“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

                                       СУВ – ҲАЁТ МАНБАИ

Халқимиз азалдан сувни улуғ неъмат деб билишган. Ҳаётимизнинг асосий манбаи ҳисобланган сувга бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Дастурхон тўкинлиги, ҳаётимиз фаровонлигининг асосий мезони ҳисобланган сувни исроф қилмаслик, бебаҳо неъматдан оқилона фойдаланиш бўйича Қашқадарё вилоятида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, «Аму-Қашқадарё» Ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси билан ҳамкорликда вилоят «Журналистлар уйи»да сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ОАВ ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12-13 ноябрь кунлари вилоятга ташрифи чоғида сув хўжалиги соҳасига оид берган топшириқлари мазмун моҳияти ва амалга оширилган ишлар юзасидан «Аму-Қашқадарё» Ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Акбар Каримовнинг  ахбороти эшитилди.

«Вилоятда 514 минг гектар суғориладиган экин майдонлари бўлиб, сувдан оқилона фойдаланишда янги инновацион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда Фойдаланиш муддати ўтган лоток-ариқларни алмаштириш бўйича ҳам мутахассиларнинг фикрлари ўрганилмоқда», -деди бошқарма бошлиғи ўз маърузасида.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 декабрдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг мазмун ва моҳияти ҳақида вилоятда амалга оширилаётган ишлар юзасидан тушунчалар берилди.

Турли табиий офатларнинг олдини олиш, дарё ўзанларини мустаҳкамлашда тегишли соҳа вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича амалий ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

«Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшиламай туриб, қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил олиб бўлмайди. Айни пайтда мелиортив ишларни яхшилаш учун амалий ишлар қилинмоқда», деди «Аму-Қашқадарё» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Мелиоратив экспедицияси бошлиғи Тошбўри Эгамназаров.

«Қашқадарё сув қурилиш инвест» давлат унитар корхонаси директори Акмал Шарипов, сув хўжалиги мутахассилари ОАВ вакиллари ва блогерларнинг саволларига жавоб қайтардилар. Экинларни суғоришда сув таъминоти тизимини такомиллаштириш бўйича ишларни изчил давом эттириш, соҳага чет эл инвестицияларини жалб этиш бўйича тушунтиришлар берилди.

Материал тайёрланди: Шавкат СУЛТОНОВ.

P.S. Ушбу мақола «www.haqiqattv.uz» сайтида 19.02.2021 куни эълон қилинган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!