“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЭР ВА ШЕР ЙИГИТЛАР МАКТАБИ

«Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейлари – ўсмир ёшидаги ҳар бир йигит ўқишни орзу қиладиган даргоҳ. Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги фармонига мувофиқ республикамиздаги барча ҳарбий академик лицейларига «Темурбеклар мактаби» номи берилиши мамлакатимиз ёшларининг ҳаётида, ҳарбий ватанпарварлик соҳасида туб бурилишларнинг амалга ошишига сабабчи бўлди.

Фармонда айтилганидек, ёшларимизни буюк давлат арбоби ва саркарда Соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ҳамда адолатпарварлик каби юксак фазилатлари асосида тарбиялаш имконияти яратилди. Бунинг асосида ёшлар ўртасида ҳарбий таълимга, Амир Темур издоши бўлишига, юрт ҳимоячиси бўлишдек муқаддас бурчга қизиқиш, интилиш янада ортди. Булар баландпарвоз сўзлар эмас, ҳақиқат. Сўнгги уч-тўрт йил давомида эришилган рақамлар ҳам бунинг исботидир.

Тарихдан маълумки, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангуберди каби мард ва жасур саркардаларимиз айнан ўсмир ёшида ҳарб илмини мукаммал эгаллаган. Аждодларимизнинг бу фазилатларига ҳавас билан қараш бугунги ёшларимиз орасида кенг тус олганлиги айнан шунда бўлса ажаб эмас. Негаки, Тошкент, Самарқанд, Урганч, Фарғона, Қибрай, Нукус, Шаҳрисабздаги «Темурбеклар мактаби»ларига ҳар йили минглаб 9-синфни битирган мактаб ўқувчилари орасидан юзлаб юқори билимли, жисмонан соғлом ва бақувватлари танлаб олинади. Уларга икки йил давомида она тили ва адабиёт, инглиз тили, шунингдек, математика, физика ҳамда кимё каби аниқ фанлар бўйича чуқур билим берилади. Шунинг учун бўлса керак, ҳарбий таълим соҳасига қизиқишнинг ортиб бораётганлигини вилоятларда ташкил этилган ўнлаб нодавлат ҳарбий мактаблар мисолида ҳам кўришимиз мумкин…

ОРЗУЛАР МАСКАНИГА САЁҲАТ

Ҳарбий академик лицейлар тарбияланувчиларига яратилган шароитлар, улардаги таълим тизими ва ёшларнинг бу ердаги ҳаёт тарзи – буларнинг барча-барчаси ҳаммани бирдек қизиқтириши табиий. Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги Фарғона «Темурбеклар мактаби»да уюштирилган очиқ эшиклар кунида кўпчиликни қизиқтирадиган саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик.

Очиқ эшиклар кунига водийда фаолият кўрсатаётган «Мангуберди издошлари», «Алпомиш» нодавлат ҳарбий таълим муаассалари ҳамда мактаб ўқувчилари таклиф этилди. Улар кун давомида ўқув бинолари, ётоқхона, ошхона, симуляцион ўқ отиш нуқтаси, спорт зали ва майдончаларини кўздан кечиришди. Фарғона «Темурбеклар мактаби» тарбияланувчилари томонидан намойиш этилган қўл жанги томошаси, жанговар қурол-аслаҳалар билан танишув, симуляцион ўқ отиш нуқтасидаги машқлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Улар бўлғуси Ватан ҳимоячилари кунлик жадвалидан ўрин олган дарсларда ҳам қатнашиб, жараёнларнинг бевосита гувоҳига айланишди. Тадбир давомида мактаб авиамодел ва робототехника тўгараги устозлари турли учиш аппаратлари ёрдамида «кичик авиашоу» томошасини намойиш этиб беришди. Водийлик ёшлар орзулар масканига уюштирилган очиқ эшиклар кунида олам-олам таассуротлар гувоҳига айланишди.

«Алпомиш» нодавлат ҳарбий таълим муассасининг 5-синф ўқувчиси Жасурбек Худойбердиев айтишича, «Темурбеклар мактаби»да таҳсил олиш у каби минглаб ёшларнинг орзуси. Жасурбек ўз орзусига эришиш учун Ватанни янада кўпроқ севиш, жисмонан бақувват, интизомли бўлиш ва аъло баҳоларга ўқиш кераклигини таъкидлади. Маълум бир муддат шу муҳитнинг ҳавоси билан яшаган ёшларнинг келажак орзулари мана шундай унутилмас хотиралари ва интилишлари асосида ушалса не ажаб.

Ҳақиқтан ҳам шундай. «Темурбеклар мактаби»га танлов уч босқичда амалга оширилади. Туман ва вилоят миқёсида жисмоний ҳамда тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтганлар якунда тест имтиҳонлари асосида танлаб олинади. Танлаб олинган юздан ортиқ бўлғуси ватан ҳимоячилари бу ерда икки йил давомида она тили ва адабиёт, инглиз тили, шунингдек, математика, физика ҳамда кимё каби аниқ фанлар бўйича чуқур билим оладилар. Академик лицейни аъло баҳолар билан тугатган курсантлар имтиёзли равишда олий ҳарбий билим юртларига қабул қилинади. Қолган битирувчилар олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган муассаларга ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи, республиканинг бошқа олий ўқув юртларига 15 фоизли миқдорда қўшимча кўринишида имтиёзга эга бўладилар.

БИЛИМ МУВАФФАҚИЯТЛАР КАЛИТИДИР

2020 йил Фарғона «Темурбеклар мактаби»ни 148 нафар курсант битириб, юздан ортиқ ўқувчилар қабул қилинди. Икки йил давомида йўналтирилган таълим механизми асосида ўқиган 148 нафар курсантдан 48 таси олий ҳарбий билим юртларига ўқишга қирди. 63 нафар битирувчи давлат гратни, 51 нафари тўлов-шартнома асосида тест синовларидан муваффақиятли ўтганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли. Кўриниб турибдики, 2020 йилги натижалар бўйича Фарғона «Темурбеклар мактаби» юқори кўрсаткичларга эришган. Битирувчиларнинг юқори натижалар билан олий таълим муассаларига қабул қилинганлиги бу ерда белгиланган мақсадлар сари тўғри йўлдан борилётганини кўрсатади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, ҳарбий академик лицей курсанти бўлиш истагидаги ёшлардан юқори билим, жисмон соғлом ва тайёргарлик талаб этилади. Қисқа қилиб айтганда, тенгқурлар орасидаги соғлом рақобат. Ушбу рақобат икки йиллик ўқиш даврида ҳам давом этади. Демак, «Темурбеклар мактаби»ни тугатганларнинг барчаси олий ҳарбий билим юртларига кириш имконияти билан кафолатланмаган. Лицейнинг 2-курсида таҳсил олаётган Иззатулла Каримов сингари тиришқоқ, ўз мақсадига интилувчан бўлганларгина ана шундай имкониятга эга бўлиши мумкин. Очиқ эшиклар кунида мактаб ўқувчилари билан ўзи эгаллаган билимлари тинмай ўртоқлашишага ҳаракат қилаётган жараёнлар давомида кузатиб, унинг фикрлари билан ўртоқлашишга ҳаракат қилдик.

– Бир пайтлар мен ҳам худди шу ёшлар сингари «Темурбеклар мактаби»да ўқишни орзу қилардим. 9-синфни тугатиб, диктант, жисмоний тайёргарлик ва психологик тестдан муваффақиятли ўтдим. Кириш имтиҳонини ҳам аъло баҳоларга топшириб, болалаик орзуимга эришдим. Ёшлигимдан ҳарбий учувчи бўлишга жуда қизиқаман. Шунинг учун ўз олдимга бу йўлда ҳар қандай синов ва қийинчиликларни енгиб ўтишни мақсад қилиб қўйганман. Биласизми, «Темурбеклар мактаби» курсанти бўлганимдан кейин ҳаётимда кўп нарсалар ўзгарди. Курсантлик ҳаёти биринчи навбатда мени тартиб-интизомли ва сабрли бўлишга ўргатди. Ватанга қасамёд қилган куним эса бир умрга ёдимдан чиқмайди. Шу кундан бошлаб юртимга бўлган муҳаббатим ортганлигини бутун вужудим билан ҳис қилдим. Мактабда ўқиб юрган кезлари бокс билан шуғулланардим. Эндиликда қўл жанги машғулотларида мунтазам қатнашиб келяпман. Мактабдош дўстларим билан билим борасида, жисмоний машқ ҳамда машғулотларда дўстона рақобатлашиб турамиз. Айнан мана шу ҳолатлар улғайганлигимдан далолат бериб, Ватан ҳимоячиси бўлишдек мақсадимга эришиш йўлда куч-қувват бағишлайди…

Маълумки, Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги Самарқанд ва Урганч «Темурбеклар мактаби»да ҳам Иззатулла Каримов сингари юзлаб бўлғуси Ватан ҳимоячилари таълим олишади. Улар ҳам эзгу мақсадларига эришиш учун буюк аждодларимиз анъанасини давом эттирган ҳолда муваффақиятлар калити бўлмиш билим олиш йўлида ҳамиша одлинга интилаверсинлар.

Асрор РЎЗИБОЕВ.

«Vatanparvar» газетаси. 43-сон. 2020 йил, 23 октябрь

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!