахсларнинг эсдаликларида “шов-шув”ли воқеалар эмас, балки ҳақиқий ҳаёт ҳақиқатлари тасвирлаб берилган. Шу маънода биз холис фикр юритаётган Отаназар Пирназаровнинг “Ҳаёт машаққатлари ва ҳаловатлари” китоби ҳам юқорида қайд қилинган фикрларимиз шодасига битта маржон бўлиб қўшилса не ажаб?!

Муаллиф китоб муқаддимасида шундай сўзларни ёзади: “Аслида мен на шоирлик, на ёзувчиликка даъвогарман, чунки камина кўпроқ темир-терсакни тушунадиган оддийгина мухандис-инженерман.

Балки, менинг бу ёзганларим кўпчиликнинг дидига ўтирар, балки аксинча, кимларгадир маъқул келмай эътироз ҳам билдирар, лекин нима бўлганда ҳам саксон ёш арафасида ўтган кунларим, босиб ўтган ҳаёт йўлимнинг ҳаловат ва машаққатлари ҳақида китоб битишни яратган қалбимга солди.”

Собиқ Огаҳий номли жамоа хўжалигига ўттиз йилга яқин раҳбарлик қилиш йилларида Отаназар ака жуда кўп аччиқ-чучук воқеаларни бошидан кечирди. Пахта якка ҳокимлиги пайтлари ҳар қарич ер ҳисобда. Шундай тобда ўзбошимча бир иш қилиб кўринг-чи?! Бошингизга не-не маъломатлар солинарди.

Ҳаммаси раиснинг воҳамизнинг севимли адиби Эркин Самандаровнинг олдига бориб, “қишлоғимиз кексалари гувоҳлигича, Огаҳийнинг ўз қўллари билан эккан тути бор экан” дейишидан бошланди. Ҳамма вақт ҳеч кимнинг ёди-ўйига келмайдиган савоб ишларни бошида турадиган Эркин ака дарров хўжалликка етиб келди. Ҳақиқатан ҳам “анча қариб, танаси қотиб қолган” тут оппоқ-оппоқ меваларини келувчиларга тутарди. Афсуски, тут даланинг четида, бўғзигача пахта экилган экан. Эркин ака бу ҳақда вилоятнинг биринчи раҳбари Мираҳмад Мирхожиевич Мирқосимовга етказди. Раҳбар узоқ мулоҳазадан сўнг “ўзим бораман”, деди.

Хушхабарнинг қаноти бор. Мираҳмад ака барча туманлар биринчи раҳбарлари ва туман газеталари муҳаррирлари иштирокида Огаҳий уй-музейи қурилиши пойдеворига биринчи ғиштни қўйди. Эски Қиётда бошланган савоб ва хайрли бу иш кейинчалик Чинободда Шерозий, Журёнда Беруний боғлари яратилишига сабаб бўлди. Ҳазрат Огаҳий мажмуасининг барпо этилиши, халқимизнинг хоҳиш-иродасини ифода этгани, ҳақиқий дам олиш масканига айланганига шохидмиз.

Китобни мутолаа қилар экансиз, Огаҳий, Мунис, Ғафур Ғулом. Субутой Долимов, Ғулом Каримов, Тамарахоним, олима Суйма Ғаниева, Вера Пак, Шароф Рашидов, Фахриддин Шамситдинов, Шайх Муҳаммад содиқ Муҳаммад, Юсуф, Мадиёр Худойберганов, Мадаминжон Маткаримов, Маркс Жуманиязов, Эркин Раҳмонов, шоир ва таржимон Матназар Абдулҳаким, волидаи муҳтарамаси Онабиби Паноева каби тарихий шахслар сиймолари ёрқин буёқларда акс эттирилганига гувоҳ бўласиз.

2012 йил 3 апрелда Эркин ака Самандаров Огаҳий боғида яна бир хайрли ишга қўл урди. Аллома ўз қўли билан эккан дарахтдан кўчатлар олиб, унинг ёнига ўтқазди ва қуйидаги тўртликни битди:

Боботут ёнига қўнди у бугун,

Униб чиқаётиб шу тут бағридан.

Ҳазрати Огаҳий экдилар уни

Авлодлар қўли-ла ўзин боғида!

Хайрли ишнинг изи бардавом бўлади, дейишади. Огаҳий боғи, уй-музейи, ҳайкали ўрнатилгандан сўнг орадан 30 йиллар чамаси вақт ўтгач, ушбу мажмуада унинг номида ижод мактаби, олдида ҳайкали, хиёбон,  пойтахтимиздаги “Адиблар хиёбони”да ҳам машҳур элдошимизнинг ҳайкали қад ростлагани қалбларимизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Бу ерда нафақат шаҳар ёки вилоят, балки республикамиз миқёсида турли анжуманлар, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, ҳар йили 27 июнь – матбуот ва ОАВ ходимлари куни ўтказиб келинмоқда.

Ушбу эсдаликларни катта завқ ва шавқ билан ўқир эканмиз, бир воқеа ёдга келади. 90-йилларнинг бошларида Хивага узоқ Лондон шаҳридан мотоциклда 7,5 минг км. йўл босиб, Хью Бернеби деган сайёҳ ташриф буюрган эди. Ундан буни сабабини сўраганимизда “Бобом бундан 120 йил муқаддам шу қадим тупроқда бўлгани, қайтиб бориб, Хива ҳақида китоб ёзганини” айтган экан. Энди мен Хива тўғрисидаги бобомнинг ушбу китобининг давомини ёзмоқчиман” деди.

Ёзма манбалар ҳақиқатан ҳам келажакка бағишланган эсдалик мактубларидир. Ажаб эмас, орадан йиллар ўтиб, Отаназар аканинг авлодлари ҳам боболари ҳақидаги ушбу китобни янги маълумотлар билан тўлдиришса… Чунки шу эл, шу юрт учун фидойи меҳнат қилган, заҳмат чеккан инсоннинг ҳаёт йўли шунга мушарраф.

Ш.МАШАРИПОВ.

(«Хива тонги» газетасининг 01.08.2020й. №16 сони).

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!