“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни

ИРМОҚЛАР ТУТАШГАН ЖОЙДА

(Газетамиз таҳрири ҳайъати аъзоси, шоир ва таржимон Матназар Абдулҳакимни эслаб)

… Орадан минг йиллар ўтиб, қайта юз очган Маъмун академияси воҳа илм аҳли, хусусан, адабий жамоатчилиги учун катта воқеага айланган тарих бўлди. Шоир ва таржимон Матназар Абдулҳаким биринчилардан бўлиб, шу қутлуғ даргоҳ билан илмий фаолиятини боғлаган эди.

– Мана энди кўкрак кериб ижод қиладиган давр келди, – деганди ўшанда Матназар ака қувониб, – сизлар билан ҳам ҳамкорлик қилиб тураман, энди.

Матназар ака лутфига содиқ қолди. Қарийиб ўн йиллар чамаси таҳририятимиздан оёғини узмади. Долзарб мавзудаги ажойиб публицистик мақолалари дунё юзини кўрди.

– Ўзи асли мен мухбирман. Қаламим туман газетасида чархланган. Тагонрогда олийгоҳда ўқиб юрган кезларим ҳам қадрдон таҳририятимдан қўлимни узмадим. Ёзганларимга қалам ҳақларини олган куним китоб сотиб олардим…

Шу тариқа Матназар ака таҳририятимизнинг энг яқин одамига айланди. Байрамларда, яхши кунларда доимо қайроқи фикрларига ошиқманд эдик, Матназар аканинг. Огаҳий уй-музейи ва боғи айни ижодкорлар учрашувларининг яқин манзили десам янглишмайман. Бу ерда анъанавий Огаҳийхонликдан ташқари Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини нишонлаш ҳам аллақачон одат тусига кирган. Ўз қўллари билан эккан тут дарахти ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Отахон ака Аллабергановнинг ниҳоятда донишмандона акс эттирган ўйчан қиёфадаги ҳайкали бизга нигоҳ ташлайди гўё. Ҳар гал Матназар ака боғда танҳо кезишни хуш кўрарди.

– Кўпдан бери таҳририят қошида адабий уюшма ташкил этишни Сиз билан маслаҳатлашмоқчи бўлиб юрувдим, – дедим. – Бўлажак уюшмани Сизнинг-ча, қандай ном билан атасак экан? Ахир ирмоқлар мавжурар дарёларни ҳосил қилганидек, ижодкорлик мактаби ҳам муҳлисларнинг қалбини жўш урдириб юбориши шак-шубҳасиз.

– Номини ҳам ўзингиз айтдингиз-қўйдингиз. “Ирмоқ” – жарангдор сўз! Бир пайтлар Жаббор ака Раззоқов “Туркистон”га муҳаррирлигида “Мен жилғаман, дарё бўлиб оққим келур!” деган ғоят ўқимишли саҳифа ўйлаб топган эди. Аслида газетани мана шундай илғор топилмалар машҳур қилади.

Ҳаётбахш сўзнинг қудратини қарангки, “Ирмоқ” адабий уюшмаси Матназар ака бошчилигида қанчадан-қанча ижодкорларни элга танитди: Зебо Юсупова, Адолат Машарипова, Адолат Полвонова, Эргаш Маткаримов, Гўзалой Исмоилова, Дилрабо Йўлдошева, Насиба Абдуллаева каби 50 дан ортиқ аъзолари илк китобларини нашр эттириб, ҳамон ҳамкорлик қилиб келмоқдалар. “Ирмоқ”, “Шеърият карвони” рукнларида қадимий гўша ёш қаламкашларининг ижодидан намуналар газета саҳифаларидан мунтазам ўрин олиб келаётир.

“Ирмоқ”нинг дунёга келиши журналистлар – Отабек Исмоилов, Абдулла Сафоев, Бардибой Жуманиёзов, Хиромон Юсупова, Манзура Бекчонова, Шоҳруза Матёқубова. Дилмурод Машариповлар ижодини янада мавжлантириб юборди. Бевосита улар ёритаётган мавзулар, турди жанрлардаги материаллар долзарблиги ва ҳозиржавоблиги билан муҳим аҳамият касб этади.

Эрнест Хеменгуэй “хабар ёзишни эплаган журналист роман ёзишни ҳам уддалайди” деганидек, Абдулла Қаҳҳор ёзувчини келажакнинг махсус мухбирига қиёслаган эди. Бугунги журналистларни газета чиқаришдан ортиб, китоб чиқараётганлари қувонтиради кишини.

– Ҳали кўрасизлар, туман матбуотига эътибор тағинда ортади, – деганди Матназар ака, – чунки энг машҳур ёзувчию шоирларни ҳам у ёки бу ҳудуд газетаси кашф қилган. Пушкиннинг асарлари дастлаб худди туман газетаси сингари оз нусҳада чоп этилган.

Ҳақиқатан ҳам Абдулла Қаҳҳордек, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовдек истеъдодлар учун у дастлабки парвоз майдончаси бўлди. Беларусь адиби, “Урушнинг аёлдан йироқ қиёфаси” асари учун 2015 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган Светлана Алексиевич бир неча йиллар туман газетасида ишлаган.

… Бундан 20 йиллар муқаддам Матназар ака матбуот кунига бағишлаб, газетамизга “Қўрғошин ҳиди” сарлавҳали жуда мазмунли ва мушоҳадали мақола ёзиб берганди. – Газеталарнинг компьютерлаштирилиши матбуот тарихида янги саҳифа очилганидан дарак бермоқда. Қўрғошинда терилган харфларнинг ҳиди эса димоғимизда қолди” деб тасвирлаганди матбуотдаги янгиланиш даврини.

Матназар аканинг башорати тўғри чиқди. Эндиликда миллий мутбуотимизнинг имиджи, дизайни, берилаётган материалларнинг ранг-баранглиги ўқувчи диққатини тортади. Бу жаҳонда “ўзбек модели” деб тан олинаётган муваффақиятларимизнинг бир белгиси холос. Олдинда яна қанча манзиллар, довонлар кутиб турибди. Улардан ҳам ошиб ўтишда матбуотимиз ҳам миллатимизга қўшқанот бўлади, деган умиддамиз.

Ш.МАШАРИПОВ,

“Хива тонги” газетаси муҳаррири.

(«Хива тонги» газетасининг 16.06.2020й. №13 сони).

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!