“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ПРЕЗИДЕНТ ТАБРИГИДАН ИЛҲОМЛАНИБ

  Қамаши туманидаги 61-умумий ўрта таълим мактаби ҳовлиси бугун ҳар қачонгидан байрамона безатилган. Эрта тонгда янграган ёқимли мусиқа садолари битирувчи синф ўқувчиларини мактабга чорлади. Қалблари қувончга тўлган битирувчилар қўлларида гуллар билан мактаб томон ошиқдилар. Эрталаб соат миллари 8:00да бонг урди.

11 синф ўқувчилари даврага таклиф қилиниб, Ўзбекистон байроғи олиб кирилди.  Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Давлатимиз раҳбари битирувчиларга йўллаган табриги эшиттирилганда ёшлар қалбларида ҳаяжон ила қарсаклар билан олқишладилар. Карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ташкил этилган тадбирда мактаб қошида ташкил этилган «Ёш раққосалар» тўгараги аъзолари ўзларидаги истеъдодни намоён қилдилар.
-Мактабимизда 1609 нафар ўқувчилар таълим-тарбия олиб,  уларга 104 нафар ўқитувчилар фан сирларини мукаммал ўргатмоқдалар,-дейди мактаб директори, «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси» нишони соҳиби Маҳбуба Тоштурдиева. -Бу йил 11 синфни 96 нафар ўқувчилар тугаллаб, мустақил ҳаётга йўлланма оладилар. Улардан уч нафари «Олтин медал» соҳиби бўлганлиги нафақат мактабимиз жамоасини, қолаверса бутун туман аҳлини қувонтирмоқда. Ўтган ўқув йилида мактабимизни битирган ўқувчиларнинг 32 нафари олий ўқув юртлари талабаси бўлган бўлса, бу йилги  битирувчилардан ҳам умидимиз катта.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, фанлардан аъло баҳоларда ўқиган ўқувчиларга «Фахрий ёрлиқ»лар ва «Ташаккурнома»лар топширилган бўлса, уларнинг ота-оналарига ҳам «Ташаккурнома» топширилди.

-Беш нафар набирамни жамиятимизга мос қилиб тарбияладим,-дейди мактаб маъмуриятининг «Ташаккурнома»сини олган 75 ёшли нуроний онахон Ойрўзи ая Назарова.-Барчаси ўқишга ҳавас қўйди. Мактабда  аъло баҳоларда ўқишди. Тўнғич набарам Сетора Шералиева магистратурада таҳсил олмоқда. Зумрад Қарши Давлат университеининг 3-босқич талабаси. Шерзод набирам Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш олийгоҳи талабаси. Мазкур мактабнинг 11 синфини аъло баҳоларда тугаллаётган набирам Шербек Шералиев билан ҳақли равишда фахрланаман. Чунки у юзимизни ерга қаратмади. «Олтин медал»га лойиқ топилганлиги барча оила-аъзоларимизни қувонтирди. Буларнинг барчаси Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларнинг пухта билим олишлари учун яратиб берилган кенг имкониятларнинг маҳсулидир. Биз нуронийлар келажагимиз эгаларининг келгусида етук, қобилиятли бўлиб вояга етишишлари учун таълим билан бирга уларнинг тарбиясига ҳам ниҳоятда эътиборли бўлишимиз керак. Мактаб маъмурияти томонидан «Ташаккурнома» билан тақдирланганлигим бежиз эмаслигини англадим. Негаки, ёшлар-келажак бунёдкорларидир.

Туман халқ таълими бўлими мудири Назира Абраеванинг таъкидлашича, тумандаги 95 та умумтаълим мактабларида  50815 нафар ўқувчилар таълим олишади. 4070 нафар ўқувчилар мактабларнинг 11 синфини тугаллаяпти. Янги ўқув йилидан 5612 нафар ўқувчилар илк марта мактаб остонасига қадам қўйишади. Туман бўйича «Олтин медал»га сазовар бўлган 9 нафар битирувчиларнинг 3 нафари айнан 61-мактаб ҳиссасига тўғри келади. Бу эса мактабда таълим-тарбия жараёнлари юқори даражада ташкил этилганлигидан далолат.

Асадбек Ўроқов, Далер Мусурмонов, Шербек Шералиевлар «Олтин медал» соҳиблари бўлишди. Аълочи ва жамоатчи ўқувчиларга мактаб директорининг фахрий ёрлиқлари топширилди. 32 йилдан ортиқ ёш авлод таълим-тарбияси йўлида сидқидилдан меҳнат қилган математика фани ўқитувчиси Фотима Узоқова иззат-икром билан нафақага кузатилиб, мактаб  маъмуриятининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

-Ўқувчиларнинг билим чўққиларини пухта эгаллашларида нафақат ўқитувчилар, балки кўпни кўрган нуроний-кексаларимизнинг ҳам хизматлари катта,-деди ўз сўзида тадбирда иштирок этган туман ҳокими Ботир Тоғаев.-Айниқса Президетимизнинг «…қалби пок орзу-умидлар билан тўлган сизлар каби навқирон, азму шижоатли ёшларимиз тимсолида биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия соҳасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий натижасини, халқимиз ва Ватанимиз келажагини кўрамиз…» деган қалбларни тўлқинлантирувчи  сўзлари сизларга албатта қувват бўлади.
Барча меъёрий талаблар ва санитария-гегиена қоидаларига риоя қилинган ҳолда ўтказилган сўнгги қўнғироқ қувончи битирувчиларнинг ёдида узоқ вақт сақланади.

Шавкат СУЛТОНОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

 P.S.  Ушбу мақола  25.05.2021 йилда

«farovon-yurt.uz» cайтида жойлаштирган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!