“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

“Уй-жой коммунал хиз мат кўрсатиш аълочиси” кўкрак нишони соҳиблари

МЕҲНАТДАН КЕЛСА БОЙЛИК…

 

   -Қаҳрамон қаерда эдинг,-сўради Аҳмат бобо ўғлидан.

   -Синфдошларим билан мактабга боргандим.

   -Мактабда нима қиласан, ўқишинг тугаган бўлса?

   -Ҳужжатим(Аттестат демоқчи)ни олгани-да. Олийгоҳга бормоқчиман. 

   -Олийгоҳга?! Аввал ҳунар ўрган. Сиртдан ўқисанг касб ўрганиб, илмли ҳам бўласан.

   -Гапингизда жон бор, дада, -деди Қаҳрамон отаси Аҳмат бобонинг гапини мақуллаб…

Отасидан оқ фотиҳа олган Қаҳрамон ҳужжатларини Қарши-Агротадбиркорлик коллежига топширди. Қунт билан ўқиб, устоз-мураббийлари ўгитларига қулоқ тутиб кам бўлмади. Изланди, ўрганди. “Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш” мутахссислигини эгаллади. Илк қадами Қашқадарё вилоят “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш бошқармаси бўлди. Дастлаб қурилиш ва таъминот бўлимида сўнг, Қарши шаҳар 2-сонли “Пахтазор” миттитумани қозонхонасида ишлаб, каттагина тажрибага эга бўлди.
   –Ҳарактларинг ёмон эмас,-деди қурилиш бригадаси бошлиғи Баҳиддин Муродиллаев. -Агар рози бўлсанг, чилангарликка ўтказамиз.
Қаҳрамон Жўраев 2-сонли қозонхонада бир муддат чилангар бўлиб фаолият юритгач, раҳбарият ишонч билдириб, 1-сонли “Марказий” қозонхонада чилангарликка ўтказишди. Шу тариқа танлаган касби бўйича ишлаб, обрў-эътиборга сазовар бўлган Қаҳрамон қозонхоналардаги барча юмушларни ҳеч қийналмай бажарадиган бўлди. Электор пайвандлаш бўладими, қувурларни алмаштириш, айниқса қиш-қировли кунларда аҳоли хонадонларини иссиқлик  манбаи билан таъминлаш учун нима қилиш керак бўлса, барчасини бажарадиган “қўли гул” мутахассис бўлиб етишди. Чилангар-сантехник, қозонхона устаси, Марказий дистепчерлик хизмати бўлими бошлиғи вазифаларида ишлади.

-Устоз-отангдек улуғ. Бу бежиз айтилмаган, – дейди Қаҳрамон Жўраев. -Менинг шу даражага етишимга  Баҳиддин Муродиллаев устозлик қилиб, касб сирларини мукаммал ўргатдилар. Оталарча ғамхўрликлари натижасида касб ўрганиб, обрў-эътиборга эга бўлдим. Бунинг учун улардан миннатдорман.
Бир йигитга қирқ ҳунар ҳам оз. Бу бежиз айтилмаган. Қаҳрамон билан мулоқот пайтида ундаги бошқаларда учрамайдиган хислардардан ҳам воқиф бўлдик. Кам гап, кенг мушоҳадали бу йигитда раҳбарлик қобилияти ҳам намоён бўлган экан. Жамоани ўз ортидан эргаштира оладиган, тиниб-тинчимас, бир сўз билан айтганда “Ерга йиқилса, ўрнидан бир кафт тупроқ олиб турадиган”  Қаҳрамонга ҳавасимиз келди. Негаки, у одамлар билан тезда “тил” топишиб, уларнинг “ичига” кира олади. Шунинг учун ҳам 2015-2016 йилларда вилоят “Иссиқлик манбаи” АЖ жамиятида раис вазифасини бажарди. “Иссиқлик манбаи” Давлат Унитар Корхонасига айлангач, бош муҳандис, айни пайтда эса директор вазифасини бажармоқда.
-Қаҳрамондаги интилувчанлик, меҳнатсеварлик, камтарлик нафақат мени, қолаверса, барча жамоадошларимизни қувонтиради.-дейди вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУК ишлаб чиқариш техника бўлими етакчи мутахассиси Маллатош Ҳайдаров. -У бирор ишга қўл урдими, албатта уддасидан чиқади. Энг асосийси ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаб, ишончини оқлайди. Шу билан биргаликда корхонада қозонхоналарни модернизация  ва реконструкция қилиш ишларига ҳам алоҳида аҳамият қаратмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 24 апрелдаги “2017-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада янада ривожлантириш истиқболларини белгилаб берди. Айниқса, кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва улардан фойдаланиш ҳолатини тубдан яхшилаш мақсадида модернизация ва реконстркуция қилиш ишларининг ўз вақтида амалга оширилаётганлиги қувончли ҳол.

2014-2016 йилларда Қарши шаҳридаги 1-ва 2-сонли қозонхоналарда замонавий локал қозонхоналар ўрнатилиб, 131 та кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган аҳолининг иссиқлик манбаига бўлган талаби янада яхшиланди. Шунингдек, 8 та локал қозонхона модернизация қилинганлиги 148 та кўп қаватли уйлардаги 5882 та хонадонни иссиқлик манбаи билан таъминлаш имконини яратди. 2020-2022 йилларда Қарши шаҳрининг 6-миттитуманидаги 54 та уйлар учун РК-3, 7-миттитумандаги 31 та уйлар учун РК-4 замонавий қозонхоналар қуриш ишлари олиб борилаётир. Асосий вазифа-ишлаб чиқариладиган иссиқлик манбаи кўп қаватли уйларнинг ертўлаларига олиб борилиб, аҳоли эҳтиёжига ишлатилади. Бунинг учун хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатлари ходимлари аҳолини иссиқлик манбаидан оқилона фойдаланиши устидан назорат олиб борадилар. Соҳада ўз ишининг фидойилари кўпчиликни ташкил этади. Олима Умидова, Зафар Шарипов, Ниёз Саидмуродов, Содиқ Ўроқов, Дилшод Сатторовлар шулар жумласидан.
Илгари 7-миттитумандаги  4-сонли қозонхона ўрнида бевосита Қаҳрамон Жўраев ташаббуси билан вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУКнинг маъмурий биноси замонавий кўринишга эга бўлди. Ходимлар учун қулай иш шароти яратилди. Айни пайтда корхонада 30 нафардан ортиқ киши меҳнат қилиб, аҳоли хонадонларини иссиқлик манбаи билан таъминлаш учун сидқидилдан меҳнат қилишяпти. Қиш ғамини ёзда кўр. Бу ҳақ гап. Фасллар алмашиб келаверади. Ёз ўтиб куз, сўнг қиличини ялонғочлаб қиш-қировли кунлар бошлангач, аҳолини иссиқлик манбаига бўлган талаби янада ортади.

Шунинг учун ҳам соҳа фидойилари айни пайтда кўп қаватли уйларнинг ертўлаларигача иссиқлик манбаини етказиш мақсадида таъмирлаш ва созлаш ишларини жадал олиб боришаётир. Соҳа фидойиларининг меҳнатлари йил-сайин қадр топаётганлиги тизимда ишлар самарадорлигига эришилаётир. Тизимда фаолият олиб бораётган  Абдуғани Бозоров, Маллатош Ҳайдаров, Алишер Нурматов, Позил Хўжақуловлар 2019 йилда “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган бўлса, 2020 йилда Қаҳрамон Жўраев ана шундай муносиб номга сазовар бўлди. У катта жамоага раҳбарлик қилиш билан бирга билимини ошириш мақсадида олийгоҳда сиртдан таълим олмоқда. Бу эса юқорида отаси Ахмат бобо Жўраев таъкидлаганидек, аввал ҳунар эгаллаб, илмли ҳам бўлди дегани. 1977 йилнинг 1 августида Қарши туманидаги Чўли ота қишлоғида туғилиб вояга етган Қаҳрамон Жўраев замонавий оила бошлиғи. Турмуш ўртоғи Бўритош Эшонқулова билан Шоҳрух, Шоҳжаҳон, Шаҳриёр исмли фарзандларини замонамизга мос қилиб тарбияламоқда. Қаҳрамон Жўраев чин маънода меҳнатидан бойлик топиб, турмуши ҳам чиройли  бўлаётган замондошларимиздан бири.

Шавкат СУЛТОНОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.
Қашқадарё вилояти.

P.S. Ушбу мақола «farovon-yurt.uz»  сайтида

5.06.2020 йилда жойлаштирган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!