“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

СЕВГИ ФАСЛЛАРИ                                                       

(Бир асар тарихи)

Ўтган асрнинг 80-йиллари биз талаба ёшлар шеъриятга, айниқса, севги-муҳаббатга йўғрилган китобларга ошуфманд эдик. Кунда кун ора китоб дўконларига мўраламасдан ўтмасдик. Ошиқлик дарди аслида шеър билан-да, шундай асарларни топаолсак яхши кўрган қизимизга ёхуд яқин дўстимизга совға қилардик.

Бир куни журналистика факультетимизга Эркин аканинг “Севги фасллари” янги шеърлар тўпламини олиб келарканман, қарангки, қўлма қўл бўлиб кетишини ҳеч ҳаёлимга ҳам келтирмагандим.

– Ҳар кун биримиз олиб кетиб, ўқиб келамиз,- деди дарров вазиятни баҳолаган Олимбой ҳаммадан бурун. Қўшилмасдан иложимиз йўқ. Чунки у уч йиллик ҳарбий денгиз флоттидан ўқишга қабул қилинган эди. Қолаверса, қурс боши.

Охирида каминага насиб этди. Мутолаага киришарканман, кўзимга фақат бебаҳо ишқ васфидан бошқа нарса кўринмасди…

… Республика ёшлар газетасида илк фаолият бошлаган пайтларим эди. Муҳарриримиз Рустам ака Шоғуломов (Оллоҳ у кишини ўз марҳаматига олган бўлсин) бир куни ҳузурига чақирди.

– Бадиий ижод соҳасида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи мукофотига номзодлар рўйхати эълон қилинди.Улар орасида шоир, “Хоразм ҳақиқати” газетаси муҳаррири Эркин Самандар ҳам бор. Тақдим қилинган “Севги фасллари” китоби бўйича жуда яхши мақола тайёрла! – деб қолдилар,- эртанги сонига! – қўшиб қўйдилар.

Демак, ҳозирроқ ёзишга киришишим керак, – ўйладим. Қувончим шундаки, ушбу китоб доим стол тортмасида турар, баъзан мутолаа қилиб турардим. Дарров қўлимга олдим.

… Мақола тахминан 1,5-2 соатларда тайёр бўлди. “Ардоқлайди эл шоирни” деб сарлавҳа ҳам қўйдим. Таомилга кўра, бундай “буюртма” материалларни тажрибали журналистлар ўқиб, таҳрир қилиши керак. Шундай бўлди. Мирзакарим Пирматов, Жаббор Раззоқов кўздан кечирганларидан сўнг теришга берилди.

… Эртага адабий таҳлилда бошқа муҳим ўқимишли материаллар қатори унча катта бўлмаган менинг мақолам ҳам тилга олинди. Муҳими бу эмас. Энг қувончлиси, шу йили устоз ижодкор Эркин ака Самандаров шу мукофотга сазовор бўлганида.

Мана орадан қирқ йил ўтди. Ҳали хануз “Севги фасллари” неча авлод чин ошиқлари қалбида ишқ тароналарини куйлатиб юрганига аминмиз. Мана Сизга ҳақиқий шеъриятнинг, ажойиб китобнинг қудрати!

Эркин ака, истагимиз Сизнинг ижодингизда севги-муҳаббат, ишқ оташи мавзуси ҳеч қачон сўнмасин. Ҳамиша эл ардоғида юринг!

Ш.МАШАРИПОВ.

(«Хива тонги» газетасининг 10.04.2020й №9-сони).

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!